Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Стратегик ва монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг биржа ва кимошди савдоларига қўйилишини назорат ва мониторинг қилиш тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.07.2010 й. 2125-сон билан рўйхатга олинган Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 23.06.2010 й. 4-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 26 июлда 2125-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Монополиядан чиқариш ва

рақобатни ривожлантириш

давлат қўмитасининг

2010 йил 23 июндаги

4-сон қарорига

ИЛОВА


Стратегик ва монопол маҳсулотлар,

хом   ашё   ва   материалларнинг   биржа

ва кимошди савдоларига қўйилишини назорат

ва мониторинг қилиш тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Табиий монополиялар тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 212-модда), "Рақобат тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 1-сон, 5-модда) қонунларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон "Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 5-сон, 57-модда), 2008 йил 4 мартдаги 36-сон "Маҳсулотларнинг монопол турларини мавсумий талабни ҳисобга олган ҳолда биржа савдоларига қўйиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 10-11-сон, 60-модда), 2011 йил 21 июндаги 185-сон "Маҳсулотларнинг монопол турларини товар-хом ашё биржаси орқали сотиш рўйхатини янада кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 25-сон, 262-модда) қарорларига мувофиқ стратегик, монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг биржа савдоларига қўйилиш жадвалларини, маҳсулотларнинг реализация қилиш ҳажмлари ва нархларини назорат ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорининг 1 ва 2-иловаларида, 2011 йил 21 июндаги 185-сон "Маҳсулотларнинг монопол турларини товар-хом ашё биржаси орқали сотиш рўйхатини янада кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 1-иловасида келтирилган рўйхатларга асосан биржа ва кимошди савдоларига қўйиладиган стратегик, монопол, хом ашё ва материаллар тоифасига киритилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 мартдаги 36-сон "Маҳсулотларнинг монопол турларини мавсумий талабни ҳисобга олган ҳолда биржа савдоларига қўйиш механизмини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) қарори билан аниқланадиган маҳсулотларни реализация қилишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланилади.


II. СТРАТЕГИК ВА МОНОПОЛ МАҲСУЛОТЛАР,

ХОМ АШЁ ВА МАТЕРИАЛЛАРНИ БИРЖА ВА

КИМОШДИ САВДОЛАРИГА ҚЎЙИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ВА МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


3. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган маҳсулотларни биржа ва кимошди савдоларига қўйилиши, реализация қилиш ҳажмлари ва нархлари устидан назорат қилиш Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

Назорат қилиш ташкилотлар ва биржа ва кимошди савдолари ташкилотчиларининг маълумотларини ўрганиш йўли билан, шунингдек биржа ва кимошди савдолари ўтказилиши устидан мониторингларни олиб бориш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишларни ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


4. Ташкилотлар мажбурий тартибда стратегик ва монопол маҳсулотларни, хом ашё ва материалларни тегишли моддий баланслар ва Қўмита қарори билан аниқланадиган ҳажмларда, шунингдек жадвалларда назарда тутилган муддатлар ва қуйидагилар бўлган ҳолда, бир маромда биржа ва кимошди савдоларига қўядилар:

ойлар бўйича - маъданли ўғитлар, қора металлар прокати, кўмир, нефть маҳсулотлари, пахта линти, рангли металл учун;

ой ўн кунликлари бўйича - цемент учун;

биржа савдолари кунлари бўйича - ун, шакар, пахта ёғи, суюлтирилган газ, шифер, полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар учун.


5. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган жадваллар келгуси ой учун ташкилотлар томонидан Қўмитанинг қарори билан белгиланган ҳажмлар ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек улар учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари томонидан белгиланган, ушбу мақсадлар учун Иқтисодиёт вазирлиги тасдиқлаган чораклар ва ойлар бўйича моддий балансларнинг бажариш жадваллари асосида Қўмита билан келишган ҳолда олдинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тегишли тақсимлаш билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Ташкилот стратегик ва монопол маҳсулотларни, хом ашё ва материалларни биржа савдоларига объектив ва ташкилотга боғлиқ бўлмаган сабаблар бўйича қўйишни тасдиқланган жадвалларда назарда тутилган ҳажмлари ҳамда муддатларини бажаришнинг иложи бўлмаган ҳолларда бу ҳақда маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш санасидан бир кун аввал Қўмита ёки унинг ҳудудий органларига хабар беради.


6. Ташкилотлар, кичик бизнес субъектлари бундан мустасно, ҳар ойнинг 3-санасидан кечиктирмай Қўмита ёки унинг ҳудудий органларига Қўмита қарори билан аниқланган тегишли моддий баланслар ва ҳажмларда, шунингдек мазкур низомнинг 5-бандига мувофиқ тасдиқланган жадвалда назарда тутилган маҳсулотни биржа ва кимошди савдоларига қўйишнинг амалда бажарилиши тўғрисида ахборотни тақдим қиладилар.


7. Биржа ва кимошди савдоларининг ташкилотчилари ҳар куни Қўмитага маҳсулотни биржа ва кимошди савдоларига қўйиш ҳамда улар орқали сотиш тартибида назарда тутилган тегишли номенклатура бўйича биржа ва кимошди савдоларига қўйилган маҳсулотнинг ҳақиқий ҳажмлари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек сотилган маҳсулот нархлари ва биржа ҳамда кимошди савдоларида шаклланган нархларнинг ўртача котировкалари тўғрисидаги ахборотни тақдим этадилар.



III. МАҲСУЛОТЛАРНИ БИРЖА ВА КИМОШДИ

САВДОЛАРИГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


8. Мазкур Низом бузилганда, шу жумладан, жадвалларда белгиланган ҳажм ва муддатларда стратегик ва монопол маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар қўйилмаганлиги биржада нархлар ошишига олиб келганда, шунингдек белгиланган ҳажм ва муддатларда маҳсулотларни қўйиш имконияти йўқлиги ҳақида ахборот тақдим этилмаганда Қўмита ва унинг ҳудудий органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 30-сон, 256-модда.