Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

12-сон БҲМС "Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш" (АВ томонидан 16.01.1999 й. 596-сон билан рўйхатга олинган Молия вазирлиги томонидан 23.12.1998 й. 65-сон билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

16.01.1999 й.

N 596




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

ТАСДИҚЛАНГАН

23.12.1998 й.

N 65



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


12-СОН БҲМС


МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

  

  

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.



МАҚСАД


2. Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш усулини белгилаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботларида инвестицияларга доир ахборотни очиб кўрсатиш ушбу стандартнинг мақсадидир.



АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ


3. Ушбу стандарт хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бухгалтерия ҳисоби ва молиявий инвестициялар тўғрисидаги ахборотни очиб бериш учун қўлланилиши керак.


4. Хўжалик юритувчи субъект молиявий инвестицияларни ушбу стандартнинг 7-28-бандларида баён қилинган тартибга мувофиқ юритади ва улар қуйидаги масалаларни ўз ичига олади:

4.1. Молиявий инвестицияларни тоифаларига (қисқа муддатли ва узоқ муддатли) қараб тасниф қилиш;

4.2. Молиявий инвестициялар қийматини аниқлаш ва уларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш;

4.3. Молиявий инвестицияларни бир тоифадан иккинчи тоифага ўтказиш;

4.4. Молиявий инвестициялар қийматининг тўхтовсиз камайиб бориши.


5. Ушбу стандартда қуйидагилар кўриб чиқилмайди:

5.1. Фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақи шаклида инвестиция бўйича олинган даромадларни тан олиш асослари ("Умумий хўжалик фаолиятидан келадиган даромадлар" БҲМС ва "Лизингни ҳисобга олиш"  БҲМСга қаранг);

5.2. Шуъба жамиятларга инвестициялар ("Жамланган молиявий ҳисоботлар ва шуъба жамиятларга инвестицияларни ҳисобга олиш" БҲМСга қаранг);

5.3. Қўшма фаолиятга инвестициялар ("Қўшма фаолиятдаги иштирок улушини молиявий ҳисоботда акс эттириш" БҲМСга қаранг);

5.4. Гудвилл, патентлар, савдо маркалари ва шунга ўхшаш бошқа номоддий активлар;

5.5. "Лизингни ҳисобга олиш" БҲМСда келтирилган таърифга мос келадиган молиявий лизинг.



АТАМАЛАР


6. Бу стандартда фойдаланилган атамалар:


Молиявий инвестициялар - хўжалик юритувчи субъект тасарруфидаги даромад олишга (фоиз, роялти, дивиденд ва ижара ҳақи шаклида) мўлжалланган, инвестиция қилинган сармоя қийматининг ортиши ёки инвестиция қилувчи компания бошқа наф олиш учун фойдаланадиган активлар.


Қисқа муддатли (жорий) инвестициялар - муомала муддати 12 ойдан ошмайдиган осон реализация қилинадиган инвестициялар.


Узоқ муддатли инвестициялар - қисқа муддатли (жорий) инвестициядан ташқари барча инвестициялар.


Кўчмас мулкка инвестиция - инвестиция қилувчи субъектнинг ёки инвестиция қилувчи субъект гуруҳига кирувчи бошқа субъектнинг ишлаб чиқариш фаолияти давомида фойдаланилмайдиган ер участкаларига ёки иморатларга инвестициялар.


Жорий қиймат - бир-бирига қарам бўлмаган хабардор, сотиб олишни хоҳлаган харидор билан хабардор, сотишни хоҳлаётган сотувчи ўртасида актив алмаштириладиган миқдор.


Бозор қиймати - активлар бозорида аниқланадиган инвестициялар миқдори.


Бозор - бозор қиймати (ёки бозор қийматини аниқлашга имкон берадиган бошқа бирор кўрсаткич) аниқланадиган активлар бозори мавжудлигини билдиради.



МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ТАСНИФ ҚИЛИШ


7. Ўз молиявий ҳисоботларида айланма маблағлар билан узоқ муддатли активлар ўртасидаги тафовутни кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларни эгалик қилиш муддати бир йилгача бўлган айланма маблағ сифатида кўрсатишлари, узоқ муддатли молиявий инвестицияларни эса эгалик қилиш муддати бир йилдан ошадиган узоқ муддатли активлар сифатида кўрсатишлари лозим.


