Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Эркин алмаштириладиган валютани харид қилиш йиғимини тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.07.2001 й. 1051-сон билан рўйхатга олинган 02.07.2001 й. Молия вазирлигининг 64-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 2001-58-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2001 йил 18 июлда 1051-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги, Давлат

солиқ қўмитасининг

2001 йил 2 июлдаги

64, 2001-58-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Эркин алмаштириладиган валютани харид қилиш

йиғимини тўлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом юридик шахслар томонидан эркин алмаштириладиган ва бошқа хорижий валютани (матн давомида - хорижий валюта) харид қилиш йиғимини тўлаш тартибини бошқаради.



I. ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАНИ ХАРИД

ҚИЛИШ ЙИҒИМИНИ ТЎЛОВЧИЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси ички валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш операцияларини амалга оширувчи юридик шахслар (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари) йиғим тўловчилари ҳисобланади.



II. ЙИҒИМ ОЛИШ ОБЪЕКТИ


2. Ўзбекистон Республикаси ички валюта бозорида хорижий валютани харид қилишда тўланадиган миллий валютадаги суммадан йиғим олиниши керак. Қуйидагилар ҳисобига хорижий валютани харид қилишга доир операциялардан йиғим олинмайди:

бюджет маблағлари ҳисобига;

биржадан ташқари валюта бозорининг талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин курси бўйича;

асосий қарзни сўндириш ва хорижий кредитлар, улар бўйича 2001 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатлари берилган ваколатли банкларнинг валюта кредитларига доир фоизларни тўлаш учун.



III. ЙИҒИМ СТАВКАСИ


3. Йиғим ставкаси 5 фоиз миқдорида белгиланади.



IV. ЙИҒИМНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ВА

МУДДАТЛАРИ


4. Йиғимни валюта операцияларини амалга оширувчи ваколатли банклар тўловчилар хорижий валютани харид қилишлари пайтида ушлаб қолади.

Йиғим суммалари тўлиқ ҳажмда республика бюджетига ўтказилади ("Ўзбекистон Республикаси бюджетининг даромад ва харажатлари таснифи" 73-параграфининг 12-бўлими).


5. Сотиб олинган валютани мижозларнинг ҳисобварақларига ўтказиш ва ваколатли банклар томонидан фақат мижозлар мазкур Низомга мувофиқ хорижий валютани харид қиилш йиғимини тўлаганидан кейин амалга оширилади. Йиғимни республика бюджетига ўтказиш беш кунда бир маротаба амалга оширилади.


6. Бюджет билан хорижий валютани харид қилиши йиғими бўйича ҳисоб-китобларнинг бухгалтерия ҳисоби 68-"Бюджет билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағининг "Хорижий валютани харид қилиш йиғими" илова ҳисобварағида юритилади. Ушбу илова ҳисобварақ кредити бўйича ҳисоблаб ёзилган солиқ суммаси 26-"Давр харажатлари" ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади. Бюджет даромадига ўтказилган хорижий валютани харид қилиш йиғимининг ҳақиқий суммаси бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводка билан акс эттирилади.

68-"Бюджет билан ҳисоб-китоблар"ҳисобварағи дебети "Хорижий валютани харид қилиш йиғими" илова ҳисобварағи 51-"Ҳисоб-китоб варағи" ҳисобварағи кредити.



V. ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ


7. Хорижий валютани харид қилиш йиғимини тўловчилар ушбу йиғимни тўлаш тартибини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



VI. НАЗОРАТ


8. Йиғимни тўғри ва ўз вақтида тўлаш устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банклари, давлат солиқ хизмати органлари ва молия органлари зиммасига юкланади.


9. Ваколатли банклар ойда бир маротаба, ойнинг 1-кунидаги ҳолат бўйича 2 иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига, мазкур Низомнинг 1-иловасига биноан, юридик шахслар томонидан тўланган йиғим суммалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.


10. Ваколатли банкларнинг жойлардаги минтақавий бўлинмалари юқорида айтилган маълумотларни молия ва солиқ органларига тақдим этадилар.


11. Хорижий валютани харид қилган юридик шахслар ҳар ойда ҳисобот ойидан кейин келадиган ойнинг 5-кунига қадар давлат солиқ хизмати органларига мазкур Низомнинг 2-иловасига биноан шаклда ҳисоб-китобни тақдим этадилар;


12. Йиғим тўлаш тартибини бухганлик, шунингдек назорат қилмаганлик учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жазо чоралари қўлланилади.