Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.12.1996 й. 41-сон "Ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.1996 й.

N 41



ҲИМОЯ   ҲУҚУҚИНИ   ТАЪМИНЛОВЧИ

ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИ

ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётини ўрганиб чиқиш гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи конституциявий қоидаларга риоя қилинаётганлигини ва бу одил судловни амалга ошириш сифатига ижобий таъсир этаётганлигини кўрсатди.

Шу билан бирга айрим ишлар бўйича жиноят-процессуал қонунларнинг баъзи талаблари тўлиқ бажарилмаётир, бу эса айрим ҳолларда ҳимоя ҳуқуқининг бузилишига олиб келмоқда.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида, шунингдек, қонунларни амалиётда қўллаш жараёнида муаммолар юзага келаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш конституциявий қоида ҳисобланади ва жиноят-судлов ишларини юргизишнинг барча босқичларида унга қатъи амал қилиниши керак. Шунинг учун уларнинг процессуал ҳуқуқларига оғишмай риоя этиш, иш ҳолатларини ҳар тарафлама, тўла ва холисона ўрганиш, гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчини қораловчи ва оқловчи, шунингдек, уларнинг жавобгарликларини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш, иш бўйича мавжуд бўлган тахминларни синчиклаб текшириш, далиллар тақдим этиш ва уларни текшириш, илтимослар келтиришда процесс иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлиликларини таъминлаш зарур.

Ўзбекистон Республикасн Жиноят-процессуал кодексининг 24-моддасига мувофиқ суриштирув олиб борувчи, терговчи, прокурор, суд гумонланувчига, айбланувчига, судланувчига қонунда белгиланган восита ва усуллар билан ҳимояланишлари учун имконият яратиб беришга мажбурдирлар.


2. Гумонланувчини, айбланувчини ва судланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш учун гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчи айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунча ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши назарда тутилган конституциявий қоидага қатъи риоя этиш зарур.

Гумонланувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзининг айбсизлигини исботлаш вазифасини юклашга йўл қўйиб бўлмайди. Айблов ҳукми тахминларга, шунингдек, рухсат этилмаган усулларни қўллаш йўли билан йиғилган далилларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бартараф этишнинг имконияти бўлмаган барча шубҳалар гумонланувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Судлар Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси талабларига биноан тарафларнинг ўзаро торташуви тамойилига сўзсиз риоя қилинишини таъминлашга мажбурдирлар.

Бунда тарафлар суд мажлисида далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.


3. Жиноят-процессуал кодексининг 487-моддасининг мазмунига кўра, суднинг ишни ҳар тарафлама текшириб кўришига ҳалақит берган ҳамда қонуний ва асослантирилган ҳукм чиқаришига таъсир этган ва таъсир этиши мумкин бўлган ҳимоя ҳуқуқининг бузилишини суд қарорининг бекор бўлишига асос бўладиган ҳимоя ҳуқуқини жиддий бузиш деб тушунмоқ лозим.

Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ адвокатнинг иштирок этиши мажбурий ҳисобланган ҳолларда ҳимоячининг суд мажлисида, суриштирув ва дастлабки тергов вақтида иштирок этмаслиги хам жиноят-процессуал қонунни жиддий бузиш ҳисобланади.


4. Гумонланувчининг, айбланувчининг адвокат олиш ҳуқуқини, аниқ нимада гумонланаётганлигини ёки айбланаётганлигини, судланганнинг эса - у қандай жиноий ҳаракатни содир этганликда айбли деб топилганлигини билиши лозимлигини кафолатловчи ЖПКнинг 46, 48-моддалари талабларига риоя этиш зарурлигига эътибор қаратилсин. Шунинг учун жиноят ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблаш фикрида ва ҳукмда ЖПКнинг 361, 379, 467-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқ баён этилган бўлиши лозим.

Мабодо шахс бир неча жиноятларни содир этганликда айбланаётган бўлса, бу ҳолатлар ҳар бир айбга нисбатан баён этилиши зарур.


5. Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига мувофиқ адвокатнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилган вақтдан бошлаб, у гумонланувчини ёки айбланувчини сўроқ қилишда, шунингдек, улар иштирокида амалга ошириладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этишга ҳақли.

Суриштирув органлари ёки терговчи бундай ҳаракатларни ўтказиш куни тўғрисида химоячини олдиндан хабардор қилиши керак.


6. Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ “ўзининг жисмоний камчиликлари ёки руҳий касалликлари сабабли ҳимоя ҳуқуқини амалга оширишда қийналадиган шахслар” деганда, хусусан, ақли расо деб топилган бўлсаларда, аммо руҳий фаолиятлари доимий ёки вақтинча бузилган, нутқида, кўришида, эшитишида жиддий камчиликлари бўлган ёки бошқа оғир хасталик билан касалланган шахсларни тушуниш лозимлиги уқтирилсин.


7. Айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида таъминлаш мақсадида, зарур ҳолларда, айбланувчиларни ва уларнинг адвокатларини судга билдирилган, шунингдек, тергов даврида қаноатлантирилмасдан қолдирилган илтимослари бўйича ҳам тушунтириш бериш учун чақириш керак.

Суриштирув ва дастлабки тергов даврида гумонланувчининг, айбланувчининг ҳимоясига оид процессуал ҳуқуларига риоя қилинмаган, гумонланувчи, айбланувчи ва унинг ҳимоячисининг иш учун муҳим аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш юзасидан билдирилган илтимослари асоссиз равишда қаноатлантирилмай қолдирилган ҳолларда, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошка талаблар жиддий равишда бузилган бўлса ва тергов камчиликларини суд мажлисида тўлдириш мумкин бўлмаса, қонунда кўрсатилган тартибда суд ишни қўшимча терговга юбориш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиши лозим.


8. Суд (судья) жиноят ишини, унинг ҳажмини, мураккаблигини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, судланувчини ва унинг адвокатини, шунингдек бошқа процесс иштирокчиларини иш ҳужжатлари билан танишиш ва ҳимояга тайёрланиш имкониятига эга бўлишликларини назарда тутган ҳолда, қонунда белгиланган муддат ичида, кўриш учун тайинлаш керак.


9. Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатлар тўғрисида”ги Қонунига биноан олий юридик маълумотга эга бўлган ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.

10. Жиноят-процессуал кодексининг 52-моддасига мувофиқ гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи иш юритилаётган исталган вақтда адвокатдан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва фақат адвокатнинг ишда қатнашишига уни таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Бунда адвокат ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди ва бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Қуйидаги ишлар бўйича адвокатдан воз кечиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд учун мажбурий эмас:

- вояга етмаганларнинг иши бўйича;

- соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ҳимоя ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича;

- судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахсларнинг иши бўйича;

- жазо чораси сифатида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган ёки судланаётган шахсларнинг иши бўйича;

- тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича.


11. Адвокатдан воз кечиш гумон килинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда адвокат иштирок этишига рухсат бериш ҳакида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Адвокатнинг суд мажлиси давомида ишга киритилиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди. Лекин унга иш ҳужжатлари билан танишиш ва ҳимояга тайёрланиш имкони берилади.

Адвокат ишда иштирок этиш ҳақида битим тузгандан ёки тайинлангандан бошлаб ўз вазифаларини бажаришни рад этишга хақли эмас.


12. Адвокат қуйидаги ҳолларда жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас, башарти у:

- илгари шу иш бўйича судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, суд мажлисининг котиби, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ёки холис сифатида иштирок этган бўлса;

- ўз химоясидаги гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки ўзи вакиллик қилаётган жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг манфаатларига манфаати қарама-қарши бўлган шахсга юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари шундай ёрдам кўрсатган бўлса.

Жиноят-процессуал кодексининг 79-моддасида адвокатнинг ишда иштирок этишини истисно этувчи бошқа холатлар ҳам назарда тутилган.

Ишда иштирок этишига йўл кўйилган адвокат иш билан танишиш вақтида адвокат бўлганлардан бирининг манфаатлари иккинчисининг манфаатларига қарама-қарши эканлигини аниқласа улардан бирини ҳимоя қилишдан озод этиш тўғрисида илтимос қилишга мажбур.


13. Қонунга мувофиқ гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўзи танлаган адвокатни таклиф этишга хақли.

Танланган адвокатнинг йигирма тўрт соат давомида ишда иштирок этишга киришишига имконияти бўлмаган ҳолда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёки уларнинг қариндошларига бошқа адвокат танлашни таклиф этишга ёки юридик маслахатхона орқали адвокат тайинлашга мажбур.

Жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга хақли эмас.

Адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас.


14. Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига мувофиқ, қамоқда сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи жиноят судлов ишларини юргизишнинг барча босқичларида сони ва муддати чекланмаган ҳолда адвокат билан ҳоли учрашиш ҳуқуқига эга.


15. Гумонланувчини, айбланувчини, судланувчини, адвокатни судлов иши олиб борилаётган тилни билмасликлари билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларини хар қандай чеклаш ва бу шахсларни процесснинг барча босқичида ўзининг она тилидан фойдаланиш имконияти билан таъминламаслик жиноят-процессуал қонун талабларини жиддий бузиш деб ҳисобланади.

Адвокатнинг судлов иши олиб борилаётган тилни билмаслиги уни ишда иштирок этишдан четлатиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи ва суд ЖПК нинг 20-моддасига мувофиқ, процессда таржимоннинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради.


16. Жиноят-процессуал кодексининг 449-моддасига кўра адвокат билан таъминланган ёки таъминланмаганидан қатъи назар судланувчи хам тарафлар музокарасида иштирок этади.


17. Суд музокарасининг иштирокчилари айблов мохияти бўйича ўзларининг важларини баён этаётганларида суд уларни чеклаб қўйиши мумкин эмас.

