Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.1997 й. 572-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестиция дастурлари департаментини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.1997 й.

N 572



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР

МАҲКАМАСИ ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРЛАРИ

ДЕПАРТАМЕНТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётни чуқур таркибий қайта ўзгартиришларни таъминлашга йўналтирилган инвестиция дастурларини шакллантиришга доир ишларни мувофиқлаштириш, уларнинг рўёбга чиқарилиши устидан назоратни кучайтириш, шунингдек хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг штатдаги ходимлари сони 14 нафар бўлган Инвестиция дастурлари департаменти ташкил қилинсин.

Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаментининг Устувор инвестиция лойиҳалари бўлими, унинг номини Хорижий инвестициялар бўлими деб ўзгартирган ҳолда, Инвестиция дастурлари департаменти таркибига ўтказилсин.


2. Инвестиция дастурлари департаментининг тузилмаси ва штат жадвали 1, 1а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Инвестиция дастурлари департаментининг бошлиғи мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, департамент бошлиғининг ўринбосарлари - бўлимлар бошлиқлари - вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилсин.


3. Қуйидагилар Инвестиция дастурлари департаментининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республикада ягона давлат инвестиция сиёсатини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Капитал қурилишни ташкил этишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1997 йил 28 октябрдаги ПФ1875-сон Фармони қоидаларининг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

вазирликлар ва идоралар, барча даражалардаги тармоқ бошқарув тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг инвестиция дастурларини шакллантириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш;

республикада қулай инвестиция муҳитини шакллантиришни таъминловчи норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга доир ишларни мувофиқлаштириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;

Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиладиган, маблағ билан таъминлаш манбаларидан қатъи назар, қиймати 25 млн сўм ва ундан юқори бўлган (1991 йилги нархларда) объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш инвестиция лойиҳаларининг, қийматидан қатъи назар, ҳукумат кафолатлари остидаги хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда қуриладиган объектларнинг техник-иқтисодий асослашларини экспертизадан ўтказиш ва баҳолашни ташкил қилиш;

хорижий сармоя иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш схемаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

инвестиция дастурларининг бажарилиши ва жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг самарали фойдаланилиши мониторинги тизимини ишлаб чиқиш ва ундан амалиётда кенг фойдаланиш;

устувор, йирик объектларнинг маблағ билан мақсадли таъминланиши, шунингдек, буюртмачилар, лойиҳалаш институтлари, пудратчи қурилиш ташкилотлари ва банклар ўртасида инвестиция дастурига киритилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш бўйича шартнома муносабатларининг ўз вақтида тузилиши ва бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларида назарда тутилган импорт технология асбоб-ускуналарининг етказиб берилиши устидан назоратни таъминлаш, ўрнатилмаган асбоб-ускуналар ҳажмларини қисқартириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ҳолатини таҳлил қилиш.


4. Белгилансинки, Инвестиция дастурлари департаменти ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ ишларни Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил бошқармаси, Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти, комплекслари раҳбарларининг котибиятлари, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, республика ва ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш ва бажаришда қатнашувчи барча даражалардаги тармоқ бошқарув органлари билан мустаҳкам алоқада олиб боради.

Инвестиция дастурлари департаменти зиммасига "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Хорижий инвестициялар бўйича агентлик, "Ўзинвестлойиҳа" республика инжиниринг компанияси, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг инвестиция дастурини ишлаб чиқиш ва уни бажариш мониторингини ташкил этишга оид фаолиятини мувофиқлаштириш юклансин.


5. Инвестиция дастурлари департаментига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, департаментлари ва бўлимларидан, тармоқ бошқарув органлари ҳамда ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органларидан Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича барча зарур материалларни талаб қилиб олиш;

Департамент зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар, лойиҳалаш институтларидан инвестиция лойиҳаларининг зарур техник-иқтисодий асосланишини, лойиҳа-смета ҳужжатларини, статистика ва таҳлилий маълумотларни, бошқа материалларни олиш;

мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда инвестиция лойиҳаларини ва қурилишларнинг аниқ дастурларини баҳолаш учун эксперт гуруҳлари тузиш.


6. Инвестиция дастурлари департаменти:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ҳукуматнинг бошқа қарорлари мажбурий тартибда жўнатиладиган ташкилотлар рўйхатига;

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва бошқа манфаатдор идораларнинг статистика ахборотномаларини мажбурий тартибда жўнатиш реестрига киритилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси Инвестиция дастурлари департаментининг жорий харажатлари ва уни техника билан жиҳозлаш учун зарур қўшимча бюджет маблағлари ажратишни назарда тутсин.


8. Департамент ходимларининг лавозим маошларига юқори малакаси, чет тилларни билиши, компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда ишлай олиши учун белгиланган иш ҳақи фонди доирасида махсус устамалар белгилашга рухсат этилсин.


9. Инвестиция дастурлари департаменти:

уч ҳафта муддатда Инвестиция дастурлари департаменти тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тақдим этсин;

Инвестиция дастурини шакллантириш ва унинг амалга оширилишини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ишлар Бошқармаси Инвестиция дастурлари департаментини жойлаштириш масаласини бир ҳафта муддатда ҳал этсин, бунда уни тегишли равишда техник жиҳозлашни назарда тутсин.


11. Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари Инвестиция дастурлари департаменти ташкил этилиши муносабати билан комплексларнинг тузилмасини ва функцияларини икки ҳафта муддатда аниқлаштирсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 1997 йил 20 майдаги 248-сон қарорига, шунингдек комплексларнинг котибиятлари ва бўлимлар тўғрисидаги низомларга қисман ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритсинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тақдим этсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султанов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                              И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 27 декабрдаги

572-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Инвестиция дастурлари департаментининг

ТУЗИЛМАСИ


Департамент бошлиғи


Катта инспектор


Инвестиция дастурларини шакллантириш бўлими

Бўлим бошлиғи, департамент бошлиғининг ўринбосари

Бош мутахассис - 3 нафар

Етакчи мутахассис

Катта инспектор


Хорижий инвестициялар бўлими

Бўлим бошлиғи, департамент бошлиғининг ўринбосари

Бош мутахассис - 4 нафар

Катта инспектор






Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 27 декабрдаги

572-сон қарорига

1а-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Инвестиция дастурлари департаментининг

ТУ3ИЛМАСИ


Департамент бошлиғи







Инвестиция дастурларини шакллантириш бўлими (штат бўйича 6 ходим)


Хорижий инвестициялар бўлими (штат бўйича 6 ходим)

Штат бўйича - 14 ходим (шу жумладан 3 нафар катта инспектор.