Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Енгилсаноатинвест" Ўзбекистон молия-инвестиция компанияси" акционерлик жамиятининг Устави (ЎзР ВМ 04.04.1994 й. 179-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 4 апрелдаги

179-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Енгилсаноатинвест" Ўзбекистон молия-инвестиция

компанияси" акционерлик жамиятининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Енгилсаноатинвест" Ўзбекистон молия-инвестиция компанияси" очиқ турдаги акционерлик жамияти (кейинги ўринларда "Компания" деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ёпиқ турдаги "Енгилсаноатхолдинг" молия-инвестиция компанияси акционерлик жамиятини қайта ташкил этиб тузилган ташкилот бўлиб, унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Компания тўлиқ хўжалик, молиявий ва юридик мустақилликка эгадир.

У аҳолининг юқори сифатли халқ истеъмол товарларига бўлган талабини қондириш ва хизматлар кўрсатиш, компания қатнашчиларининг тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция, тижорат сиёсатини олиб бориш, бозор иқтисодиёти шароитларида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида акционерлик мулки асосида тузилган ташкилот ҳисобланади.


2. Компания ўз фаолиятида "Хўжалик жамиятлари ва ширкатлар тўғрисида", "Тадбиркорлик тўғрисида", "Ўзбекистон Республикасида корхоналар тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Уставга амал қилади.


3. Қуйидагилар Компаниянинг таъсисчилари ҳисобланади:

"Ўзбекенгилсаноат" Ўзбекистон енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси;

Тошкент "Тошкент тўқимачилик комбинати" ип-газлама ишлаб чиқариш бирлашмаси;

Тошкент чарм-мўйна заводи;

Тошкент "Ўзбекистон" чарм-пойабзал ишлаб чиқариш бирлашмаси;

Тошкент 2-пойабзал ишлаб чиқариш бирлашмаси.


4. Компаниянинг фирма номи:

Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида: тўлиқ номи - Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш акционерлик жамияти "Енгилсаноатинвест" Ўзбекистон молия-инвестиция компанияси", қисқача номи - "Енгилсаноатинвест" акционерлик компанияси;

рус тилида: тўлиқ номи - Акционерное общество "Финансово-инвестиционная компания "Легпроминвест", қисқача номи - АК "Легпроминвест";

инглиз тилида: тўлиқ номи - FULL NAME JOINT-STOCK COMPANY "FINANCIAL INVESTMENT COMPANY "LEGPROM-INVEST". SHORT NAME - JNK-STK Co " LEGPROMINVEST".


5. Компания қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади, мустақил балансга, банкларда ҳам миллий, ҳам хорижий валютада счётларга, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлади, судда, хўжалик ва холислар судларида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


6. Компания тўлиқ хўжалик ҳисоби асосида ўз харажатларини ўзи қоплашни, фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш бўйича харажатларни маблағ билан таъминлайди, ўз фаолияти натижалари учун контрагентлар, бюджет ва акционерлар олдида тўлиқ жавоб беради.


7. Компания ўз номи ёзилган муҳрга ва рамзий белгига, фирма белгиларига, расмий иш қоғозларига ва юридик шахснинг бошқа белгиларига эга бўлади.


8. Компания қуйидаги манзилда жойлашган: Ўзбекистон Республикаси, 700078, Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5.



II. ФАОЛИЯТИНИНГ ТУРИ, МАҚСАДЛАРИ ВА МУДДАТИ


9. Компания сармояни жамлаш ва тармоқнинг янгидан ташкил этиладиган ҳамда мавжуд корхоналарни самарали инвестициялаш ва бозор инфраструктурасини, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш жараёнини чуқурлаштириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фаровонлигини ошириш мақсадида ташкил этилади.


10. Компания ўз мақсадларига эришиш учун фаолиятни, қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

инвесторларнинг молиявий маблағларини, интеллектуал мулк объектларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ва алоҳида номулкий ҳуқуқларини жалб этиш;

енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва ривожлантириш соҳасида инвестиция фаолияти, хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, аудиторлик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, шунингдек, бошқа давлатларнинг фирмалари билан биргаликда қўшма корхоналар ва бозор инфраструктурасини ташкил этиш;

ҳақиқий товарлар, қийматли қоғозлар, кўчмас мулк, контрактлар, фьючерс, опционлар билан биржа ва биржадан ташқари операциялар;

Акциялари пакетларига компания эгалик қиладиган барча тузилмаларнинг қуйидаги соҳалар бўйича пухта ўзаро алоқасига кўмаклашиш:

