Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.1995 й. 307-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 1 августдаги

307-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Алоқа вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги алоқа соҳасидаги давлат бошқарув органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.


2. Алоқа вазирлиги Электр алоқаси халқаро иттифоқида, Бутун жаҳон почта иттифоқи ҳамда ва телекоммуникация почта соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалашга вакил қилинган орган ҳисобланади.


3. Қуйидагилар Алоқа вазирлиги тизимига киради:

"Ўзбекистон почтаси" концернининг почта алоқаси ва матбуот тарқатиш корхоналари, "Ўзбектелеком" концернининг электр алоқаси корхоналари, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение бирлашмалари ва корхоналари, ижтимоий-маданий-маиший объектлар қуриш ва фойдаланишга оид таъминот фаолияти, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-ҳисоблаш марказлари, электромагнит мослик ва халқаро ҳисоб-китоблар ҳамда шартномалар маркази, махсус алоқа корхоналари, ҳарбий тузилмалар;

мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, республика ҳудудида барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган алоқа хизматлари сифати амалдаги қонунчиликка, норматив ҳужжатларга мувофиқ таъминланиши устидан назорат қилиш бўйича давлат алоқа инспекцияси;

давлат ҳокимияти юқори органлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги хат-хабарларини ва дипломатик хат-хабарларни ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида қабул қилиб олувчи, етказиб берувчи, ўз фаолиятини тўла хўжалик ҳисоб-китоби ва бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобига амалга оширувчи Давлат фельдъегерлик хизмати.


4. Почта тўловлари белгиларини нашр этиш ҳуқуқи истисносиз Алоқа вазирлигига тегишлидир.



АЛОҚА ВАЗИРЛИГИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Алоқа вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, мулкчиликнинг барча шаклларидаги бошқармалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг, аҳолининг алоқанинг турли хил хизматларига, шу жумладан халқаро алоқа хизматларига бўлган талабларини янада тўлароқ қондириш мақсадида электр алоқаси умумдавлат тармоқларини* (шу жумладан радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение техника воситаларини), почта алоқасини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш, вақтли матбуотни тарқатиш бўйича фаолиятни ташкил этиш;

идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини** техник жиҳатдан такомиллаштиришни ташкил этишга оид фаолиятни мувофиқлаштириш. Мулкчилик шакллари ва идоравий қарашлилигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида қўлланилаётган алоқанинг техник воситаларини ишлаб чиқариш ва фойдаланишда лицензиялаш ва сертификациялаш соҳасида ягона техника сиёсати юритиш;

фавқулодда вазиятлар шароитларида умумдавлат ва идораларга қарашли алоқа воситалари ҳамда тармоқларини бошқариш. Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида алоқа воситалари ва тармоқларидан устувор фойдаланишни таъминлаш. Алоқа вазирлигининг алоқанинг махсус турлари ва бўлинмаларини бошқариш;

тармоқда ишлаб чиқариш, молия ва хўжалик фаолиятини бозор муносабатларига ўтказишга оид комплекс фаолиятни ташкил этиш. Алоқа корхоналари ва объектларини белгиланган тартибда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ишларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси алоқа воситалари ва тармоқларини модернизациялаш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш мақсадида алоқа тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун инвестицияларни, шу жумладан хорижий сармояни жалб этишга доир шарт-шароитлар яратиш, фаолиятини ташкил этиш.



АЛОҚА ВАЗИРЛИГИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Алоқа вазирлиги ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

электр, почта алоқаси ва матбуот тарқатишни ривожлантиришнинг давлат узоқ муддатли дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Ҳукумати томонидан иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли прогнозларини, мақсадли комплекс дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;

алоқа соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Алоқа вазирлиги тизимини бошқариш тузилмасини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, уни янада такомиллаштиришни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, бирлашмаларни ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади;

почта алоқаси, матбуот тарқатиш ва электр алоқа хизмати кўрсатувчи корхоналарга раҳбарлик қилиш ва бошқаришни тегишли равишда "Ўзбекистон почтаси" ва "Ўзбектелеком" корхоналари орқали таъминлайди;

