Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси ("Ўзшартномасавдо")нинг Устави (ЎзР ВМ 10.08.1992 й. 369-сон Қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 10 августдаги

369-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Ўзбекистон шартномалар ва савдо бўйича

давлат-акционерлик уюшмаси

("Ўзшартномасавдо")нинг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси ("Ўзшартномасавдо")ни ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзшартномасавдо" фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 1992 йил 9 мартдаги 115-сон қарорига ва республиканинг амалдаги қонунига асосан ташкил этилган.


2. "Ўзшартномасавдо" мулкчилик шаклларидан, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг ва мазкур Уставда назарда тутилган вазифаларни биргаликда ҳал этиш учун ўзларининг куч ва ресурсларини бирлаштириш хоҳишини билдирган алоҳида ишбилармонларнинг ихтиёрий бирлашмаси ҳисобланади.

"Ўзшартномасавдо" тугатилган "Госкоопснаб" ва унга қарашли бўлинмаларнинг ҳуқуқий вориси бўлиб, уюшманинг барча мулкини бошқаради, белгиланган тартибда уюшма бўлинмаларини тузади, қайта ташкил этади ва тугатади, меҳнат жамоаларининг қарорларини ҳисобга олган холда давлат бошқарувининг ваколатли идораларига уларни мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш тўғрисида таклифлар киритади.


3. "Ўзшартномасавдо" юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга ва банкларда ҳисоб ва бошқа хил счётларга ва ўз номи давлат ва рус тилларида ёзилган гербли ҳамда думалоқ муҳрларга, штамплар ва бланкаларга эга бўлади.


4. "Ўзшартномасавдо"нинг юридик номи қуйидагича:

давлат тилида: Ўзбекистон шартнома ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси ("Ўзшартномасавдо")

рус тилида: Узбекская государственно-акционерная ассоциация по контрактам и торговле (Узконтрактторг)

"Ўзшартномасавдо"нинг жойлашган манзили:

Ўзбекистон Республикаси, 700038, Тошкент ш., Навоий кўчаси, 7.


5. "Ўзшартномасавдо" ўз номидан мулкий ва бошқа ҳуқуққа эга бўлиши, вазифани бажариши, суд органларида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


6. "Ўзшартномасавдо" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Президентнинг фармонларига, республика Ҳукуматининг фармойишларига, бошқа меъёрий ҳужжатларга ва мазкур Уставга амал қилади.


7. "Ўзшартномасавдо" хўжалик ташкилотлари, корхоналари, шу жумладан, юридик шахс ҳуқуқи билан тармоқ корхоналари, ваколатхоналар ташкил этиш, давлат, кооператив, акционерлик корхоналари ва ташкилотлари билан бирлашмаларга кириш, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва унинг ташқарисидаги бошқа хўжалик жамиятларининг таъсисчиси ва қатнашчиси бўлиш ҳуқуқига эгадир.


8. "Ўзшартномасавдо" ўз вазифаларини бажариш учун белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш, шартнома асосида мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, чет эл валютасида битимлар тузиш, МДҲ аъзолари бўлган давлатларда филиаллар ва ваколатхоналар очиш ҳуқуқига эгадир.



II. УЮШМАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ ВА ҲУҚУҚИ


9. Қуйидагилар "Ўзшартномасавдо"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

хусусий тижорат-воситачилик ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш, кичик ҳамда қўшма корхоналар тармоқларини, суғурта жамиятлари, тижорат марказлари, майда улгуржи, воситачи ва чакана савдо дўконлари, товар биржалари, брокерлик идоралари, савдо уйлари, улгуржи ярмаркалар, аукционлар, лизинг, логистик ва бошқа компаниялар ташкил этиш;

ишлаб чиқарувчилар билан истеъмолчилар ўртасида тўғридан-тўғри ўзаро фойдали хўжалик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришга доир ишлаб чиқариш ҳамда тижорат-воситачилик хизматларини амалга ошириш, ишлаб чиқарувчилардан, уларнинг қайси идорага бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, моддий ресурслар ва товарларни эркин сотиб олишни ҳамда уларни истеъмолчиларга сотишни ташкил этиш;

