Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 04.12.2010 й. 137-II-сон "Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Оҳангарон шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.12.2010 й.

N 137-II



ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ

ОҲАНГАРОН ШАҲРИ ВА ОҲАНГАРОН

ТУМАНИ ҲУДУДЛАРИНИ БИРЛАШТИРИШ

ҲАМДА ОҲАНГАРОН ШАҲРИНИ ТУМАН

БЎЙСУНУВИДАГИ ШАҲАРЛАР ТУРКУМИГА

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



"Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2, 5, 9 ва 11-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг "Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Оҳангарон шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида"ги 2010 йил 30 ноябрдаги 219-II-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифи маъқуллансин - Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудлари бирлаштирилсин ҳамда Оҳангарон шаҳри туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилсин.


3. Тошкент вилояти таркибида Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани негизида умумий майдони 318 717 гектар бўлган Оҳангарон тумани тузилсин ҳамда унинг таркибига Оҳангарон шаҳри, "Бирлик", "Дўстлик", "Озодлик", "Сусам", "Телов", "Увак", "Қорахитой" ва "Қурама" қишлоқ фуқаролар йиғинлари киритилсин.

Оҳангарон шаҳри Оҳангарон туманининг маъмурий маркази этиб белгилансин.


4. Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг чегараси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган чизма шаклга мувофиқ тасдиқлансин.


5. Белгилаб қўйилсинки, Оҳангарон шаҳридаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг депутатлари халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутатлари ҳисобланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорни бажаришга доир комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин.


7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Раиси                                        И. Собиров



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2010 йил, 12-сон, 517-модда