молия, иқтисодиёт, техник фойдаланиш, алоқа тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш, алоқа корхоналарининг ўзаро муносабатлари масалаларида фаолиятни тартибга солувчи тармоқ норматив ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этади, бунда техник фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар (қоидалар, йўриқномалар, низом ва бошқалар), мулкчилик шакллари ва идоравий қарашлилигидан қатъи назар, алоқа тармоқлари, воситалари ва хизматларидан фойдаланувчилар учун мажбурий ҳисобланади;

умумреспублика аҳамиятига эга бўлган қурилишларни, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини, марказий аппаратни маблағ билан таъминлаш ва бошқа мақсадлар учун Вазирлик марказлаштирилган фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди;

почта, электр ва махсус алоқа корхоналари томонидан кўрсатиладиган умумреспублика, маҳаллий ва ижтимоий аҳамиятли алоқа хизмати рўйхатини тасдиқлайди;

алоқанинг асосий хизматларига тарифларни тасдиқлайди;

алоқа хизматига тарифларнинг тўғри қўлланилишини назорат қилади;

алоқа тармоқларидан биргаликда фойдаланилганда алоқа корхоналарига алоқа хизматлари учун даромадлардан олинадиган ҳисоб-китоб таксасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

алоқа тизимидаги таркибий тузилмалар ҳақидаги намунавий низомларни ишлаб чиқади, Вазирликнинг концернлари, бирлашмалари ва корхоналари уставларини тасдиқлайди;

давлат концернлари, Алоқа вазирлиги бирлашмалари, корхоналари, муассасалари ва ўқув юртлари молия-хўжалик фаолиятининг комплекс ва тўсатдан текширилишини, тафтиш қилинишини ташкил этади;

кўрсаткичларни ва алоқа воситаларининг иш сифати ва кўрсатилаётган алоқа хизмати ёмонлашганлиги учун жарималар миқдорини белгилайди;

бюджетдан маблағ билан таъминланадиган олий, ўрта махсус ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмаларнинг зарур эҳтиёжларини умумлаштиради ва бюджет маблағи билан таъминлашни ташкил этади;

алоқа воситалари ва тармоқларини ривожлантиришга, реконструкция қилишга, кенгайтиришга, давлат ва тармоқ ривожлантириш дастурларини амалга оширишга, сафарбарлик тусидаги тадбирларнинг бажарилишига, махсус объектлар қурилишига бўлган талабни аниқлайди ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни ташкил этади;

идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини барпо этиш, ривожлантириш ва техникавий такомиллаштиришга доир асосий техник талабларни тасдиқлайди;

идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини ривожлантиришнинг бош ва истиқболдаги режаларига розилик билдиради;

радиочастоталарнинг истеъмолчилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича давлат комиссиясининг қарорларига мувофиқ тақсимланишини ташкил этади ҳамда хўжалик аҳамиятига эга бўлган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни рўйхатга олиш, рухсатномалар бериш, текшириш ва техникавий радио назорати бўйича ишларни ташкил этади;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда алоқа соҳасидаги фаолиятнинг тегишли турларига лицензиялар бериш учун хулосалар тайёрлайди, уларнинг ҳисобини юритади, лицензия шартларига қандай риоя қилинаётганлигини назорат қилади;

алоқанинг техник воситалари ва хизматлари сертификацияси органини ташкил этади, сертификация синовлари ва метрологик таъминлаш лабораториялари (марказлари)ни аниқлайди. Алоқа хизматларига ва республикада ишлаб чиқариладиган алоқанинг техника воситаларига ва республикага келтириладиган алоқа асбоб-ускуналарига мувофиқлик сертификати берилишини ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ҳукумат алоқаси хизмати томонидан фойдаланиладиган радиоэлектрон воситалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг умумдавлат тармоғига чиқмайдиган ички ишлаб чиқариш ва технология мақсадидаги электр-алоқа воситалари бундан мустаснодир;

