Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Радиоэлектрон ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 09.02.2016 й. 2762-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 27.01.2016 й. 3-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 9 февралда 2762-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2016 йил 27 январдаги

3-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Радиоэлектрон ишлаб чиқариш ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ, радиоэлектрон ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар радиоэлектрон ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар талаблари ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ юритиладиган иш жойининг меҳнат шароитлари харитаси;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


7. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


18. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларни бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


21. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


22. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши керак.


24. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


25. Ташкилот ходимлари Радиотехник ва электрон буюмлар ишлаб чиқариш ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2735, 2015 йил 1 декабрь) мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситалари билан таъминланиши керак.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


28. Хавфли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.

32. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.

33. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши лозим.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


34. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.


37. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


38. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


39. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


44. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.


45. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


46. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


47. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


48. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


49. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


50. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


51. Ташкилотдаги бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


52. Бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


53. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


54. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


55. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


56. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


57. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


58. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


59. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги ишлар ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


60. Ташкилотнинг бинолари ва иншоотлари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


61. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


62. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


63. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


64. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


65. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


66. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


67. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


68. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


69. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


70. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


71. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


72. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


73. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


74. Ташкилот ҳудуди ва хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


75. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


76. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


77. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


78. Ташкилот ҳудуди ва хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


79. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


80. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотларнинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 V дан ошмаслиги керак.


81. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


82. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши керак.


83. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


84. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


85. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


86. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, қўл-юз ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


87. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


88. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғи пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


89. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


90. Радиоэлектрон ишлаб чиқариш ишларини амалга оширишда атроф табиий муҳитнинг оқава сувлар ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


91. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



18-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


92. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


93. Иш жараёнлари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Хавфсизликнинг умумий талаблари"га мувофиқ ташкил этилиши керак.


94. Радиоэлектрон ишлаб чиқаришда заҳарли, яллиғлантирувчи ва тез алангаланадиган моддалар ишлатилса ёки ажралиб чиқса, алоҳида махсус жиҳозланган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналарининг махсус ажратилган участкаларида, ишчиларни ҳимоя қилиш воситалари ҳамда ёнғиндан ҳимоя қилиш воситалари билан таъминланган ҳолда бажарилиши лозим.


95. Ташкилотларда иш жараёнларида қўлланилувчи барча ускуналарнинг техник ҳужжатлари (чизмаси ва ишлатишга доир қўлланмаси) бўлиши керак.


96. Иш ускуналарига ташкилот раҳбари томонидан мазкур ишни бажариш топширилган ходим томонидан хизмат кўрсатилиши лозим. Бегона шахсларнинг ишлаб чиқариш жойларида бўлишларига йўл қўйилмаслиги зарур.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар


97. Ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-76 "Портлаш хавфсизлиги. Умумий талаблар"га мувофиқ таъминланиши лозим.


98. Синовдан ўтказилмаган, ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


99. Шамоллатиш ва тутун тортиш тизимлари ёнғин автоматикаси тизимлари билан боғланган бўлиши лозим.


100. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


101. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларнинг портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


102. Сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


103. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналарда ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


104. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


105. Ишлаб чиқариш амалга ошириладиган бўлимларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.


106. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


107. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларига риоя қилиниши керак.


108. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


109. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 V ва ундан юқори бўлган электр ускуналарига хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарига хизмат кўрсатиши учун эса, IV малака гуруҳига эга бўлиши лозим. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши шарт.


110. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилмалари ва тармоқларида режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергияси сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


111. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


112. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса, суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


113. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


114. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


115. Кабеллар ва электр симларининг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларининг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари орқали текшириб турилиши керак.


116. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноль симига улаш ва ерга улаш симлари бутунлиги 6 ойда камида бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


117. Қуйидаги электр қурилмалари ноль симига ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 V ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 V ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 V дан юқори ва 380 V гача бўлган ўзгарувчан ток ва 110 V дан юқори ва 440 V гача бўлган ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


118. Номинал кучланиши 42 V гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 V гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноль симига улаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чулғамалари бундан мустасно.


119. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


120. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


121. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.


122. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



4-§. Материаллар ва тайёр маҳсулотларни сақлаш ва транспортда

ташишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


123. Юкларни ортиш ва тушириш ҳамда ташиш ишлари Юк ортиш ва тушириш ишларидаги хавфсизлик қоидаларига (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


124. Омборхонада ва юк сақлаш майдончаларида оғир ва ўта оғир юкларни ортиш ва тушириш ҳамда ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


125. Биноларда маҳсулотларни жойлаштиришда оралиқ масофа қуйидагича бўлиши лозим:

бино деворидан 70 см;

иситиш тизимидан 20 - 50 см;

ёритиш тизимидан 50 см;

полдан 15 - 30 см.


126. Юкларнинг жойлаштириш баландлиги бинонинг баландлигидан, ер майдонининг оғирлик кўтариш қобилиятидан, механик тарзда ишлаш жараёнидан, технологик қоидалар ва сақлаш шароитларидан келиб чиқиб белгиланади. Штабелларда қўл билан тахланаётган яшикларнинг оғирлиги 50 кг гача, қопларнинг оғирлиги 70 кг гача бўлиши ҳамда узунлиги 2 м дан ортмаслиги лозим.


127. Тез ёнувчи суюқликлар горизонтал ва бир қаторда жойлаштирилиши лозим.


128. Юкларни кўтариш ва жойига олиб боришдан олдин юкнинг мустаҳкамлиги ҳамда тўғри боғланганлиги текширилиши зарур.


129. Юк ортиладиган жой ахлат, қор ва бошқа нарсалардан тоза бўлиши керак. Агар ортиш ва тушириш ишларида кўтариш мосламаларидан фойдаланилса, у ҳолда кўтарилган юк остида ишчилар турмаслиги лозим. Юк ортилаётган ва туширилаётган вақтда ҳайдовчи кабинадан чиқиб туриши шарт.


