Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.10.2012 й. 288-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 10 октябрдаги

288-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик

йиғимни ундириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


туризм - жисмоний шахснинг бўлиш жойида (мамлакатда) ҳақи тўланмайдиган фаолият билан шуғулланмасдан, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда соғломлаштириш, танишиш, профессионал-амалий ёки бошқа мақсадларда доимий яшаш жойидан чиқиб кетиши (саёҳат қилиши);


сайёҳ - Ўзбекистон Реснубликаси ҳудуда бўйлаб ёки бошқа мамлакатга саёҳат қилувчи (туризм) жисмоний шахс;


туристик йиғим тўловчилар - жойлаштириш жойларида жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва туристик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган туристик фаолият субъектлари;


жойлаштириш жойлари - сайёҳларни камида бир кеча тунаб қолиш муддати билан жойлаштирувчи меҳмонхона хўжаликлари, туристик комплекслар, туристик базалар, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, меҳмон кутиладиган миллий уйлар ва бошқа объектлар.


3. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатишда туристик йиғим ундирилмайди.


4. Туристик йиғимни ундиришдан тушадиган маблағлар туристик йиғим тўловчилар томонидан "Ўзбектуризм" миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) йўналтирилади, уларга солиқ солинмайди ва улардан белгаланган тартибда фойдаланилади.



II. ТУРИСТИК ЙИҒИМНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ


5. Туристик йиғим туристик йиғимни тўловчилардан яшалган ҳар бир кун учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашадиган хорижий давлатнинг ҳар бир фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича 2 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилади.

Туристик йиғимни ундиришда хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларда (инвойс, счёт-фактура, квитанция ва шу кабиларда) туристик йиғим тўланганлиги тўғрисида белги қўйилади.


6. Туристик йиғимни тўловчилар туристик йиғимнинг тўлиқ суммасини ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай тўлайдилар. Тўлов тамом бўлган ҳар бир ой учун тўланади.


7. Туристик йиғим Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валюта - сўмда тўланади.


8. Туристик йиғим суммаси "Ўзбектуризм" миллий компаниясининг жамғариб бориладиган махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.



III. ТУРИСТИК ЙИҒИМНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ


9. Туристик йиғим суммаларини ҳисоблаб чиқиш ва ҳисобга олиш учун туристик йиғимни тўловчилар улар учун туристик йиғим тўланиши шарт бўлган хорижий давлатларнинг барча жойлаштирилган фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони ҳисобини юритиши керак.


10. Туристик йиғимни тўловчилар туристик йиғим суммалари ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумотларни "Ўзбектуризм" миллий компаниясига ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича тақдим этадилар.



IV. ТУРИСТИК ЙИҒИМ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Туристик йиғимни тўловчиларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ушбу Низомга мувофиқ туристик йиғим суммалари Жамғармага ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.


12. Туристик йиғим суммалари ўз вақтида ёки тўлиқ ўтказилмаган тақдирда, туристик йиғимни тўловчилар кечиктирилган ҳар бир кун учун туристик йиғим ўтказилмаган суммасининг 0,15 фоизи, бироқ қарздорлик умумий суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

"Ўзбектуризм" миллий компанияси туристик йиғимни тўловчилардан қарздорликни ундириш тўғрисида хўжалик судларига даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлидир.


13. "Ўзбектуризм" миллий компанияси туристик йиғимни тўловчилар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида туристик йиғим суммалари ўз вақтида ўтказилиши устидан доимий мониторинг олиб боради.


14. Туристик йиғим суммалари ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Туристик йиғим суммалари ҳисоб-китоби тўғрисида

АХБОРОТ


20___ йил ____________ учун

(йил чораги, ярим йил, 9 ой ва бир йил)



Ташкилотнинг номи _________________________________


СТИР N ____________________________________________


Хизмат кўрсатувчи банк ______________________________


Банк реквизитлари ___________________________________


Фаолиятнинг асоси тури ______________________________


Манзил ______________________________________________


Лицензиянинг рақами ва санаси ________________________


               

Ойлар

Туристик йиғим ундириладиган

хорижий давлатларнинг фуқаролари

ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони

   

Яшалган кунларнинг

умумий сони

Туристик йиғим суммаси

     


  Тўловчи ташкилотнинг раҳбари







(имзо)



  Тўловчи ташкилотнинг бош бухгалтери







(имзо)


           


М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 41-42-сон, 478-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 10-сон, 73-модда