моддий-техника ресурсларига бўлган талабларни ўрганиш, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси билан биргаликда маҳсулотларнинг энг муҳим турлари балансларини ишлаб чиқиш, уларни давлат эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш ва етказиб бериш топшириқларини аниқлаш ва кўрсатилган эҳтиёжларнинг моддий-техника ресурсларига бўлган талабларини маҳсулотларнинг квоталанган турлари бўйича квоталар билан таъминлаш;

буюртмаларни ишлаб чиқаришга жойлаштириш, давлат эҳтиёжлари учун хом ашё, маҳсулотлар ва товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар, савдо воситачилари, шунингдек, хорижий фирмалар билан контрактлар ва тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан етказиб бериш;

республика корхоналарида маҳсулотлар ва товарларнинг энг камёб турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортга мол етказиб беришни янада ривожлантириш, давлат эҳтиёжлари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун моддий-техника ресурсларини, товарларни импорт бўйича қўшимча сотиб олиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш ва республика Ҳукуматига тақдим этиш;

фавқулодда ҳолатлар оқибатларини тугатиш ва ишлаб чиқариш воситалари бозорини барқарорлаштириш учун эҳтиёт захираларини, моддий-техника ресурслари резервларини яратиш;

ҳукуматлараро савдо-иқтисодий битимларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳукуматлараро битимлар бўйича моддий-техника ресурслари етказиб беришни тартибга солиш ва уни назорат қилиш ишларини ташкил этиш.

ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадларда қурилаётган ва қайта қурилаётган объектларни шартнома асосида асбоб-ускуналар, приборлар, электротехника ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш;

иккиламчи ресурсларни тайёрлаш ва қайта ишлашни, саноат чиқиндиларини ишга солишни, ўраш-жойлаш маҳсулотларини тайёрлаш ва сотишни ташкил этиш.


10. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун "Ўзшартномасавдо" фаолият ва аъмолларнинг қуйидаги турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга:

ахборот ва ташкилий-тижорат хизматлари кўрсатиш, тижорат, илмий-техника, экология, ҳуқуқий ва бошқа ахборотлар билан таъминлаш, истеъмолчиларга ва ишлаб чиқарувчиларга ҳуқуқий ва илмий-техникавий маслаҳатлар бериш, ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришга пухта тайёрлаш, етказиб берилган ускуналарни монтаж қилиш, приборлар ва бошқа буюмларни тузатиш ва тиклаш бўйича ишлаб чиқариш хизматлари кўрсатиш;

товар, фонд, валюта биржаларида ва биржадан ташқари оборотда аъмолларнинг барча турларини ўтказиш, уюшма аъзоларининг қийматдор қоғозларини белгиланган тартибда жойлаштиришни, чиқаришни ва сотишни амалга ошириш;

ижара, аудиторлик, лизинг, консигнацион ва логистик хизматларни ўзаро манфаатдорлик шартларида бажариш;

параметрларни аниқлаш, вазирликларга, идораларга, концернларга, уюшмаларга, бирлашмаларга ва корхоналарга квоталарнинг ҳажмларини белгилаш, давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ва товарлар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш бўйича буюртмаларни жойлаштириш, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан чеклашлар жорий қилинган маҳсулотларни республика ташқарисига олиб чиқиб кетиш учун лицензиялар бериш;

ҳукуматлараро шартномалар ва савдо-иқтисодий битимлар бўйича маҳсулотлар ҳамда товарларни ўзаро етказиб беришни назорат қилишни ва бошқаришни амалга ошириш, квота бўйича олиб чиқиб кетиладиган маҳсулотлар ва товарларни бартер бўйича айирбошлашни ташкил этиш масалаларини мувофиқлаштириш;

нарх белгилаш, қўшимча нархлар, транспорт тарифлари бўйича ҳужжатларни, монополияга қарши иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, бозор инфраструктурасини янада ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлашда қатнашиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун республика ҳудудидаги вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан зарур статистика маълумотларини олиш;

корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар, муассасалар, қурилишлар ва шу кабилардан шартнома асосида хом ашё, материаллар, ёқилғи ва бутловчи буюмларни уларга муҳтож бўлган истеъмолчиларга вақтинча ёрдам кўрсатиш учун олиш;

