Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.11.2011 й. 313-сон "Республикада от спортининг марказий базасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.11.2011 й.

N 313



РЕСПУБЛИКАДА ОТ СПОРТИНИНГ МАРКАЗИЙ

БАЗАСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республикада от спортини янада оммалаштириш ҳамда Тошкент шаҳридаги марказий ипподромни модернизациялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон от спорти федерацияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Марказий ипподром" очиқ акциядорлик жамияти ипподром комплексини, уни 2012 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширган ҳолда реконструкция қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги лойиҳалаштириш юзасидан техник топшириқни белгиланган тартибда тасдиқласин.


3. "Марказий ипподром" очиқ акциядорлик жамияти ипподром комплексини лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича:

"Марказий ипподром" очиқ акциядорлик жамияти - буюртмачи;

"Номдор Дизайн Сервис" масъулияти чекланган жамияти - бош лойиҳалаштириш ташкилоти;

"Global Stroy Invest" масъулияти чекланган жамияти - бош пудрат ташкилоти этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


4. Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини (иш лойиҳасини) бир босқичли тартибда ишлаб чиқишга, шунингдек объектда қурилиш-монтаж ишларини 2011 йил 20 декабргача лойиҳалаштириш билан бир пайтда олиб боришга, истисно тариқасида, рухсат берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2012 йилги Инвестиция дастурини шакллантиришда "Марказий ипподром" очиқ акциядорлик жамияти объектларини қуриш ва реконструкция қилишга акцияларнинг қўшимча эмиссиясидан тушадиган маблағлар ҳисобига капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилишини таъминласин ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг сифати устидан назорат ўрнатсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев