Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йирик инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бюроси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 03.04.2006 й. ПҚ-316-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 3 апрелдаги

ПҚ-316-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Йирик инвестиция лойиҳаларини

экспертизадан ўтказиш бюроси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йирик инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган юридик шахс бўлмаган эксперт органи ҳисобланади ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига бўйсунади.


2. Бюро ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фармойишларига, шунингдек экспертизанинг комплекслилиги, холислиги, мустақиллиги тамойиллари ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Бюро белгиланган шаклдаги (гербсиз) бланкка эга. Бюронинг масъул ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири имзолаган гувоҳномалар берилади.



II. БЮРОНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Бюронинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ёки Қарори, шунингдек ҳукумат қарори билан тасдиқланиши лозим бўлган мақсадли дастурлар, концепциялар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида қарорлар қабул қилиниши учун экспертизадан ўтказиш ва қуйидаги баҳолар асосида тавсияномалар беришдан иборат:

лойиҳа бўйича инвестиция сарф-харажатларининг тўғрилиги, ишлаб чиқариш учун танланган технологиянинг асосланганлиги, энг яхши маҳаллий ва хорижий аналогларни қиёслаш асосида ишлаб чиқариш циклининг яхлитлиги ва тугаллиги;

ҳар томонлама асосланган замонавий технологиялардан, бутловчи буюмлар, ёқилғи-энергетика, хом ашё ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талабларига амал қилган ҳолда уларни маҳаллийлаштириш ва таъминланиш даражасини танлаш;

талаб этилаётган саноат жиҳозлари, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, шу билан бирга импорт бўйича сотиб олинаётганларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг техник даражаси ва таклиф этилаётган технологияга мувофиқлиги асосида таснифлаш;

маҳсулотнинг нарх ва сифат тавсифи бўйича рақобатбардошлиги даражаси, маҳсулотларни сотишнинг узоқ муддатли бозорини чуқур ишлаб чиқиш;

маҳсулотни тақсимлаш бўйича битим лойиҳалари, шунингдек конлар ёки ер ости қатламларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун қўйилган талаблар.



III. БЮРОНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Юкланган вазифаларни амалга ошириш учун Бюро қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Бюро ваколатига кирувчи масалалар бўйича материалларни талаб қилиб олиш;

белгиланган тартибда шартнома асосида лойиҳаларни тўлиқ ва чуқур экспертизадан ўтказиш учун юридик субъектлар ва жисмоний шахсларни жалб этиш;

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг ахборот ва маълумотлари электрон базасидан фойдаланиш.


6. Бюро директори ва ходимлари:

сифатсиз ва ўз вақтидан кечиктирилган ҳолда ўтказилган экспертиза натижасида давлатга жиддий иқтисодий зарар етганлик;

экспертиза ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар оқибатида қурилиш, технологик цикллар ва алоҳида операциялар муддатини чўзиб юборганлик;

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қоида ва талабларига ҳамда мазкур Низомга риоя этилмаганлиги сабабли жиддий техноген ва бошқа авариялар содир бўлганлиги;

зарур ҳолларда лойиҳа бўйича унинг мақсад ва вазифаларини таъминловчи асосланган муқобил тавсиялар тайёрланиши;

иш жараёнида Бюро ходимлари олиши мумкин бўлган маълумотларнинг махфийлиги;

ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгардирлар.


7. Бюронинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорлиги Бюро ваколати доирасида мазкур Низом билан белгиланган мустақиллик асосида кўрилади.



IV. БЮРО ХОДИМЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


8. Бюро ходимлари фаолиятини моддий рағбатлантириш мақсадида Бюро директори:

ходимларнинг юқори малакаси, маҳорати ва иш сифатига қараб ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда доимий устама ҳақ;

катта иқтисодий самара берадиган комплекс экспертизанинг юқори сифатли ўтказилгани учун ходимларга ойлик лавозим маошининг (доимий устама ҳақни ҳисобга олмаган ҳолда) 100 фоизигача миқдорда бир йўла мукофот белгилаш ҳуқуқига эга.

Бюро директорига кўрсатилган миқдордаги доимий устама ҳақ ва бир йўла мукофот Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан белгиланади.


9. Бюро ходимларига доимий устама ҳақ ҳар чоракда белгиланади ва ходимларнинг талаб этилган иш сифатини таъминлашларига қараб навбатдаги чоракда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


10. Экспертиза ўтказилишида бир йўла мукофотланиш ҳуқуқини берувчи иқтисодий самара баҳоси Бюро директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


11. Бюро ходимларига доимий устама ҳақ ва бир йўла мукофотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тўланади.



V. БЮРО ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Бюро ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳисобот беради.


13. Бюро ўз фаолиятини унга юклатилган асосий вазифаларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестиция лойиҳалари (лойиҳавий таклифлар)ни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ бўлган топшириқларига мувофиқ амалга оширади.


14. Бюро фаолиятини директор бошқаради, у лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси ҳисобланади.


15. Бюро директори ва экспертлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.


16. Бюро директори:

Бюро фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Бюро зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

Бюро экспертлари орасида вазифаларни тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари ва Бюронинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича бошқа ҳужжатларнинг белгиланган тартибда Бюрога киритилган лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этади, тегишли экспертиза ўтказилишини, таҳлилий ва маълумот берувчи материаллар тайёрланишини таъминлайди;

экспертиза якунини умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири учун масъулиятли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ва техник имкониятлари тўғрисида қарор қабул қилишга имкон берадиган асосланган тавсияномаларни тайёрлайди.

Бюро директори вақтинча бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тайинлайдиган Бюро экспертларидан бири бажаради.


17. Бюро экспертлари:

ўзларига бириктирилган масалалар бўйича лойиҳаларни пухта комплекс экспертизадан ўтказадилар, Бюро директори топшириқларини бажарадилар, эксперт баҳоларининг ўз вақтида тайёрланиши ва сифати учун шахсан жавобгар бўладилар;

Бюро директорининг топшириғи билан тегишли таҳлилий ва маълумот берадиган материалларни тайёрлайдилар.



VI. БЮРО ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ


18. Бюронинг таъминланиши ва техник жиҳозланиши давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.


19. Бюронинг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппарати ходимлари учун белгиланган тиббий, маиший ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари жорий этилади.


20. Зарур ҳолларда, Бюро ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида чақирилган алоҳида экспертларни контракт асосида жалб этиш ва меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва ҳукумат аппарати бўйича тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 14-сон, 115-модда.