концернлар, уюшмалар, корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва муассасаларга, уларнинг қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, ҳукуматлараро савдо-иқтисодий битимлар ва шартномалар, шунингдек, "Ўзшартномасавдо"нинг квоталари ҳажмлари доирасида маҳсулотлар ва товарларни жўнатиш муддатлари, тартиби ва навбати масалалари бўйича бажариш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

маҳсулот етказиб берувчилар, истеъмолчилар, пудратчилар, бюджет билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шу жумладан, ресурсларнинг эҳтиёт захиралари ва резервларини яратиш ва давлат буюртмаларини бажариш учун кредитларнинг барча турларидан, шу жумладан, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш;

тўла хўжалик ҳисоби ва ўзини ўзи бошқариш принциплари асосида таркибий, молиявий-иқтисодий, хўжалик ва ижтимоий фаолиятнинг барча масалаларини мустақил равишда ҳал этиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлашнинг шакллари ва миқдорларини белгилаш;

эҳтиёт, захира жамғармалари яратиш учун Кенгаш қарорига кўра ўз қатнашчиларининг маблағларини марказлаштириш ва уларни умумтармоқ вазифаларини ҳал этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлдириш учун йўналтириш;

бозорни ишлаб чиқариш воситалари, товарлар билан тўлдириш мақсадида молия-ҳисоб-китоб ва кредит хизматлари кўрсатиш, сотувчиларга ва харидорларга тижорат кредити бериш, ўзининг тижорат банкларини ташкил этиш;

"Ўзшартномасавдо" томонидан Ўзбекистонга ўзаро ҳамкорлик қилиш (шартномалар тузиш) ва контрактларни бажариш масалалари бўйича расмий равишда таклиф этилган хорижий мутахассислар (шериклар)нинг республика ҳудудида яшаш ва транспорт ҳаражатлари учун сўмлар бўйича ҳақ тўлаш.



III. УЮШМАГА АЪЗОЛИК ВА КИРИШ ШАРТЛАРИ


11. Устав жамғармасига ўз улушларини моддий ёки пул шаклида қўшган юридик ва жисмоний шахслар "Ўзшартномасавдо" қатнашчилари бўлишлари мумкин.

Уюшмага кириш тўғрисидаги ариза Кенгаш томонидан унинг яқинда бўладиган мажлисида кўриб чиқилади.


12. Уюшма қатнашчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

устуворлик тартибида ва имтиёзли шартларда "Ўзшартномасавдо" акцияларини сотиб олиш;

ўз кучи ва маблағлари билан уюшма олдида турган вазифаларни ҳал этишда қатнашиш ва унинг устав жамғармасига қўйилган улушга мутаносиб равишда унинг фаолияти натижаларидан фойдаланиш;

уюшма фаолияти тўғрисида зарур ахборотлар, шунингдек, устуворлик асосида уюшма ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни олиш;

"Ўзшартномасавдо" рамзидан, унинг розилиги билан ўз корхонаси ва ташкилотида фойдаланиш;

сайланадиган органлар ишида, "Ўзшартномасавдо" фаолияти дастурини белгилашда қатнашиш.


13. Уюшма қатнашчилари қуйидагиларга мажбурдирлар:

мазкур Уставга риоя қилиш;

"Ўзшартномасавдо" фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган техник-иқтисодий, тижорат-воситачилик, статистика ва бошқа ахборотларни тақдим этиш;

уюшма фаолиятига доир махфий ахборотларни ошкор қилмаслик;

уюшма раҳбар органларининг қарорлари ва кўрсатмаларини бажариш, "Ўзшартномасавдо" олдида олган мажбуриятларини адо этиш.


14. Уюшма қатнашчисининг уюшмадан чиқиши уюшма Кенгашига ёзма ариза бериш йўли билан уюшма олдидаги мажбуриятларни сақлаб қолиш шарти билан амалга оширилади.


15. "Ўзшартномасавдо"га аъзолик, агар қатнашчининг фаолияти уюшма вазифаларига, Уставига, таъсис шартномасига зид бўлса, Кенгашнинг ташаббуси билан тугатилиши мумкин.



