Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни "Биржа" газетасида марказлаштирилган тарзда нашр этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 07.04.2007 й. 1671-сон билан рўйхатга олинган ҚҚБФМНҚМ 01.03.2007 й. 2007-02-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 7 апрелда 1671-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини

мувофиқлаштириш ва назорат қилиш

маркази Бош директорининг

2007 йил 1 мартдаги

2007-02-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан

ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни

"Биржа" газетасида марказлаштирилган тарзда

нашр этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 7, 354-модда), "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил., N 5-6, 61-модда) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда) ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ "Биржа" газетасида қонун ҳужжатларига мувофиқ ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни марказлаштирилган тарзда нашр этиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


марказлаштирилган тарзда нашр этиш - қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни "Биржа" газетасида нашр этилиши;


қимматли қоғозлар бозоридаги ахборот (бундан кейинги ўринларда ахборот деб юритилади) - қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ошкор этилиши шарт бўлган хабар ва фактик маълумотлар мажмуи;


қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази;


"Биржа" газетаси - қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни марказлаштирилган тарзда нашр этилиши учун босма нашри;


буюртма - қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг "Биржа" газетасига ошкор этилиши шарт бўлган ахборотларни нашр этиш учун ёзма мурожаати.


2. Ахборотларни "Биржа" газетасида нашр этиш орқали ошкор этиши шарт бўлган қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари бўлиб:

қимматли қоғозлар эмитентлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, инвесторлар ҳисобланади.

Қимматли қоғозлар бозорининг бошқа иштирокчилари ахборотларни "Биржа" газетасида нашр этиш орқали ошкор қилишга ҳақлидир.


3. Ахборотлар "Биржа" газетасида давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, тақдим этилган эълон матнидаги бошқа тилларда ҳам нашр этилади.


4. Ахборотларни нашр этиш учун тўловлар миқдори тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.


5. "Биржа" газетаси томонидан нашр этиш учун олинадиган тўловларнинг энг юқори миқдори, шунингдек газетани сотилиш нархи "Биржа" газетаси томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда белгиланади.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан "Биржа" газетасида қонун ҳужжатларига мувофиқ нашр этилаётган ахборотни нашр этиш учун тўлов олинмайди.

6. "Биржа" газетасининг сони ҳафтасига камида уч марта чиқарилиши ва республиканинг барча вилоятларига тарқатилиши лозим.



II. АХБОРОТЛАРНИ НАШР ЭТИШ УЧУН

БУЮРТМАЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ


7. Ахборотларни нашр этиш бўйича қимматли қоғозлар бозори иштирокчиси ва "Биржа" газетаси ўртасида ахборот хизмати кўрсатиш шартномаси тузилади.


8. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ахборотларни ошкор этилиши учун қонунчиликда белгиланган муддатда "Биржа" газетасининг буюртмаларни қабул қилиш шохобчасига эълон матнининг қоғоз ва электрон кўринишлари илова қилинган буюртмани беришлари лозим.

Магнит нусхада жойлашган эълон матни қоғоз кўринишида тақдим этилган маълумотларга мувофиқ бўлиши зарур.


9. Ахборотларнинг нашр этилишига буюртма бериш шаклига бўлган талаблар "Биржа" газетаси томонидан ўрнатилади.


10. Юридик шахс бўлган қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ахборотлари, унинг ваколатли мансабдор шахси имзоси ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг асосий муҳри билан тасдиқланган фирма бланкида ёзма шаклда тақдим этилади.

Жисмоний шахс бўлган қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ахборотлари, қимматли қоғозлар бозори иштирокчиси имзоси билан ёзма шаклда тақдим этилади.


11. Ахборотлари "Биржа" газетасида нашр этилиши лозим бўлган буюртмачиларнинг рўйхати, буюртмалар келиб тушган сана ва унга илова қилинган эълонлар матни бўйича шакллантирилади ҳамда "Биржа" газетасининг ваколатли мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.


12. "Биржа" газетасига келиб тушган қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг буюртмаларида акс эттирилган ахборотлар:

"Биржа" газетасининг навбатдаги сонини териш муддати тугагунга қадар берилган бўлса - навбатдаги сонида нашр этилади;

"Биржа" газетасининг навбатдаги сонини териш муддати тугаганидан сўнг берилган бўлса - газетанинг кейинги навбатдаги сонида нашр этилади.

