Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.12.1996 й. 42-сон "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.12.1996 й.

N 42



ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД

ХАРАЖАТЛАРИНИ ВА ЖИНОЯТ ИШЛАРИ

ЮЗАСИДАН СУД ЧИҚИМЛАРИНИ УНДИРИШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларининг ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларининг ундирилишидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларининг ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларининг ундирилишида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, 1994 йил 3 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 533-сонли "Давлат божи ставкалари" ва 1993 йил 19 августдаги "Давлат божи, йиғимлар ва бошқа солиқсиз чет эл валютасидаги тўловлар ставкалари тўғрисида"ги 423-сонли қарорлари талабларини қатъий бажаришга қаратилсин.

2. Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ, яъни, гувоҳ ва экспертларга тўланадиган чиқимлардан, жойига бориб кўздан кечириш, жавобгарни қидириш ва ҳал қилув қарорининг ижроси билан боғлиқ харажатлардан иборат.


3. Гувоҳ ёки экспертни судга чақириш ёки жойига бориб кўздан кечиришни сўраган тараф гувоҳ ва экспертга қилинган сарф-харажатларни қоплаш учун кетадиган пулни олдиндан тўлаб қўйишлари ҳақида кўрсатилган Фуқаролик-процессуал кодексининг тегишли моддаси талабларини бажаришга судларнинг эътибори қаратилсин.


4. Судларда давлат божи тўлашдан озод қилинадиган жисмоний, юридик шахсларнинг ва бошқа идораларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 329-моддасида кўрсатилган.

Бундан ташқари суд ёки судья ҳам, айрим ҳолларда, фуқароларнинг мулкий аҳволига қараб, агар тўловларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд унинг миқдорини камайтириш имконияти бўлмаса, уни давлат фойдасига ундириладиган давлат божи ва бошқа суд харажатларини тўлашдан озод қилишга ҳақли.

Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодекси 110-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, фақатгина жисмоний шахс давлат божини тўлашдан озод қилиниши мумкин. Давлат даромадига ундириладиган суд харажатларини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш, шунингдек уларнинг миқдорини камайтириш эса жисмоний шахсларга ҳам, юридик шахсларга ҳам қўлланилиши мумкин.

Фуқаронинг суд харажатларини тўлашдан озод этиш тўғрисидаги аризасида, унинг илтимосини асословчи ҳолатлар кўрсатилиши ҳамда бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт, масалан ойлик маоши (даромади), қарамоғида вояга етмаган фарзандлари, боқимандаларининг борлиги ҳақидаги маълумотномалар илова қилиниши керак. Фуқаронинг мулкий аҳволига баҳо беришда суд унинг банкда шахсий ҳисоби бор-йўқлигини, унинг эгалигидаги мулкнинг, чорва молларининг сони ва баҳосини, даъвонинг қиймати ва бошқаларни эътиборга олиши керак.


5. Судлар тарафлардан бири фойдасига ундирилиши лозим бўлган суд харажатларини тўлашдан даъвогар ёки жавобгарни озод қилишга ҳақли эмасликларини назарда тутишлари керак. Ушбу қоида кўрсатилган шахслар суд харажатларини давлат фойдасига тўлашдан озод этилган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 328-моддаси ва 336-моддасининг 1-қисмига мувофиқ, ушбу кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, судларга бериладиган аризалардан давлат божи ариза берилгунга қадар тўланади. Шунга кўра фуқаролик ишлари бўйича тарафларни суд харажатларини тўлашдан озод қилиш масаласи судья томонидан даъво аризасини қабул қилиш вақтида, зарур ҳолларда эса ҳал қилув қарори чиқаришда ҳал қилинади.

7. Даъвогар бож тўлашдан озод этилган тақдирда, агар даъво қаноатлантирилса, бож даъвонинг ундирилган миқдорига мувофиқ жавобгардан (агар у бож тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат фойдасига ундирилади.


8. Суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича эр-хотиннинг бири ёки ҳар иккисига никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш вақтида тўланиши лозим бўлган суммани белгилашга ҳақли. Алоҳида ҳолларда суд тарафлардан бири ёки ҳар иккисининг моддий аҳволини ҳисобга олиб, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномани беришда ундирилиши кўзда тутилган суммани тўлашдан озод қилиши мумкин.

