Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.04.2011 й. 101-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 4 апрелдаги

101-сон қарорига

2-ИЛОВА


Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида" ва "Ҳомийлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этиш жойларини (кейинги ўринларда қабристонлар деб аталади) сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларидан (кейинги ўринларда хайр-эҳсонлар деб аталади) фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Хайр-эҳсонларни йиғиш, ҳисобга олиш ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил этиш функциялари туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаларига (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) юкланади.


3. Юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан қабристонлар ҳудудини сақлаш ва ободонлаштириш (супуриб-сидириш, кўкаламзорлаштириш, қуриган дарахтларни кесиш, ахлатни олиб чиқиб кетиш), ташқи тўсиқ (девор), бино ва иншоотлар, ўтиш йўллари, хиёбонлар, йўлкалар, муҳандислик тармоқлари, шу жумладан, сув қувури тармоқлари ҳамда умумий фойдаланиш жойларини жорий ва мукаммал таъмирлаш мақсадларида фойдаланилади.

Қабристонлар ҳудудида ободонлаштириш элементларига дафн этиш жойлари, яшил ўсимликлар, хўжалик ҳовлиси ва ёрдамчи иморатлар ҳам киради.


4. Қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш мақсадидаги хайр-эҳсонлар пул маблағлари, товар-моддий бойликлар бериш, шунингдек ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.


5. Нақд пул маблағлари тарзидаги хайр-эҳсонлар жисмоний шахс томонидан мазкур Низомнинг 9-бандига мувофиқ исмини ошкор этмасдан ёки (жисмоний шахснинг хоҳишига кўра) ушбу жисмоний шахс билан Бошқарма ўртасида тузиладиган ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномага асосан берилиши мумкин.

Нақд пулсиз ўтказиладиган пул маблағлари тарзидаги, шунингдек товар-моддий бойликларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш тарзидаги хайр-эҳсонлар фақат хайр-эҳсон қилаётган юридик ёки жисмоний шахс билан Бошқарма ўртасида тузиладиган ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартнома асосидагина амалга оширилади.


6. Ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномада тарафларнинг номи (жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган жойи (яшаш жойи), СТИР, хайр-эҳсон амалга оширилаётган шакл, хайр-эҳсон қилинаётган пул маблағлари суммаси, товар-моддий бойликларнинг номи, миқдори, қиймати, хайр-эҳсон тарзида бажарилаётган ишларнинг (кўрсатилаётган хизматларнинг) турлари, ҳажми, қиймати, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар албатта кўрсатилади.

Агар юридик ёки жисмоний шахс уни қабристонни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг аниқ турларида фойдаланиш шарти билан хайр-эҳсон қилса, ушбу шарт ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномада аниқ акс эттирилиши керак.

Ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномани бошқарма номидан Бошқарма раҳбари ёки бунга Бошқарма раҳбарининг буйруғи билан ваколат берилган бошқа шахс (масалан, қабристон назоратчиси) имзолайди.


7. Хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимлигининг қарори билан Бошқарма вакили (бухгалтер), қабристон назоратчиси, ҳудудида қабристон жойлашган масжид имом хатибидан иборат таркибдаги комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил этилади.


II. ХАЙР-ЭҲСОНЛАРНИ ЖАМҒАРИШ ТАРТИБИ


8. Пул маблағлари тарзидаги хайр-эҳсонларни жамғариш ва улардан мақсадли фойдаланиш мақсадида молия органлари томонидан Бошқарма учун Ғазначиликнинг тегишли бўлинмаларида келиб тушган бюджетдан ташқари маблағларни ҳисобга олиш ва сарфлаш бўйича шахсий ҳисоб рақами очилади.


9. Нақд пул маблағлари тарзида исмини ошкор этмасдан бериладиган хайр-эҳсонларни йиғиш учун қабристон ҳудудида махсус ажратилган жойларда пломбаланган турғун металл яшиклар (қутилар) ўрнатилади, уларни қўриқлаш қабристоннинг хизмат кўрсатувчи ходими зиммасига юкланади.


10. Яшиклар (қутилар)дан нақд пул маблағларини олиш ҳар ўн кунда, комиссия барча аъзоларининг иштирокида амалга оширилади, олинган пул маблағлари суммаси кўрсатилган далолатнома мажбурий тартибда тузилади, уни комиссия аъзолари имзолайди. Яшиклар (қутилар) комиссия барча аъзоларининг иштирокида пломбаланади.


11. Яшиклар (қутилар)дан олинган пул маблағлари ҳар ўн кунда комиссия таркибига кирган Бошқарма вакили томонидан келиб тушган маблағларни ҳудудий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказиш ҳамда мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ бюджетдан ташқари маблағларни ҳисобга олиш ва сарфлаш бўйича тегишли шахсий ҳисоб рақамида акс эттириш учун банкка топширилади.

Ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга ошириладиган нақд пул маблағлари тарзидаги хайр-эҳсонлар, ушбу шартномага мувофиқ жисмоний шахс томонидан, белгиланган тартибда келиб тушган маблағларни ҳудудий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказиш ҳамда мазкур Низомнинг 8-бандига биноан бюджетдан ташқари маблағларни ҳисобга олиш ва сарфлаш бўйича тегишли шахсий ҳисоб рақамида акс эттириш учун банк орқали ўтказилади.

Нақд пулсиз пул маблағлари тарзидаги хайр-эҳсонлар ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисида тузилган шартномага мувофиқ юридик ёки жисмоний шахс томонидан келиб тушган маблағларни банк орқали ҳудудий ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказиш ва мазкур Низомнинг 8-бандига биноан бюджетдан ташқари маблағларни ҳисобга олиш ва сарфлаш бўйича тегишли шахсий ҳисоб рақамида акс эттириш учун ўтказилади.



III. ХАЙР-ЭҲСОНЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


12. Барча хайр-эҳсонлар мажбурий тартибда назоратчи томонидан ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказилади, мазкур дафтар ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича юритилади.


13. Ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтари ип билан тикилиши, рақамланиши, Бошқарма раҳбари томонидан имзоланиши, Бошқарманинг тегишли муҳри билан тасдиқланиши ва темир жавонда (сейфда) сақланиши керак.


14. Яшиклар (қутилар)дан олинган нақд пул маблағларини қабристон назоратчиси комиссия аъзолари иштирокида ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказади. Нақд пул маблағларини кирим қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Хайр-эҳсонлар ҳисобини тўғри юритиш ва ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарининг бут сақланиши учун жавобгарлик қабристон назоратчиси ва комиссиянинг масъул аъзоси - Бошқарма ходими зиммасига юкланади.


16. Хайр-эҳсонлар ҳисобига ёки хайр-эҳсонлар тарзида бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар)нинг натижалари, шунингдек товар-моддий бойликлар тарзида олинган хайр-эҳсонлар қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади, уни комиссиянинг барча аъзолари, шунингдек ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисида шартнома тузган юридик ёки жисмоний шахс имзолайди.

Товар-моддий бойликлар ва бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар)нинг турлари, миқдори, ҳажми, қиймати қабул қилиш далолатномасида кўрсатилиши ва ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказилиши керак.


17. Бошқарма бюджетдан ташқари маблағларни ҳисобга олиш ва сарфлаш бўйича шахсий ҳисоб рақамида жамғарилган хайр-эҳсонларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини ҳар бир қабристон бўйича алоҳида шахсий ҳисоб рақами (карточка) очиш йўли билан таъминлайди.


18. Пул тарзида келиб тушган хайр-эҳсонлар маблағларининг ҳисоби қонун ҳужжатларига мувофиқ мақсадли молиялаш маблағлари сифатида амалга оширилади.


19. Хайр-эҳсонлардан айнан унинг фойдасига хайр-эҳсон қилинган қабристонни сақлаш ва ободонлаштиришда фойдаланилиши керак. Хайр-эҳсонларни қабристонлар ўртасида қайта тақсимлаш қатъиян тақиқланади.


20. Хайр-эҳсон қилувчи ўз номини ошкор этмаган ҳолда ёки жисмоний ва юридик шахслардан шартнома бўйича олинган пул маблағлари жамғариб борилишига қараб, комиссия қабристон ҳудудида ободонлаштириш бўйича ишлар турларининг, шу жумладан, ободонлаштириш объектларини (ташқи тўсиқ, бино ва иншоотлар, ўтиш йўллари, хиёбонлар, йўлкалар, муҳандислик тармоқлари, қуриган дарахтларни кесиш) жорий ва мукаммал таъмирлаш, ахлатни олиб чиқиб кетиш, кўкаламзорлаштириш, умумий фойдаланиладиган жойларни супуриб-сидириш ишлари рўйхатини тузади ва Бошқармага тасдиқлаш учун киритади.


21. Комиссия ҳар ойда хайр-эҳсонларнинг келиб тушиши ҳамда улардан турлари бўйича мақсадли фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тузади ва уни Бошқармага тақдим этади.

Бошқарма хайр-эҳсонларнинг келиб тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда тегишли молия органларига ҳисобот тақдим этади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Хайр-эҳсонлар ҳисобининг тўғри юритилишини ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Бошқармага юкланади.


23. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий

хайр-эҳсонларини рўйхатдан ўтказиш

ДАФТАРИ

  

Т/р

Жисмоний шахснинг Ф.И.О.

(ташкилотнинг номи)

пул маблағларини яшик

(қути)лардан олиш

далолатномасининг тартиб

рақами ва санаси


Хайр-эҳсон

тури


Ўлчов

бирлиги


Миқдори

(ҳажми)

суммаси


Шартноманинг

тартиб рақами

ва санаси

(мавжуд

бўлганда)


Шартнома бўйича

товар-моддий

бойликларни ва пул

маблағларини қабул

қилиб олиш

далолатномасининг

тартиб рақами ва санаси


1.








2.








3.








4.








5.








6.








7.








8.








9.








10.








"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 14-сон, 138-модда.