Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 21.01.2010 й. 2071-сон билан рўйхатга олинган 15.01.2010 й. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 88/1-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 21 январда 2071-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлиги ва

Соғлиқни сақлаш  вазирлигининг

2009 йил 15 январдаги

88/1, 1-сон қарорига

ИЛОВА



Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга

йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами 2009 й., 52-сон, 551 модда) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик талабларини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомнинг талаблари барча юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ қилинади.


2. Вояга етмаганларни ишга қабул қилиш меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


3. Иш берувчи вояга етмаганларнинг бошқа ходимлар билан меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, вояга етмаганлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнат шароитлари ва кафолатларини таъминлашга мажбурдир.



II. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ МЕҲНАТИДАН

ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК

БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР


1-§. Иш берувчиларга қўйиладиган талаблар


4. Вояга етмаганлар меҳнатидан қуйидаги ишларда:

ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариш;

хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;

хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги;

оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);

ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган;

белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1996 й., илова, 1-сон) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ ишлар рўйхати ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегараси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳати олинган ҳолда белгиланади.


5. Иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати ушбу банднинг биринчи қисмида тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас.


6. Вояга етмаганларнинг кундалик иш вақти қисқартирилган ҳоллардаги меҳнатига ҳақ кундалик иш вақти тўлиқ бўлган чоғда тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади, корхоналарда ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг меҳнатига ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб ҳақ тўланади.

Иш берувчи томонидан вояга етмаган ходимлар учун маҳсулот ишлаб чиқариш нормалари бундай ходимлар учун қисқартирилган иш вақти давомийлигига мутаносиб равишда умумий ишлаб чиқариш нормасидан келиб чиқиб белгиланади.


7. Иш берувчи ҳар ойда меҳнат органларига вояга етмаган ходимларнинг фамилияси, туғилган куни ва мансаби кўрсатилган рўйхатни тақдим этишга мажбур.


8. Ўқув муассасаларининг ўқувчилари томонидан мутахассислик олиш ёки зарарли меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлмаган ишларда, шунингдек:

хавфсиз меҳнат шароитлари яратилмаган бўлса;

йўл-йўриқлар бериш ва ишлаб чиқариш амалиётига техник раҳбарлик қилиш ташкиллаштирилмаган бўлса;

ишлаб чиқариш амалиёти даврида тегишли мутахассисликлар ва касблар ишчилари учун назарда тутилган махсус кийим-кечак, якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари берилмаган бўлса, ишлаб чиқариш амалиётини ўташига йўл қўйилмайди.



2-§. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га

қўйиладиган талаблар


9. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ўзларининг вояга етмаган болалари меҳнатидан фойдаланишда боланинг соғлиғи ҳолати ва касалланишининг олдини олишга жавобгардир.


10. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ўзларининг вояга етмаган болаларини бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашлари тақиқланади.


11. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ўзларининг вояга етмаган болалари меҳнатидан ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган, шунингдек бажарилиши уларнинг таълим олишига тўсқинлик қиладиган ишларни бажаришга йўл қўймасликка мажбур.


12. Ота-оналар (уларни ўрнини босувчи шахслар) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишда қуйидаги талабларга риоя этишлари шарт:

оилавий тадбиркорликда оиланинг вояга етмаган ўн беш ёшга тўлган аъзоси иштирок этиши мумкин;

ўн олти ёшга тўлганда буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин, ўн беш ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин;

вояга етмаганни оилавий тадбиркорликда, шунингдек ҳунарманднинг шогирди сифатида иштирок этишига умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда ўқиши шарти билан, агар у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат таълимининг тўлиқ курсини тугатмаган бўлса, йўл қўйилади;

оилавий тадбиркорлик ёки ҳунармандчилик фаолиятида ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ишларда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади;

оилавий тадбиркорлик ёки ҳунармандчилик фаолиятида иштирок этаётган вояга етмаганлар учун иш вақтининг давомийлиги ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ белгиланади.


13. Кинематография ташкилотларида, театрларда, томоша ва концерт ташкилотларида, циркларда ўн беш ёшга тўлмаган шахс иштироки ва (ёки) ижро этиши (экспонирование) уларнинг соғлиғи ва ахлоқий ривожланишига ва таълим олиш жараёнини бузмайдиган ўқишдан бўш вақтларда васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги асосида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузишга йўл қўйилади. Бу ҳолатда шартнома вояга етмаганнинг номидан унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан имзоланади. Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатида кундалик иш вақти давомийлигининг энг юқори чегараси ва бошқа шартлар, яъни бажарилиши мумкин бўлган ишлар белгиланади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


14. Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш назорати органлари ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, агар ишнинг давом этиши уларнинг соғлиғига хавф соладиган ёки бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, ўн саккиз ёшдан кичик шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.


15. Ушбу Низомнинг талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


16. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 3-4-сон, 27-модда.