Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.1999 й. 403-сон "1999 йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишни уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.1999 й.

N 403



1999 ЙИЛ ПАХТА ҲОСИЛИНИ ЙИҒИШТИРИБ

ОЛИШНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1999 йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Пахта териш машиналарини, транспорт тракторларини, пахта ташиш учун махсус жиҳозланган юк автомобилларини, пахта тозалаш заводлари ва пахта тайёрлаш пунктларини ҳамда қуритиш-тозалаш цехларини шу йил 1 сентябргача ҳозирлаб қўйишни тугаллаш, шунингдек, хўжаликларни талаб қилинган миқдорда фартуклар, йиғим-теримни қисқа муддатларда ва нобудгарчиликларсиз ниҳоясига етказиш учун зарур бўлган бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси  Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг энг муҳим вазифалари ҳисоблансин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг "1998-2000 йиллардаги даврда қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури тўғрисида" 1998 йил 18 мартдаги ПФ-1978-сон Фармонига мувофиқ ялпи пахта ҳосили 1999 йилда 4 млн тонна ҳажмида белгиланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг "1999 йилда пахта хом ашёси ва бошоқли экинлар дони харид нархлари ва ички хўжалик иқтисодий механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 15 майдаги 248-сон қарори билан 1999 йил пахта ҳосилининг харид нархи 1 тонна учун ўртача 34800 сўм миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. 1999 йил учун пахта толаси давлат хариди уни ишлаб чиқариш ҳажмининг 30 фоизи даражасида сақлаб қолинсин. Белгилансинки, тасдиқланган давлат харид ҳажмидан  ортиқча пахта хом ашёсидан ишлаб чиқарилган пахта толаси хўжаликлар ихтиёрида қолади ва пахта тайёрлаш топшириғи бажарилган тақдирда улар томонидан шартнома нархлари бўйича  сотилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 майдаги 248-сон қарорини бажариш мақсадида ширкат хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳар бир оила (жамоа) ва бошқа ички хўжалик бўлинмалари билан топширилган пахта хом ашёсининг амалдаги ҳажми  ва сифати асосида ҳисоб-китоб қилинишини, шунингдек, айрим бўлинмалар зарарлари бошқа бўлинмалар даромадлари ҳисобига қопланишига йўл қўйилмаслигини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Муродов), "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси (Юсупов), "Ўзкимёсаноат" уюшмаси (Юсупбеков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:

ғўза баргини тўкиш топшириқлари агротехника талабларига мувофиқ бажарилишини ва пахта териш машиналари пахта йиғим-теримига 1-иловага мувофиқ чиқарилишини таъминласинлар;

хўжаликларга талаб қилинган миқдорларда дефолиантлар етказиб беришни ва ғўза баргини тўктиришни 1999 йил 20 сентябрдан кечиктирмасдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 октябргача тугаллаган ҳолда энг қулай муддатларда сифатли ўтказилишини ташкил этсинлар. Ғўза баргини тўкишни ерда олиб бориш усули билан ўтказиш учун техника воситалари ва аппаратуралар тайёрлаб қўйилишига биринчи даражали аҳамият берсинлар;

пахтани машинада теришни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, илмий-тадқиқот ва конструкторлик ташкилотларининг тавсияномаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширсинлар, далаларни "Кейс" горизонтал шпинделли машиналар ишлашига тайёрлашга алоҳида эътибор берсинлар, ҳар бир ана шундай машина учун камида 180 гектар пахта майдони ажратилишини таъминласинлар;

кўсак териш ва кўсак чувиш машиналарининг аҳволини текшириб чиқсинлар, уларни ҳозирлаб қўйишни шу йил 15 сентябргача тугаллаш чора-тадбирларини кўрсинлар.

"Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси (Юсупов), "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси (Матчонов) пахта териш машиналари учун двигателлар, узеллар, агрегатлар ва бошқа материалларнинг алмаштириш фондларини ташкил этсинлар, уларнинг белгиланган жойларга зудлик билан етказиб берилишини таъминласинлар.


6. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси (Рўзметов) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда "Ўзагрокимётаъминот" бирлашмасининг буюртманомалари бўйича ғўза баргини тўктириш учун зарур бўлган миқдорда самолётлар ажратсин.


7. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари ортиқча меҳнат ресурсларини ушбу вилоятлар хўжаликлари билан тузилган шартномаларга кўра Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафарбар қилишни 2-иловага мувофиқ ташкил этсинлар.

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзавтотранс" давлат корпорацияси кўрсатиб ўтилган теримчиларнинг белгиланган жойгача олиб борилишини ва қайтариб олиб келинишини таъминласинлар.


8. "Ўздавпахтасаноатсотиш" уюшмаси, "Ўзавтотранс" давлат корпорацияси пахта ташиш учун юк автомашиналарига бўлган талабни мамлакат минтақалари бўйича биргаликда ўрганиб чиқсинлар ва улардан фойдаланиш учун тегишли шартномаларни олдиндан расмийлаштирсинлар.


9. Пахта йиғим-теримида моддий рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида хўжаликларга пахта терими учун далалардаги мавжуд ҳосилга қараб табақалаштирилган ҳақ тўлаш тавсия қилинсин.

Биринчи теримда:

терилган 1 килограмм ўрта толали нав пахта учун - камида 8 сўм, ингичка толали пахта учун - 9 сўм;

терилган 1 килограмм ўрта толали уруғлик пахта учун  - камида 10 сўм, ингичка толали пахта учун - 12 сўм ҳақ тўлансин.

Машина-трактор парклари ва хўжаликлар механик-ҳайдовчиларга икки қаторли вертикал шпинделли пахта териш машинасида терилган бир тонна пахта учун - камида 200 сўм, тўрт қаторли машинада терилган пахта учун - 130 сўм, икки қаторли горизонтал шпинделли машинада терилган пахта учун - камида 100 сўм миқдорида ҳақ тўлайдилар.

Пахта терими учун ҳисоб-китоб қилишда аниқ нархномалар ҳар бир хўжалик бўйича маҳаллий шароитларни ва хўжаликларнинг ўзларининг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгилансин.

Хўжаликларга, уларда молиявий ресурслар мавжуд бўлганда, айрим ҳолларда пахта йиғим-терими тугалланиши даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг ошиб борувчи коэффициентларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

Теримчилар ва пахта териш машиналарининг механик-ҳайдовчилари билан ҳар беш кунда ҳисоб-китоб қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси, Марказий банк, "Пахта-банк" ва бошқа тижорат банклари теримчилар ва пахта териш машиналарининг механик-ҳайдовчилари билан, шунингдек, пахтани юклаш, тушириш, тайёрлаш, транспортда ташиш, жойлаштириш ҳамда ишлов бериш, пахта териш техникасига техника хизмати кўрсатиш ва тузатишда банд бўлган ходимлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш учун хўжаликларни, машина-трактор паркларини, тайёрлов пунктларини, пахта тозалаш заводларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг идора ички нормативлари бўйича нақд пул билан таъминласинлар.


11. "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" холдинг компанияси ва "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси пахта йиғим-терими мавсумида қатнашувчи пахта териш машиналари ва бошқа техникаларнинг узлуксиз ишлаши учун пахта экувчи хўжаликларга ва машина-трактор паркларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоятларга саноат корхоналарини 3-иловага мувофиқ бириктириб қўйсинлар.


12. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Аҳмедов) йиғим-терим ишларини бажариш, пахтани транспортда ташиш ва ишлов бериш учун хўжаликларга, машина-трактор паркларига ва пахта тозалаш саноати корхоналарига зарур бўлган миқдорда ёнилғи-мойлаш материаллари узлуксиз етказиб берилишини таъминласин.


13. "Ўзбекбирлашув", "Ўзбексавдо" компаниялари, "Ўздонмаҳсулот" давлат корпорацияси қишлоқ аҳолисини, айниқса, пахта йиғим-терими қатнашчиларини озиқ-овқат ва бошқа халқ истеъмоли товарлари билан таъминлаш масалаларини ўз вақтида ҳал қилсинлар.


14. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги пахта йиғим-теримида банд бўлган ходимларга мунтазам равишда тиббий ёрдам кўрсатишни таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳосил йиғим-терими даврида теримчиларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этсин, санъат усталари ва адабиёт намояндаларининг хўжаликларга боришларини назарда тутсин.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.М. Олимжонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов