Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.1993 й. 82-сон "Ўзбектуризм" миллий компаниясининг Уставини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.02.1993 й.

N 82



"ЎЗБЕКТУРИЗМ" МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИНИНГ

УСТАВИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


"Ўзбектуризм" миллий компаниясининг илова қилинаётган Устави тасдиқлансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Муталов






Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 15 февралдаги

82-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Ўзбектуризм" миллий компаниясининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Ўзбектуризм" миллий компанияси, кейинги ўринларда - "Ўзбектуризм" деб юритилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 27 июлдаги Фармонига мувофиқ тузилган ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи давлат бошқарув органи ҳуқуқига эга бўлган хўжалик ташкилоти ҳисобланади.

"Ўзбектуризм" Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туризм соҳасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни таъминлайди, чет элларда ва МДҲ давлатларида республика манфаатларини ифодалайди.


2. "Ўзбектуризм" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек мазкур Устав ва бошқа норматив хужжатлар асосида амалга оширади.


3. "Ўзбектуризм" юридик шахс ҳисобланади ва тўла хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, ўз харажатларини ўзи валюта билан қоплаш принциплари асосида фаолият кўрсатади, мустақил балансга, банкларда валюта ва бошқа ҳисоб-китоб счётларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, шунингдек бурчакли штамп ва номи ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзилган хос иш қоғозига эга бўлади.


4. "Ўзбектуризм" қуйидаги манзилга жойлашган: 700047, Тошкент шаҳар, Хоразм кўчаси, 47-уй.



II. АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. "Ўзбектуризм"нинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

чет эл тажрибасини ҳисобга олиб, устувор йўналишларнинг республика концепциясига асосланган туризм инфраструктурасини тараққий эттиришда ягона сиёсатни амалга ошириш;

минтақа ва чет эл туризмининг барча турларини жорий этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, давлат даромадига иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига, маданият ва меъморчиликка қўшадиган улушини сезиларли даражада кўпайтириш;

туризм соҳасининг барча турларини ривожлантириш учун ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларни ва шарт-шароитларни шакллантириш;

хорижий кредитлар ва инвестицияларни жалб қилиш, уюшма корхоналар ташкил этиш, чет эл мамлакатлари ва МДҲ давлатлари, шунингдек, уларнинг компаниялари ҳамда фирмалари билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли дастурларини ривожлантириш;

туризм соҳасини ривожлантириш бўйича чет эл ҳамда МДҲ мамлакатлари билан халқаро алоқаларни икки томонлама асосда амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари, кичик корхоналар, хорижий ва хусусий фирмаларнинг сайёҳларни қабул қилиш, жўнатиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш, республиканинг тарихий, табиий-экологик минтақаларини асраш тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

туристик марказлардан оқилона фойдаланиш ва туризм корхоналари фаолиятини, туризм хўжалигининг субъектларини ташкил этиш ва қайта тузиш, бирлаштириш, қўшиб олиш, бўлиб юбориш, тубдан ўзгартиришни назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг тарихий ва маданий меросини, туризм соҳасининг имкониятларини, шу жумладан, чет элдаги ва МДҲ давлатларидаги ўз ваколатхоналари ва бюролари орқали, реклама қилиш;

сайр-саёҳат фаолиятига киритиладиган тарихий меъморчилик объектларини таъмирлаш;

захира, суғурта, шу жумладан, халқаро принципларга мувофиқ сайёҳларни суғурта қилиш бўйича, жамғармаларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш;

кадрлар билан ишлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, туризм инфрастуртураси учун кадрларни узлуксиз тайёрлаш ва уларни ўқитиш тизимини ташкил этиш;

чет элдаги ва МДҲ давлатларидаги қонунчилик органларида, судда, ҳакамлик судида, прокуратурада сайр - саёҳат корхоналарининг манфаатларига вакиллик қилиш ва уларнинг манфаатларини ифодалаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.



III. АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ


6. "Ўзбектуризм" ўз зиммасига юклатилгаи вазифалар ва Функцияларни амалга ошириш учун ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

ўз бошқаруви доирасидаги давлат корхоналари ва ташкилотларини, хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш ва тижорат корхоналари ва ташкилотларини, хорижий шериклар билан ҳамкорликдаги қўшма корхоналар ва ташкилотларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

Ҳукумат қарори асосида ихтиёрига берилган корхона ва ташкилотларнинг мулкларини бошқариш, уларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда белгиланган тартибда иштирок этиш;

ҳам республикада, ҳам чет элда ва МДҲ давлатларида турли хил кўчар ва кўмас мулкни сотиб олиш, айириш, ижарага олиш ва ижарага бериш

халқаро меъёрлар асосида транспорт воситалари, отеллар, меҳмонхоналар, кемпинглар, шунингдек сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа объектларнинг таснифини ишлаб чиқиш, қониқарсиз сервис хизмати кўрсатилган ҳолларда ташкилотлар, идоралар, тижорат тузилмаларининг чет эллик сайёҳларни қабул қилишини ва уларга хизмат кўрсатишини тўхтатиб қўйиш;

