Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.04.2013 й. 92-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 2 апрелдаги

92-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини

қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма Ўзбекистон спортчиларини Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига сифатли тайёрлаш ва уларнинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.


3. Жамғарма фаолияти хайрия хусусиятига эга. Жамғарма маблағлари тушиш манбаларидан қатъи назар, Жамғармага юкланган мақсадлар ва вазифаларга эришиш учун сарфланади.



II. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

спортнинг олимпиада турлари бўйича республика федерациялари ва уюшмаларининг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва уюшмалари, ташкилотлар ва клубларнинг маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бюджетдан ташқари маблағлари;

хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг грантлари ва беғараз ёрдами;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



III. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

спортнинг олимпиада турлари бўйича федерациялар ва уюшмаларга бириктирилган спорт базалари ва марказларини реконструкция қилиш ва жиҳозланганлигини оширишни молиялаштириш, шу жумладан, уларнинг моддий-техника ва спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, спорт ускуналари, инвентарь ва спорт кийимлари сотиб олиш;

ўрнак кўрсатган ва иқтидорли спортчилар ва тренерларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

спортчиларнинг, тренерлар ва ҳакамлар таркибларининг касб кўникмаларини ошириш, шу жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаларини халқаро мусобақаларга ва ўқув-машқ йиғинларига тайёрлаш ва уларда иштирок этиш, шунингдек миллий терма жамоалар билан ишлаш учун спортнинг олимпиада турлари бўйича юқори малакали тренерларни ва бошқа спорт мутахассисларини жалб этиш билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлаш;

хорижий спорт клублари ва федерациялари билан халқаро ҳамкорликни ташкил этиш ва ривожлантириш, шу жумладан, халқаро мусобақалар, ўқув-машқ йиғинлари, спортнинг олимпиада турлари бўйича мутахассислар учун семинарлар ўтказиш.


6. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати таъминоти ва моддий-техник таъминлаш қонун ҳужжатларига ва Жамғарма Бошқарувининг қарорларига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


7. Жамғарма Бошқаруви ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган Жамғарма маблағларидан фойдаланиш мақсадларига мувофиқ Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг аниқ йўналишларини белгилайди ва қарорлар қабул қилади.

Жамғарма маблағларини сарфлаш тартиби Жамғарма Бошқарувининг қарори билан тасдиқланади.



IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


8. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни Жамғарманинг Васийлик кенгаши мувофиқлаштиради ва назорат қилади.


9. Жамғарманинг йиллик молиявий ҳисоботи Жамғарма Бошқарувининг тақдимномаси бўйича Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.


10. Жамғарма Бошқаруви:

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича тадбирларнинг йиллик режасини тасдиқлайди;

Жамғарманинг йиллик бюджетини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма даромадлари барқарор шакллантирилишини, Жамғарма маблағларини ўз вақтида молиялаштиришни ва улардан мақсадли фойдаланиш таъминланишини мунтазам назорат қилади;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ижро этувчи директорнинг ҳар чораклик ҳисоботини эшитади;

бир йилда камида бир марта Жамғарманинг Васийлик кенгашига Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, шу жумладан, олдинги йил учун молиявий ҳисоботни тақдим этади;

Жамғарманинг ижро этувчи директорини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Жамғарма Уставига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


11. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, уюшмалар ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек миллий терма жамоалар аъзолари бўлган жисмоний шахсларнинг ва бошқа спорт мутахассисларининг тақдим этилган буюртманомалари асосида Жамғарма Бошқаруви томонидан кўриб чиқилади ва қабул қилинади.


12. Жамғарманинг ижро этувчи директори:

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича тадбирларнинг йиллик режасини шакллантиради ва тасдиқлаш учун Жамғарма Бошқарувига киритади;

Жамғарма Бошқаруви томонидан тасдиқланган тадбирлар режаси бажарилишини таҳлил қилади ва мониторинг олиб боради;

Жамғарманинг йиллик бюджетини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Жамғарма Бошқарувига киритади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, уюшмалар ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек миллий терма жамоалар аъзолари бўлган жисмоний шахсларнинг ва бошқа спорт мутахассисларининг тақдим этилган буюртманомалари асосида Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича таклифларни Жамғарма Бошқарувига тақдим этади;

Жамғарма Бошқарувининг қарори бўйича маблағларни бевосита олувчиларга ўтказади;

Жамғарма фаолияти масалалари бўйича юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳар чораклик ҳисоботни Жамғарма Бошқарувига тақдим этади;

Жамғарма Уставига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



V. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ, ЖАМҒАРМА

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


13. Жамғарма Бошқаруви ва Ижро этувчи директор бухгалтерия ҳисоби юритилиши, Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳисоботлар тузилиши ва тақдим этилиши учун жавоб беради.


14. Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан доимий мониторинг олиб боради.


15. Спорт федерациялари, уюшмалар ва бошқа ташкилотлар Жамғармадан олинган маблағлардан фойдаланиш тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот тақдим этадилар ва улардан мақсадли фойдаланиш учун жавоб берадилар.


16. Жамғарманинг молиявий фаолияти ҳамда пул маблағларини тўғри сарфлаш ва унинг бошқа мол-мулкидан фойдаланиш устидан назорат қилиш учун Жамғарманинг тафтиш комиссияси тузилади, унинг шахсий таркиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.


17. Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолиятини ҳар йили аудиторлик текширувидан ўтказади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 8 апрель, 14-сон, 181-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 4-сон, 23-модда