Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолияти тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 22.07.2011 й. 2247-сон билан рўйхатга олинган маданият ва спорт ишлари вазирининг 09.06.2011 й. 484-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 22 июлда 2247-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

маданият ва спорт

ишлари вазирининг

2011 йил 9 июндаги

484-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида тренерлик

фаолияти тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида тренерлик, тренер-ўқитувчилик ва тренер-инструкторлик фаолиятини (бундан буён матнда тренерлик фаолияти деб юритилади) амалга ошириш тартиби ва йўналишларини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятини олиб бораётган жисмоний шахслар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият юритиб келаётган ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари - соғлом турмуш тарзини тарғибот ва ташвиқот қилиш, аҳолининг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спорт воситалари ҳамда усуллари орқали соғломлаштиришга қаратилган тадбирлар;


спорт тури - одамнинг спорт мусобақаларига ўзига хос тайёрланишини тавсифлайдиган, мусобақаларни ўтказиш ва уларда қатнашиш талаблари, тартиби ва шарт-шароитлари уларга мувофиқ белгиланадиган ўз қоидаларига эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;


спорт тури бўйича федерация (иттифоқ, ассоциация) - асосий мақсади ўзининг уставига биноан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган, фуқаролар билан жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ишларини амалга оширувчи, спорт захираларини тайёрлаш ва спорт тури бўйича Халқаро ва Осиё федерацияси (иттифоқ, ассоциация) томонидан ўтказиладиган барча тадбир ва мусобақаларда Ўзбекистон спортчиларини ва мутахассисларини тақдим этувчи ташкилот;


тренер - тренерлик фаолияти бўйича малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган ёки таълим муассасаларининг спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишини битирган (бунда битирувчи тегишли спорт тури бўйича тренер лавозимига ишга қабул қилинганига уч йилдан ошмаган бўлиши лозим), шунингдек, ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

тренер-инструктор - аҳоли ўртасида оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотларини ташкил этувчи ва амалга оширувчи мутахассис;


тренерлик фаолияти - аҳолини жисмоний тарбия ва спорт воситалари ёрдамида соғломлаштириш, спортчиларни спорт тури бўйича спорт мусобақаларида қатнашишга ўргатиш ва тайёрлашга йўналтирилган фаолият;


спорт турлари бўйича тренер-ўқитувчи - махсус спорт-таълим муассасаларида спорт тури бўйича таълим дастури асосида бевосита тренерлик малакавий тоифасига мувофиқ спорт туридан таълим берувчи ва спортчиларни тайёрловчи мутахассис;


3. Қуйидаги ҳолатларда тренерлик фаолиятини амалга оширишга йўл қўйилмайди:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлмаган шахслар томонидан тренерлик фаолиятини амалга ошириш;

белгиланган меъёр ва талабларга жавоб бермайдиган спорт жиҳозлари ва анжомларидан ҳамда спорт кийимларидан фойдаланиш;

спорт турлари бўйича белгиланган меъёр ва талабларга жавоб бермайдиган спорт бино ва иншоотларида, машғулотларни олиб боришда хавфсизликни таъминлай олмайдиган бошқа жойларда шуғулланиш.


4. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан вояга етмаган болалар ва ўсмирлар билан жисмоний тарбия ва спорт бўйича машғулотларни олиб бориш уларнинг қонуний вакили ёки уларнинг ўрнини босувчи бошқа шахслар ёхуд улар тарбия олаётган махсус муассасанинг розилигига мувофиқ амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикасида хорижий давлат мутахассислари тренерлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.



II. ТРЕНЕРЛИК ФАОЛИЯТИ


1-§. Тренерлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари


6. Қуйидагилар тренерлик фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади:

жисмоний тарбия ва спортни тарғибот қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт воситалари ёрдамида аҳолини соғломлаштириш;

спорт захираларини ҳамда халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон Республикаси спорти шаънини муносиб ҳимоя қила оладиган юқори малакали спортчиларни тайёрлаш;

келгусида спорт маҳоратларини такомиллаштириш мақсадида истиқболли ва иқтидорли болалар ва ўсмирларни саралаб олиш ва спортда бўладиган йўналишларини аниқлаш.