хўжалик ҳисоби манфаатлари;

ўзаро ҳисоб-китоблар;

ахборот таъминоти;

ташқи иқтисодий фаолият;

илмий, умумтармоқ тадқиқотлари;

қурилиш;

кадрлар тайёрлаш;

кредит, кредит-гаров, факторинг, клиринг, лизинг, траст, савдо, суғурта ва қайта суғурта қилиш, аудиторлик корхоналари, шунингдек, бошқа корхоналар таъсис этиш;

корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда кўмаклашиш;

венчур лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш йўли орқали инновация фаолияти;

ҳуқуқий ва консалтинг хизмат кўрсатиш;

тижорат асосида реклама, ноширлик, ўқув фаолиятини амалга ошириш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан, хорижий фирмаларнинг ишончномаси бўйича уларнинг Ўзбекистон Республикаси молия ва хўжалик органларида манфаатларини ифодалаш;

воситачилик, шу жумладан, савдо-воситачилик ва савдо-харид фаолиятини амалга ошириш.


11. Компания номаълум муддатга ташкил этилади.



III. УСТАВ ФОНДИ ВА МОЛ-МУЛКИ


12. Фаолиятни таъминлаш учун Компания ҳар бирининг номинал қиймати 25.000 (йигирма беш минг) бўлган 200.000 (икки юз минг) акцияларга ажратилган 5.000.000.000 (беш миллиард) сўм-купон миқдорида устав фонди ташкил этади.


13. Компания барча қатнашчиларининг улушлари Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида баҳоланади.


14. Таъсисчиларнинг Компания устав фондидаги улушлари қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

Енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ("Ўзбекенгилсаноат") давлат уюшмаси - 1.5 млрд сўм-купон ёки 60.000 акция

Тошкент "Тошкент тўқимачилик комбинати" ип газлама ишлаб чиқариш бирлашмаси - 30 млн сўм-купон ёки 1.200 акция

Тошкент чарм-мўйна заводи - 30 млн сўм-купон ёки 1.200 акция

Тошкент "Ўзбекистон" чарм-пойабзал ишлаб чиқариш бирлашмаси - 20 млн сўм-купон ёки 800 акция

Тошкент 2-пойабзал ишлаб чиқариш бирлашмаси - 30 млн сўм-купон ёки 1.200 акция


15. Умумий суммаси 3.39 млрд сўм-купон бўлган қолган 64400 акция "Ўзбекенгилсаноат" уюшмаси меҳнат жамоалари аъзолари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасида сотилади.


16. Таъсисчи устав фондидаги ўз улушини фақат Компания бошқарувининг рухсати билан бериш (сотиш)га ҳақлидир.


17. Агар илгари чиқарилган барча акцияларга ҳақ номиналдан паст бўлмаган қиймат бўйича тўланган бўлса Компания устав фондини кўпайтиришга ҳақлидир. Устав фондини кўпайтириш янги акциялар чиқариш ёхуд уларнинг номинал қийматини ошириш воситасида амалга оширилади.

Компания қатнашчилари қўшимча равишда чиқарилган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар.


18. Устав фондини кўпи билан 30% га кўпайтириш Компания бошқарувининг қарори билан амалга оширилиши мумкин. Бошқа ҳолларда устав фондини кўпайтириш акционерларнинг Умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилади.


19. Устав фондини камайтириш акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларни бекор қилиш мақсадида сақловчилардаги акцияларнинг бир қисмини сотиб олиш йўли билан акциялар сонини қисқартириш орқали амалга оширилади.

Акциялар устав фондининг миқдорини камайтириш тўғрисидаги қарор барча акционерларга маълум қилинган кундан бошлаб бир йил тўлгандан кейин бекор қилиш учун тақдим этилмаган акциялар ҳақиқий эмас деб тан олинади.

Устав фондини камайтириш тўғрисидаги қарор уни кўпайтириш тўғрисидаги қарорга ўхшаш тартибда қабул қилинади.


20. Компания қўшимча маблағларни жалб этиш учун облигациялар чиқариши ҳамда уларни юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тарқатиши мумкин. Облигацияларнинг жами қиймати устав фонди миқдорининг 20 фоизидан ошмаслиги керак. Облигациялар чиқариш илгари чиқарилган барча акцияларнинг ҳақи тўлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.


