Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбеқистон Республикаси Олий Мажлисининг 12.12.2003 й. 569-II-сон "Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларининг туман маъмурий-ҳудудий тузилмаларини тугатиш ҳамда Навоий вилоятининг Навоий тумани чегараларини кенгайтириш ва номини ўзгартириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕҚИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.12.2003 й.

N 569-II



БУХОРО, НАВОИЙ, НАМАНГАН,

САМАРҚАНД ВА ФАРҒОНА ШАҲАРЛАРИНИНГ

ТУМАН МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУЗИЛМАЛАРИНИ

ТУГАТИШ ҲАМДА НАВОИЙ ВИЛОЯТИНИНГ НАВОИЙ

ТУМАНИ ЧЕГАРАЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ВА НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА



Маъмурий-ҳудудий тузилмаларни мақбуллаштириш ва такомиллаштириш, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамда "Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда халқ депутатлари Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари Кенгашларининг Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев ва Тўқимачи туманларини, Навоий шаҳридаги Кармана туманини, Наманган шаҳридаги Давлатобод туманини, Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Боғишамол ва Темир йўл  туманларини ҳамда Фарғона шаҳридаги Қиргули туманини 2004 йилнинг 1 январидан тугатиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларининг ҳудудларида туманлар тугатилаётганлиги муносабати билан бу шаҳарларнинг илгариги чегаралари сақланиб қолади.


3. Навоий вилоятининг Навоий тумани Кармана тумани деб қайта номлансин ва унга Навоий шаҳрининг тугатилаётган Кармана тумани ҳудуди қўшилсин.


4. Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегаралари график чизмага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Кармана туманининг маркази деб Кармана шахарчаси белгилансин.


6. Тугатилаётган Кармана тумани ҳудудидаги сайлов округларидан халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар ҳамда халқ депутатлари Навоий тумани Кенгаши депутатлари янгитдан тузилаётган халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутатлари эканликлари белгилаб қўйилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарорнинг тегишинча 1 ва 3-моддаларида кўрсатиб ўтилган туманлар тугатилаётган ҳамда қайта ташкил этилаётган даврда жойлардаги тегишли ҳокимият ижро этувчи органлари томонидан шаҳар хўжалиги ташкилий тартибда бошқарилишини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг Раиси                                                     Э. Халилов