Судланувчининг адвокати бўлмаган ҳолда уни суд музокарасида иштирок эташига имконият яратмаслик, шунингдек, охирги сўздан маҳрум этиш, жиноят-процессуал қонунни жиддий бузиш ҳисобланади.

18. Ҳукм эълон қилингандан кейин раислик қилувчи судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатларини, шунингдек, суд мажлиси баённомаси билан танишиш хукуқини тушунтиради. Агар судланувчи фавқулодда жазо чораси - ўлим жазосига ҳукм қилинган бўлса, унга афв этишни сураб илтимос қилиш хуқуқи хам тушунтирилади.

19. Суд судланганга, оқланганга, уларнинг адвокатларига суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқиш учун имконият яратиши шарт. Процесснинг манфаатдор иштирокчилари қонунда белгиланган муддатдан сўнг тайёрланган баённомани имзоланган санаси туғрисида ўз вақтида хабардор этилишлари лозим.

Мабодо, судланган, оланган белгиланган муддатда суд мажлисининг баённомаси билан адвокат иштирокида танишиш истаги борлиги тўғрисида ариза тадим этса, суд бу ҳақда адвокатни хабардор қилиши, у эса ўзининг ҳимоясида бўлган шахс иштирокида суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқиши шарт, чунки бу химоячининг ўз зиммасига олган химоя қилиш мажбуриятларидан келиб чиқади.

Агарда баённомани катта ҳажмдалиги ва бошқа узрли сабаблар туфайли процесс иштирокчиларининг баённома билан танишишлари ва мулоҳазаларини тақдим этишлари учун 5 суткадан ортиқ вақт талаб этилса, бу муддат суд ёки судья томонидан узайтирилиши мумкин.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан тақдим этилган мулохазалар муҳим процессуал аҳамияиа эга ва шу сабабли суд томонидан синчиклаб ва холисона кўриб чикилиши лозим.

20. Жиноят-процессуал кодексининг 20, 473-моддаларига мувофиқ ҳукмни эълон килиш ва уни судланганга, оқланганга топшириш уларни она тилида ёки улар тушунадиган бошқа тилда амалга оширилади.

Агар санаб тилган шахслар қайд этилган талабларга риоя этилмаганлиги оқибатида ҳукм устидан шикоят килиш имкониятидан маҳрум этилган бўлсалар, бу ўтказиб юборилган кассация шикояти бериш муддатларини тиклаш ёки кассация босқичи судининг ажримини бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши лозим.


21. Биринчи босқич суди берилган шикоятлар ва протестлар тўғрисида судланганларни, окланганларни, адвокатларни ва ЖПКнинг 498-моддасида кўрсатилган бошқя шахсларни хабардор қилиши ва уларнинг протест ёки шикоят устидан эътироз бериш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Юқорида кайд этилган қонуннинг қоидалари бузилган ҳолда кассация босқичи суди уларни бартараф этиш чораларини кўришга мажбур.


22. Жиноят-процессуал кодексининг 498-моддасига кўра ҳукм чиқарган суд ишни кассация боскичи судида кўриш куни тўғрисида шу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни хабардор қилиши шарт. Ушбу талабга риоя этмаслик ишни кўришни бошқа кунга колдиришга олиб келади.

Кассация босқичи суди томонидан ишни адвокат иштирокисиз кўриш, агарда у суд мажлиси бўладиган вақт тўғрисида тегишли равишда хабардор килинмаган ва бу унинг суд мажлисида иштирок этиш имкониятидан маҳрум этган бўлса, жиноят-процессуал қонул талабларини жиддий бузиш ҳисобланади.

Агарда жиноят ишида адвокатни суд муҳокамаси бўладиган вақт хақида тегишли равишда хабардор этилганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар бўлса ва ишни кўришни кейинга қолдириш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлмаса, унинг келмаслиги ишни кассация тартибида кўришга тўскинлик қилмайди.

23. Жиноят-процессуал кодекси 479-моддасининг 4-қисмига асосан процесс иштирокчилари ишни кассация тартибида кўришда иштирок этишга ҳақлидирлар. Бу масала суд томонидан ишни кассация тартибида кўришга тайёрлаш босқичида ҳал этилади.

24. Суд хуқмни ижро қилиш билан боғлиқ масалаларни ЖПК нинг 532, 542-моддалари тартибига кўра ҳал қилишда адвокатнинг ишда иштирок этишига, агар судланган, унинг қариндошлари ёки бошқа манфаатдор шахслар бу хақда илтимос килаётган бўлсалар, йўл қўйиши мумкин.

25. Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига мувофиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганлик учун хак тўлашдан фақат ҳак тўлаш имкониятига эга бўлмаган меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар озод қилинишлари мумкин.


26. Жиноят-процессуал кодексининг 476 ва 496-моддаларига мувофиқ судлар жиноят процессининг барча босқичларида йўл тилган ҳимоя ҳуқуқини бузиш ҳолларига муносабатларини билдиришлари лозим.

27. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1993 йил 16 апрелдаги “Ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.