"Биржа" газетаси ҳар бир сонида "Биржа" газетаси сонини нашр этишга териш муддати тугатилишининг аниқ вақтини кўрсатиши шарт.



III. "БИРЖА" ГАЗЕТАСИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. "Биржа" газетаси:

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларидан фақат тўғри расмийлаштирилган буюртмаларни ва эълонлар матнини тақдим этилишини талаб қилишга;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари билан келишилган ҳолда эълон матни ва ҳажмига тузатишлар киритишга;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлишга ҳақли.


14. "Биржа" газетаси:

республиканинг барча вилоятларида ахборотларни нашр этиш учун буюртмаларни қабул қилиш шохобчаларини ташкил этишга;

газета сонларини ҳафтасига камида уч марта чиқарилишини таъминлашга;

келиб тушган буюртмалар бўйича нашр этишни шартнома тузилганидан сўнг амалга оширишга;

"Биржа" газетасининг ҳар бир сонини киоскалар тармоғи ва вақтли матбуотни тарқатувчилар орқали етказишни таъминлашга;

ахборотларни нашр этиш учун келиб тушган буюртмалар ҳисобини юритишга;

тўғри расмийлаштирилиб тақдим этилган буюртмалар ва эълон матнига асосан ахборотларни газетада нашр этишга;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан "Биржа" газетасида нашр этиш учун тақдим этилган эълон матнини, нашр этиш учун белгиланган муддатларда "Биржа" газетаси веб-сайтининг "корпоратив бошқарув" бўлимида бепул жойлаштиришга;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг барча буюртмаларини қабул қилиш ва сақлаш бўйича ички назоратни таъминлашга;

нашр этиш учун тақдим этилган буюртмалар ва эълонлар матнини камида уч йил сақлашга;

икки кунлик муддатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар бузилган ҳолда нашр қилинганлиги тўғрисида хабардор қилишга;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотларни нашр этилиши тўғрисидаги тегишли маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи сўрови бўйича тақдим этишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларга риоя этишга мажбурдир.



IV. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ АХБОРОТЛАРНИ

ОШКОР ЭТИШДАГИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ахборотларни ошкор этишда:

шартнома асосида эълон шрифти, ранги ва ҳажмини белгилашга, бунда шрифтнинг энг кичик ҳажми 8 дан кичик бўлмаслиги лозим;

"Биржа" газетасидан эълонни, белгиланган муддатларда тақдим этилган эълон матнидаги тилда нашр этилишни талаб қилишга;

"Биржа" газетасининг айби билан ахборотлар ўз вақтида нашр этилмаганлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлишга ҳақлидир.


16. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ахборотларни ошкор этишда:

ахборотлар матнини тегишли шаклда тақдим этишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нашр этилиши шарт бўлган молиявий ҳисоботларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклда тақдим этишга;

ишончсиз ахборотларни нашр этиш ҳолатлари аниқланганда раддия (тузатишлар) чоп этилишини талаб қилишга;

қонунчиликка мувофиқ ошкор этиладиган ахборотлар нашрлари ҳисобини юритишга;

эълон нашр этишга берилган буюртмалар "Биржа" газетаси томонидан қабул қилиш ноқонуний равишда рад этилган ҳолатлар тўғрисида оқилона муддатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини хабардор этишга;

"Биржа" газетасининг айби билан ахборотлар муддатларга риоя этилмаган ҳолда нашр этилиши ҳолатлари тўғрисида оқилона муддатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини хабардор этишга;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларга риоя этишга мажбурдир.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ахборотлари реклама ҳисобланмайди.


18. Тақдим этилган ахборотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик қимматли қоғозлар бозори иштирокчиси зиммасига юкланади.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиси томонидан тақдим этилган ахборотларга мос келмаган ахборотларни нашр этганлик учун жавобгарлик "Биржа" газетаси зиммасига юкланади.


19. "Биржа" газетаси қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан тақдим этилган ахборотлар бўйича ҳисобнинг тўлиқлигини ва маълумотлар электрон базасини юритилишини таъминлайди.


20. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 160-модда.