Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 22.12.2000 й. 33-сон "Мерос ҳуқуқига оид қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2000 й.

N 33



МЕРОС ҲУҚУҚИГА ОИД ҚОНУНЛАРНИ

ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини ташкил қилган турли мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаб берди. Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири - мерос ҳуқуқи давлат ҳимоясида эканлиги эътироф этилиб, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди.

Шунингдек, янги қабул қилинган Фуқаролик кодексида мерос қонунчилигига жиддий ўзгаришлар киритилганлиги ҳамда ушбу қонунларни қўллашда суд амалиётида айрим тушунмовчилик ва муаммолар келиб чиқаётганлиги мазкур қонун моҳиятини атрофлича ёритиб беришни тақозо қилмоқда.

Шунинг учун судларга тегишли тушунтириш ва кўрсатмалар бериш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Респyбликacи Олий суди Пленуми

ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши, мулкдорнинг мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши тўғрисидаги ҳуқуқларнинг бузилиши юзасидан келиб чиққан низоларни ҳар тарафлама, тўлиқ, холисона ва синчковлик билан кўриб, қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда адолатли қарорлар чиқаришлари лозим.


2. Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар, яъни мерос қолдирувчига тегишли бўлган хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, мулк билан боғлиқ бўлган айрим номулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлардан келиб чиқадиган талаб қилиш ҳуқуқи, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мерос таркибига киради.

"Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелдаги Қонуни 9-моддасига мувофиқ, томорқа ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи, деҳқон ва фермер хўжалигининг бошлиғи (раҳбари) вафот этган тақдирда  шу хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида деҳқон, фермер хўжалиги фаолиятини давом эттириш истагини билдирган хўжалик аъзоларидан бирига мерос бўлиб ўтади. Деҳқон, фермер хўжаликларига берилган томорқа ер участкалари бўлиниши мумкин эмас.

Мерос қолдирувчининг олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва бошқа шартномалар орқали тасарруф этилган мулклари кейинчалик бундай шартномалар (ФКнинг 113-128-моддалари) суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирдагина мерос таркибига киради.

Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.

Номоддий неъматлар деганда, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқлар, хизмат ва тижорат сирига бўлган ҳуқуқ ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга бўлган ҳуқуқлар тушунилади. Ижодий фаолиятнинг аниқ бир шаклда, кўринишда ифода этиладиган натижалари интеллектуал мулк ҳисобланади.

Бу натижаларга тенглаштирилган жисмоний ёки юридик шахс маҳсулотлари, воситалари (фирма номи, товар белгиси, хизмат белгиси ва ҳ.к.) ҳам интеллектуал фаолият натижалари сифатида тан олинади. Ушбу натижаларга нисбатан фуқаронинг ёки юридик шахснинг мутлақ ҳуқуқлари эътироф этилади ва учинчи шахснинг фойдаланишига интеллектуал мулк эгасининг рухсати билангина йўл қўйилади.

Тижорат қимматига эга бўлган ва қонун йўли билан ундан эркин баҳраманд бўлиш учун йўл қўйилмайдиган маълумотлар хизмат ва тижорат сири ҳисобланади.

Хизмат сири аҳамиятига эга бўлган ахборотларнинг таркиби ва ҳажми, шунингдек уларни ҳимоя қилиш тартиби давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.

Тижорат сири аҳамиятига эга бўлган ахборотларнинг таркиби ва ҳажми, уларни ҳимоя қилиш тартиби тадбиркорликни амалга оширувчи фуқаролар ва юридик шахслар томонидан белгиланади.

Шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар - шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий дахлсизлиги, ишчанлик обрўси, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳамда туғилганидан бошлаб ёки қонунга мувофиқ тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлардан иборат.

Юридик шахс ҳисобланган ҳар қандай кооператив, тижорат ташкилотларига аъзолик ҳуқуқи, уларнинг фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқи (агар, қонун ёки шартнома ва уставларда бошқа ҳол белгиланган бўлмаса) мерос таркибига кирмайди, аммо мерос қолдирувчининг улуши (пай бадаллари) мерос таркибига киради.