130. Омборхонанинг деворлари бўйлаб ўралган ҳар бир жавонда олти тахламгача бўлган миқдорда хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш лозим. Тахламлар оралиғидаги масофа 0,5 м дан, ён томон майдонлардаги тахламлар оралиғи эса, 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


131. Ташкилотларда чиқиндиларни инвентаризация қилиш, шунингдек уларнинг турлари бўйича хавфлилик даражасини белгилаш лозим.


132. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


133. Чиқиндиларни йиғиш жойи цехлардан камида 50 м узоқликда бўлиши лозим.


134. Юк сақланадиган омборхона ва майдончалар ҳудудининг кириш жойларида транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши ҳамда юкларни ортиш ва тушириш жойлари кўрсатилган схемалар осиб қўйилган бўлиши лозим.


135. Ҳар бир кимёвий модда техник кўрсатмалар талаблари ҳисобга олинган ҳолда сақланиши лозим. Кимёвий моддаларни очиқ ҳолда (тарада) сақлаш тақиқланади. Тараларда ёзув, этикетка ёки модда номи туширилган ёрлиқ, техник талаблар кўрсатилган бўлиши лозим.


136. Кислоталар кислотага чидамли пол ва деворли махсус бинода ёпиқ резервуарда ёки тарада сақланиши зарур. Кислоталарни ертўлаларда сақлаш тақиқланади.


137. Кислота сақлаш хоналарида фавқулодда ҳолатда кислота, сув, оҳак эритмаси ёки тўкилган кислотани нейтраллаш учун сода ва индивидуал ҳимоя воситалари учун захира идишлар бўлиши лозим.


138. Омборхоналарда маҳсулотларни сақлаш ҳарорати ва омборхонадаги намлик даражаси маҳсулотлар стандартларида белгиланган меъёрларда бўлиши лозим.


139. Маҳсулотлар омборхоналарда турлари бўйича сақланиши лозим.


140. Маҳсулот сақлаш омборхоналари яшиклар билан тўлдирилмаслиги лозим. Яшиклар маҳсулотлар сарфлангандан кейин иш жойига етказиб борилиши керак.


141. Яшикларни йиғиш ва сақлаш махсус ажратилган жойларда бажарилиши лозим.


142. Тайёр маҳсулотларни омборхоналардан транспорт воситаси кузовига етказиб бериш транспортёрлар ёрдамида ёки бошқа механизациялашган усулда бажарилиши керак.


143. Эстакадада ўрнатилган транспортёрдан ўтиш учун зарур ҳолларда панжарали ўтиш кўприкчалари ўрнатилиши лозим.



5-§. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш жойларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


144. Чиқиндиларни йиғиш ўраларининг атрофи камида 1,2 м баландликдаги тўсиқлар билан тўлиқ ҳолда ўралган бўлиши ҳамда баландлиги 1,2 м панжараси бўлган мустаҳкам ўтиш кўприкчалари билан жиҳозланган бўлиши керак. Бунда тўсиқлар ва ўтиш кўприкчаси панжараларининг таги камида 0,15 м баландликкача ёппасига тўсилган бўлиши зарур.


145. Ходимларни ўрага туширишдан аввал ўралардан зарарли газларнинг чиқиб кетиши таъминланиши керак.


146. Зарарли газларнинг йўқлиги ўра тубига ёниб турган шамни тушириш йўли билан текширилади.


147. Чиқиндилардан бўшатилган ўралар тахтали шитлар билан ёпилиши лозим.


148. Чиқиндиларни тақиқланган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлашга йўл қўйилмайди.


149. Ташкилотларда чиқиндилар билан ишлашга оид йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.



6-§. Муайян технологик жараёнга тааллуқли иш

жойларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


150. Ишларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча жараёнларни тўлиқ механизациялаштириш, тош майдалаш қурилмаси ва автоблокировкали технологик жараёнларни узоқдан туриб автоматик тарзда бошқаришни ташкил этиш лозим.


151. Узоқдан туриб бошқариш ва автоблокировка қуйидагиларни кўзда тутиши лозим:

механизмларнинг ишга тушганлиги тўғрисида огоҳлантирувчи сигнализация;

технологик поток механизмларини чақир тошни туширишдан тўхтатиш;

битта механизм авария туфайли тўхтаб қолганда, занжирнинг ушбу механизмга материал етказиб бераётган қисмини тўхтатишни таъминлайдиган двигателлар блокировкаси;

бирор механизмда авария содир бўлганда, уни дарҳол тўхтатиш имконияти.


152. Хавфсизликни ошириш ва зарарли меҳнат шароитларида ишлайдиган ишчилар сонини камайтириш учун цехлар ҳамда қурилмаларда бошқаришни автоматлаштириш ва узоқдан туриб бошқаришни жорий этиш орқали иш жойларини чангланиш даражаси юқори бўлган ҳудудлардан узоқроққа кўчириш лозим.



7-§. Технологик операцияларда хавфли ва зарарли ишлаб

чиқариш омиллари юзага келганлиги тўғрисида

ўз вақтида маълум қилиш


153. Ускуна ва автоматлаштирилган линиялар уларни ишга туширилганлиги тўғрисида ишловчиларни огоҳлантирувчи сигнализация тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак.


154. Сигнал қурилмалари (қўнғироқлар, сиреналар, чироқлар) механик шикастланишдан ҳимояланган бўлиши, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш ҳудудида эшитиш ва кўриш ишончли таъминланган ҳолатда жойлаштирилиши лозим.


155. Агар сигнал қурилмалари бўлмаса ёки улар носоз ҳолатда бўлса, ускунани ишлатиш тақиқланади.