тўла хўжалик ҳисоби, валюта билан ўзини ўзи қоплаш ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш принциплари асосида молиявий-иқтисодий, хўжалик ва ижтимоий фаолият масалаларини мустақил ҳал этиш;

Ўзбекистон Республикаси банкларида, шунингдек чет элдаги ва МДҲ давлатларидаги банкларда валюта ҳамда сўмдаги счётларни очиш, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўзбектуризм"нинг мулк ва маблағларини бошқариш;

ўз ваколати доирасида, республикада, шунингдек чет элда хорижий туризм билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар билан вексел битишувларини амалга ошириш;

"Ўзбектуризм" таркибига кирувчи бўлинмалардаги туристик сафар ва йўлланмаларнинг қийматини, кўрсатиладиган хизматлар ва товарлар нархини валютада белгилаш;.

республика Ҳукуматининг топшириғига мувофиқ халқаро туризм ташкилотларига аъзо бўлиш, чет элда ваколатхоналар, тижорат марказлари, ахборот-реклама бюроларини мустақил очиш, Ўзбекистонда чет эл туристик фирмалари ва компаниялари аккредитациясини таъминлаш;

туризм соҳасини ривожлантириш манфаатлари йўлида ташқи иктисодий фаолиятни амалга ошириш. "Ўзбектуризм"га ихтиёридаги номенклатура бўйича биркитиб қўйилган товарлар билан экспорт-импорт аъмолларини белгиланган тартибда амалга ошириш;

мамлакатда ҳамда чет элда ишлаб чиқарилган товарларни сотиш учун ўз дўконларини очиш;

жаҳон амалиётида қабул қилинган тоғ туризми, ов, туристик лотерея, казино сингари дам олиш турларини, кўнгилочар ва маданий томоша тадбирларини ривожлантириш, ноширлик фаолиятини амалга ошириш, лицензия асосида туризм бўйича кино-видео-аудио маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

туристик комплексларни қуриш, уларни қуришга, қайта қуришга ҳамда улардан хамкорликда фойдаланишга чет эл ташкилотлари ва фирмаларини жалб этиш, республикадаги ва чет элдаги ташкилотларда ҳиссадор бўлиш, шунингдек ҳаммуассис бўлиш;

берилган ваколатлар доирасида барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий булган йўриқнома ҳамда норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

фаолияти туризм соҳаси билан боғлиқ бўлган ташкилот ва корхоналарга лицензия ва сертификатлар бериш;

Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасидаги қонунлари ва қонунчилик актлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда ушбу Низомнинг вазирликлар, давлат кўмиталари, идоралар, концернлар, ҳокимликлар, акционерлик жамиятлари, уюшмалар, қўшма, кичик хусусий, кооператив корхоналар, жамоат ташкилотлар, хорижий ташкилотлар ва муассасалар томонидан бажарилишини назорат қилишни амалга ошириш;

туризмни ташкил этиш ва унга сервис хизмати кўрсатиш билан боғлиқ масалаларда корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг фаолиятини тўла текширишдан ўтказиш;

соҳа кадрларини тайинлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш;


7. "Ўзбектуризм" белгиланган тартибда ўзининг тузилма бўлинмалариминтақавий бўлинмаларини тузади ҳамда улар фаолиятига раҳбарлик қилади. Минтақавий бўлинмалар Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида тузилади, бевосита "Ўзбектуризм"га бўйсунади, амалий фаолиятида махаллий ҳокимликлар билан баҳамжиҳат ҳаракат қилади, юридик шахс хисобланади, банкларда ҳисоб-китоб счётларига ва муҳрга эга бўлади.

Минтақавий бўлинмалар раҳбарлари "Ўзбектуризм" компанияси Раиси томонидан тайинланадилар. Минтақавий бўлинмалар тўғрисидаги Низом "Ўзбектуризм" бошқаруви томонидан тасдиқланади.



IV. "ЎЗБЕКТУРИЗМ"НИ БОШҚАРИШ


8. "Ўзбектуризм" компаниясини бошқаришнинг юқори органи Кенгаш ҳисобланади, у бошқарувни ва тафтиш комиссиясини сайлайди, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини ва шартларини белгилайди.

Кенгаш бошқарув ва тафтиш комиссияининг ҳисоботларини эшитади.

Республикада туризм соҳасининг аҳволи ва унинг тарақиёти истиқболини кўриб чиқади.

Кенгашни "Ўзбектуризм"нинг раиси бошқаради, у айни чоғда лавозимига кўра бошқарув раиси ҳам ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тайинланади.

Кенгаш йиғилиши йилига камида бир марта ўтказилади.


9. "Ўзбектуризм" бошқаруви таркиби 7 кишидан иборат бўлади. Бошқарув таркиби компания раиси, лавозимига кўра биринчи ўринбосар, ўринбосарлар, шунингдек компания аппарати ва таркибий бўлинмалар раҳбарларидан ташкил топади.

Бошқарув Кенгашнинг ижро этувчи органи ҳисобланади ҳамда "Ўзбектуризм" йиғилишлари орасидаги даврда унинг фаолиятига раҳбарлик қилади.