21. Облигациялар чиқариш заёмнинг мақсади, суммаси ва муддатини, чиқариладиган Облигациялар сонини, уларнинг номинал ва чиқариш баҳосини, фоизлар миқдорини ва уларни тўлаш муддатларини, қарзни узиш муддатлари ва усулларини белгиловчи акционерларнинг Умумий йиғилиши қарори бўйича амалга оширилади.


22. Компания алоҳида мол-мулкка (шу жумладан, хорижий валютага) эга бўлади, мазкур мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


23. Қуйидагилар компания мол-мулкини шакллантириш манбалари ҳисобланади;

а) таъсисчилар томонидан Компанияга мулк қилиб берилган мол-мулк;

б) хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар;

в) текин хайрия бадаллари;

г) қийматли қоғозлар чиқаришдан олинган маблағлар;

д) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


24. Қатнашчининг Компания устав фондига қўшадиган улуши мол-мулк (бинолар, иншоотлар) ва бошқа моддий бойликлар, қийматли қоғозлардан, сув, ер ва бошқа табиий ресурслар, бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан, шунингдек, бошқа мулкий ва номулкий ҳуқуқлардан, пул маблағларидан иборат бўлиши мумкин.

Улуш сифатида қўшиладиган мол-мулкнинг қиймати Компания қатнашчиларининг қўшма қарори билан белгиланади.

Пул ифодасида баҳоланган устав фондига қўшилган улуш қатнашчининг устав фондидаги улушини ташкил этади.


25. Мол-мулк акционер томонидан Компанияга фақат вақтинча фойдаланиш учун берилган ҳолларда улуш миқдори ва тегишли равишда акционернинг улуши ундан фойдаланиш муддати бўйича ҳисоблаб чиқилган ижара тўловидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Компаниянинг фойдаланиши учун берилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки шикастланиши билан боғлиқ харажатларни Компания ўз зиммасига олади.


26. Компанияга берилган мол-мулк ҳисобига акционерга акцияларнинг тегишли миқдорини - сертификатни сотиш учун ёзма мажбурият берилади.



IV. АКЦИЯЛАР


27. Компания оддий, номи ёзилган акциялар чиқаради. Компания меҳнат жамоасининг ўз аъзоларига 3 йил муддатга акциялар сотиб олиши учун фоизсиз кредит бериши мумкин. Ана шу усулда сотиб олинган акцияларнинг умумий суммаси устав фондининг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Кредитни узиш учун дивидендларни тўлашга мўлжалланган суммадан (улардан солиқ тўлангандан кейин) биринчи навбатда фойдаланилади.


28. Акциялар акционерлар томонидан қуйидаги тартибда сотиб олинади:

харид қилиш йўли билан;

опцион йўли билан;

мерос тартибида ва бошқа ворислик ҳуқуқи тартибида;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан.


29. Акциялар бўлинмасдир. Айнан бир акциянинг ўзи бир неча шахсларга тегишли бўлган ҳолларда уларнинг барчаси Компанияга нисбатан бир акционер деб тан олинади ва ўз ҳуқуқларини улардан бири ёки умумий вакил орқали амалга оширишлари мумкин.


30. Компания акциялар тайёрлангунига қадар, белгиланган тартибда, улар ўрнига акционерларга акциялар қийматига мувофиқ суммага сертификат беради.


31. Акцияларни сотиб олиш тўловлари тўлиқ ёки қуйидаги тартибда амалга оширилади: дастлабки бадал сотиб олинган акциялар номинал қийматининг камида 30 фоизи миқдорида бир вақтда амалга оширилади, кейинги тўловларда эса йилнинг ҳар чорагида тенг улушларда Компания рўйхатга олингандан кейинги бир йил давомида тўланади.

Агар акционер ўзи олган акцияларни йил давомида сотиб олмаса, у муддати ўтказиб юборилган вақт учун муддати ўтказиб юборилган сумманинг 25 фоизи миқдорида қўшимча пул тўлайди.


32. Акционерларни рўйхатга олиш дафтарига киритиш сотиб олинган акцияларнинг 30 фоизи миқдорида дастлабки тўлов тўлангандан кейин амалга оширилади.


33. Акцияларнинг муомалада бўлиш тартиби, уларни сотиш тартиби, акциялар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалдаги қонун ҳужжатларига, мазкур Уставга, Компания акциялари тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланади.



V. ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


34. Компания ўз мақсадларига эришиш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

ўз номидан шартномалар, контрактлар тузиш, бошқа юридик ҳаракатларни, шу жумладан, кредит ва вексел операцияларини амалга ошириш, бинолар, иншоотлар, корхоналар, транспорт воситаларини ва бошқа кўчар ва кўчмас мулкни сотиб олиш, ижарага олиш, бериш;

исталган молия-кредит муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счётлар очиш ҳамда улар орқали ўз контрагентлари билан келишган ҳолда чеклашларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича, нақд пул ёки бошқа маблағлар билан миллий ва хорижий валютада операцияларни амалга ошириш;

белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

ўзининг банклардаги счётига ўтказиладиган ўз пул маблағларини мустақил сарфлаш;

миллий ёки хорижий валютадаги кредитлардан фойдаланиш;

ихтиёрий бирлашмаларга кириш, қўшма корхоналар, уюшмалар, корпорацияларнинг таъсисчиси бўлиш, уларнинг фаолиятида қатнашиш, тижорат асосида уларга маблағ қўйиш;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ўз шуъба корхоналарини, филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш, уларнинг уставларини ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш.

Чет элда шўъба корхоналар, филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этиш тўғрисидаги қарор Компания томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинади;

молиявий маблағларни, интеллектуал мулк объектларини, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ва алоҳида мулкий ва номулкий ҳуқуқларни шартнома асосида жалб этиш ва улардан фойдаланиш. Лицензиялар ва патентлар сотиб олиш;

Компанияни ривожлантириш дастурини мустақил шакллантириш, контрагентларни танлаш, ўзаро муносабатлар тартибини белгилаш;

Компанияни бошқариш бўйича маъмурий-бошқарув фаолиятини мустақил белгилаш, ходимларни ишга ёллаш ва ишдан бўшатиш;

Компания оладиган фойдани Компания Уставига мувофиқ тасарруф этиш;

фуқароларга, юридик шахсларга, давлат бошқаруви органларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда судда (хўжалик судида) даъвогар ва жавобгар бўлиш.


35. Компания қуйидагиларга мажбурдир:

ўз фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатларига, мазкур Уставга қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш;

ўз ходимларини ҳамда шартнома (контракт) бўйича ишловчи шахсларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат шартномаси контракт)да келишилган мажбурий тиббий суғурта ва суғуртанинг бошқа тури билан таъминлаш.


36. Компания акционерлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

Компаниянинг умумий йиғилишларида шахсан ёки ўз вакили орқали қатнашиш йўли билан Компания ишларини бошқариш;

Умумий йиғилишда назарда тутилган тартибда акционерлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган фойда (дивидендлар) улушини олиш;

Компаниянинг бошқарув ва назорат органларига сайлаш ва сайланиш;

Компаниянинг бошқарув органларидан Компания фаолияти тўғрисидаги зарур ахборотни олиш.


37. Компания акционерлари қуйидагиларга мажбурдир:

Компания Устави қоидаларига ва бошқа ички норматив ҳужжатларга риоя этиш;

Компанияга нисбатан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларни бажариш;

Компания акционерлари Умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорларни қатъий бажариш.



VI. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ ВА

ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


38. Фойда моддий ва унга тенглаштирилган харажатлар қоплангандан кейин, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари, банк кредити бўйича фоизлар тўлангандан кейин Компания фаолиятидан олинган тушумдан шаклланади.


39. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ баланс фойдадан солиқ ставкалари бўйича бюджетга тўловлар тўланади.


40. Шундан кейин вужудга келган соф фойда Компаниянинг тўлиқ тасарруфида қолади ва Компаниянинг қуйидаги жамғармаларини шакллантиришга сарфланади:

а) таваккал қилиш жамғармаси;

б) истеъмол, ижтимоий ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш жамғармаси;

ва, бундан ташқари, дивидендларга ва хайрия фаолиятига тўловлар.


41. Таваккал қилиш жамғармаси устав фондининг 15 фоизини ташкил этади ҳамда фонд томонидан кўрсатиб ўтилган миқдор унинг суммасининг 5 фоизи миқдорида соф фойдадан йиллик ажратма ҳисобидан шакллантирилади.


42. Зарарларни қоплаш таваккал қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.


43. Акционерларга дивидендлар тўлаш тўлиқ молия йили якунлари бўйича тафтиш комиссиясининг хулосасидан кейин Компания баланси бўйича амалга оширилади.