156. Цехларда ва иш жойларида сигналларга доир жадваллар ва ускунани ишга тушириш ва тўхтатиш тўғрисидаги йўриқномалар осилган бўлиши лозим.



8-§. Зарарли омиллар таъсирининг санитария нормалари ва

қоидаларида белгиланган миқдоргача камайтирилишини

таъминловчи усул ва тадбирлар


157. Радиоэлектрон ишлаб чиқаришда цехларидаги асосий зарарли омиллар чанг, ишлаб чиқаришдаги заҳарлар, шовқин, вибрация ҳисобланади.


158. Чанг кўп ҳосил бўладиган ҳудудларда ишлаш чоғида чангни ўтказмайдиган қаттиқ матодан тайёрланган махсус кийим, нафас олиш органлари учун индивидуал ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


159. Радиоэлектрон ишлаб чиқаришда бажарилаётган иш хусусиятига қараб ҳимоя воситаларидан фойдаланиш зарур.


160. Ҳимоя воситалари шикастланишнинг олдини олиш ва ишлаб чиқаришнинг зарарли омилларидан ҳимояланиш учун шахсан ишчилар томонидан ишлатилиши керак.


161. Қўл орқали ходимлар организмига ўтадиган вибрациянинг чегаравий йўл қўйиладиган даражалари СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва маҳаллий вибрациянинг санитария меъёрлари"га мос бўлиши лозим.



9-§. Лентали магнит ўтказгичлар ишлаб

чиқаришда хавфсизлик талаблари


162. Лентали магнит ўтказгичларни тайёрлаш участкаларида ҳавони рециркуляция қилишга йўл қўйилмайди.


163. Ленталарга суриш учун суспензиялар тайёрлашда махсус ҳавони тортиш шкафларидан фойдаланиш лозим.


164. Ультратовушли ускуналарни қайта ишлашда ушбу ускуналардан ва суюқликлардан ходимлар ҳимояланган ҳолатда бўлиши керак.


165. Ультратовушли ванна товушни қайтарувчи кожух билан қопланган, герметик қопқоқ билан бириктирилган бўлиши ҳамда маҳаллий вентиляция ускунаси ва қопқоқни очганда овозни қайтариш ускунаси билан жиҳозланган бўлиши зарур.


166. Лентасимон магнитнинг ўтказгичларини қопламалар билан ўралган ҳолатда ўрнатиш лозим.


167. Электр сайқаллаш вақтида бобинани совутиш учун сув махсус изоляцияланган шланг ва штуцердан юборилиши керак.


168. Иситувчи мосламага эга қуритиш шкафлари ҳамда куйдириш печлари электр токини ечиш мосламаларига эга бўлиши керак.


169. Керамик ва феррит жиҳозларни тайёрлаш жараёни автоматлаштирилган ва ушбу жараёнларнинг кетма-кетлиги аниқ белгиланган бўлиши лозим.


170. Ёнғин келтириб чиқарувчи моддалар жойлашган жойларда маҳаллий вентиляция ускунаси ўрнатилган бўлиши керак.


171. Тошсимон материалларни кесиш ускуналари кожухлар билан қопланган бўлиши керак. Кесувчи ускуналар овозли ишга тушириш ва ўчириш имкониятига эга бўлиши керак.


172. Термостатларда ёпиқ турдаги электр иситгичлар бўлиши керак. Кучланиш ва кучланишни ўчириш ускунаси термостат қопқоғи билан изоляцияланган бўлиши лозим.


173. Аралаштирувчи мосламаларда моддаларнинг сачраши ва тўкилишининг олдини олувчи ускуналар бўлиши керак.


174. Преслаш ва қуйиш машиналари махсус изоляцияланган бўлиши зарур.


175. Қуритиш шкафлари ҳамда куйдириш печлари ҳавони тортиш ускуналари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


176. Мосламаларни қуритиш жиҳозлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

қуритиш камераларининг эшиклари мустаҳкам ўрнатилган бўлиши;

шиберлар ва ишга туширувчи қурилмалар қулай жойлашган бўлиши;

қуритиш жиҳозларини юклаш ёки чиқариш иссиқ ҳаво чиқарилгандан кейин амалга оширилиши зарур.


177. Сепилувчи моддалар билан тўлдирилувчи капсулалар махсус жойларда сақланиши ва ишлатилиши лозим.


178. Материалларни сочилувчи моддалардан тозалаш ва чангланишнинг олдини олиш ишлари маҳаллий вентиляцияга эга бўлган шкафларда амалга оширилиши керак.


179. Радиодеталларни қуритиш ва уларни қайта ишлаш ишлари махсус изолцияланган хоналарда амалга оширилиши лозим.


180. Хона поллари тез тозаланувчи агрессив моддаларга бардошли ҳамда сирпаниш ҳолатлари олди олинган бўлиши зарур.


181. Клей ва лаклардан фоqдаланиладиган хоналарда маҳаллий вентиляция қурилмалари бўлиши лозим.



10-§. Босма плиталар (модуллар) ҳамда тарфаритлар

(шкалалар) ишлаб чиқаришда хавфсизлик талаблари


182. Заҳарли моддалар билан махсус билимга ва тажрибага эга бўлган ходимлар ишлаши лозим.


183. Босма плиталарни ишлаб чиқиш, уларни ювиш, қуритиш ҳамда ёғсизлантириш ишлари махсус ажратилган ҳамда 0,7 м/с ҳаво алмашиш тезлигини етиштириб берувчи вентиляция қурилмаларига эга бўлган хоналарда амалга оширилиши зарур.


184. Хоналар ёнғинга қарши ускуналар билан жиҳозланган бўлиши керак.


185. Босма плиталарни лаклаш ишлари махсус шкафларда амалга оширилиши лозим.


186. Центрифугалар махсус камера боксларида сақланиши керак.


