Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.12.2013 й. 340-сон "Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.12.2013 й.

N 340



ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА ГАЗ

БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР

ЎРТАСИДАГИ ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАР

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ

ТЎҒРИСИДА


Етказиб берилган газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси иссиқлик электр станцияларининг молиявий аҳволини барқарор сақлаш, республика истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги 132-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 5-сон, 28-модда) билан тасдиқланган Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин.

"10. Истеъмолчи томонидан тузилган шартномада белгилангандан ортиқча ҳажмда (аҳоли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси корхоналари томонидан истеъмол қилинган ҳажмдан ташқари) ва газ етказиб берувчи билан олдиндан келишмасдан газ олинган тақдирда газ истеъмолчисидан қуйидаги миқдорларда:

ҳудудий газ билан таъминловчи корхона учун - шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига 1,5 коэффициент билан;

бошқа истеъмолчилар учун - шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади.

Бунда оширилган коэффициентлар кўрсатиб ўтилган истеъмолчиларга аҳоли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган, уларнинг газ тармоқларига уланган "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси корхоналари томонидан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмини ҳисобга олмасдан қўлланади".


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 30 декабрь, 52-сон, 694-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 12-сон, 94-модда