Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 03.10.2014 й. 18/267-сон “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

03.10.2014 й.

N 18/267


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ПЛЕНУМИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17 ва 47-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


I. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суд ҳокимияти тўғрисида" 1996 йил 20 декабрдаги 1/60-сонли қарорига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида судьяларга юксак мақом берилди, улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ёки унинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати томонидан сайланади ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади ёки тайинланади";


2) 10-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини шакллантириш ва танлаш, судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига тавсия этиш ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси амалга оширади";


3) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонун судьяларни сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати, сиёсий партияларнинг аъзоси бўлишлари, сиёсий ҳаракатларда иштирок этишлари, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланишларини тақиқлайди. Шу билан бирга судьялар касбий фаолиятига оид уюшмаларга бирлашишлари мумкин".


II. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни қўллаш суд амалиёти тўғрисида" 2000 йил 28 апрелдаги 2/84-сонли қарорига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) кириш қисмининг иккинчи хатбошиси ва биринчи бандидаги "кичик ва ўрта бизнес корхоналарини, деҳқон-фермер хўжаликларини" деган сўзлар "кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик" деган сўзлар билан алмаштирилсин";


2) 4-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Судлар назарда тутишлари лозимки, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш чекланган, яъни ушбу Қонуни талабига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин, бундан хусусий корхоналар ва кўрсатилган модданинг иккинчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда риоя қилувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта амалга оширилиши мумкин, ушбу моддада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий корхоналар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта, белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно";


3) 5-банддаги "2000 йил 25 майдаги" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


4) 8-банд қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

Судлар суд муҳокамаси чоғида судни ва ишда иштирок этувчи шахсларни тижорат сири билан таништиришга тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган низонинг мазмунига бевосита тааллуқли бўлган қисми бўйича йўл қўйилиши, суднинг тижорат сиридан чекланмаган ҳолда фойдаланишга фақат Ўзбекистон Республикасининг "Тижорат сири тўғрисида"ги Қонуни 17-моддасида белгиланган ҳолларда рухсат берилишига эътибор қаратилиши лозим"


5) 10-банд:

иккинчи хатбошиси ўзбек тили матнидаги "ҳуқуқий" сўзи "юридик" сўзи билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир";


6) қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан кейингина биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлиши мумкин"


7) 17-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги "солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлар" деган сўзлар "солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар судлари мазкур тоифадаги ишлар юзасидан қонунчиликнинг тўғри ва бир хилда татбиқ этилишини таъминлашлари, суд амалиётини доимий таҳлил қилиб боришлари, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришлари лозим".


III. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг "Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2002 йил 25 октябрдаги 20/107-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) қарорнинг номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун ҳужжатларини суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида";


2) кириш қисмининг биринчи ва тўртинчи хатбошиларидаги "Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг" деган сўзлар "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин";


3) 1-банддаги "кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг" деган сўзлар "кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин";


4) 2-банд:

биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Судларга тушунтирилсинки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва имтиёзларини аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосий ҳуқуқий манба бўлиб ҳисобланади";

иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги "1998 йил 30 апрелдаги" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Судлар томонидан ишларни кўришда ва мазкур тоифадаги хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатлари билан берилган имтиёзларни аниқлашда авваламбор уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари эканликлари аниқланиши, бу ҳақда тегишли суд ҳужжатларида қайд этилиши лозим.

"Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир";


5) 3-банд:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Иштирокчилар ўртасида, иштирокчилар билан хўжалик ширкатлари ва жамиятлари ўртасида, шу жумладан, акциядорлар ўртасида, акциядор билан акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари фаолиятидан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар (бундан меҳнатга оид низолар мустасно) ҳам хўжалик судларига тааллуқлидир";

учинчи - бешинчи хатбошилар тегишинча тўртинчи - олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

тўртинчи хатбошисидаги "Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни 11-моддасининг" деган сўзлар "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 13-моддасининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин";

бешинчи хатбошисидан иккинчи жумла чиқариб ташлансин;


6) ўзбек тилидаги матни 7-бандининг биринчи хатбошисидаги "Ўзбекистон Республикаси "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Қонунининг", "Ўзбекистон Республикаси "Фермер хўжалиги тўғрисидаги" Қонунининг" деган сўзлар "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг", "Фермер хўжалиги тўғрисидаги" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин".


IV. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришни такомиллаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар тўғрисида"ги 2006 йил 22 декабрдаги 12/149-сонли қарорига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги "солиқлар, йиғимлар ва мажбурий тўловлар ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги барча бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар" деган сўзлар "тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устиворлиги принципига асосан қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 16-банд:

биринчи хатбошисидаги иккинчи жумла чиқариб ташлансин;

учинчи хатбошисидаги "10 кун мобайнида" деган сўзлар "қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


3) 16.1-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги ҳамда 16.2-бандининг биринчи ва учинчи хатбошиларидаги ", йиғимлар" деган сўз чиқариб ташлансин;


4) 17.2-банд:

биринчи хатбошисидаги "40" рақами "41" рақами билан алмаштирилсин;

иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган текширувлар ўтказиш режасидан кўчирма ёки режадан ташқари ёхуд муқобил текширув ўтказиш тўғрисида ушбу орган томонидан қабул қилинган қарорнинг кўчирма нусхаси;

назорат қилувчи органнинг текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби ва текширув ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғининг кўчирма нусхаси;

текширувчи мансабдор шахсларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ва шахсий гувоҳномаси".


V. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли қарорига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 1-банд "Гаров тўғрисида"ги" деган сўзлардан кейин "Гаров реестри тўғрисида"ги" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2) 22-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Судларга тушунтирилсинки, қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин";


3) 27-банд:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбошиси билан тўлдирилсин:

"гаровга олувчи Фуқаролик кодекси 282-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, бундан гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинмаганлиги ва талаблари гаров билан таъминланмаган кредиторларнинг ўз талабларини қаноатлантириш учун мазкур мол-мулкни қабул қилишни рад этганлиги ҳоллари мустасно";

олтинчи - ўнинчи хатбошилар тегишинча еттинчи - ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


VI. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида" 2009 йил 10 апрелдаги 06/196-сонли қўшма қарорига қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 16-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Хўжалик судлари шуни эътиборга олишлари лозимки, суд ижрочисининг у ёки бу қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза хўжалик суди томонидан кўриб чиқилмайди ва бундай аризалар ХПК 117-моддасининг 1-бандига асосан қабул қилинмайди, қабул қилинганлари бўйича эса ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилиши лозим";


2) 17-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Суд, шикоятни асосли эканлигини аниқласа, хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни ноқонуний, қарорни эса ҳақиқий эмас деб топади. Билдирилган талаб асоссиз бўлса, суд уни қаноатлантиришни рад қилади".


VII. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2012 йил 14 сентябрдаги 12/239-сонли қарори 6-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агар якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти даъво тақдим этилгунга қадар тугатилган ва тегишли талаблар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан тақдирда ҳам, шунингдек унинг мақоми даъво тақдим этилгандан сўнг йўқотилган тақдирда ҳам, улар иштирокидаги низолар хўжалик судига тааллуқлидир".

Олий суди раиси

Ш. Газиев

Пленум котиби в.б., Олий суд судьяси

О. Хайитов

Олий хўжалик суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий хўжалик суди судьяси

К. Давлетова