7. Қуйидагилар тренерлик фаолиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

спортчиларни турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида қатнашиш учун тайёрлаш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларни спорт бўйича тайёрлаш ва соғломлаштиришда ўқув-машқ машғулотлари жараёнига илғор илмий усулларни жорий қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларнинг билим, қобилият ва кўникмаси сифатини, жисмоний ривожланганлиги ва тайёргарликлари даражаси устидан назоратни амалга ошириш;

олиб борилаётган машғулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар томонидан турли хил допинг ва тақиқланган воситаларнинг қўлланилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш.



2-§. Тренерлик фаолиятини ташкил этиш


8. Тренерлик фаолияти аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спорт бўйича машғулотларни олиб бориш ва спортчиларни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган тиббий тавсиялар ва бошқа ҳужжатларда белгиланган шароитлар, меъёрлар ва талабларга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда чет элда ўқув-машқ машғулотлари, ўқув-машқ йиғинлари ва спорт мусобақалари, оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилаётган жойларда;

жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмаларида, спорт клублари ва марказларида, бошқа спорт техника ташкилотларида, жисмоний тарбия ва спорт жамоаларида;

ўқув масканларида;

аҳолига хизмат кўрсатадиган спорт, спорт-соғломлаштириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт-томоша ташкилотларида, альпинист лагерлари, шахмат-шашка клублари, ўқ отиш майдонлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи секция ва гуруҳларда;

шахсий тартибда амалга оширилади.


9. Тренерлик фаолияти шартнома асосида амалга оширилади.


10. Тренерлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

индивидуал (якка) иш усули шаклида;

гуруҳий (бригада) иш усули шаклида.


11. Тренерлик фаолиятини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

зўравонлик, диний экстремизм ва давлат тузуми, мамлакатнинг тинчлиги ва хавфсизлиги, унинг аҳолисига қарши қаратилган бошқа ҳаракатларни тарғибот қилиш;

камситувчи муносабатда бўлиш, шу жумладан миллий, диний, жинсий, сиёсий, маданий, иқтисодий ва бошқа белгилар бўйича камситиш;

спорт билан шуғулланувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш;

спортга алоқаси бўлмаган фаолиятни олиб бориш;

тақиқланган воситалар, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб қилиш.


12. Спорт ва оммавий тадбирларда тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларнинг иштироки, спорт тури бўйича тегишли халқаро ва миллий федерациялар, шунингдек ушбу тадбирларни ташкил қилувчи ташкилотлар томонидан тасдиқланган регламент, низом ва бошқа ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.



3-§. Спорт турлари бўйича тренерлик фаолияти


13. Спорт захиралари ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашга қаратилган спорт турлари бўйича тренерлик ва тренер-ўқитувчилик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан рўйхатга олинган спорт турлари бўйича амалга оширилади.

14. Спорт захиралари ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашга қаратилган спорт турлари бўйича тренерлик ва тренер-ўқитувчилик фаолияти ёш тоифасига мувофиқ катта ёшдагилар, ёшлар (юниорлар), ўсмирлар ва болалар спорт гуруҳларида амалга оширилади.


15. Спорт тури бўйича тренерлик ёки тренер-ўқитувчилик фаолияти билан қуйидаги шахслар шуғулланишига йўл қўйилади:

жисмоний тарбия бўйича олий ёки ўрта махсус, профессионал таълим маълумотига эга бўлган шахслар;

"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози", "Хизмат кўрсатган спорт устаси" шунингдек халқаро ва бошқа спорт унвонларига эга бўлган шахслар;

тегишли малакавий тоифага эга бўлган шахслар;

тиббий рухсатнома ва суғурта полисига эга бўлган шахслар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган шахслар.

16. Республика терма жамоаси даражасида спорт тури бўйича тренерлик ёки тренер-ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириб келаётган шахсларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш спорт тури бўйича тегишли миллий федерациялар (иттифоқлар, ассоциациялар) билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


17. Спорт тури бўйича тренерлик ёки тренер-ўқитувчилик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қуйидаги лавозимларни эгаллаб туришлари мумкин:

Ўзбекистон Республикаси спорт тури бўйича бош тренери;

вилоят, шаҳар, кўнгилли, жисмоний тарбия ва спорт жамоалари, тегишли терма жамоалар ва бошқа ташкилотлардаги спорт тури бўйича катта тренер;

бўлинмалар, ўқув-машқ гуруҳлари, спорт турининг тор соҳаларидаги ва тегишли терма жамоалардаги спорт тури бўйича катта тренер;

спорт тури бўйича спортчи-инструктор.