187. Босма платаларни механик қайта ишловчи дастгоҳлар ялтироқ экранлар билан ҳимояланган бўлиши керак.


188. Технологик фотоплёнкалар махсус металл шкафларда иссиқликдан 1,5 м узоқликда сақланиши лозим.


189. Ходимларнинг кўзларини ультрабинафша нурларидан ҳимоялаш учун фотокўчирма машиналар махсус материаллар билан ўралган бўлиши керак.


190. Хона поллари кимёвий моддаларни ютишга қарши материаллар билан қопланган бўлиши керак.


191. Кислоталар концентрациясини амалга оширишда кислотани сувга сачратмасдан солиш лозим.


192. Кимёвий моддалар билан ишлаш хоналарида ювиниш жиҳозлари бўлиши зарур.


193. Кимёвий моддаларни очиқ ҳолда сақлаш тақиқланади.


194. Қуритиш камералари ўлчаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиши керак.


195. Қуритиш камераларидан материалларни олиш учун махсус механизмлар ўрнатилган бўлиши лозим.


196. Қуритиш камералари махсус вентиляция ускуналарига эга бўлиши зарур.


197. Қуритиш камераларининг ташқи девор ҳарорати 45° С гача бўлиши лозим.


198. Бўяш қурилмалари иш бажарилгандан сўнг вентиляция ишлаб турган ҳолатда тозалаб турилиши лозим.



11-§. Микросхемаларни тайёрлашда хавфсизлик талаблари


199. Микросхемаларни тайёрлаш хоналари умумий ёритиш қурилмаларига эга бўлиши лозим.


200. Барча майда дисперсли моддалар билан ишлаш махсус шкафларда амалга оширилиши зарур.


201. Фоторезисторлар ишлаб чиқариш хоналарида қуйидаги талабларга риоя қилиниши зарур:

очиқ ҳолда иситувчи мосламалардан фойдаланмаслик;

вентиляцион қурилмалар ёнғинга қарши ҳолатда қурилган бўлиши;

ходимлар махсус ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланишлари зарур.


202. Деталларни қайта ишлаш ишлари махсус шкафларда амалга оширилиши керак.


203. Юқори вакуумли совутиш ускуналаридан фойдаланилганда фақатгина суюлтирилган азотдан фойдаланиш лозим. Суюлтирилган кислород ва ҳаводан фойдаланиш тақиқланади.



12-§. Радиоэлектрон аппаратураларни созлашда

хавфсизлик талаблари


204. Радиоэлектрон қурилмалар билан ишлашда ҳамда уларни созлашда техника хавфсизлиги бўйича тажрибага эга бўлган ходимлар ишлаши лозим.


205. Ускуналар билан ишлаш хоналари деворларининг қалинлиги махсус ўлчовлар асосида ўлчанган бўлиши ҳамда ҳар бир радио ускунанинг тўлқин тарқатиш қувватига нисбатан ҳисобланган бўлиши лозим.


206. Хона деворлари махсус тўлқин ва радио нурларини қайтарувчи ва ютувчи материаллар билан ўралган бўлиши лозим.


207. Хоналарда фойдаланилувчи материаллар ёнғинга ва портлашга қарши бардошли ҳолатда бўлиши лозим.


208. Радиоэлектрон қурилмаларни созлаш хоналаридаги поллар симли ўтказмалардан ҳимояланган бўлиши керак. Ушбу хоналар овоз ютиш хусусиятига эга бўлиши керак.


209. Радиоэлектрон ускуналарни созлаш хоналарининг экранлаштирилиши қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

хоналар ташкилотнинг ёнғинга қарши биноларида жойлаштирилган бўлиши ҳамда ушлаб турувчи деворларнинг ёнғинга бардошлилик даври 2,5 соатдан кам бўлмаслиги;

хоналарга кирувчи электр симлари махсус металл трубалар асосида амалга оширилган бўлиши;

ёритиш чироқлари ёпиқ ҳолатда бўлиши;

100 кв/м дан ортиқ хоналарда камида 2 та эвакуация қилиш эшиклари ўрнатилган бўлиши;

ёнғинни ўчириш ва сигнализация мосламалари ўрнатилган бўлиши;

деворлар, шифтлар ва поллар махсус радио тўлқинга бардошли металл листлар билан қопланган бўлиши керак.



13-§. Радиоэлектрон ускуналарни синовдан

ўтказишда хавфсизлик талаблари


210. Радиоэлектрон ускуналарни синовдан ўтказишда камида иккита ходим иштирок этиши лозим.


211. Синовдан ўтказувчи ходимлар авария ҳолатида бутун тизимни ўчириш қурилмалари жойлашган жойларни яхши билиши лозим.


212. Синовдан ўтказувчи ишчига синовдан ўтказиш жараёни тугамагунча синовдан ўтказиш майдончасини тарк этиш тақиқланади.


213. Термо камераларда тажриба ўтказишда иккита ходим қатнашиши ва улардан бири ташқарида туриб тажриба жараёнини кузатиб туриши зарур.


214. Температура ва барометрик параметрларни ўзгартириш фақатгина тажрибага жавобгар шахс томонидан амалга оширилиши керак.


215. Радиоэлектрон ускуналарни синовдан ўтказишга жавобгар шахс синовдан ўтказиш тартибига қатъий риоя қилиши лозим.


216. Синовдан ўтказиш жараёни бошланишидан олдин раҳбар томонидан синовдан ўтказиш схемасининг тўғри йиғилганлиги, ҳимоя воситаларининг мавжудлиги ҳамда сигнализация ва блокланиш текшириб кўрилиши лозим.