Бедарак йўқолган ёки руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб танилган шахслар билан ёки содир қилган жиноятлари учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахслар билан бўлган никоҳларини бекор қилиш тўғрисида суднинг қарорига асосан гувоҳнома берилаётган фуқаролар "Давлат божи тўғрисида"ги Қўлланманинг 58-бандига мувофиқ юқорида кўрсатилган суммани тўлашдан озод этилганликларига судларнинг эътибори қаратилсин.


9. Бож тўланадиган даъвонинг қиймати даъвогар томонидан белгиланади. Даъвогар кўрсатган даъво қиймати унинг камайиш ёки кўпайиш томонига сезиларли даражада мос келмаганда ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолларда даъво қиймати судья томонидан белгиланади.


10. Мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш, васиятномани, олиш-сотиш, ҳадя, айирбошлаш шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш, мулкдаги ҳиссасига ҳуқуқини белгилаш, умумий мулкдан ҳисса ажратиш, ворисларнинг мулкдаги ўзларига тегишли ҳиссани ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича даъво қиймати мулкнинг ёки даъвогар ажратиб беришни сўраган ҳиссанинг қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бир вақтнинг ўзида мулкий ва мулкий бўлмаган мазмундаги даъво аризалари учун давлат божи мулкий мазмундаги даъво аризаларига белгиланган ставкалар ҳамда мулкий бўлмаган мазмундаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар асосида тўланади. Мисол учун никоҳни бекор қилиш ва бир вақтнинг ўзида мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризаларидан бож никоҳни бекор қилиш ҳамда мол-мулкни бўлиш учун ундирилади.


11. Суд томонидан мулкка ворислик ҳуқуқи тўғрисида қарор чиқарилганда, давлат божи мулкнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб, ворисларнинг ҳар биридан уларнинг ҳиссасига тенг равишда ундирилади.

Бунда қуйидагилар умумий қийматига киритилмайди:


- шахсий ва мулкий суғурта шартномасининг суғурта суммаси;

- Ўзбекистон Республикасининг кредит муассасаларида сақланаётган облигациялар ва пуллар;

- даромад суммалари (меҳнат ҳақлари), муаллифлик ҳақлари;

- васиятнома ва ҳадя шартномаси бўйича давлат ва юридик шахсларга ўтаётган мулкнинг қиймати;

- Ватанни ҳимоя қилиш, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш муносабати билан ёки инсон ҳаётини, давлат мулкини ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш бўйича фуқаролик бурчини бажариш пайтида ўлган шахсларнинг мулклари;

- уй-жой (квартира) ёки уй-жой қурилиш ширкатидаги пай, агар ворислар мерос қолдирувчи билан бирга яшаб, у вафот этган кунга қадар рўйхатдан қайд этилиб (пропискадан ўтиб), мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг ҳам уй-жой (квартира)да яшаётган бўлсалар.


12. Бир ёки бир неча даъвогарлар томонидан бир ёки бир неча жавобгарларга нисбатан даъво қўзғатилганида ва судья бир неча бир хил турдаги даъволарни бирлаштирганида давлат божи даъвонинг умумий миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 августдаги 423-сонли "Давлат божи, йиғимлари ва бошқа солиқсиз чет эл валютасидаги тўловларнинг ставкалари тўғрисида"ги қарорига 2 ва 3-сон иловаларга мувофиқ, чет эл фуқароси иштирокидаги ёки чет эл валютасида ундириш амалга ошириладиган низолар юзасидан судга тақдим этилган даъво аризаларидан давлат божи чет эл валютасида (АҚШ долларида ёки унга тенглаштирилган суммада) даъво қийматининг 10 фоизи миқдорида тўланиши судларга тушунтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан чет эл фуқароси ўртасида никоҳ бекор қилинганида суд ҳал қилув қарорида эр-хотиннинг бири ёки ҳар иккиси томонидан фуқаролик ҳолати актларини рўйхатга олиш идорасида никоҳдан ажралишни қайд этиш вақтида АҚШ долларида ундириладиган давлат божи суммасини кўрсатиши лозим; агар эр-хотиннинг ҳар иккиси биринчи марта никоҳда бўлган бўлсалар 120 АҚШ доллари, эр-хотиннинг бири иккинчи никоҳда бўлган ҳолларда 150 АҚШ доллари.