Омонатни банк муассасаларига қўйган омонатчи ўзининг вафотидан кейин омонатларини бошқа шахсларга бериш ёки давлатга ўтказиш ҳақида васият қолдирган бўлса ва бу омонат ФКнинг 18-бобида ёки Оила кодексининг 23-моддасида белгиланган умумий мулкни ташкил этса, омонатчининг васияти фақатгина ўзининг улушига нисбатан татбиқ қилинади.


3. Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси талабига мувофиқ мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият бўйича меросхўрлар бўлиши мумкин.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар қонун бўйича меросхўрлар доирасига киради ҳамда қариндошлик даражасига қараб, Фуқаролик кодексининг 1135-1138-моддалари талабига мувофиқ ворисликка чақириладилар. Олдинги навбатдаги меросхўрларнинг бўлмаслиги, нолойиқ меросхўрларнинг меросдан четлаштирилган бўлиши ёки меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечганлиги тасдиқланган тақдирда, мерос олиш ҳуқуқи кейинги насбатдаги меросхўрларга ўтиши судларга тушинтирилсин.


4. Фуқаролик кодексининг 1139, 1141-моддаларида кўрсатилган мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимларининг уч тоифасини бир-биридан ажратиш лозим.

Фуқаролик кодексининг 1141-моддаси 1-қисмида кўрсатилган боқимлар (1-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, улар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлиши, иккинчидан, у билан бирга яшаган бўлиши, учиичидан, меҳнатга қобилиятсиз бўлиши керак.

Фуқаролик кодексининг 1141-моддаси 2-қисмида кўрсатилган боқимлар (2-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, Фуқаролик кодексининг 1136-1138-моддаларида кўрсатилган меросхўрлар жумласига мансуб бўлган мерос қолдирувчининг иккинчи, учинчи, тўртинчи навбатдаги меросхўрлари бўлиши, иккинчидан мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлиши, учинчидан, меҳнатга қобилиятсиз бўлиши лозим.

Фуқаролик кодексининг 1139-моддасида кўрсатилган боқимлар (3-тоифа) бўлиши учун, биринчидан, мерос қолдирувчининг қариндошлари жумласига кирмайдиган, иккинчидан, меросхўр билан бирга яшамаган ёки бир йил муддатдан кам яшаган, учинчидан ҳаёт кечириши учун бирдан-бир манба сифатида мерос қолдирувчииинг қарамоғида бўлиб, ундан моддий ёрдам олиб турган меҳнатга қобилиятсиз шахс бўлиши керак.

Биринчи ва иккинчи тоифадаги боқимлар ворисликка чақириладиган навбатдаги меросхўрлар билан биргаликда ворисликка чақириладилар ва меросхўрлар билан биргаликда мерос оладилар, аммо, уларнинг мерос мулкидан оладиган улушлари мерос мулкининг тўртдан бир қисмидан ошмаслиги керак. Меросхўрлар бўлмаганда, бу тоифадаги боқимлар мустақил равишда қонун бўйича меросхўрлар ҳисобланиб мерос мулкини тўла оладилар.

Учинчи тоифадаги боқимлар бешинчи навбатдаги меросхўрлар бўлганлиги сабабли олдинги навбатдаги ворислар бўлмаганда ворисликка чақириладилар ва мерос мулкидан шу навбатдаги меросхўрлар билан тенг улушда мерос оладилар.


5. Меҳнатга қобилиятсиз ёки лаёқатсиз деб - 55 ёшга кирган аёллар, 60 ёшга кирган эркаклар, биринчи, иккинчи, учинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ўсмирлар, 18 ёшга тўлмаган ўқувчи болалар тушунилади. Умумий пенсия ёшига етмасдан имтиёзли равишда пенсияга чиққан шахсларни меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисоблаш учун, албатта тегишли тиббий муассасаларнинг хулосалари бўлиши шарт. Шунинг учун, бундай шахсларни, фақат пенсияга чиққанлиги сабабли меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисоблаш мумкин эмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлишлик деганда, унинг томонидан бериб турилган моддий ёрдам шахснинг ҳаёт кечириши учун бирдан-бир асосий ва доимий манба бўлишини назарда тутмоқ лозим. Даврий, вақти-вақти билан бериб турилган моддий ёрдам мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиш фактини белгилаш учун асос бўлмайди. Моддий ёрдам мерос қолдирувчи вафотигача узлуксиз берилган бўлиши шарт. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг, маҳалла қўмиталарининг, уй-жой бошқармаларининг, хизмат қилиб турган жой маъмуриятининг, ижтимоий таъминот бўлимларининг берган ҳужжатлари, гувоҳларнинг инкор қилиб бўлмайдиган кўрсатувлари асосида судда ўз исботини топганда ҳақиқий ҳисобланади.


6. Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Шу қоидадан келиб чиқиб, агар ўғил (қиз) ота ёки онадан олдин вафот этган бўлса, ундан кейин вафот этган ота ёки онанинг мулкига ўлган фарзанднинг болалари тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўлади. Вафот этган шахснинг турмуш ўртоғи тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўла олмайди. (ФК 1140-моддаси).


7. ФКнинг 1119-моддаси 4-қисмига мувофиқ, мерос қолдирувчи ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми ёхуд шахсларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори мавжудлиги васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка даъво қилишда даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди ва суд мажлисида даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилолмайди. Қайсики, нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар, фақат, суд томонидан белгиланади.

Ворис томонидан тақдим қилинган васиятнома ҳақиқий эмас, деб топилганда, у васиятнома бўйича меросхўр бўла олмайди, бироқ, ФКнинг 1130-моддаси 4-қисмига мувофиқ, мерос қолдирувчининг охирги хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, бу шахс, умумий асосларда қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқларидан маҳрум этилмайди.


8. Мерос қолдирувчи ўзига тегишли мол-мулкнинг ҳаммасини ёки бир қисмини хоҳлаган бир ёки бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига ва давлатга васият қилиб қолдириши мумкин. Васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, мерос қолдирувчининг вояга етмаган болалари ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган вояга етмаган болалари, меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олган меҳнатга қобилиятсиз шахслар меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эгадирлар. Мажбурий улуш олувчиларнинг ҳиссаси, улар қонун бўйича ворис бўлганда олиши лозим бўлган ҳиссанинг ярмидан кам бўлмаслиги лозим (ФКнинг 1142-моддаси).

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларнинг ҳуқуқи бузилган тақдирда, суд васиятноманинг фақат мажбурий улуш олиш қисмини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Мерос қолдирувчининг невара-чеваралари тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис ҳисобланади, бироқ, улар меҳнатга лаёқатсиз бўлсалар ҳам мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмаслар, худди шунингдек, қонун бўйича иккинчи ва кейинги навбатдаги меросхўрлар ҳам меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмаслар, чунки, мажбурий улуш олиш ҳуқуқи, фақат биринчи навбатдаги меросхўрларга тааллуқлидир.


9. Васиятнома бир томонлама битим бўлганлиги сабабли, васиятномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар Фуқаролик кодексининг битимлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларига риоя қилиб ҳал этилади (ФКнинг 113-128-моддалари). Ушбу турдаги низоларни ҳал этишда, судлар, иш ҳолатларидан келиб чиқиб етарли асослар бўлган тақдирда, тегишли экспертизалар тайинлаш масалаларини муҳокама этишлари лозим.


10. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтгандан кейин меросни қабул қилиб олган меросхўрларга берилади. Айрим ҳолларда ФКнинг 1146-моддаси учинчи қисми талабига мувофиқ, гувоҳнома олти ойлик муддат тугамасдан ҳам берилиши мумкин. Меросга бўлган ҳуқуқ, тўғрисидаги гувоҳномани олиш вориснинг ҳуқуқи бўлиб, мажбурият ҳисобланмайди ва шунинг учун, гувоҳнома олинмаганлиги ворислик ҳуқуқини йўқотган деган, тушунчани бермайди. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар бўйича келиб чиқадиган барча низолар суд томонидан кўрилиб, умумий тартибда ҳал қилинади.


11. Мерос қолдирувчининг ўзига қонуний асосларда тегишли бўлган мулкларигина мерос таркибига киришини инобатга олиб, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тартибда расмийлаштирилмаган турар-жой ва хоналарга нисбатан ворисларга эгалик ҳуқуқини белгилашга йўл қўйилмаслиги, судларга тушунтирилсин.