4-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


217. Ишлаб чиқариш ускунаси фойдаланиш даврида ГОСТ 12.2.003-91 "Ишлаб чиқариш ускунаси. Умумий хавфсизлик талаблари", ГОСТ 12.2.049-80 "Ишлаб чиқариш ускунаси. Умумий эргономик талаблар", ГОСТ 12.2.062-81 "Ишлаб чиқариш ускунаси. Ҳимоя тўсиқлари. Умумий хавфсизлик талаблари", ГОСТ 12.2.064-81 "Ишлаб чиқариш ускунасини бошқариш органлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


218. Ишлаб чиқариш ускуналари уларнинг техник ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши лозим.


219. Ишлаб чиқариш ускунасининг хавфсизлиги қуйидагилар ёрдамида таъминланиши лозим:

ишлаш принциплари, конструктив схемалар, хавфсиз конструкция элементларини танлаш;

конструкцияларда механизация, автоматизация ва узоқдан туриб бошқариш воситаларини қўллаш;

конструкцияларда ҳимоя воситаларини қўллаш;

эргономик талабларни бажариш;

монтаж қилиш, фойдаланиш, таъмирлаш, ташиш ва сақлашга доир техник ҳужжатларга хавфсизлик талабларини киритиш.


220. Зарарли моддалар чиқарадиган ишлаб чиқариш ускунасидан фойдаланилганда бу моддаларнинг иш ҳудуди ҳавосидаги миқдори ГОСТ 12.1.005-88 "Иш жойининг ҳавосига қўйиладиган умумий санитар-гигиеник талаблар. Хавфсизликнинг умумий талаблари"да белгиланган чегаравий йўл қўйиладиган концентрациялар миқдоридан ошмаслиги керак.



2-§. Сақловчи ва блокировкаловчи қурилмаларга

бўлган хавфсизлик талаблари


221. Дастгоҳларнинг деталлари синмаслиги ва хизмат кўрсатувчи ходимларга жароҳат етказмаслиги учун дастгоҳлар ортиқча юкланишдан сақловчи қурилмага эга бўлиши лозим.


222. Дастгоҳларнинг жиҳозлари ўз-ўзидан пастга тушиб кетишининг олдини олувчи қурилмаларга эга бўлиш лозим.


223. Механизациялашган ёки автоматлашган усулда маҳкамланадиган дастгоҳларда ишлов бериш жараёни фақат деталь маҳкамлаб бўлингандан сўнг ишга тушишини таъминлайдиган блокировка қурилмаси бўлиши лозим.


224. Автомат ва ярим автоматлар, уларда ишлов бериш ҳудуди очиқ ҳолатда иш бажарилганда жароҳатланиш юз бермаслиги учун блокировка қурилмаларига эга бўлиши, улар автоматик иш цикли ҳимоя қурилмаси ёпиқ бўлганда ишга тушишини таъминлаши лозим.


225. Дастгоҳларда операциялар бажарилаётган вақтда деталь ёки асбоб айланиши туфайли жароҳатланиш мумкин бўлса, дастгоҳларда шпиндел ўчирилган заҳоти уни автоматик тарзда тўхтатадиган қурилма бўлиши керак.


226. Дастгоҳни созлаш пайтида сақловчи блокировка қурилмаларини ўчириш имконияти кўзда тутилиши зарур.


227. Узоқдан туриб ёки автоматик тарзда ишга тушириладиган ускунада огоҳлантирувчи "Эҳтиёт бўлинг, автоматик тарзда юргизилади!" деган белги ва ёзувлар бўлиши лозим.



3-§. Бошқариш органларига бўлган хавфсизлик талаблари


228. Бошқариш органларининг иш вазифаси ГОСТ 12.4.040-78 "Ишлаб чиқариш ускунасининг бошқариш органлари. Белгиланиши. Умумий талаблар"га асосан ёзувлар ёки белгилар билан кўрсатилиши керак.


229. Ускуна шошилинч тўхтатилиши учун қулай жойларда, доимий иш ўрни ҳудудида ёки тез-тез хизмат кўрсатиладиган хавфли узел яқинида жойлашган "Тўхтатиш" кнопкаси билан жиҳозланиши керак.


230. Хавф соладиган ускуна қисми оператор кўриш доирасидан ташқарида, хавфли иш бошқариш органлари ҳудудида жойлашган бўлса қўшимча авариявий ўчириш қурилмалари билан жиҳозланиши керак.


231. Авариявий ўчиргич ва тугмалар конструкцияси ва жойлашиши улардан ҳар хил иш вазиятларида фойдаланиш имконини таъминлаши лозим.


232. Ускунани авариявий ўчириш қурилмаси энг катта қувватли двигетелни номинал кучланишдаги бошланғич юргизиш токига ва бошқа ҳамма истеъмолчиларнинг номинал токлари йиғиндисига мос бўлган максимал юкланишга мўлжалланган бўлиши зарур.


233. Ускунанинг авариявий ўчириш қурилмаси, иш пайтида танаффус юз берганда аварияга ёки хизмат кўрсатувчи ходимларни жароҳатланишга олиб келиши мумкин бўлган қурилмаларни ўчирмаслиги лозим.


234. Ускунани авариявий ўчириш қурилмасини бошланғич ҳолатига қайтариш қурилмаси ускунани ишга тушириб юбормаслиги лозим.


235. Ишга тушириш қурилмаларининг конструкцияси ва ҳолати (тугма, ричаг ва ҳоказо) ускунани тез, ишончли тарзда юргизилиши ва ўчирилишини таъминлаши ҳамда уларнинг ўз-ўзидан ишлаб кетишига йўл қўймаслиги лозим.


236. Қўл билан бошқариш органлари (шу жумладан электр бошқарув пультларида жойлашган) шундай ясалган ва жойлашган бўлиши керакки, улардан фойдаланиш қулай бўлиши, қўлларни қисиб қолиш ёки бошқа бошқариш органлари ва дастгоҳ қисмларига тиқилиб қолиш ҳолларига олиб келмаслиги ҳамда тасодифан бошқариш органларининг ишлатилишига йўл қўймаслиги керак.


