Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.09.1991 й. ПФ-242-сон "Иттифоқ идораларининг 1991 йилда валюта ресурсларидан фойдаланишнинг алоҳида тартибини белгиловчи ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилишини тўхтатиб қўйиш ҳақида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

06.09.1991 й.

N ПФ-242

ИТТИФОҚ ИДОРАЛАРИНИНГ 1991 ЙИЛДА ВАЛЮТА

РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АЛОҲИДА

ТАРТИБИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши VI сессиясининг қарорига ва "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, шунингдек ташқи бозорда республиканинг манфаатларини ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш мақсадида:

Республикада ишлаб чиқариладиган ва умумдавлат аҳамиятига молик моллар юзасидан рухсатнома бериш ва уларга солиқ миқдорини белгилаш масалаларини Иттифоқ идоралари ихтиёрига ўтказишни кўзда тутувчи СССР Президентининг "1991 йилда валюта ресурсларидан фойдаланишнинг алоҳида тартиби ҳақида"ги 1990 йил 2 ноябрь Фармони 3, 4 ва 6-моддалари ҳамда 7-моддасининг иккинчи қисми қоидалари;

"1991 йилда валюта фондларини тузиш тўғрисида" СССР Вазирлар Кенгашининг 1990 йил 8 декабрдаги 1253-сон қарорининг 2, 4 ва 6-бандлари. Шунингдек СССР Давлат банки ва бошқа Иттифоқ идораларининг Ушбу қарорнинг 10-бандига мувофиқ қабул қилган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилиши тўхтатиб қўйилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси (ўртоқ Б.С.Ҳамидов) бир ҳафта муддат ичида республикада валюта фондларини тузиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрласин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1991 й., 12-сон, 279-модда