8. Ўз балансларида қисқа муддатли ва узоқ муддатли инвестицияларни фарқламайдиган хўжалик юритувчи субъектлар бу фарқни баҳолаш мақсадлари учун кўрсатишлари ва инвестицияларнинг балансдаги қийматини ушбу стандартнинг 13 ва 15-бандларига мувофиқ аниқлашлари шарт.



МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ БАҲОЛАШ


9. Молиявий инвестицияларни харид қилиш чоғида улар харид қиймати бўйича баҳоланади ва бу қийматга брокерлар хизмати учун тўланган ҳақ, банк хизмати учун тўловлар, божлар ва бошқа харажатлар киритилади.


10. Агар инвестиция акцияларни эмиссия қилиш ёки бошқа қимматли қоғозлар чиқариш йўли билан тўлалигича ёки қисман олинаётган бўлса, у ҳолда харид қиймати чиқарилган қимматли қоғозларнинг жорий қийматига тенг бўлади, яъни қимматли қоғозларнинг номинал қийматига тенг бўлмайди. Агар инвестиция бошқа активга алмаштириб тўла ёки қисман олинган бўлса, у ҳолда инвестиция қиймати топширилган активнинг жорий қийматига қараб аниқланади.


11. Молиявий инвестицияларни олинган пайтгача бўлган давр учун фоизлар улуши, ҳисобланган дивидендларни ўз ичига олган харид қиймати бўйича харид қилиш харидор томонидан сотувчига тўланган фоизлар миқдорини чиқариб ташлаб, харид қиймати бўйича ҳисобга олинади.


12. Инвестицияларнинг харид қиймати билан қарзга берилган қимматли қоғозларни тўлаш қиймати ўртасидаги тафовут (дисконт ёки харид қилиш чоғида мукофот тарзида берилган маблағ) инвестор томонидан инвестициялар бўйича доимий даромад бўлиши учун харид қилинган пайтдан бошлаб қарз тўланган пайтгача ҳисобдан ўчирилади.



ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИНГ БАЛАНСДАГИ ҚИЙМАТИ

ҚИСҚА МУДДАТЛИ (ЖОРИЙ) ИНВЕСТИЦИЯЛАР


13. Қисқа муддатли (жорий) активлар сифатида тасниф қилинган инвестициялар бухгалтерия балансида:

13.1. Бозор қиймати;

13.2. Харид қиймати ва бозор қиймати каби икки қийматнинг энг ками бўйича ҳисобга олиниши керак.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар харид ва бозор қийматларидан энг кам баҳоланиш бўйича ҳисобга олинадиган бўлса, балансдаги қиймати умуман барча инвестициялар қиймати асосида ёки инвестициялар турлари бўйича ёхуд алоҳида инвестициялар асосида аниқланади.


14. Қисқа муддатли инвестициялар бозор қийматининг ўзгаришидан келадиган даромад ёки зарар шу даромад ёки зарар содир бўлган ҳисобот даврида тан олинади.



УЗОҚ МУДДАТЛИ МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР


15. Узоқ муддатли активлар сифатида тасниф этилган инвестициялар бухгалтерия балансида:

15.1. Харид қиймати бўйича:

15.2. Қайта баҳолашни ҳисобга олган қиймат бўйича;

15.3. Харид қиймати ва бозор қийматининг умумий инвестициялар усули бўйича аниқланган энг кам баҳоси бўйича ҳисобга олинади.


16. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш учун қайта баҳолашнинг амалга ошириш даврийлигини, шу жумладан узоқ муддатли инвестициялар тоифаларини аниқлаш зарур.


17. Баланс қийматининг вақтинча пасайишини истисно этган ҳолда инвестициялар қиймати камайган тақдирда барча узоқ муддатли инвестицияларнинг баланс қиймати камайтирилади. Бундан камайтириш ҳар бир молиявий қўйилма бўйича аниқланади ва тайёрланади.