237. Бир нечта ходимлар хизмат кўрсатадиган ускунанинг бошқариш органлари, ҳаракатларнинг зарурий кетма-кетлигини таъминлайдиган блокировка қурилмасига эга бўлиши лозим.


238. Блокировка қурилмаларини қўлламасликка техник жиҳатдан асослар бўлган ҳолларда бошқариш органлари ёнига огоҳлантириш ёзувлари ва белгилари ўрнатилиши керак.


239. Мураккаб ва хавфли ускунанинг бошқарув органлари унда ростлаш ишларини ўтказиш ва бегона шахслар ишлашига йўл қўймаслик учун қулфлар ёки пломбалар билан таъминланган, эшикчалари ёпиқ бўлиши лозим.



4-§. Ускуна ва механизмларни тозалаш

ва ёғлашда хавфсизлик талаблари


240. Ускуна ёки механизм атрофидаги хавфли зонадан қипиқ, қийқим, чанг ва бошқа ифлосланишларни тозалаш ишлари фақат шу ускунада ишловчи ходим томонидан амалга оширилиши лозим.


241. Ускуналардаги чанг ва бошқа ифлосланишларни илгак, метка ва махсус тозаловчи воситалар ёрдамида тозалаш зарур.


242. Моторлар, ишга туширувчи реостатлар, коробкали ёки бошқача ўчирувчилар, ускуна ва механизмларнинг бошқа қисмлари ҳамда арматура ва кучланиш остида турадиган асбобларни йиғиштириш ва тозалаш тақиқланади.


243. Ёғлаш системаси ёғнинг сачраши ва тўкилиб кетишининг олдини олувчи қурилмаларга эга бўлиши керак.


244. Ускуна ва механизмлар приводларини иш жараёни давом этаётган вақтда мойлаш тақиқланади.



5-§. Назорат-ўлчов асбобларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


245. Радиоэлектрон ишлаб чиқаришда технологик жараёнларнинг кўрсаткичларини назорат қилиш учун қўлланилувчи назорат-ўлчов асбоблари ГОСТ 12.3.019-80 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Электр синашлар ва ўлчашлар. Хавфсизликнинг умумий талаблари", ГОСТ 12.1.006-84 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Радио тўлқинларнинг электромагнит майдонлари. Иш жойларида мумкин бўлган даражаси ва назоратни ўтказиш талаблари"га мос бўлиши шарт.


246. Назорат-ўлчов асбобларининг шкаласидаги чизиқ кўрсаткичлар аниқ кўриниб туриши лозим.



6-§. Асбобларга бўлган хавфсизлик талаблари


247. Эгов, искана, винтни бурайдиган асбоб, бигиз ва бошқа ўткир ишламайдиган учли қўл асбоблари текис ва равон тозаланган дасталарга маҳкам ўрнатилган бўлиши лозим.


248. Дасталар асбоб ўлчамига мос, лекин 150 мм дан кам бўлмаган узунликка эга бўлиши ва қизиб кетишдан ҳимояланиш учун металл ҳалқа билан қопланиши шарт.


249. Кенг юзаларни текисловчи қайроқтош ва йирик эговлар ушбу юзаларни қулай ишлов бериш имкониятини берувчи махсус тутқичлар билан таъминланиши керак.


250. Сиқувчи ускунали дастгоҳлар бир-биридан камида 1 м масофада ўрнатилиши керак. Дастгоҳнинг эни 0,75 м дан кам бўлмаслиги лозим.


251. Сиқувчи ускунали дастгоҳларда ишлашда ходимларни учиб чиқаётган бўлаклардан ҳимоя қилиш учун баландлиги 1 м дан кам бўлмаган тўр тўсиқлар ўрнатилиши ҳамда ушбу тўр тўсиқларнинг ячейкалари ораси 3 мм дан кам бўлмаслиги зарур. Дастгоҳда иккиёқлама ишлаганда тўр ўртага, бир томонлама ишланганда эса, иш жойи ва ойна тарафга юзланган томонга ўрнатилади.


252. Омбирнинг тишлари ўткир бўлиши ва ясси тишли омбирнинг кескичи соз ҳолатда бўлиши лозим.


253. Болталар текис кескига эга бўлиши, урилмаган, эзилмаган ва дарз кетмаган бўлиши зарур.


254. Парма, винт буровчи асбоб, зенкер ва бошқа ўрнатилувчи асбоблар тўғри чархланган бўлиши, дарз, эзилиш ва бошқа камчиликларга эга бўлмаслиги керак.


255. Асбоблар иш жойига мустаҳкам ўрнатилиши шарт.


256. Арралар тўғри ажратилган ва яхши чархланган бўлиши лозим. Арранинг тутқичи тўғри ва маҳкам ўрнатилган, силлиқ ва текис тозаланган бўлиши зарур.


257. Рандаловчи асбоблар силлиқ ва текис қолипга эга бўлиши лозим.


258. Пневмо-машиналар дастасининг клапани осон ва тез очилиб-ёпилиши, маҳкам созланган бўлиши ва ёпиқ ҳолатда ҳаво ўтказмаслиги керак.


259. Пневмо-машиналар асбобларининг пастки қисми нотекис, қийшиқ, дарз кетмаган ва бошқа шикастланишлардан ҳоли бўлиши ҳамда тўғри марказлаштирилган ва тўғри келтирилган бўлиши зарур.


260. Пневмо-машиналарнинг шланглари мустаҳкам резина хом ашёсидан ишланган ниппел ва штуцер ўлчовига мос равишда бўлиши ҳамда қайси босимда ишлатиш мумкинлигини кўрсатувчи паспортга эга бўлиши зарур.