Ўзбошимчалик билан қурилган (уй, дала ҳовли, гараж ва бошқалар) ва мерос қолдирувчининг вафот этишига қадар тегишли тартибда расмийлаштирилмаган бино ва иморатларга нисбатан тузилган васиятнома қонуний кучга эга бўлмайди. Ушбу бино, иморатларга нисбатан мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг, тегишли ҳокимият ёки суд томонидан мерос қолдирувчи номига эгалик ҳуқуқи белгиланиши билан мерос очилган ҳисобланади.


12. Фуқаролик кодексининг 1132-моддасига мувофиқ васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, бу турар жойга мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам ўз кучида сақланиб қолади. Шу сабабли, бу ҳолат тарафлар ўртасида тузиладиган шартномада қайд этилмоғи лозим бўлади.

Агар, турар жойдан фойдаланиш тартиби васиятнома шартларига мос келмаса ёки васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар ёхуд турар жой эгаси ҳуқуқининг бузилишига олиб келса, бундай ҳолда тарафлар ўртасидаги низо суд томонидан ҳал этилади.

Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг вафот этиши билан тугатилади. Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига берилган турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, агар васиятномада бошқача тартиб кўрсатилмаган бўлса, унинг меросхўрлари ва бошқа оила аъзоларининг мазкур турар жойда яшашлари учун асос бўлмайди.


13. Мерос қолдирувчига тааллуқли номоддий неъматларга бўлган ҳуқуқлар, унинг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин. (ФКнинг 99-моддаси).

Фуқаролик кодексининг 100-моддаси 2-қисмига биноан ворислар мерос қолдирувчининг вафотидан кейин унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя этишни талаб қилишга ҳақлидирлар; Бундай ҳолда, вафот этган шахсга етказилган маънавий зарар қопланмайди ва бу ҳуқуқ. ворисларга ўтмайди. Аммо, суд, мерос қолдирувчининг шаъни ва қадр-қиммати орқали бевосита унинг ворисларига етказилган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво талабларини кўриб чиқиши мумкин.


14. Агар, меросхўр меросни қабул қилмаган ва мерос мулки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига, давлатга ёхуд бирор-бир шахснинг эгалигига ўтказилмаган бўлса, меросхўр истаган вақтида меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун нотариусга мурожаат қилиши мумкин. Бундай гувоҳномани бериш рад этилган тақдирда, меросхўр нотариуснинг ҳаракати юзасидан ФПКнинг 273-моддасига мувофиқ судга шикоят қилишга ҳақли ва шикоят алоҳида иш юритув тартибида кўрилиши лозим. Мерос мулки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига, давлатга ёки бирор-бир шахснинг эгалигига ўтказилганлиги учун меросхўрларга нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш рад этилса, меросхўр судга шикоят қилишга ҳақли ва бундай шикоят даъво юритиш тартибида кўриб ҳал этилиши судларга тушунтирилсин.


15. Ишни суд мажлисида кўришга тайёрлашда, судья ФПКнинг 158-159-моддалари талабларини тўлиқ бажариши керак, яъни, тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини, ишни кўришда амал қилиши лозим бўлган қонунни, тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни аниқлаши, ишга қўшимча жавобгар ва учинчи шахсларни жалб қилиши, далиллар тўплаш доирасини аниқлаши зарур.

Жумладан, мерос мулкка бўлган ҳуқуқ ва уни бўлиш ҳақидаги даъволар қўзғатилган бўлса, судья мерос қолдирувчининг вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки унинг нусхаси, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, тарафларнинг меросхўр эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ, туғилиш, фарзандликка олганлик гувоҳномалари, оталик белгилангани ҳақидаги ҳужжатлар, вафот этганнинг қарамоғида бўлганлиги тўғрисида турар жой органининг маълумоти ва бошқалар), мерос мулкининг рўйхатга олинганлиги ва қиймати кўрсатилган далолатнома, мерос мулкининг вафот этган шахсга тегишлилиги (инвентаризация бюроси маълумоти, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, алмаштириш шартномалари, омонат дафтарчалари, ҳисоб варағидан кўчирмалар ва бошқа) ҳақидаги ҳужжатларни тақим этишни таклиф қилади. Зарур топилганда, бу ҳужжатлар, судьянинг ўзи томонидан ҳам талаб қилиб олиниши мумкин.


