Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.12.2004 й. 561-сон қарорига 6-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 1 декабрдаги

561-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари

ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 12 октябрдаги 475-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Департаментнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини, унинг Президиумини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратини ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, алоқа ва почтани ривожлантириш, ахборот ва матбуот масалалари бўйича ахборот ва таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига, ташкилий масалалар ва ижро интизоми масалалари бўйича эса - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига бўйсунади.


5. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш соҳасида:

Миллий ахборот тизими, телекоммуникация тизимлари аҳволи ва ривожланишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

ахборотлаштириш, ахборот ва телекоммуникация тизимларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалаларида давлат сиёсатини амалга оширишни шакллантириш ва таъминлашда иштирок этиш;

ахборотлаштириш, ахборот тизимлари, телекоммуникация масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижро этишни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг ахборотлаштириш, ахборот ва телекоммуникация тизимларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

мониторингни таъминлаш ҳамда ахборотлаштириш, давлат ахборот ресурслари, ахборот технологиялари, ахборот ресурслари ва хизматлар бозорини шакллантириш ва уларни ривожлантириш соҳасида ишларнинг аҳволини таҳлил этиш, ахборот ва телекоммуникация тизимларидаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

давлат ахборот ресурслари, ахборот технологиялари, ахборот ресурслари ҳамда хизматлар бозорини ривожлантириш, ахборот ва телекоммуникация тизимлари соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, мазкур соҳага хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органлари фаолиятига ахборот технологияларини жорий этишнинг бориши мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, давлат органларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг ва самарали қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ахборот ва телекоммуникация тизимларини ривожлантириш, шунингдек халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир вазифалар комплекс ҳал этилишини ташкил этиш;

ахборот тизимларида, телекоммуникациялар соҳасида ахборот хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг шакллари ва усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш аҳволи бўйича мониторинг ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги юқори малакали мутахассисларга бўлган иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

б) алоқа ва почтани ривожлантириш соҳасида:

алоқа ва почта соҳасида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш, алоқа ва почтадаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

алоқа ва почта тармоқларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалаларида давлат сиёсатини амалга оширишни шакллантириш ва таъминлашда иштирок этиш;

алоқа ва почта масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижро этишни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг алоқа ва почталарнинг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

алоқа ва почта корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш, ушбу жараёнларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

алоқа ва почта соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мазкур соҳаларда бошқарув шакллари, усуллари ва тузилмаларини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

мониторингни ташкил этиш, алоқа ва почта корхонларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича таклифларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш;

алоқа ва почта корхоналарини фавқулодда вазиятлар шароитларида фаолият юритиш учун тайёрлаш бўйича ишларнинг ташкил этилишини назорат қилиш;

алоқа ва почта корхоналари, воситалари ҳамда тармоқларини замонавийлаштириш ва техник қайта жиҳозлаш, мазкур соҳага хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

алоқа ва почта хизматлари сифатини ошириш, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, алоқа ва почта шунингдек почта алоқаси воситалари орқали пенсияларни ўз вақтида етказиб бериш хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифларни ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда алоқа ва почта соҳасининг замонавий технологияларга, техника алоқа ва воситаларига эҳтиёжларини ўрганиш бўйича ишларини ташкил этиш, алоқа ва почта соҳасининг тегишли технологиялар, техника алоқа ва воситаларига эҳтиёжини таъминлаш юзасидан таклифларни тайёрлаш;

алоқа ва почта соҳасида халқаро ҳамкорлик бўйича мониторинг ўтказиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

в) ахборот ва матбуот соҳасида:

иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларини тарқатиш, архив иши ва иш юритишнинг аҳволи ҳамда уларни ривожлантириш тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларининг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларини тарқатиш, архив иши ва иш юритиш, муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва уларни амалга оширишни таъминлашда иштирок этиш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш, архив иши, муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқлар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш, архив иши ва иш юритиш, муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

оммавий ахборот воситаларининг барча турлари фаолияти, уларни тарқатиш тизимлари мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, мазкур соҳада бошқарувнинг шакллари, усуллари ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

оммавий ахборот воситалари фаолиятида рақобат муҳитини шакллантириш ва таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш бўйича мониторинг ўтказиш ва таҳлил қилиш, мазкур соҳаларда бошқарувнинг шакллари, усуллари ва тузилмасини такомиллаштириш, бошқарув ва бозор принциплари ва механизмларини хўжалик муносабатлари тизимига кенг жорий этиш, ушбу соҳаларда хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

нашриётлар ва матбаа корхоналарини, китоб савдоси ва босма маҳсулотларни тарқатувчи ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш, ушбу жараёнларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларда архив иши ва иш юритишнинг ҳолати мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, архив иши, архив фондларини сақлаш тизимини такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари ва муассасаларида иш юритиш самарадорлиги ҳамда мунтазамлилигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизими бўйича мониторинг олиб бориш ҳамда унинг самарали тизими мавжуд бўлишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