44. Компания мажбуриятлар бўйича фақат ўз мол-мулки билан жавоб беради. Акционерлар Компаниянинг мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли бўлган акциялар қиймати доирасида жавоб берадилар. Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акционерлар Компания мажбуриятлари ва тўланмаган сумма, доирасида жавоб берадилар. Компания акционерларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



VII. БОШҚАРУВ ВА НАЗОРАТ ОРГАНЛАРИНИНГ

ТАРКИБИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


45. Қуйидагилар Компаниянинг бошқарув органлари ҳисобланади:

а) акционерларнинг Умумий йиғилиши;

б) бошқарув;

в) ижро этувчи дирекция.


46. Бир йилда камида бир марта чақириладиган акционерларнинг Умумий йиғилиши Компаниянинг юқори органи ҳисобланади. Акционерларнинг навбатдан ташқари йиғилишлари қуйидаги ҳолларда чақирилади:

а) устав фонди анча, 30 фоиздан ортиқ кўпайганда ёки камайганда;

б) узоқ вақт зарар кўрган ҳолда фаолият кўрсатилганда;

в) Компания бошқаруви ва ижро этувчи дирекциясининг ташаббуси бўйича.


47. Қуйидагилар акционерлар Умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киради;

а) Компания фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш, унинг режаларини ва уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;

б) Компания Уставини ўзгартириш;

в) Компания бошқаруви аъзоларини сайлаш ва чақириб олиш;

г) тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва чақириб олиш;

д) Компания, шу жумладан, унинг филиаллари фаолиятининг йиллик натижаларини тасдиқлаш, тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари ва хулосаларини, фойда ва зарарларни тақсимлаш тартибини тасдиқлаш;

е) Компания фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш, тугатиш балансини тасдиқлаш.

Акционерларнинг Умумий йиғилиши ўз ваколатларининг бир қисмини Компаниянинг бошқарувига ва ижро этувчи дирекциясига бериши мумкин.


48. Акционерларнинг Умумий йиғилишлари ўртасидаги даврда Компания фаолиятини Компания бошқаруви мувофиқлаштиради ва назорат қилади, бошқарувни сайлаш тартиби акционерларнинг Умумий йиғилиши томонидан белгиланади.


49. Бошқарув ваколатига қуйидагилар киради:

а) ижро этувчи дирекция фаолиятини назорат қилиш;

б) Компаниянинг молиявий ишлари натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

в) келгусида қийматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги қарорни баҳолаш;

г) ўз ваколати доирасида устав фондини ўзгартириш;

д) филиаллар ва ваколатхоналарни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

е) Компаниянинг мансабдор шахсларини мулкий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар чиқариш;

ж) Компаниянинг процедура қоидаларини ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлаш, Компаниянинг ташкилий тузилишини белгилаш;

з) Компания томонидан чиқариладиган акцияларни сотиб олиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш;

и) Компания, унинг филиаллари ва ваколатхоналари мансабдор шахслари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини белгилаш.


50. Компания бошқаруви акционерларнинг Умумий йиғилишига ҳисоб беради ҳамда унинг қарорлари бажарилишини ташкил этади.


51. Компания бошқарувининг раиси:

а) Компанияга умумий раҳбарликни амалга оширади;

б) шўьба корхоналар, филиаллар, ваколатхоналар ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг уставларини ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

в) ўз ўринбосарлари, бошқарув аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини белгилайди;

г) фармойишлар чиқаради ва йўриқномаларни тасдиқлайди;

д) департаментлар директорларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

е) Компания номидан ишончномасиз иш кўришга, бу ҳуқуқни ўз ўринбосарларига беришга ҳақлидир;

ж) Компаниянинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этади.


52. Ижро этувчи дирекция ишига департаментлар директорлари раҳбарлик қиладилар, улар номзодлари бошқарувда кўриб чиқилгандан кейин Компания бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланадилар.

Дирекция номидан ишончномасиз иш кўриш, шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузиш ҳамда акционерлар Умумий йиғилиши ва Компания бошқарувининг мутлақ ваколатига кирадиган масалалардан ташқари молия-хўжалик фаолиятининг барча масалаларини ҳал этиш ҳуқуқи Компания бошқарувининг қарори билан департаментлар директорларидан бирига юкланади.


53. Компания ижро этувчи органларининг молия-хўжалик фаолияти устидан назоратни акционерларнинг Умумий йиғилишида таъсисчилар ва акционерларнинг уч вакилидан иборат таркиби сайланадиган тафтиш комиссияси амалга оширади.