16. Судлар, мерос мулкидан меросхўрларнинг улушини белгилашда фоиз (25 %, 33 %, 50%, 66% ва ҳ.к.) ҳисобида эмас, балки қисм, улушлар (1/4, 1/3, 1/2, ва ҳ.к.)да ҳисоблашлари лозим.


17. Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси талабидан келиб чиққан ҳолда, судларга уқтирилсинки, мерос қабул қилиш учун муддат татбиқ қилинмайди.


18. Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига мувофиқ, қонун ёки васият бўйича меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросхўрлар жумласига кирадиган навбатдаги бошқа шахслар фойдасига меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш, бир неча меросхўрлар фойдасига бўлганда, меросхўр, уларнинг ҳар бирига тегадиган улушни белгилаб бериши шарт. Акс ҳолда, меросдан воз кечган вориснинг мерос мулкидаги улуши барча меросхўрлар фойдасига кечилган ҳисобланиб, уларга тенг тақсимланади. Меросдан воз кечишга қонунда белгиланган муддат ўтганидан сўнг йўл қўйилмайди.

Қуйидаги ҳолларда меросдан воз кечишга йўл қўйилмайди:

а) қонун бўйича ҳам, васият бўйича ҳам меросхўрлар жумласига кирмайдиган шахслар фойдасига;

б) мерос қолдирувчи томонидан васиятномада махсус кўрсатилган фармойиш билан меросдан маҳрум қилинганлар фойдасига;

в) мерос олиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаролар фойдасига (қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқидан четлаштирилганларга);

г) мерос мулкининг бир қисмидан ёки ҳар хил шартлар қўйиб, изоҳлар билан воз кечишга.

Меросдан воз кечиш, умумий асосларда, суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.


19. ФКнинг 1153-моддасига мувофиқ, мерос очилгунга қадар уч йил ва ундан ортиқ йиллар мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар, мерос тақсимланишида, мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини натура ҳолида олишга имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Имтиёзли ҳуқуқни амалга оширувчи меросхўрнинг бошқа меросхўрларга тегишли улушларини пул ёки бошқа мол-мулк билан қоплаши мумкинлиги ҳақидаги таклифи суд томонидан муҳокама қилиниши зарурлиги тушунтирилсин.

Мерос таркибига кирган уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқни амалга оширишда қолган меросхўрларнинг розилигини олиш талаб этилмаслиги назарда тутилсин.


20. Мол-мулкни эгасиз қолган деб топиш ҳақидаги ариза, мерос очилган кундан зътиборан, бир йил ўтгандан кейин ФПКнинг 298-300-моддалари асосида алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади (ФКнинг 1157-моддаси). Қонун бўйича меросхўрлар ҳозир бўлган тақдирда, улар ФКнинг 1144-моддаси талабига кўра, нотариусдан мерос бошқарувчисининг чақириб олинишини талаб қилишлари, шу билан бирга, меросни бошқарувчидан ҳисобот бериш ва мерос мулкини қайтаришни талаб қилишлари, мулк эгасиз қолган деб топилган ҳолларда, бу қарорни бекор қилишни сўраб, судга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Тарафлар ўртасида юзага келган низолар даъво тартибида кўрилади.


21. Мерос амалдаги Фуқаролик кодекси ҳаракатга киритилгунга қадар очилган бўлиб, 1997 йилнинг 1 март кунига қадар меросхўрларнинг ҳеч бири томонидан қабул қилиб олинмаган ва мерос ҳуқуқи бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи ва давлат мулкига ўтказилмаган бўлса, мерос юзасидан келиб чикадиган низоларга нисбатан амалдаги кодекс татбиқ қилинади. Агар, мерос ворисларнинг бирортаси томонидан қабул қилинган бўлса ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, давлат мулкига ўтказилган бўлса, у ҳолда 1963 йил таҳриридаги Фуқаролик кодекси қоидалари татбиқ қилинади.


22. Даъво аризалари бўйича давлат божи, мерос мулки ёки даъвогарнинг улуши қийматидаи келиб чиқиб белгиланади. Даъво аризаси бўйича тўланмаган ёки кам тўланган давлат божи ҳал қилув қарорини чиқаришда мерос мулкининг қийматидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ворисдан уларнинг улушларига тенг миқдорда ундирилади.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                        У.Қ. Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                     Х.М. Ҳасанов