4-§. Оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний

тарбия-соғломлаштириш ишлари соҳасида

тренерлик фаолияти


18. Оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишлари соҳасида тренерлик фаолияти тренер-инструктор томонидан аҳолини соғломлаштириш йўналишида тиббий монеликлар мавжуд бўлмаган шуғулланувчиларнинг ёшларидан қатъи назар, жисмоний тарбия воситалари ва усуллари ёрдамида соғломлаштириш йўналишидаги гуруҳларда (саломатлик гуруҳларида) амалга оширилади.


19. Оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишлари соҳасида тренер-инструкторлик фаолияти билан қуйидаги шахслар шуғулланишига йўл қўйилади:

жисмоний тарбия бўйича олий ёки ўрта махсус, профессионал таълим маълумотига эга ёки махсус курсларни битирган шахслар;

тиббий рухсатнома ва суғурта полисига эга бўлган шахслар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган шахслар.


5-§. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи

шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


20. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тренерлик фаолиятини амалга ошириш;

тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўташ;

спорт мусобақалари, оммавий жисмоний тарбия ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари, анжуманлар, семинарлар, курслар ва йиғинларда иштирок этиш;

навбатдаги малакавий тренерлик тоифасини олиш.

Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


21. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлиш;

ўз фаолияти жараёнида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларда ватанпарварлик, ватанга муҳаббат туйғуларини тарбиялашга, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, спорт маҳоратини оширишга, уларни ахлоқий, маънавий тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш;

ўз фаолиятини тренерлик фаолиятига қўйилган талабларни белгиловчи регламент, низомлар ва бошқа ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириш;

касбий малака даражасини узлуксиз равишда ошириб бориш;

жисмоний тарбия ва спортни тарғибот қилиш бўйича фаол иш олиб бориш;

юксак маданият ва ташкилотчилик бўйича ўрнак бўлиш, шуғулланувчилар томонидан қўполлик, интизомсизлик ва ахлоқий меъёрлар бузилишининг олдини олиш.

Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ўз зиммаларига олишлари мумкин.



III. ТРЕНЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ

ШАХСЛАРНИНГ МАЛАКА ТОИФАЛАРИ


22. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларнинг малака тоифалари ягона спорт классификациясига асосан қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси II тоифали тренери;

Ўзбекистон Республикаси I тоифали тренери;

Ўзбекистон Республикаси Олий тоифали тренери;

Халқаро тоифали тренер.


23. Ўзбекистон Республикаси II ва I тоифали тренерларининг малака тоифалари Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан тасдиқланган, мутахассисларнинг иш стажи, фаолиятининг сифати ва моҳиятига кўра белгиланган шартлар, меъёрлар ва талабларга мувофиқ берилади.

24. Ўзбекистон Республикаси Олий тоифали тренерининг малака тоифаси "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" ёки "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвонлари, халқаро спорт ташкилотларининг (Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия Кенгаши, спорт турлари бўйича халқаро федерациялар (иттифоқлар, ассоциациялар ва бошқалар) олий совринлари эгаси бўлганлиги учун, шунингдек Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшганлиги учун берилади.


25. Халқаро тоифали тренернинг малака тоифаси Ўзбекистон Республикасида спорт тури бўйича тренерлар, тренер-ўқитувчиларга тегишли спорт тури бўйича халқаро федерациялар (иттифоқлар, ассоциациялар) томонидан берилади.


26. Ушбу Низомнинг 22-бандида белгиланган малака тоифалари тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахсларга берилади.


27. Ўзбекистон Республикаси тренерларининг малака тоифалари ва халқаро тренерлик малака тоифалари жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият юритувчи барча ташкилотларда ҳақиқийдир.



IV. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТНИ ЮРИТИШ


28. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган шахсларнинг ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан амалга оширилади.

29. Тренерлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар тўғрисидаги статистик ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади.


30. Ҳисобот ва бошқа ҳужжатларда халқаро тоифали тренер малака тоифаси Ўзбекистон Республикаси Олий тоифали тренер малака тоифасига тенглаштирилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


31. Ушбу Низомда кўрсатилган талабларнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


32. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 30-сон, 318-модда