Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.09.2009 й. ПҚ-1183-сон "2010 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш, навларни жойлаштириш ва харид қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.09.2009 й.

N ПҚ-1183



2010 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН

КУЗГИ БОШОҚЛИ ДОН ЭКИНЛАРИНИ

ЭКИШ, НАВЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ВА ХАРИД ҚИЛИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Бошоқли дон экинлари навларини оқилона жойлаштиришни таъминлаш, кузги экин экишни мақбул агротехник муддатларда сифатли ўтказишда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ғаллакор хўжаликлар билан дон маҳсулотлари корхоналари ўртасида тузилган контрактация шартномаларини умумлаштириш асосида тайёрланган:

2010 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари экиладиган майдонлар ҳамда навлар бўйича уларнинг тезпишар ва серҳосил навларини жойлаштириш тўғрисидаги 1-иловага* мувофиқ;

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси корхоналари томонидан 2010 йилда юқори сифатли бошоқли дон экинлари уруғлиги тайёрлаш ҳажмлари тўғрисидаги 2-иловага* мувофиқ;

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси корхоналари томонидан суғориладиган ерлар учун 2010 йил ҳосилидан юқори сифатли бошоқли дон экинлари уруғлиги етказиб бериш ҳажмлари тўғрисидаги 3-иловага* мувофиқ;

бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ҳамда суғориладиган ерларда Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти ва унинг филиаллари, шунингдек Қашқадарё бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилик илмий-тадқиқот институти томонидан 2010 йил ҳосилидан суперэлита уруғлигини тайёрлаш тўғрисидаги 4-иловага* мувофиқ таклифлари қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси раиси зиммасига:

баҳорги экишга етарли ҳажмда сифатли, калибрланган, дориланган ва сертификатланган бошоқли дон экинлари уруғларини, шунингдек қишлоқ хўжалик экин техникасини тайёрлаш;

суғориладиган ерларда асосан биринчи ва иккинчи репродукцияли биринчи-иккинчи классдан паст бўлмаган уруғлар ва лалми ерларда учинчи репродукциядан паст бўлмаган уруғлар экилиши;

дон етиштирувчилар мазкур Қарор билан тасдиқланган бошоқли дон экинлари навларининг жойлаштирилишига қатъий амал қилишлари учун шахсий жавобгарлик юклансин.

Товарбоп дон, навлаштирилмаган, сифатсиз тайёрланган ва дориланмаган уруғларни экиш, республика ҳудудида экиш тавсия қилинмаган навларни жойлаштириш ҳамда уларни ишлов бериш қийин бўлган ерларга экиш қатъиян тақиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири (Ш.М. Мирзиёев):

бошоқли дон экинлари навларининг тасдиқланган тарзда жойлаштирилиши ва моддий ресурсларни етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятларига риоя қилиниши;

энг яхши фермер хўжаликлари томонидан тўпланган ижобий тажрибанинг умумлаштирилиши ва татбиқ этилиши, навнинг биологик хусусиятларига мувофиқ равишда бошоқли дон экинларига ишлов бериш бўйича агротехника тадбирларига риоя этилиши;

бошоқли дон экинлари экишни ҳар бир ҳудуд учун мақбул бўлган муддатларда суғориладиган ерларда 2009 йилнинг 25 октябригача ва лалми ерларда 15 ноябргача тугалланишини таъминлаш устидан тизимли назоратни ташкил этсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси хизмат кўрсатувчи банклар билан биргаликда 2010 йил ҳосили донига харид нархлари тасдиқлангунга қадар 2009 йил ҳосили донига ўртача шаклланган нархлар бўйича технология карталарига мувофиқ муддатлар ва кутилаётган харажатлар (шу жумладан уруғлик қиймати)га биноан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган бошоқли дон экинлари етиштиришга кредит берсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бошоқли доннинг янги, истиқболли, серҳосил навларини харид қилиш борасида фермер хўжаликларини рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутган ҳолда, ғаллакор хўжаликларни сифатли бошоқли дон уруғлиги билан таъминлаш тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳар йилнинг 1 августигача минтақаларнинг тупроққлим шароитлари ҳисобга олиниши ва ҳар бир ғаллакор фермер хўжалигига етказилишини таъминлаган ҳолда, туманлаштирилган юқори самарадор бошоқли дон селекциявий навларининг асосий хўжалик-биологик белгилари ва характеристикалари бўйича Маълумотномани тайёрласин ва чоп этсин;

ҳар бир туманлаштирилган бошоқли дон экинлари селекциявий навини етиштириш хусусиятлари ва асосий характеристикалари ҳақида фермерлар ўртасида жойларда семинарлар ҳамда кенг тушунтириш ишлари тизимли асосда ўтказилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагросуғурта" ДАСК суғурта қопланишини 90 фоизга қадар ошириш ва суғурта тарифларини амалдагидан 50 фоизга тушириш ҳисобидан янги, юқори самарадор селекциявий навларнинг экилишини рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирларини назарда тутган ҳолда, бошоқли дон экинлари ҳосилини суғурталаш тартибини бир ой муддатда қайта кўриб чиқсин.


8. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси фермер хўжаликларининг бошоқли дон экинлари уруғларини сотиш шохобчаларидан фойдаланишларини яхшилаш учун, уларнинг республика бўйлаб жойлашишини қайта кўриб чиқсин ва мазкур шохобчалар тармоғини кенгайтириш чораларини кўрсин.


9. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси 2009 йилнинг 20 сентябригача республиканинг элита-уруғчилик хўжаликлари буюртманомалари бўйича 2009 йилда кузги экиш учун хорижий илмий муассасалардан 240 тонна ҳажмида бошоқли дон экинларининг суперэлита уруғлари келтирилишини таъминласин.

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси олиб келинаётган 240 тонна бошоқли дон экинларининг суперэлита уруғлари учун истисно тариқасида божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.


10. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнида берилган



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 9-сон, 370-модда