Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.1999 й. 303-сон "Давинком" инвестиция фирмасини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.1999 й.

N 303



"ДАВИНКОМ" ИНВЕСТИЦИЯ ФИРМАСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Хусусийлаштирилган корхоналарнинг давлатга тегишли қимматли қоғозларини ички ва халқаро фонд бозорларида тарқатиш ишларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузурида давлат қўшма корхонаси шаклидаги, ўз фаолиятини хўжалик ҳисобида юритиш ҳуқуқлари бўйича амалга оширувчи "Давинком" инвестиция фирмаси ташкил этилсин.

Белгилансинки, қуйидагилар "Давинком" инвестиция фирмасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

бозор ҳажмини аниқлаш ва қимматли қоғозларни сотишнинг энг самарали йўллари ва шаклларини танлаш мақсадида қимматли қоғозларнинг мамлакатимиздаги ва халқаро бозорлари аҳволини ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;

хусусийлаштирилган - корхоналар эмитентлар ва улар томонидан чиқарилаётган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотларни тарқатиш, мамлакатимиздаги ва хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида реклама фаолияти билан шуғулланиш;

хусусийлаштирилган корхоналарнинг давлатга тегишли қимматли қоғозларини ички ва халқаро бозорларда, шу жумладан биржа ва биржадан ташқари савдоларда мустақил равишда ёки шартнома асосида жалб этиладиган мамлакатимиз ҳамда чет эл инвестиция муассасалари ва банклари орқали белгиланган тартибда тарқатиш;

қимматли қоғозлар олти-сотдиси бўйича ўзи тузган битишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижроси мониторингини амалга ошириш.

2. "Давинком" фирмаси марказий аппаратининг ва минтақалардаги филиалларининг тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

"Давинком" фирмаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиаллари ходимларининг чекланган сони 77 нафар, шу жумладан марказий аппарат ходимлари сони 25 нафар (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) этиб белгилансин.

Белгилансинки:

"Давинком" фирмаси бош директори, унинг ўринбосари ҳамда филиаллар директорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳайъати қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тайинланадилар;

"Давинком" фирмаси марказий аппаратини ва унинг минтақалардаги филиаллари фаолиятини маблағ билан таъминлаш уставга мувофиқ хўжалик фаолиятини юритишдан олинган даромадлар ҳисобига амалга оширилади.

"Давинком" фирмаси Бош директори бошқарув тузилмасига белгиланган ходимларнинг чекланган сони доирасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

3. Белгилаб қўйилсинки:

"Давинком" фирмаси хусусийлаштирилган корхоналарнинг давлатга тегишли қимматли қоғозларини мамлакатимиз ва халқаро фонд бозорларида тарқатиш ва корхоналарни, объектлар (улушлар, мулк)ни Республика кўчмас мулк биржаси биржа савдоларига чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ваколатли агенти ҳисобланади;

"Давинком" фирмаси корхоналар ва объектлар (улушлар, мулк)ни хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг қимматли қоғозларини тарқатиш (сотиш) бўйича ўзининг барча ишларини фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари номидан ва унинг топшириғига биноан амалга оширади;

"Давинком" фирмасининг даромадлари ва харажатлари сметаси, унинг фойдасини тақсимлаш, филиаллари ва ваколатхоналарини очиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан тасдиқланади;

"Давинком" фирмасининг фаолияти асосий йўналишларини мувофиқлаштириб бориш, устав жамғармасини кўпайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ва ўтказиладиган операцияларини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан амалга оширилади.


4. Белгилансинки, "Давинком" фирмаси" даромадлари:

фирма томонидан унинг корхоналари ва объектлари (улушлари, мулки) қимматли қоғозлар биржа ва биржадан ташқари бозорларда мустақил равишда сотилганда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасидан олти-сотди битишуви суммасининг 1 фоизи миқдорида олинадиган воситачилик йиғимлари ва қимматли қоғозлар олди-сотдиси битишувлари нархининг таклиф этилган нархдан ортиқ суммасининг 5 фоизи миқдорида олинадиган мукофотлар ҳисобига;

фирма томонидан қимматли қоғозлар биржадан ташқари бозорда биржадан ташқари савдоларнинг электрон тизими орқали ёки воситачини -мамлакатимиз инвестиция муассасасини тендер асосида жалб этган ҳолда сотилганда  Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасидан тузилган битишув суммасининг бир фоизи миқдорида олинадиган воситачилик йиғими ҳисобига, уларнинг 0,1 фоизи  эса "Давинком" фирмаси ихтиёрида қолади, 0,9 фоизи эса воситачига ёки биржадан ташқари савдоларнинг электрон тизимини амалга оширувчи ташкилотга ўтказилади;