IV. УЮШМАНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


16. Уюшма Кенгаши унинг юқори бошқарув органи ҳисобланади, у уюшма қатнашчилари ваколатли вакилларининг конференциясида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан, кўпчилик овоз билан таъсисчилар ва қатнашчилар орасидан 5 йил муддатга сайланади.


17. "Ўзшартномасавдо" фаолиятининг асосий йўналишлари ва режаларини белгилаш, уюшмага кириш ва ундан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш уюшма Кенгашининг алоҳида ҳуқуқ доирасига киради.


18. Уюшма Кенгаши ўз таркибининг камида 2/3 қисми қатнашганда Кенгаш мажлисларини ўтказиш учун қонуний ҳуқуққа эга бўлади.


19. Уюшма Кенгаши:

"Ўзшартномасавдо" фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва унинг вазифалари ва функцияларининг бажарилиши учун жавоб беради;

аъзоликка кириш, мақсадли ва бошқа бадалларнинг миқдорларини, тартибини, тўлаш муддатларини белгилайди;

тафтиш комиссиясининг далолатномаларини кўриб чиқади;

"Ўзшартномасавдо" даромадларини тақсимлаш тартибини, жамғармалар ва резервларнинг турлари, миқдорлари ва фойдаланиш йўналишларини белгилайди, нарх белгилаш масалаларини кўриб чиқади;

"Ўзшартномасавдо" харажатлари ва даромадлари сметаларини тасдиқлайди;

уюшма бошқарувини, унинг раисини ва ўринбосарларини кўпчилик овоз билан 5 йилга сайлайди.


20. "Ўзшартномасавдо" уюшмаси бошқаруви.

Уюшма бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари Кенгаш томонидан сайланади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Уюшма бошқаруви раисининг 7 нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Ўринбосарлар ўртасида вазифалар уюшма раиси томонидан тақсимланади.

Уюшма бошқаруви:

"Ўзшартномасавдо"ни бошқаришнинг уюшма Кенгашининг ҳуқуқ доирасига кирмайдиган барча жорий масалаларини ҳал қилади, "Ўзшартномасавдо" номидан ҳар қандай фаолиятни ишончномасиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадир;

бошқарувнинг ташкилий тузилмаси бўйича қарорлар қабул қилади, уюшма бошқаруви аппарати бўлинмалари ва "Ўзшартномасавдо" тизими ташкилотлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

ходимларни ёллаш ва ишдан бўшатиш, тасарруфидаги ташкилотларнинг раҳбарлари билан контрактлар тузиш масалаларини кўриб чиқади;

уюшма устав вазифаларининг бажарилишини назорат қилишни таъминлайди;

уюшма қатнашчиларининг қийматдор қоғозларини чиқаришни ташкил этади.

Бошқарув фаолиятини текшириш ушбу комиссия тўғрисидаги низомга мувофиқ тафтиш комиссияси томонидан ўтказилади.



V. УЮШМАНИНГ УСТАВ ЖАМҒАРМАСИ ВА МОЛ-МУЛКИ


21. Уюшма фаолиятини амалга ошириш учун уюшма аъзоларининг ўз маблағлари тарзидаги пай бадаллари миқдорида устав жамғармаси тузилади.


22. Устав жамғармасига маблағлар уюшма Кенгаши белгилайдиган миқдорларда ва улушларда таъсисчилар томонидан қўйилади, Кенгаш устав жамғармасини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин.


23. Уюшма бошқаруви буюртмаларни жойлаштиради ва уюшма аъзоларининг ўз маблағлари қўйилмаларининг ҳамма суммасига чиқариладиган акцияларни тақсимлайди.

Акцияларнинг хар бири камида 1000 сўм оддий ва имтиёзли номинал қиймат билан чиқарилади. Имтиёзли акциялар салмоғи 15 фоиздан ошмаслиги керак.

Имтиёзли акцияларнинг эгалари дивидендлар олишда устувор ҳуқуққа эга бўладилар, лекин овоз беришда овоз ҳуқуқига эга бўлмайдилар.


24. Уюшма таъсисчиларининг бадаллари, улар томонидан улушларни (хиссаларни) қўйиш муддатлари ва тартиби бошқарув билан тузиладиган опцион шартнома бўйича белгиланади.