261. Асбоб ва ўтказувчи қувурга ўрнатилган шланглар шланг чиқиб кетмаслигини таъминлайдиган усулда ўрнатилган бўлиши лозим.


262. Шлангларнинг штуцери, ниппеллари қирраси ҳамда резьбаси соз бўлиши ва шлангларни пневмо-машина ҳамда ҳаво йўлларига мустаҳкам уланишини таъминлаши шарт.


263. Пневмо-машиналарнинг камчилигини текшириш, созлаш ҳамда ҳамма қисмларининг ўзаро таъсирини аниқлаш машинани ишга туширишдан олдин сиқиқ ҳаво ҳаракатини синаб кўриш йўли билан аниқланиши зарур. Иш тугаганидан сўнг пневмо-машиналар текширувга топширилиши лозим.



7-§. Хизмат кўрсатиш майдончалари ва зиналарга

бўлган хавфсизлик талаблари


264. Дастгоҳга хизмат кўрсатиш ёки ишлов бериш ҳудудини кузатиш учун ходимнинг пол сатҳидан 0,5 м ва бундан баландроқда туриши талаб этилса, дастгоҳ зинапоя билан жиҳозланган хизмат кўрсатиш майдончалари ёки сирпанмайдиган қопламали галеряларга эга бўлиши керак.


265. Майдончалар сифатида ускунанинг горизонтал юзаларидан (станина, суппорт, бабкалар ва ҳоказолар) фойдаланиш мумкин. Хизмат кўрсатиш майдончаларидан устёпма ёки ускунанинг чиқиб турган қисмларигача бўлган баландлик 2 м дан кам бўлмаслиги зарур.


266. 0,5 м дан баландда жойлашган майдончалар ва уларга олиб чиқадиган зиналарда, пастида баландлиги 100 - 50 мм яхлит ён қоплама ўрнатилган баландлиги 1 м дан кам бўлмаган тўсиқ (панжара)лар бўлиши керак.


267. Майдонча сатҳидан 0,5-0,6 м баландликда қўшимча горизонтал планка ўрнатилиши лозим.


268. Вертикал устунлар орасидаги масофа 1,5 м бўлиши керак.


269. Хизмат кўрсатиш майдончалари ва зиналарнинг эни 0,5 м дан кам бўлмаслиги зарур.


270. Зиналарнинг иккала тарафида тўсиқ (панжара)лар бўлиши лозим.


271. Хизмат кўрсатиш майдончаси 10 м дан баландроқда жойлашган бўлса, ҳар 5 м да дам олиш майдончалари ўрнатилиши зарур.


272. Зина ва майдончаларнинг тутқичлари қўл билан ушлаш учун қулай бўлиши, ўткир қирралари, қиров ва кийим илиниши мумкин бўлган чиқиб турган жойлари бўлмаслиги лозим.



8-§. Ишлаб чиқариш ускунаси, коммуникацияларни

жойлаштиришда хавфсизлик талаблари


273. Радиоэлектрон ишлаб чиқариш цехларида асосий ва ёрдамчи ускунани жойлаштириш, ускуна ва бинолар деворлари орасидаги масофа 0,6 м дан кам бўлмаслиги лозим.


274. Асосий ва ёрдамчи ускуналар асосий юк ташиш йўналишига мувофиқ ўрнатилиши зарур.


275. Ишлаб чиқариш ускунасининг жойлашиши унга бехатар ва қулай хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, монтаж ва демонтаж қилишни таъминлаши керак.


276. Иш ўринларини режалаш ускунани бошқариш органи ва пультларига эркин ўтиш йўлаклари ва кириш жойларини, иш жараёнларининг қулай ва бехатар бажарилишини таъминлаши ва ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га жавоб бериши лозим.


277. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида учиб чиқаётган материал парчаларидан сақлаш чоралари кўрилиши лозим.


278. Иш жойларида жиҳозлар, материал, тановар, ярим тайёр маҳсулот, тайёр маҳсулот ва чиқиндилар солиниши учун стеллаж, идиш, стол ва бошқа қурилмалар қўйиладиган майдончалар кўзда тутилиши лозим.


279. Цех ва участкаларда ускуналарни жойлаштириш ва иш ўринларини режалаш фавқулодда вазиятлар юз берганда ходимларни хавфсиз эвакуация қилиш имкони кўзда тутилиши зарур.


280. Цехлардаги ўтиш жойларининг кенглиги қуйида кўрсатилган миқдорлардан кам бўлмаслиги керак:

магистрал ўтиш жойлари учун 1,5 м;

ускуналар ўртасидаги ўтиш жойлари учун 1,2 м;

ишлаб чиқариш биноси деворлари ва ускуна ўртасидаги ўтиш жойлари учун 1,0 м;

ускунага хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш мақсадида унга бориладиган ўтиш жойлари учун 0,7 м.


281. Конвейер қурилмалари, ишлаб чиқариш бинолари, галереялар, туннеллар ва эстакадаларнинг жойлашиши ГОСТ 12.2.022-80 "Конвейрлар. Хавфсизликнинг умумий талаблари"га жавоб бериши лозим.



9-§. Ташкилотларда зарарли омиллар таъсирининг санитария

нормалари ва қоидаларида белгиланган миқдоргача

камайтирилишини таъминловчи усул ва тадбирлар


282. Чанг кўп ҳосил бўладиган ҳудудларда ишлаш вақтида чангни ўтказмайдиган қаттиқ матодан тайёрланган махсус кийим, нафас олиш органлари учун индивидуал ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


283. Кабель ишлаб чиқаришда бажарилаётган иш хусусиятига қараб ҳимоя воситаларидан фойдаланиш лозим.