фирма томонидан қимматли қоғозлар хорижий воситачини жалб этган ҳолда сотилганда  Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасидан  амалга оширилган битишув суммасининг бир фоизи миқдорида  олинадиган мукофот ҳисобига;

фирма уставига ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ "Давинком" фирмаси асосий фаолияти билан боғлиқ бошқа ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушумлар ҳисобига шаклланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда:

"Давинком" фирмаси Уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

"Давинком" фирмаси устав жамғармасини хусусийлаштиришдан олинадиган, инвестиция ва бозор инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириладиган маблағлар ҳисобига 5 млн сўм миқдорида шакллантирсин;

"Давинком" фирмасининг марказий аппарати ва филиалларини юқори малакали мутахассислар билан бутласин;

"Давинком" фирмаси марказий аппаратини ва филиалларини, уларнинг зиммаларига юкланган вазифаларга мувофиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш учун, моддий-техникавий жиҳозлашда кўмаклашсин;

"Давинком" фирмасининг марказий аппаратини Республика биржа марказининг Тошкент шаҳар, Бухоро кўчаси, 10-уйдаги биносининг Республика кўчмас мулк биржаси томонидан бўшатиладиган хоналарга жойлаштирсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда "Давинком" фирмаси филиалларини жойлаштириш масаласини ҳал қилсин.


6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Республика кўчмас мулк биржасини жойлаштиришни икки ҳафта муддатда таъминласин.


7. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги "Давинком" фирмасини ва унинг филиалларини белгиланган тартибда телефон ва телеграф, шу жумладан Ҳукумат алоқа воситалари билан таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Акциялар пакетларини жойлаштиришни такомиллаштириш ҳамда давлат мулки негизида ташкил этилган акциядорлик жамиятларини бошқаришда акциядорлар ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1997 йил 18 августдаги 404-сон қарорига 2-иловага 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Чжен зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 17 июндаги

303-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг 1997 йил 18 августдаги 404-сон

қарори билан тасдиқланган "Хусусийлаштирилаётган

корхоналар акциялари билан биржава биржадан ташқари

бозорларда битишувларни амалга ошириш тартиби"га

киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 1.2-бандда:

ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Давлат мулки қўмитасининг хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини савдога қўйиш бўйича вакил қилинган агенти (вакил қилинган агент)  "Давинком" инвестиция  фирмаси;

ўн биринчи хатбоши чиқариб ташлансин.


2. 2.1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ҳамда акциялар эмиссияси проспектини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори (буйруғи) хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини биржа ва биржадан ташқари савдоларга қўйиш учун асос ҳисобланади. Акцияларни тарқатишга мамлакатимиз ва хорижий воситачилар жалб этилган тақдирда, шунингдек ўтказилган, ғолибни аниқлаб берган тегишли тендернинг баёни ҳам унинг учун асос ҳисобланади".


3. 4.1-банднинг "б" кичик бандида:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"вакил қилинган агент хусусийлаштирилаётган корхоналар акциялари пакетларини тўғридан-тўғри биржа савдоларига улар сотилгунгача бўлган муддатга қўяди";

тўртинчи, бешинчи, еттинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.


4. 4.3-банд чиқариб ташлансин.


5. 5.1-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Вакил қилинган агент акцияларни тарқатишни мустақил равишда ёки тендер асосида жалб этиладиган воситачилар - инвестиция муассасалари орқали амалга оширади".


6. 5.2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Вакил қилинган агент акцияларни сотиш ва воситачилар - инвестиция муассасаларини жалб этиш бўйича тендерларнинг ташкилотчиси ҳисобланади, у Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан келишган ҳолда тендерни ўтказиш шартлари ва муддатларини белгилайди".


7. 6.1-банддаги "Марказ ёки Давлат мулки қўмитаси вакил қилган бошқа орган" сўзлари "Давинком" инвестиция  фирмаси" сўзлари билан алмаштирилсин.


8. 6.2-банднинг учинчи хатбошидаги "биржа ва биржадан ташқари бозорларда" сўзлари "биржадан ташқари бозорда" сўзлари билан алмаштирилсин.


9. 6.4-банддаги биринчи гап қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Биржа ва биржадан ташқари бозорларда акцияларнинг таклиф этиладиган нархи Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг топшириғига кўра, вакил қилинган агент томонидан белгиланади".


10. 9.1-банднинг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг вакил қилинган агент топшириғига асосан сотишга қўйиладиган акцияларини заҳирага қўйишни амалга ошириш".


11. "Хусусийлаштирилаётган корхоналар акциялари билан биржа ва биржадан ташқари бозорларда битишувларни амалга ошириш тартиби"га 1, 2 ва 3-иловалар чиқариб ташлансин.