25. Мазкур Устав билан белгиланган асосларда ва тартибда "Ўзшартномасавдо"да аъзолик тугатилган ёки ундан чиқилган ҳолларда уюшма қатнашчиси устав жамғармасининг умумий суммасидан ўзи қўйган улушни тегишли дивидендлар билан олиш ҳуқуқига эгадир.


26. Уюшма ўз мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунлари бўйича тўлатиш мумкин бўлган ўз маблағлари ва мол-мулки билан жавоб беради.

Уюшма қатнашчиси биргаликдаги хўжалик фаолиятидан кўрилган зарар учун фақат ўзига тегишли бўлган мулк доирасида жавоб беради. "Ўзшартномасавдо" ўз қатнашчиларининг қарзлари учун жавоб бермайди.


27. Уюшма ўзининг таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар ва бошқа қатнашчилар томонидан ихтиёрий равишда берилган ҳамда уларга жамоа мулки ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулк ва маблағларнинг эгаси ҳисобланади.


28. "Ўзшартномасавдо" уюшма аъзолари томонидан уларга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган ва ихтиёрий равишда уюшмага берилган мол-мулкни сотиб олиш, юридик ҳамда жисмоний шахсларга сотиш ва бериш, шунингдек, асосий давлат жамғармаларини ва маблағларни, улар маънавий ва жисмоний эскирганлиги сабабли, белгиланган тартибда балансдан чиқаришга ҳақлидир.



VI. УЮШМАНИНГ ДАРОМАДЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ


29. "Ўзшартномасавдо" даромадларининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган мажбурий солиқлар ва тўловлар тўлангандан сўнг қолган қисми қуйидагиларга тақсимланади:

"Ўзшартномасавдо"нинг марказлаштирилган, резерв ва эҳтиёт жамғармаларига ажратмалар учун - 15 фоиз;

ўз корхоналарини ишлаб чиқариш техникавий ва ижтимоий ривожлантириш учун йўналтириладиган жамғарма фондига - 35 фоиз;

акциялар бўйича дивидендларни банк фоизи депозитлари тўловларидан паст бўлмаган миқдорда тўлашга.


30. Фойда етишмай қолган тақдирда имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар таваккал жамғармаси ҳисобидан тўланади. Акционерларга оддий акциялар бўйича тўланадиган дивидендларнинг миқдори имтиёзли акциялар бўйича тегишли бўлган тўловлар миқдоридан ошиб кетган тақдирда бу акцияларнинг эгаларига бошқа акционерларга тўланган дивидендлар миқдоригача қўшимча тўланади.


31. Акционерларга дивидендларни тўлаш тафтиш комиссиясининг "Ўзшартномасавдо" баланси юзасидан хулосаси чиқарилгандан ва ҳисобот эълон қилингандан сўнг йил якуни бўйича амалга оширилади.



VII. УЮШМАНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ


32. Уюшма ҳисоб, ҳисобот ва ҳужжатлар обороти белгиланган тартибга ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади.


33. "Ўзшартномасавдо" тизими фаолияти якунлари йил чораги ва йиллик балансларда, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда, шунингдек, йиллик ҳисоботда акс эттирилади. Хўжалик фаолиятининг йиллик баланси ва ҳисоботи "Ўзшартномасавдо" томонидан жамланади ва Кенгаш томонидан тасдиқланади.


34. "Ўзшартномасавдо" бошқаруви фаолиятини текшириш тафтиш комиссияси томонидан бўлинмаларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш эса - шартнома бўйича аудиторлик хизматлари томонидан йилига камида бир марта амалга оширилади.



VIII. УЮШМАНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


35. "Ўзшартномасавдо" қонунчилик билан белгиланган тартибда мулк учун жавобгардир.


36. Уюшма қатнашчилари ўртасидаги баҳсли масалалар барча ҳолларда музокаралар йўли билан, келишмовчилик ҳоллари рўй берганда эса - Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги асосида ҳал этилади.



IX. ФАОЛИЯТНИ ТЎХТАТИШ


37. "Ўзшартномасавдо"нинг фаолияти уюшманинг ваколатли вакиллари йиғилишининг, суд органларининг қарорига кўра, тўла инқирозга учраганда ва бошқа ҳолларда республиканинг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган тартибда тугатилиши мумкин.


38. "Ўзшартномасавдо"ни тугатиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.