Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, физик-жуғрофий, геологик ва бошқа топонимик объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Олий Кенгашининг 03.09.1993 й. 940-ХII-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎзР Олий Кенгашининг

1993 йил 3 сентябрдаги

940-ХII-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий-ҳудудий

бирликлар, аҳоли пунктлари, корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар, физик-жуғрофий, геологик ва бошқа

топонимик объектларга ном бериш ҳамда уларнинг

номини ўзгартириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом:

маъмурий-ҳудудий бирликлар ва аҳоли пунктларига;

маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, парклар, кўприклар ва аҳоли пунктлари бошқа таркибий қисмларига;

саноат ва қишлоқ хўжалик корхоналари, жамоа хўжаликлари ва ўзга кооператив хўжаликлар, қурилиш, лойиҳалаш, илмий-текшириш, геология ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртлари, умумий таълим мактаблари, мактабгача, мактабдан ташқари болалар муассасалари ва халқ таълимининг бошқа муассасалари, сув иншоотлари, аэропортлар, темирйўл бекатлари, сув транспорти воситалари ва ўзга объектларга (бундан буён матнда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар деб юритилади);

Физик-жуғрофий ва геологик объектларга ном бериш, уларнинг номини ўзгартириш, шунингдек номларни тўғри ёзиш тартибини белгилаб беради.


2. Ушбу Низомда санаб ўтилган объектларга бериладиган номлар содда, қисқа бўлиши ва илмий топономика талабларига жавоб бериши лозим. Объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартиришда жуғрофий, тарихий, миллий, табиий ва бошқа маҳаллий шароитлар, шунингдек умумдавлат манфаатлари ҳисобга олинади.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотларга бериладиган номлар, қоида тариқасида уларнинг жойлашган ерини, фаолият мавзуини ва қайси идорага қарашлилигини акс эттириши керак. Мазкур объектларга давлат тилида ягона шаклда ифодаланадиган кисқартма ва шартли номлар берилиши мумкин.


3. Маъмурий-ҳудудий бирликлар, маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрлаш учун вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимлари махсус топонимик комиссиялар тузишлари мумкин бўлиб, уларнинг таркибига тарихчилар, тилшунослар, меъморлар, ўлкашунослар, картографлар ва манфаатдор ташкилотларнинг ўзга ходимлари жалб этилади.


4. Ушбу Низом шунингдек табиат ёдгорликларига, ҳайкалтарошлик санъати асарларига ном бериш тартибини ҳам белгилайди.



II. МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ БИРЛИКЛАР

ВА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИГА НОМ БЕРИШ

ҲАМДА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ


5. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида туманлар ва шаҳарларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади.


6. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва аҳоли пунктларига ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса - Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати томонидан тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг сессияларида қабул қилинган қарорлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.


7. Маъмурий-ҳудудий бирликлар ва аҳоли пупктларининг мономини ўзгартириш фақат алоҳида ҳолларда амалга оширилади.


8. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ва аҳоли пунктларига ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш чоғида Қорақалпоғистон Республикасида ёки мазкур вилоятда мавжуд бўлган, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларга эса - Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган номларни бериш тақиқланади.


9. Вилоятлар, шаҳарлар, туманлар, қишлоқлар, овуллар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктларига одамлар номини бериш, шунингдек уларни тарихий воқеалар шарафига номлаш тақиқланади.



III. МАҲАЛЛАЛАР, ШОҲ КЎЧАЛАР, КЎЧАЛАР, ТОР КЎЧАЛАР,

МАЙДОНЛАРГА ВА АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ БОШҚА

ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИГА НОМ БЕРИШ ҲАМДА

УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ


10. Маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, парклар, кўприкларга ҳамда аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш шаҳарлардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги, шаҳарчалардаги маҳаллалар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари тақдимномасига биноан шаҳар ҳамда туман ҳокимлари томонидан амалга оширилади. Ҳокимларнинг ушбу масалага доир қарорлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.