"Ўзбектуризм" бошқаруви:

республикада туризмнинг моддий базасини ва инфраструктурасини ривожлантириш истиқболини кўриб чиқади;

ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини ва шартларини белгилайди;

"Ўзбектуризм"нинг марказлаштирилган ва бошқа жамғармаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

"Ўзбектуризм"нинг марказлаштирилган ва бошқа жамғармаларига сўмларда ва валютада чегирмалар нормативларини ҳамда уларни сарфлаш тартибини белгилайди;

компаниянинг бошқармалари ва бўлимлари, унинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ўринбосарларини лавозимга тайинлашни ва лавозимдан озод қилишни тасдиқлайди, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади;

"Ўзбектуризм" ваколатига кирувчи бошқа жорий ва истиқболли масалаларни кўриб чиқади.

Бошқарув йиғилиши камида икки ойда бир марта ўтказилади.


10. "Ўзбектуризм" раиси:

"Ўзбектуризм" фаолиятига, унинг Кенгаши ва Бошқарувига яккабошчилик ва коллегиалликни қўшиб олиб бориш асосида раҳбарлик қилади.

"Ўзбектуризм" зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, раис ўринбосарларининг, "Ўзбектуризм" таркибий бўлинмалари раҳбарларининг масъулияти даражасини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида буйруқлар, фармойишлар ва бошқа норматив ҳужжатлар чиқаради;

ўринбосарлар ўртасида вазифалар тақсимотини, бўлинмаларнинг тузилмасини тасдиқлайди, иш ҳақи фонди доирасида аппарат ходимларининг ва тузилма бўлинмалари раҳбарларининг лавозим маошларини белгилайди;

аппарат ходимларини, компания номенклатурасига кирадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


11. "Ўзбектуризм" раисининг биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.


12. "Ўзбектуризм" раиси, унинг ўринбосарлари минтақавий бўлинмалар ва таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар, хорижий фирмалар ва компаниялар билан тижорат ҳамда меҳнат алоқалари ўрнатишлари, шунингдек хизмат вазифаларини бажаришдан фойда кўришга олиб келувчи бошқа ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин эмас.



V. МОЛ-МУЛКИ


13. "Ўзбектуризм"нинг балансида акс эттирилган, давлат мулки ҳисобланадиган ва тўла хўжалик ҳисоби юритиш ҳуқуқи билан "Ўзбектуризм"га тегишли бўлган асосий фондлар ҳамда оборот маблағлар "Ўзбектуризм"нинг мол-мулкини ташкил этади.


14. "Ўзбектуризм" мулкини шакллантирувчи манбалар қуйидагилар ҳисобланади:

бажарилган иш, маҳсулотларни сотиш ва хизмат кўрсатишдан, шунингдек хўжалик фаолиятининг бошқа турларидан олинадиган фойда ва даромаддан чегирмалар;

маҳаллий ва хорижий юридик шахслар ҳамда фуқаролар томонидан эҳсон тарзида берилган ёки сотиб олинган мулк;

юридик шахслар ва фуқароларнинг жалб этилган маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро меъёрлар билан тақиқланмаган бошқа манбалар.



VI. МОЛИЯ, КРЕДИТ, ҲИСОБ-КИТОБ ВА ҲИСОБОТ


15. "Ўзбектуризм" ва унинг бўлинмалари фаолиятини маблағ билан таъминлаш фаолиятдан олинган хўжалик даромади, кредитлар, бадаллардан олинган даромадлар ва шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меъёрларга зид бўлмаган бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширилади.


16. "Ўзбектуризм" маблағларидан жорий ҳамда истиқболдаги фаолиятни амалга ошириш ва ривожлантиришда, банклар, чет эллик шериклар, таъминотчилар, пудратчилар билан ҳисоб-китоб қилишда, материаллар, асбоб-ускуналар, бошқа мулкларни сотиб олишда, биноларнинг ижара ҳақини тўлашда, туризм объектларини қуриш ва қайта қуришда, экспорт-импорт аъмолларини ўтказишда, "Ўзбектуризм" фаолиятини бошқаришни таъминлашда фойдаланилади.


17. Солиқлар ва бюджетга бошқа тўловлар тўлангандан кейин қолган фойда (шу жумладан, валютада) (соф фойда) "Ўзбектуризм" бошқаруви томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ қайта тақсимланади ва сарфланади.


18. "Ўзбектуризм" бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисоб-китобини олиб боради, белгиланган тартибда ўз фаолиятининг барча турлари бўйича, белгиланган шакллар бўйича ва белгиланган муддатларда тегишли органларга ҳисобот тақдим этади, уларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.


19. "Ўзбектуризм" ўз таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар ишлаб чиқариш ва молиявий фаолиятининг барча жиҳатларини йилига камида бир марта тафтиш қилишни амалга оширади.



VII. "ЎЗБЕКТУРИЗМ"НИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


20. "Ўзбектуризм"ни қайта ташкил этиш (қўшиш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш) ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


21. Ушбу Уставда акс эттирилмаган масалалар "Ўзбектуризм"нинг барча хўжалик субъектлари билан тузадиган шартномалари орқали тартибга солинади.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1993 й., N 2, 5-модда.