Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.1994 й. 604-сон "Республикада савдони эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.12.1994 й.

N 604



РЕСПУБЛИКАДА САВДОНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎFРИСИДА


Истеъмол бозорини озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан тўлдиришда савдо ташкилотларининг манфаатдорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки, 1995 йил 1 январдан бошлаб савдо устамалари товарларни ташиш, сақлаш ва сотиш ҳаражатларидан келиб чиққан ҳолда савдо корхоналари томонидан мустақил равишда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси савдо устамаларини белгилаш тартибини 10 кун муддатда манфаатдор ташкилотларга етказсин.


2. Чакана савдо тармоғида мавжуд бўлиши мажбурий бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бу банднинг сўзсиз бажарилиши учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З. Усмонов зиммасига юклансин.


3. 1995 йил 1 январдан бошлаб аҳолига белгиланган нормаларга мувофиқ озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёждаги ноозиқ-овқат товарларини сотиш бўйича чеклашлар олиб ташлансин.


4. "Ўзбексавдо" давлат уюшмаси, Ўзбекбирлашув, савдо тармоғига эга бўлган вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

савдо корхоналарининг янги эгалари билан шартномалар тузилаётганда иловада кўрсатилган товарларнинг эркин савдода мавжуд бўлишини мажбурий равишда назарда тутсинлар;

товар ресурсларини қидириб топиш, истеъмол бозорини тўлдириш ишларини давом эттирсинлар, уларнинг республика аҳолисига узлуксиз сотилишини таъминласинлар.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 6 мартдаги 59-сон, 1991 йил 1 апрелдаги 80-сон қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 февралдаги 98-сон қарорининг 1 ва 7-бандлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 30 майдаги 199-ф-сон фармойиши 1995 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари М.З. Усмонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                   И. Каримов