Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республика байналмилал маданият маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.04.2003 й. 180-сон Қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 8 апрелдаги

180-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республика байналмилал маданият

маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика байналмилал маданият маркази (кейинги ўринларда матнда "Марказ" деб юритилади) миллатлараро муносабатлар, Ўзбекистон Республикасида яшовчи ҳар хил миллатлар ва элатлар вакилларининг тотувлиги ва ҳамкорлигини таъминлаш, уларнинг ўзига хос маданиятлари ва маънавий қадриятларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда давлат органларига ва жамоат ташкилотларига кўмаклашувчи мустақил муассаса ҳисобланади.


2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, мазкур Низомга амал қилади ва ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Марказ маслаҳат, эксперт ва ахборот-таҳлил функцияларини амалга оширади, миллий маданият марказлари, уюшмалар, жамиятлар, шунингдек этник асосда ташкил этилган бошқа ташкилотлар ва улар ҳузурида тузилган таркибий бўлинмалар (кейинги ўринларда матнда "маданият марказлари" деб юритилади) мониторингини олиб боради ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ушбу соҳада жойларда амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва Марказ билан алоқалар ўрнатиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарларидан бирига юкланади.



II. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек жамоат ташкилотлари билан биргаликда миллатлараро муносабатлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишида қатнашиш;

миллатлараро тотувлик принциплари қарор топишига йўналтирилган ижтимоий ташаббусларни рағбатлантириш, мувофиқлаштириш ва тақдирлаш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантириш;

давлат органларида маданият марказларининг манфаатларини ифодалаш, Низомда қайд этилган вазифалар амалга оширилиши масалалари бўйича улар фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасида яшовчи ҳар хил миллатлар ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини тиклаш ва ривожлантириш;

турдош хорижий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилишида маданият марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ушбу масалада уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, миллатлараро муносабатларни тартибга солишга тааллуқли халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар маълумотлари банкини барпо этиш;

миллатлараро муносабатлар масалаларига тегишли қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилишда иштирок этиш;

маданият марказларига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;

адлия органларидан рўйхатдан ўтишда маданият марказлари томонидан киритиладиган ҳужжатлар юзасидан хулосалар тайёрлаш;

жамоат ташкилотларига миллатлараро тотувликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, Ўзбекистон Республикасида яшовчи ҳар хил миллатлар ва элатлар вакилларининг маданияти ва маънавий қадриятларини ривожлантириш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатиш, конференциялар, семинарлар ва "давра суҳбатлари" ташкил этиш;

ҳар хил миллатлар ва элатлар вакилларининг маданий эҳтиёжларини қондиришга, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришга қаратилган телерадио кўрсатувлар ва эшиттиришлар тайёрлашда, китоблар, рисолалар, маълумотномалар, проспектлар, буклетлар ва босма маҳсулотларнинг бошқа турларини тайёрлашда қатнашиш;

маданият марказларининг фаолияти тўғрисида ахборот-таҳлил ишларини юритиш ва ушбу масала бўйича зарур маълумотлар банкини барпо этиш.



III. МАРКАЗНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


5. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маданият марказлари ўз фаолиятини амалга оширишига ташкилий-методик ва амалий ёрдам бериш, улар ишини мувофиқлаштириш, улар томонидан ўтказилаётган тадбирларда қатнашиш, масалаларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳал этилишига кўмаклашиш;

миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича материалларни кўриб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар кўриш учун бошқарувнинг тармоқ ва ҳудудий органларига юбориш;

ўз функцияларини бажариш учун зарур бўлган тегишли ахборотни давлат органлари ва бошқа органлардан, муассасалар, корхоналар ва ташкилотлардан, маданият марказларидан сўраб олиш;

ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгашлар ва бошқа кенгашлар, жамғармалар, комиссиялар ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

хорижий давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган ваколатхоналари билан миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича ҳамкорликни амалга ошириш;

белгиланган тартибда матбуот органи таъсис этиш.



IV. МАРКАЗНИНГ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


6. Марказнинг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


7. Марказни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган директор бошқаради.

Директор Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади, штатлар рўйхатини тасдиқлайди, Марказ ходимларини, шу жумладан жалб этиладиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига ходимларнинг тасдиқланган сонидан ортиқча ходимларни ишга қабул қилади, ўз ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича бошқа қарорлар қабул қилади, Марказга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


8. Марказ директорининг ўринбосари ўзига биркитилган таркибий бўлинмалар ишларини мувофиқлаштиради.


9. Марказнинг бўлим мудирлари ўзлари бошқарадиган бўлинмалар ишларига тасдиқланган лавозим вазифаларига мувофиқ раҳбарлик қиладилар.



V. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ


10. Марказ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши фаолият кўрсатади, у миллий маданият марказлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик ва ижодий ташкилотлар раҳбарларидан, миллатлараро муносабатлар муаммолари бўйича мутахассислардан тузилади. Жамоатчилик кенгашининг шахсий таркиби ва Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплекси раҳбари томонидан тасдиқланади.

11. Марказнинг Жамоатчилик кенгаши:

миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришга, Марказ ишларини такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда қатнашади;

Марказ томонидан маданият марказлари билан биргаликда ўтказиладиган маданий-оммавий тадбирлар дастурларини тасдиқлайди;

маданият марказлари фаолиятини ўрганиш ва уларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштириш учун махсус комиссиялар, ишчи гуруҳлар тузади, зарурият бўлганда маданият марказларига ўтказилган ўрганишлар материалларини кўриб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар кўриш учун киритади;

маданият марказлари раҳбарларининг улар фаолияти йўналишлари бўйича ахборотларини эшитади;

Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади.


12. Жамоатчилик кенгаши қарорлари ва тавсиялари айни бир вақтда Жамоатчилик кенгаши раиси ҳисобланадиган Марказ директори буйруғи билан амалга оширилади.



VI. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ


13. Асосий фондлар (бинолар, иморатлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), шунингдек молиявий ресурслар ва маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган бошқа моддий бойликлар Марказнинг мол-мулкини ташкил қилади.


14. Марказ маблағлари:

бюджет маблағлари;

илмий-тадқиқот, ноширлик ишларини ва бошқа тадбирларни ўтказишдан тушадиган бюджетдан ташқари тушумлар;

хайрия бадаллари;

амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


15. Марказнинг ўз номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳри, штамплари, бланкалари ва бошқа реквизитлари бўлади.