11. Янги кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига ном бериш янгитдан қурилаётган туманларнинг бош режаларини тасдиқлаш билан бир пайтда ёки янги қурилиш учун ерларни ажратиш чоғида амалга оширилади.

Маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига ана шу аҳоли пунктида мавжуд номларни бериш тақиқланади.


12. Маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктлари бошқа таркибий қисмларининг номи, одатда бошқа объектлар билан бир хил номга эга бўлганда, ном қоида тариқасида, хунук бўлганда ёки ушбу аҳоли пункти қайта қурилиши билан боғлиқ тарзда ўзгартирилади.



IV. КОРХОНАЛАР, МУАССАСАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА

НОМ БЕРИШ ҲАМДА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ


13. Корхона, муассаса, ташкилот ва бошқа объектни тузиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган бир пайтда уларга ном берилади. Хусусан:

республика бўйсунувидаги объектларга - тегишли вазирлик, давлат қўмитаси ва идораси тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ушбу объект жойлашган ҳудуддаги маҳаллий ҳокимият органининг розилиги бўлган тақдирда;

маҳаллий бўйсунувдаги объектларга - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан ном берилади. Бунда қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.


14. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг вазирларига, давлат қўмиталарининг ва идораларининг раҳбарларига корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлатнинг бошқа объектларини тузиш, қайта ташкил этиш ва бирлаштириш ҳуқуқи берилган ҳолларда ана шу объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номини ўзгартириш - улар жойлашган ҳудуддаги туманлар, шаҳарларнинг ҳокимликлари билан келишиб одинган ҳолда тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан амалга оширилади.


15. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари тизимига кирувчи давлат корхоналари, ташкилотлари ҳамда маҳаллий бўйсунувдаги ўзга объектларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бериладиган номлар тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар билан келишиб олиниши лозим.


16. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга Қорақалпоғистон Республикаси ёки мазкур вилоят ва Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган бошқа объектларга илгари берилган номларни бериш, шунингдек тегишли вазирлик, давлат қўмитаси ва идоранинг бошқа корхоналари, муассасалари, ташкилотларига илгари берилган номларни ҳам бериш мумкин эмас.



V. ФИЗИК-ЖУҒРОФИЙ ВА ГЕОЛОГИК ОБЪЕКТЛАРГА

НОМ БЕРИШ ҲАМДА УЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ


17. Физик-жуғрофий ва геологик объектлар:

тоғлар, даралар, музликлар, текисликлар, водийлар ва қуруқлик рельефининг бошқа қисмларига;

денгизлар, кўрфазлар, бўғозлар, дарёлар, кўллар ва бошқа ер усти сув ҳавзаларига;

сув ости тизимлари, ботиқликлар, ҳавзалар, саёзликлар ва сув ости рельефининг бошқа қисмлари, денгиз оқимларига;

геоморфологик мажмуалар, структуравий-геологик ва ландшафт бирликлари, геологик тегралар ва минтақалар, қаттиқ, суюқ ва газсимон фойдали қазилмаларнинг ҳавзалари, конлари ҳамда маъданлари бор жойларга (шу жумладан, ер ости сувларига);

ўсимликлар ва ҳайвонларнинг турлари, хиллари ёки бошқа таксономик тоифалари тарқалган ҳудудларга (ареалларига);

табиий-тарихий ҳудудларга ном берилиши лозим.


18. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган физик-жуғрофий ва геологик объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш:

физик-жуғрофий объектлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига биноан;

геологик объектлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


19. Икки ёки бир нечта давлатнинг ҳудудида жойлашган физик-жуғрофий объектларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тақдимномасига ҳамда бошқа давлатнинг ҳукумати билан эришилган келишувга биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ном беради.


20. Чегарадаги физик-жуғрофий объектларнинг номлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати билан келишиб олинмоғи лозим.


21. Биринчи марта 1:100000 ва бундан йирикроқ масштаблик хариталарга тушириладиган, номи бўлмаган физик-жуғрофий объектларга топографик ва гидрографик суратга олишни амалга ошираётган ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишиб олинган ҳолда ном берилади. Башарти, ушбу объектлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан бири ҳудудида ёки бир нечта вилоят ҳудудида жойлашган бўлса, уларга бериладиган ном Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олинмоғи лозим.