18. Узоқ муддатли инвестициялар харид қиймати бўйича ҳисобга олинади. Узоқ муддатли инвестицияларнинг қиймати муқаррар камайиб борган тақдирда бу инвестицияларнинг баланс қиймати ҳар бир инвестиция бўйича алоҳида камайтирилиши лозим. Бундай ҳолларда хатарнинг турлари, инвестиция қилинаётган субъектда инвесторнинг улуши эътиборга олинади.


19. Узоқ муддатли инвестициялар баланс қийматининг вақтинча пасайиши ҳисобда акс эттирилмайди. Қиймат пасайишининг бошқа ҳолатлари 21-бандда кўриб чиқилади.



МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР БАЛАНС

ҚИЙМАТИНИ ҚАЙТА БАҲОЛАШ


20. Қисқа муддатли (жорий) инвестицияларни бозор қиймати бўйича ҳисобга олувчи хўжалик юритувчи субъект ҳисоб сиёсатида инвестициялар баланс қийматининг камайиши ёки кўпайишини қуйидагича акс эттиради:

20.1. Даромад ёки харажат сифатида;

20.2. 21-бандга мувофиқ равишда.


21. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қайта баҳолаш натижасида пайдо бўлган қўшимча баҳолаш миқдори ўз сармоясига қайта баҳолашдан келган даромад сифатида қўшилади. Молиявий инвестициялар қиймати камайган тақдирда камайтириш ўз сармоясида акс эттирилган ўша инвестицияларни баҳолаш қиймати ҳисобидан амалга оширилади. Агар молиявий инвестициялар қийматини камайтириш миқдори қайта баҳолашдан олинган даромад миқдоридан кўп бўлса, бу тафовут харажат сифатида ҳисобга олиниши лозим. Қиймати пасайтирилган инвестицияларни қўшимча баҳолаш миқдори шу инвестициялардан келган зарар қоплангандан сўнг ўз сармояси кўпайишига киритилади.



МОЛИЯВИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ СОТИШ ВА ЎТКАЗИШ


22. Инвестицияларни сотиш чоғида сотишдан тушган маблағ билан баланс қиймати ўртасидаги тафовут харажатлар (брокер ёки дилер хизмати ҳақи) чиқариб ташлангандан сўнг даромад ёки харажат сифатида эътироф этилади.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар балансда харид қиймати ёки бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг ками бўйича ҳисобга олинган бўлса, уларни сотиш чоғида даромад ёки зарар сотиш нархи билан харид нархи ўртасида тафовут сифатида аниқланади.

Агар инвестиция илгари қайта баҳоланган ёки бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган, баланс қиймати эса қўшимча баҳолаш қийматини ҳисобга олган ҳолда кўпайтирилган бўлса, хўжалик юритувчи субъект ҳисоб сиёсатини тасдиқлаши ёки қўшимча баҳолашдан келадиган миқдорни даромадни кредитлаши ёхуд уни тақсимланмаган фойда ҳисобига ўтказиши лозим. Бу ҳисоб сиёсати "Доимий асосдаги молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот" деб юритилган 3-сон БҲМСга мувофиқ қўлланилиши керак.


23. Узоқ муддатли молиявий инвестицияларни қисқа муддатли (жорий) инвестицияларга ўтказиш икки қийматдан энг ками бўйича: харид қиймати билан баланс қийматининг энг ками бўйича, агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар икки қийматнинг энг ками бўйича ҳисобга олинадиган бўлса: харид қиймати билан бозор қийматининг энг ками бўйича амалга оширилади.


24. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар илгари қайта баҳоланган бўлса, уларни қисқа муддатли (жорий) инвестициялар тоифасига ўтказиш чоғида ва бу қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган бўлса, қайта баҳолаш қиймати баланс қийматидан чиқариб ташланиши керак.

Агар қисқа муддатли инвестициялар бозор қийматидаги ўзгариш даромадга киритиладиган бўлса, қўшимча баҳолашнинг қолган ҳар қандай миқдори даромадга ўтказилиши керак.


25. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни узоқ муддатли молиявий инвестициялар тоифасига ўтказиш харид қилиш қиймати ва бозор қийматидан энг ками бўйича ёки агар инвестиция илгари шу қиймат бўйича ҳисобга олинган бўлса, бозор қиймати бўйича амалга оширилади.



ИНВЕСТИЦИЯЛАР ОПЕРАЦИЯЛАРИДАН

КЕЛАДИГАН МОЛИЯВИЙ НАТИЖАЛАР


26. Молиявий натижаларга қуйидагилар киритилади:

26.1. Молиявий инвестициялар бўйича қуйидаги кўринишдаги даромадлар ва харажатлар:

26.1.1. Узоқ муддатли ва жорий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақлари;

26.1.2. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотишдан келадиган даромадлар ва зарарлар;

26.1.3. Бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича амалга ошмаган даромадлар ва зарарлар, мазкур сиёсат 20-бандга мувофиқ тасдиқланган бўлса;

26.1.4. Харид қиймати ва бозор қиймати каби икки қийматнинг энг ками бўйича баҳоланган қисқа муддатли молиявий инвестиция бериш учун талаб қилинадиган, бозор қийматининг камайтирилиши ва бундай камайтиришни қайтадан тиклаш;

26.2. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар қиймати вақтинча камайишини истисно қилганда баланс қийматининг камайиши ва бундай қисқаришларнинг ўрни қопланиши;

26.3. 22-бандга мувофиқ ҳисоблаб чиқилган узоқ муддатли молиявий инвестицияларни сотиш чоғида бўладиган даромадлар ва зарарлар.



СОЛИҚЛАР


27. Ушбу стандартни қўлланиш натижасида вужудга келадиган солиқ муаммоларини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ амалга оширилади.



ОЧИБ КЎРСАТИШ


28. Молиявий ҳисоботларда қуйидагилар очиб берилиши лозим:

28.1. Ҳисоб сиёсати, бу сиёсат қуйидагиларни аниқлаш ва акс эттириш учун очиб берилади:

28.1.1. Молиявий инвестицияларнинг баланс қийматини аниқлаш;

28.1.2. Бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестицияларнинг бозор қийматидаги ўзгаришларни акс эттириш;

28.1.3. Қайта баҳоланган молиявий инвестицияларни сотиш чоғида қўшимча баҳолаш қийматини акс эттириш;

28.2. Қуйидаги кўринишда олинган даромадга киритилган катта миқдордаги суммалар:

28.2.1. Узоқ муддатли ва қисқа муддатли (жорий) молиявий инвестициялар бўйича фоизлар, роялти, дивидендлар ва ижара ҳақлари;

28.2.2. Қисқа муддатли молиявий инвестицияларни сотиш чоғида олинган даромадлар ва кўрилган зарарлар;

28.2.3. Бундай молиявий инвестициялар қийматидаги ўзгаришлар;

28.3. Амалга оширилаётган инвестицияларнинг бозор қиймати, агар улар балансда бозор қиймати бўйича ҳисобга олинмаган бўлса;

28.4. Кўчмас мулкка молиявий инвестицияларнинг жорий қиймати, агар улар узоқ муддатли инвестиция сифатида ҳисобга олинса ва жорий қиймати бўйича кўрсатилмаса;

28.5. Инвестицияларга муҳим чеклашлар ёки инвестицияни амалга оширишдан олинган даромад ва пулни ўтказиш;

28.6. Қайта баҳолаш қиймати бўйича ҳисобга олинган узоқ муддатли инвестициялар учун:

28.6.1. Қайта баҳолаш қайси вақтларда ўтказилишини аниқлаш сиёсати;

28.6.2. Сўнгги марта қайта баҳоланган сана;

28.6.3. Қайта баҳолаш асоси ва четдан мулкни баҳоловчини жалб этиш факти;

28.7. Шу даврда қўшимча баҳолаш қийматидаги ўзгаришлар ҳамда бу ўзгаришларнинг қандай тусдалиги;

28.8. Асосий фаолияти инвестиция фаолиятидан иборат бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун инвестиция мажмуини таҳлил этиш.