Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.05.2002 й. ПФ-3080-сон "Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.05.2002 й.

N ПФ-3080



КОМПЬЮТЕРЛАШТИРИШНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ахборотлаштиришнинг миллий тизимини шакллантириш, иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида замонавий ахборот технологияларини, компьютер техникаси ва телекоммуникация воситаларини оммавий равишда жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш, фуқароларнинг ахборотга ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини янада тўлиқроқ қондириш, жаҳон ахборот ҳамжамиятига кириш ҳамда жаҳон ахборот ресурсларидан баҳраманд бўлишни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:


1. Қуйидагилар компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда уларнинг замонавий тизимларини жорий этишнинг биринчи галдаги энг муҳим вазифалари деб ҳисоблансин:

замонавий ишончли ва хавфсиз миллий маълумотлар ахборот базаларини яратиш, ахборот ресурслари ва хизматларининг бозорини ривожлантириш, ахборот алмашувнинг электрон шаклларига изчиллик билан босқичма-босқич ўтиш;

реал иқтисодиёт тармоқларида, бошқарув, бизнес, фан ва таълим соҳаларида компьютер ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, аҳоли турли қатламларининг замонавий компьютер ва ахборот тизимларидан кенг баҳраманд бўлишлари учун шарт-шароитлар яратиш;

мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг таълим жараёнига замонавий компьютер ва ахборот технологияларини эгаллашга ҳамда уларни фаол қўлланишга асосланган илғор таълим тизимларини киритиш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда дастурий воситаларни, маълумотларнинг  ахборот базаларини ишлаб чиқиш, республика, тармоқ ва маҳаллий ахборот-коммуникация тармоқларини шакллантириш, компьютер ва телекоммуникация техникасини ишлаб чиқиш соҳаларида ишлаш учун юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлашни ташкил қилиш;

ахборот-коммуникация тармоқлари ва хизматлари конвергенциясини назарда тутган ҳолда мамлакатнинг барча ҳудудида ахборот-коммуникация технологияларининг техникавий инфратузилмасини, шу жумладан кўчма алоқа, IP технологиялари, бошқа замонавий телекоммуникация ва маълумот узатиш воситаларини жадал ривожлантириш;

миллий ва халқаро ахборот тармоқларига ғоят тезкорлик билан кириб боришни жорий этиш, аҳоли пунктлари, шу жумладан қишлоқ аҳоли пунктларининг уларга кириб боришини таъминлаш;

сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишни рағбатлантиришнинг самарали механизмини яратиш;

маҳаллий компьютер техникаси ва унга бутловчи буюмлар ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш.


2. Иловага* мувофиқ таркибда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Мувофиқлаштирувчи Кенгаш компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида юқори мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.


3. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклансин:

компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг замонавий халқаро тенденцияларга ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясига мос келувчи устувор йўналишларини белгилаш;

компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар ҳамда иқтисодий омилларни вужудга келтириш юзасидан Ҳукуматга таклифлар киритиш;

компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасига оид дастурлар, лойиҳалар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, жумладан мутахассисларни чет элларда ўқитиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш, инновация бизнесини, шу жумладан маҳаллий дастурий воситалар ва компьютер техникасини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларини компьютерлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, ахборот-коммуникация технологияларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун хорижий инвестициялар, ҳомийлик маблағлари ва грантларни жалб этишга, таълим муассасаларининг ахборот тармоқларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашиш.


4. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш 2002 йилнинг 1 октябрига қадар:

2003-2010 йилларда телекоммуникация ва маълумот узатиш миллий тармоғини ривожлантириш дастурини;

2003-2010 йилларда давлат бошқарувида электрон технологияларини жорий этиш дастурини;

2010 йилгача бўлган даврда электрон тижоратни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси тақдим этсин.

5. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги этиб қайта ташкил этилсин ҳамда унга қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш юклансин;

маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телефон-телеграф ва почта алоқаси, матбуот тарқатиш, маълумот узатиш тармоқлари, шу жумладан Интернет, радиоалоқа, радио эшиттириш ва телевидение тармоқларини барпо этиш, фаолиятини йўлга қўйиш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги стратегик устувор йўналишларни рўёбга чиқариш;

почта алоқаси тизими фаолиятини бошқариш, телекоммуникациялар ва ахборот узатиш тармоқларини ривожлантиришни давлат томонидан бошқариш, ушбу соҳаларда рақобат муҳитини вужудга келтириш, тегишли фаолият турларини лицензиялаш;

ахборот тизимлари, телекоммуникациялар ва маълумот узатиш тармоқларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш;

замонавий халқаро стандартларни жорий этиш, телекоммуникация ва ахборот технологияларига оид маҳаллий стандартларни, техник шартлар ва талабларни ишлаб чиқиб, уларни тасдиқлаш;

ахборот ресурслари бозорини ривожлантириш, давлат бошқаруви, бизнес, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим соҳаларида, шунингдек жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ахборот алмашувнинг электрон шаклларига ўтиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил қилиш.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 2002 йилнинг 1 августига қадар йирик хорижий ва маҳаллий компьютер ҳамда ахборот компаниялари билан биргаликда Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш марказини ташкил қилсин.


6. Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармасининг номи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси деб ўзгартирилсин.

Бюджетдан ташқари жамғармага маълумот узатиш тармоқлари ва ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасидаги устувор лойиҳалари ва илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш вазифаси юклансин.

7. Тошкент электротехника алоқа институти Тошкент ахборот технологиялари университетига айлантирилсин.

2002/2003 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ахборот технологиялари университетида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, тармоқ технологиялари, кўчма радиотелефон алоқаси, электрон тижорат ва ахборот хавфсизлиги соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланиши назарда тутилсин.

8. 2006 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:

республикага олиб келинаётган компьютер маълумотларини узатиш тармоқларини барпо этишга мўлжалланган асбоб-ускуналар, компьютер техникаси ва унга бутловчи буюмлар, шунингдек дастурий воситалар божхона тўловларини (божхона расмийлаштириши учун йиғим бундан мустасно) тўлашдан;

компьютер ва ахборот технологияларига ўқитиш бўйича хизматлар, дастурий воситаларни сотиш, шунингдек уларга сервис хизматлари кўрсатиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.

12. Мазкур Фармон матбуотда эълон қилинсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) Илова берилмайди.



"Халқ сўзи", 2002 йил 1 июнь


“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2002 йил, 10-сон, 77-модда