22. Ҳисоботлар ва босма нашрларда илк бор қайд этилаётган геологик объектларга Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан келишилган ҳолда кашфиётчилар, муаллифлар, геология-қидирув, геологик, геофизик ва гидрогеологик ишларни бажараётган ташкилотлар томонидан ном берилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаганидан кейин ушбу қўмита номни давлат геология кадастрига киритади.



VI. ТАБИАТ ЁДГОРЛИКЛАРИ ВА ҲАЙКАЛТАРОШЛИК

САНЪАТИ АСАРЛАРИГА НОМ БЕРИШ


23. Табиат ёдгорликларига (қўриқхоналар, буюртма қўриқхоналар, ботаника боғлари ва бошқа шу кабиларга) ном бериш Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


24. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига мувофиқ ўрнатиладиган ёдгорликлар, ёдгорлик лавҳалари ва бошқа ҳайкалтарошлик санъати асарларига ном бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишиб олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, шунингдек у ёки бу ҳайкалтарошлик санъати асарининг устхати матнини тасдиқлайди.



VII. АҲОЛИ ПУНКТЛАРИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИГА,

ДАВЛАТ КОРХОНАЛАРИ, МУАССАСАЛАРИ,

ТАШКИЛОТЛАРИГА, ФИЗИК-ЖУҒРОФИЙ, ГЕОЛОГИК ВА

БОШҚА ОБЪЕКТЛАРГА ОДАМЛАР НОМИНИ БЕРИШ


25. Маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, парклар ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, физик-жуғрофий, геологик ва бошқа объектларга давлат, жамоат арбобларининг, сиёсий арбобларнинг, Ватай ҳимоячилари, меҳнат қаҳрамонлари, фан, маданият арбоблари ва бошқа хизмат кўрсатган кишиларнинг номлари фақат вафотидан кейин берилиши мумкин.


26. Маҳаллий ҳокимият органлари бўйсунувида бўлган объектларга, шунингдек маҳаллалар, шоҳ кўчалар, кўчалар, тор кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, парклар ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига одамлар номини бериш Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан, республика бўйсунувидаги объектларга одамлар номини бериш эса - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатиб ўтилган объектларга одамлар номи берилган тақдирда, шунингдек илгари берилгаи номлар ўзгартирилганда тегишли давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Топонимик объектларга машҳур кишиларнинг номларини бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси билан келишиб олинади.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган объектлар номларининг (вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг номларидан ташқари) ёзилишини аниқлаштириш объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ҳуқуқи берилган тегишли органлар томонидан амалга оширилади.

Маъмурий-ҳудудий бирликлар (вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар) номларининг ёзилишини аниқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида туманлар ва шаҳарлар номларининг ёзилишини аниқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан амалга оширилади.


28. Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари хизмат ёзишмалари, ҳисоботлар, илмий, ўқув, ахборот нашрларида, даврий матбуотда ва картография нашрларида қўлланадиган жуғрофий ва геологик номларни тўғри ёзишда "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида"ги Қонунга амал қиладилар.


29. Давлат объектлари номларининг каталоглари:

ўз бўйсунувидаги объектлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган маҳаллий аҳамиятдаги объектлар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан юритилади.

Мазкур давлат объектларининг рўйхатлари ҳар йили 1 январдаги ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасига тақдим этилади.


30. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан барпо этиладиган ёдгорликлар, ёдгорлик лавҳалари ва бошқа ҳайкалтарошлик санъати асарларининг рўйхатлари:

республиканинг бутун ҳудуди бўйича - Маданият ишлари вазирлиги томонидан;

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудуди бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан юритилади.


31. Физик-жуғрофий объектлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия ва картография бошқармасида, геологик объектлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасида, табиатни муҳофаза этиш объектлари бўйича эса - Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида картотека юритилади.