284. Шовқиннинг ишловчиларга кўрсатадиган зарарли таъсирини бартараф этиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар қабул қилиниши лозим:

шовқин ҳосил қиладиган ускунани алмаштириш йўли билан технологияга ўзгартириш киритиш ёки шовқинни ютадиган қурилмаларни қўллаш;

стационар машина ва механизмлар остига изоляцион қистирмали пойдеворлар қуриш;

агрегатлар ёки уларнинг қисмлари учун шовқинни ўтказмайдиган кожухларни қўллаш;

титрайдиган юзаларни вибрацияни ютувчи ички ишқаланиши юқори бўлган материаллар билан беркитиш;

металл деталларни пластмассадан ясалган деталлар билан алмаштириш, хизмат кўрсатувчи ишчилар учун шовқин ўтказмайдиган кабиналар қуриш;

агрегатларнинг газ чиқарадиган ва ҳаво сўрадиган туйнукларида шовқинни камайтирадиган мосламаларни ўрнатиш, кўтариб турувчи конструкцияларга (тўсинлар, фермалар) турли шовқин ютқичлар билан ишлов бериш;

кичик ҳажмдаги хоналарнинг ички юзаларини шовқинни ютадиган материаллар билан қоплаш.


285. Агар иш шароитига кўра иш жойларида шовқин даражасини камайтириш имкони бўлмаса, ишчиларнинг иш ва дам олиш режимини ўзгартириш, қулоқни безовта қилмайдиган ва шовқинни белгиланган меъёрлар даражасигача камайтирадиган индивидуал ҳимоя воситалари (наушниклар, шлемлар, тиқинлар, шовқинга қарши вкладишлар) билан таъминлаш орқали ишчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича профилактик чора-тадбирлар тизими кўзда тутилиши лозим.


286. Қўл орқали ишчиларнинг организмига ўтадиган вибрациянинг чегаравий йўл қўйиладиган даражалари СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва маҳаллий вибрациянинг санитария меъёрлари"га мос бўлиши лозим.



5-БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ишларини олиб бориш


287. Таъмирлаш ишларини ўтказишда бажариладиган ишларнинг технологик кетма-кетлиги акс эттирилган таъмирлаш ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлиши ва уларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

амалга оширилиши лозим бўлган хавфсизлик чоралари ва махсус технологик жараёнлар;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомларнинг турлари;

таъмирланган ускуналар ва уларнинг қисмлари техник талабларга мувофиқлиги ҳақидаги ҳужжатлар.


288. Капитал ва жорий таъмирлаш дастурларида таъмирлашни ўтказиш учун масъул шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари белгиланиши лозим.



2-§. Таъмирлаш ишларини бажаришни ташкилот раҳбарияти

билан келишиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш

учун масъул шахсларни тайинлаш


289. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларини бажариш ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.


290. Таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган масъул ходим раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


291. Таъмирлаш ташкилотлари томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши зарур.



3-§. Таъмирлаш ишларини бажарувчи шахсларнинг малакасига

қўйиладиган талаблар ва таъмирланадиган участкаларни ажратиш


292. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва созлаш ишлари махсус ўқитилган ва йўл-йўриқ берилган, тегишли билим ва малакага эга ходим томонидан амалга оширилиши керак.


293. Капитал таъмирлашдан сўнг асбоб-ускунани ишга туширишга ташкилот бош механиги (бош энергетик), меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, ишлаб чиқариш мажмуаси бошлиғи ва касаба уюшмаси вакилларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан ташкилот раҳбари ёки бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.


294. Таъмирлаш ишлари бажарилгандан сўнг ускунани ишга тушириш фақат масъул ходим рухсати билан амалга оширилиши лозим.


295. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ва у ерда хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


296. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин унда иштирок этадиган барча ходимлар таъмирлаш ишларини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва уларга таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқ берилиши зарур.



4-§. Таъмирлаш ишларининг хавфсиз олиб борилишини

таъминлаш, зинапояларда ва кўтариш механизмларида

ишлаш шартлари


297. Таъмирлаш жараёнида ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


298. Таъмирлаш пайтида иш жойлари, йўллар ва зинапояларни турли буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


299. Баландликда таъмирлаш ишларини бажаришда ҳавоза ва тахта тўшамалардан фойдаланиш зарур.


300. Ҳавоза ва тахта тўшама ўрнатишнинг имкони бўлмаса, ходимлар баландликда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонлардан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари ва арқонлар маҳкамланадиган жойлар конструкцияларда олдиндан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


301. Баландликда таъмирлаш ишларини бажарганда асбоб-ускуна ва материалларни майдонча қирғоғига қўйиш ёки ерга ташлаш тақиқланади. Асбоб-ускуналарни сақлаш ва ташишда махсус сумка ёки қутилардан фойдаланиш зарур.


302. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши керак.


303. Ёритиш чироқларини таъмирлаш ишларида фақат 12 В кучланишдаги кўчма лампалар, портлашдан ҳимояланган аккумуляторли чироқлардан фойдаланиш керак.


304. Ёритиш мақсадида машъала, гугурт, керосинли фонарлар, шамчироқлардан фойдаланиш тақиқланади.


305. Суюқ ёнилғи сақланадиган идишлар, битум сақлагичлар, конвейерлар, шимдириш ванналари ва нефть маҳсулотлари мавжуд бошқа сиғимларни таъмирлашда ушбу сиғимлар ундаги маҳсулотлардан бўшатилиши зарур.


306. Идишлар, бункерлар ва бошқа чуқур жойларда ишлаётган ходим маҳкамланган қутқарув арқонига эга бўлиши, арқоннинг иккинчи учи ташқарига чиқарилган ва кузатувчи назорати остида бўлиши керак.


307. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар иш жойидан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар ўз жойига ўрнатилиши керак.



6-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


308. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


309. Мансабдор шахслар ва ходимлар хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


310. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Ўзэлтехсаноат" акциядорлик жамияти ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 15 февраль, 6-сон, 59-модда