оммавий ахборот воситалари фаолиятига, нашриёт иши, матбаачилик, китоб ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш тизими, архив иши ва иш юритишга ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, архив иши ҳамда иш юритиш, оммавий ахборот воситаларини, китоб ва бошқа босма маҳсулотларини тарқатиш тизимининг самарадорлигини ошириш ва уларни ривожлантириш бўйича вазифалар комплекс ҳал этилишини ташкил этиш;

ахборот бозорини тартибга солиш, оммавий ахборот воситалари фаолияти, ноширлик ва матбаачилик фаолияти, китоб ва бошқа босма маҳсулотларни тарқатиш, архив иши ва иш юритиш, муаллифлик ҳуқуқи ва аралаш ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизими соҳасида халқаро ҳамкорлик бўйича мониторинг олиб бориш ва таҳлил қилиш, ушбу соҳаларда келгусида ҳамкорлик қилиш самарадорлигини кучайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

тегишли тармоқларда ва ҳудудларда ишларнинг аҳволини ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирининг ўринбосари учун тегишли материалларни тайёрлайди;

тегишли соҳаларни ривожлантириш, уларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурларини шунингдек тегишли тармоқларда ходимларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш ва янада такомиллаштириш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг топшириқлари бажарилишини назорат қилади;

тегишли соҳалар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда янгиланишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома материаллар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказади ва уларни пухта ишлайди, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг комплекслилиги ҳамда уларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг сифати, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларининг манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан келишилиши учун жавоб беради;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ташкил этади;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқарувининг мутасаддилик қилинадиган органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўз юритишига кирадиган масалалар бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар иши самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, фуқароларни шахсан қабул қилишни амалга оширади;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Бош вазир ўринбосарининг топшириғига биноан эса давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритишига кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни пухта ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини зарурат бўлганда белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартиби талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни зарурат бўлганда қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг топшириқларида бошқа бажариш муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.

9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва масалалар эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқилиши ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқлари мутасаддилик қилинадиган идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига Департамент мудири, ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш, алоқа ва почтани ривожлантириш, ахборот ва матбуот масалалари бўйича бош ва етакчи мутахассислар, шунингдек инспектор киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11. Департаментнинг ишига мудир раҳбарлик қилади.


12. Департамент мудири ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департаментнинг иши "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режаси, Департаментнинг чораклик иш режаси, мудир ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг чораклик иш режаси, мудирнинг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари билан келишилади ва Бош вазирнинг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Мутахассисларнинг шахсий иш режалари Бош вазирнинг тегишли ўринбосари билан келишилади ва Департамент мудири томонидан тасдиқланади.


14. Департамент мудири:

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ва ижро интизомининг ҳолати учун шахсан жавоб беради;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади, мазкур лойиҳаларга розилик беради ҳамда улар юзасидан эксперт хулосаларни имзолайди;

Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари томонидан Департамент юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан тушган, Вазирлар Маҳкамасининг қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Департамент мутахассислари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ ишларнинг юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Департамент ишини такомиллаштириш, мутахассисларнинг иш малакасини ошириш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Департамент мутахассисларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари билан келишилган таклифларни Бош вазирнинг тегишли ўринбосарига тақдим этади.


15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан белгиланадиган Департаментнинг бош мутахассисларидан бири бажаради.


16. Департаментнинг бош мутахассиси:

ўзига биркитилган масалалар бўйича материалларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, материалларнинг ўз вақтида тайёрланиши, сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда топшириқларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

ишлаб чиқилаётган қарорлар лойиҳаларини амалга оширишнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини эксперт баҳолашни амалга оширади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилишини назорат қилади;

тегишли тармоқ бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

материаллар тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига ахборот беради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганади, ўзига бириктирилган масалалар бўйича ахборотларни умумлаштиради, зарур таҳлилий материаллар, прогнозлар ва эксперт хулосалар тайёрлайди;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, янада ривожлантириш, шунингдек иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ҳудудлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Департамент мудирига тақдим этади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини, уларни тайёрлаш мақсадида, муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассиснинг фаолиятини назорат қилади.


17. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, ўзига биркитилган масалалар бўйича Департамент мудири ва бош мутахассиснинг топшириқларини бажаради, материалларнинг ўз вақтида тайёрланиши, сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда топшириқларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

ўзига биркитилган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари бажарилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни тўплайди ва умумлаштиради;

тегишли тармоқ бўйича маълумотлар тизимлаштирилган базасини шакллантиради, унинг тўлдирилишини ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлайди;

материалларни Департамент мудирига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига тақдим этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганади, ўзига биркитилган масалалар бўйича ахборотни умумлаштиради, зарур маълумотномалар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

бош мутахассис билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини, уларни тайёрлаш мақсадида, муҳокама қилади.


18. Инспектор Департаментда иш юритишни таъминлайди, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 48-49-сон, 495-модда.