Вазирлар Маҳкамасининг фавқулодда вазиятлар бўйича комиссияси топшириғига кўра Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ҳукумат алоқаси хизмати, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида, идоравий қарашлилигидан қатъи назар, техник кучлар ва воситалардан фойдаланиб табиий офатлар оқибатларини тугатишда почта ва электр алоқаси, радио алоқа, радиоэшиттириш ва телевидениеда ҳамда алоқанинг махсус турларида чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Вазирликнинг сафарбарлик режасини, давлат захирасида моддий воситалар тузилмасини, таркибини, нормаларини ва уларни тўплаш режаларини ишлаб чиқади, алоқа корхоналари базалари ва омборларида улар қандай сақланаётганлигини ва янгилаб турилишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, телеграф хабарларининг сир сақланишини таъминлайди, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тинчлик вақтида ва алоҳида даврда алоқа билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси алоҳида муҳим алоқа объектларида Алоқа вазирлигининг ҳарбий қисмлари кучлари ва воситалари билан авария оқибатларини тугатиш ишларининг бажарилишини ташкил этади;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда алоқа корхоналари ва объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича ишлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси почта тўловлари белгиларини нашр этади ва муомалага чиқаради.


7. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган -Вазир бошчилик қилади. Вазирнинг унинг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади.


8. Алоқа вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Алоқа бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси ва Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича давлат комиссияси раиси ҳисобланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазири:

Вазирликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ўринбосарларнинг, Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларининг Вазирлик фаолиятининг алоҳида соҳаларига раҳбарлик қилиш, концернлар, давлат корхоналари, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг Вазирлик тизимидаги корхоналар иши учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;

хорижий давлатларнинг бунга вакил қилинган мансабдор шахслари билан алоқа хизматларини айирбошлашни ташкил этиш ҳақида тузилган битимлар ва шартномаларга белгиланган тартибда Ҳукумат номидан имзо чекишга вакил қилинган;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ходимлар сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, штат жадвалини ва Вазирлик бўлинмалари тўғрисидаги қоидани, шунингдек Вазирлик марказий аппаратини маблағ билан таъминлаш учун сарф-харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини, давлат бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотларининг раҳбарларини тасдиқланган кадрлар номенклатурасига мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигида Вазир (ҳайъат раиси), лавозимлари бўйича вазир ўринбосарлари, шунингдек Алоқа вазирлиги тизимининг бошқа раҳбар ходимлари таркибида 11 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъат аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги ҳайъати ўз мажлисларида алоқа тармоғини ривожлантиришнинг, фан-техника ютуқларидан кенг кўламда фойдаланишнинг, тармоқнинг ишлаб чиқариш базаси ва тузилмасини сифат жиҳатдан қайта ўзгартиришнинг, идоралараро ва давлатлараро алоқаларни ривожлантиришнинг асосий масалаларини ҳамда Вазирлик фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади, Вазирликка қарашли концернлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари ва корхоналарига амалий раҳбарлик қилиш, ижрони текшириш, кадрлар сиёсати масалаларини, муҳим буйруқлар ва йўриқномалар лойиҳаларини муҳокама қилади, концернлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, алоқа корхоналарининг ҳисоботларини эшитади, тармоқнинг иши учун жавоб беради.


12. Ҳайъатнинг қарори, одатда, Вазирликнинг буйруғи билан ҳаётга жорий этилади. Вазир билан ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, Вазир келиб чиққан келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда ўз қарорини ҳаётга жорий этади, ҳайъат аъзолари эса ўз навбатида ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


13. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва валюта счётларига эга бўлади.


-------------------------

* электр алоқаси - сим, радио, оптика ёки бошқа электромагнит тизимлар орқали бериладиган белгилар, сигналлар, ёзма матн, тасвирлар ва товушларни ёки ҳар қандай турдаги хабарларни узатиш ва қабул қилиш.

** идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситалари - бу вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарнинг Ўзбекистон Республикасининг умумдавлат алоқа тармоғига чиқадиган алоқа тармоқлари ва воситаларидир.