14. Давлат божи ундириш билан бир вақтда судья ҳал қилув қарорида суд чиқимларини ундириш ҳақида ҳам кўрсатиши лозим. Фуқаролик-процессуал кодексининг тегишли моддасида кўрсатилган суд чиқимларининг рўйхати кенгайтирилиши мумкин эмас. Ишни кўриш ёки ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан сарфланган, лекин мазкур моддада кўзда тутилмаган харажатлар ундирилиши мумкин эмас.

Судлар ҳал қилув қарорининг ижроси билан боғлиқ чиқимлар қарздорнинг мулкини сақлаш, ташиш, экспертларнинг меҳнат ҳақи, суд ижросининг ижро жойига бориши билан боғлиқ бўлган харажатлардан иборат эканлигини назарда тутишлари лозим.


15. Фуқаролик-процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, тарафлар мулкий аҳволларига қараб, суд жараёнининг ҳар қандай босқичида суд харажатларини тўлашни кечиктиришни ёки бўлиб-бўлиб тўлашни, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтиришни суддан сўрашга ҳақлидирлар.

Суд харажатларини тўлашни кечиктириш деб, суд ёки судья томонидан харажатларни тўлаш муддатининг суднинг ҳал қилув қарори ёки ажримида кўрсатилган муддатга нисбатан анча кейинроққа қолдирилиши тушунилади.

Бўлиб-бўлиб тўлашда, суд манфаатдор шахсга харажатни қисмларга бўлган ҳолда тўлаш ҳуқуқини бериб, ҳар бир қисмнинг миқдорини ва тўлаш лозим бўлган санани белгилайди.


16. Давлат божини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 342-моддасида кўрсатилган асосларга мувофиқ амалга оширилади. Бож Қонунда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланган бўлса, шу ортиқча тўланган қисми қайтирилади. Қонунда қайд этилган бошқа ҳолларда бож тўлиқ миқдорда қайтарилишга тегишлидир.

Бож судьянинг ажрими асосида, агар бож бюджетга ўтказилган кундан бошлаб бир йиллик муддат ўтмаган бўлса, молия идоралари томонидан қайтарилади.

Агар даъвогар божни тўлаб, судга ариза билан мурожаат қилмаган бўлса, суднинг ушбу ҳолатни тасдиқловчи маълумотномаси божни қайтариб бериш учун асос бўлади.


17. Чиқимларни ундиришнинг процессуал тартиби ва тушунчаси Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддалари билан тартибга солинган.

Шу ўринда чиқимларни ундириш қонун бўйича суриштирув ва дастлабки тергов органларига ҳамда судга юклатилганлигини эътиборга олиш лозим бўлади.


18. Юқори турувчи судлар фуқаролик ва жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш вақтида биринчи босқич суди томонидан фуқаролик ишлари бўйича ундирилган суд харажатлари ва жиноят ишлари бўйича ундирилган суд чиқимларининг тўғри ёки нотўғри ундирилганига эътибор беришлари лозимдир.

Суд харажатларининг нотўғри ундирилганлик ҳолатлари аниқланганда, апелляция, кассация босқичи судлари процессуал қонунда кўрсатилган ҳолатларда ва тартибда, суд харажатларини ундириш, уларни тўлашдан озод қилиш, шунингдек ундирилган сумма миқдорини камайтириш ёхуд уларни фуқаролик ишлари бўйича тарафлар ёки жиноят ишлари бўйича судланганлар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 337-моддасига биноан судларнинг қарорлари устидан апелляция, кассация ҳамда назорат тартибида келтирилган аризалардан, даъво аризаси (шикоят) берилганда тўланиши керак бўлган қийматнинг эллик фоизи, мулкий низолар бўйича эса низо юритилаётган суммадан ҳисоблаб чиқариладиган бож қийматининг эллик фоизи миқдорида бож олинади.

Давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахснинг бож тўланмаган назорат тартибидаги шикояти кўрилмайди.


19. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1993 йил 10 сентябрдаги "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                        У.Қ.Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                     Х.М.Ҳасанов