Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.04.1995 й. ПФ-1100-сон "1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини ва мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларни фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 50 йиллиги байрами муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

20.04.1995 й.

N ПФ-1100



1941-1945 ЙИЛЛАРДАГИ УРУШ

ҚАТНАШЧИЛАРИНИ ВА МАМЛАКАТ

ИЧКАРИСИДА ИШЛАГАН МЕҲНАТКАШЛАРНИ

ФАШИЗМ УСТИДАН ҚОЗОНИЛГАН ҒАЛАБАНИНГ

50 ЙИЛЛИГИ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА



1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 50 йиллигини нишонлаш юзасидан:


1. Фашизмга қарши фронтлардаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ихтиёрий ёлланган шахслар, партизанлар, яширин иш олиб борган кишилар, уруш даврида Қуролли кучларда хизмат қилган ҳарбий хизматчилар ва ихтиёрий ёлланган шахслар, "1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган Ғалаба учун", "Япония устидан қозонилган Ғалаба учун" медаллари билан тақдирланган шахслар;

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва 1941 йил 22 июндан 1945 йил 9 майгача ўтган даврда халқ хўжалигида камида олти ой ишлаган, "1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида шавкатли меҳнати учун" медали билан мукофотланган, "Қамалдаги Ленинградда яшаган кишига" нишони бўлган шахслар, Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан тузилган қамоқ лагерларида, гетто ва бошқа қамоқларида сақланган балоғатга етмаган собиқ тутқинлар, "1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 50 йиллиги" юбилей медали билан мукофотлансин.


2. Бир йўла бериладиган қуйидаги пул мукофотлари белгилансин:

уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек байналмилал жангчилардан бўлган ногиронларга - энг оз иш ҳақининг уч баравари миқдорида;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига - энг оз иш ҳақининг икки баравари миқдорида;

ушбу Фармоннинг 1-бандида кўрсатилган 1941-1945 йилларда мамлакат ичкарисида ишлаган меҳнаткашларга - энг оз иш ҳақининг икки баравари миқдорида.


3. Мазкур Фармонни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Ижтимоий таъминот вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Алоқа вазирлиги мукофотларни тўлаш тартибини бир ҳафта муддат ичида белгилаб қўйсинлар.

5. "1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 50 йиллиги" юбилей медали ва пул мукофоти Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятларнинг, шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари томонидан маҳаллий ҳарбий бошқармаларнинг, уруш ва меҳнат фахрийлари кенгашларининг вакиллари иштирокида тантанали вазиятда топширилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1995 йил, 5-сон, 85-модда.