54. Компания, унинг шўъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмаларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш акционерлар Умумий йиғилишининг, Компания бошқарувининг топшириғи бўйича, шунингдек, ўз ташаббуси билан ёхуд акцияларнинг 10 фоиздан кўпига эгалик қилган акционерларнинг талаби бўйича тафтиш комиссияси томонидан ўтказилади. Компаниянинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш шунингдек, молия ва солиқ органлари, бошқа давлат органлари томонидан (уларнинг ваколатлари доирасида) ҳам амалга оширилади.


55. Тафтиш комиссияси Компаниянинг мансабдор шахсларидан унга барча зарур материалларни, бухгалтерия ҳужжатларини ёки бошқа ҳужжатларни ва шахсий тушунтиришларни тақдим этишни талаб қилишга ҳақлидир.


56. Тафтиш комиссиясининг раиси Компания бошқарувининг мажлисларида маслаҳат овози билан қатнашишга ҳақлидир.


57. Тафтиш комиссияси текширишлар натижалари тўғрисида акционерларнинг Умумий йиғилишига ёки Компания бошқарувига ахборот беради.


58. Тафтиш комиссияси йиллик ҳисоботлар ва баланслар бўйича хулосалар тузади. Компания баланси тафтиш комиссиясининг хулосасисиз акционерларнинг Умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши мумкин эмас.



VIII. БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


59. Номинал қиймати 25.000 сўм-купон бўлган бир акциянинг эгаси акционерлар Умумий йиғилишида битта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.


60. Компания бошқаруви акционерларни Умумий йиғилиш чақирилиши тўғрисида мўлжалланаётган кундан камида 45 кун олдин хабардор қилади. Шошилинч ҳолларда бошқарувнинг қарори билан акционерларнинг Умумий йиғилиши чақирилиши тўғрисида кўрсатиб ўтилган муддатга риоя қилинмаган ҳолда хабар қилишга йўл қўйилади.

Жами 10 фоиздан кўп овозга эга бўлган акционерлар Умумий йиғилиш кунидан камида 40 кун олдин кун тартибига масалалар киритилишини талаб қилишлари мумкин.


61. Умумий йиғилиш, агар унда овоз берувчиларнинг 60 фоизидан кўпи қатнашган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Акционерлар Умумий йиғилиши томонидан қуйидаги масалаларни ҳал этиш учун акционерлар йиғилишида қатнашаётган овозларнинг тўртдан уч қисмидан кўпи зарурдир:

а) Компания Уставини ўзгартириш;

б) Компания фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Қолган барча масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


62. Компания бошқарувининг қарори, агар ҳозир бўлганларнинг сони Компания аъзолари Умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпини ташкил этса, ваколатли ҳисобланади.


63. Компания бошқарувининг ваколатига тегишли масалалар бўйича Компания бошқарувининг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ҳамда раиснинг фармойиши билан расмийлаштирилади.


64. Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлган ҳолларда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.



IX. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


65. Компаниянинг ҳисоб ва ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


66. Компаниянинг молиявий йили 1 январдан бошланади ва 31 декабрда тамом бўлади.


67. Компания йилнинг ҳар чорагида кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай солиқ инспекциясига ва туман статистика бошқармасига ахборот тақдим этади.

Акционерлик жамияти тақдим этилаётган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб беради.



X. ФАОЛИЯТНИНГ ТЎХТАТИЛИШИ


68. Компаниянинг фаолияти:

синиш ҳолатида ёхуд унинг томонидан қонунчилик мунтазам ёки қўпол равишда бузилган тақдирда тегишли суд қарори асосида;

Компания бошқарувининг юқори органи қарорига биноан;

у тугатилган ва қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш ёки қайта тузиш йўли билан қайта ташкил этилган тақдирда тўхтатилиши мумкин.


69. Компания бошқаруви "Ўзбекистон Республикасида корхоналар тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38, 39 ва 40-моддаларига амал қилган ҳолда тугатишни ўтказиш тартиби ва муддатларини, шунингдек, кредиторлар томонидан даъво қўзғаш муддатларини белгилайди.


70. Компанияни тугатиш акционерлар Умумий йиғилиши томонидан тайинланадиган тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан бошлаб Компания ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади.


71. Тугатиш комиссияси тугатиш балансини тузади ва тасдиқлаш учун уни акционерларнинг Умумий йиғилишига тақдим этади. Компанияга қатнашчилар томонидан фойдаланиш учун берилган мол-мулк натурал шаклда ҳақ тўламай қайтарилади.


72. Компанияни тугатишда кредиторлар ва акционерларнинг даъволари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк акцияларга мутаносиб равишда акционерлар ўртасида тақсимланади.