Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.06.2000 й. ПФ-2647-сон "Телекоммуникациялар соҳасида бошқарувни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

28.06.2000 й.

N ПФ-2647



ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯЛАР СОҲАСИДА

БОШҚАРУВНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ва Телекоммуникациялар тизими фаолияти ҳамда уни бошқариш самарадорлигини ошириш, соҳани замонавийлаштириш ва ривожлантириш учун хорижий сармояларни кенг жалб этиш мақсадида:


1. "Маҳаллий телеком" ва "Халқаро телеком" акциядорлик компаниялари, улар таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари акциядорларининг умумий йиғилишлари қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамда Ўзбекистон почта ва Телекоммуникациялар агентлигининг "Маҳаллий телеком" ва "Халқаро телеком" акциядорлик компаниялари асосида "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

- маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро электралоқа, шу жумладан маълумотларни узатиш, шунингдек, телевидение ва радио дастурларини трансляция қилиш хизматларига бўлган талабни қондириш, улар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш;

- алоқа воситалари ва тармоқларини замонавийлаштириш ҳамда техник қайта жиҳозлаш, шу жумладан хорижий сармояларни кенг жалб этиш ва қўшма корхоналар ташкил қилиш, телекоммуникация тизимларини тузиш ва фаолият кўрсатиши соҳасидаги жаҳон ютуқларини жорий этиш асосида:

- телекоммуникациялар соҳасида бозор ислоҳотларини янада ривожлантириш, республика ахборот тизимларини жаҳон телекоммуникациялар ва ахборот тармоғига интеграциялашувини таъминлаш;

- телекоммуникация воситалари фаолиятининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш.


3. Белгилаб қўйилсинки, "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси:

- юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклида таъсис этилади;

"Маҳаллий телеком" ва "Халқаро телеком" акциядорлик компаниялари тузган шартномалари ҳамда мажбуриятларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот тизимлари соҳасини қайта ташкил этиш ва бошқаришни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 23 июлдаги ПФ-1823-сонли фармонининг "Маҳаллий телеком" ва "Халқаро телеком" акциядорлик компанияларини тузишга оид 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Ахборотномаси", 2000 й., 5-6-сонлар, 184-модда