Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.1998 й. 309-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 22 июлдаги

309-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш

ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш

бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ўз фаолиятини хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга ўз вақтида тушириш, иқтисодий ва маъмурий тусдаги чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш йўли билан тўлов муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ва бюджетга тўловлар бўйича муддатида тўланмаган тўловларнинг вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширади.


2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида тегишли минтақавий комиссиялар тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига кўра Комиссия минтақавий комиссиялар таркибини тасдиқлайди.

Минтақавий комиссиялар ўз фаолиятини мазкур Низомга ва Комиссиянинг қарорларига мувофиқ амалга оширади.


4. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ва ёзма кўрсатмаларининг вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари (хўжалик уюшмалари), мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади: халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштиришни, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида қилиниши, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўлиқ тўланиши бўйича амалдаги қонунчилик нормаларига барча хўжалик юритувчи субъектлар ва банклар томонидан қаттиқ риоя қилиниши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш;

корхоналарнинг дебитор қарздорлиги аҳволини таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов муддати ўтиб кетган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини, бюджетга ўз вақтида тўланмаган қарзларини қисқартириш, шунингдек амалдаги қонунчиликка мувофиқ тўланиши керак бўлган солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

корхоналар ва ташкилотлар айланма маблағларининг тайёр маҳсулотлар захираларига, тугалланмаган қурилишга йўналтирилиши сабабларини аниқлаш ҳамда уларни қисқартиришни таъминловчи механизмнинг ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

тўловга қодир бўлмаган истеъмолчиларга ва буюртмачиларга маҳсулотлар берилишига, ишларини бажаришга ва хизматлар кўрсатилишига йўл қўймаслик устидан назоратни амалга ошириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


6. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, идоралар, банклар, хўжалик уюшмалари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларининг дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг аҳволи, солиқ ва тўлов интизоми масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш ҳамда тегишли органларга халқ хўжалигида ҳисоб-китобларни юритишнинг белгиланган тартибини ва солиқ қонунчилигини бузган айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги таклифлари бўйича, пеня ёзишни тўхтатган ҳолда, ўз вақтида тўланмаган қарзларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш учун муддат бериш, солиқлар ва бюджетга тўловлар бўйича пеняларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

молия, солиқ ва божхона органлари фаолиятини текширишни ташкил қилиш, вазирликлар, идоралар, уюшмалар, давлат бошқаруви маҳаллий органларидаги комиссияга юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда олиш;

Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига тўлов муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликка муттасил йўл қўяётган корхоналар ва ташкилотларни банкрот деб эълон қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиш;

Вазирлар Маҳкамасига халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар тизимини яхшилашга қаратилган республика қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.



IV. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Комиссиянинг иши комиссия раиси томонидан тасдиқланган ишлар режасига мувофиқ, ҳар ойда камида бир марта мажлислар ўтказиш асосида амалга оширилади.


8. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.


9. Комиссияга раис - Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири бошчилик қилади.

Комиссия раиси ишларга раҳбарлик қилади, Комиссия мажлисини олиб боради.

Комиссия раисининг топшириғига кўра алоҳида масалалар бўйича мажлислар Комиссия раисининг ўринбосари томонидан ўтказилиши ҳам мумкин.


10. Комиссия ишининг натижалари баённома шаклидаги қарорлар билан расмийлаштирилади, уларни раис ёки унинг топшириғига кўра мажлисни ўтказган Комиссия раисининг ўринбосари тасдиқлайди.


11. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради ва республика Ҳукуматини қилинган ишлардан мунтазам хабардор қилиб боради.