Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республика балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаларини бириктириб қўйиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.08.2003 й. 350-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 13 августдаги

350-сон қарорига

2-ИЛОВА



Республика балиқчилик хўжалиги табиий сув

ҳавзаларини бириктириб қўйиш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом республика балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаларини ижарага бериш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Балиқ ва бошқа сув жониворларини овлаш ёки уларни кўпайтириш учун фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган барча табиий сув ҳавзалари (денгиз, дарёлар, сув омборлари, кўллар ва уларга ёндош сув ҳавзалари - кўл хўжаликлари ва балиқ питомникларидан ташқари) балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ҳисобланади.

Балиқ овланаётган ва овланиши мумкин бўлган балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзалари ов қилинадиган сув ҳавзалари ҳисобланади. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари спорт-ишқивозлик туридаги балиқ овлаш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.


3. Мазкур Низомга мувофиқ ижара шартномаси тузган юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда балиқ овлаш корхоналари деб аталади) табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш ҳуқуқига эга бўладилар.



II. ТАБИИЙ СУВ ҲАВЗАЛАРИНИ БАЛИҚ ОВЛАШ

КОРХОНАЛАРИГА ИЖАРАГА БЕРИШ ВА

БИРИКТИРИБ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ


4. Балиқчилик табиий сув ҳавзалари ижарага, қоидага кўра, хусусий мулкчиликка асосланган балиқ овлаш корхоналарига танлов асосида ижара шартномасида белгиланган, лекин камида 10 йил муддатга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан берилади.


5. Балиқчилик табиий сув ҳавзаларини балиқ овлаш корхоналарига ижарага бериш масалаларини кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари бошчилик қиладиган махсус танлов комиссиялари тузилади. Комиссия таркибига "Давлатбионазорат" инспекцияси, ҳудудий молия ва солиқ органлари, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, адлия ва ички ишлар органлари ва бошқа манфаатдор тузилмалар вакиллари киритилади.


6. Балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаларини ёки уларнинг участкаларини танловда ғолиб чиққан балиқ овлаш корхоналарига бириктириб қўйиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари (ижарага берувчилар) ва балиқ овлаш корхоналари (ижарачилар) ўртасида ижара шартномаси тузиш асосида амалга оширилади.

Ижара шартномасига балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки унинг участкаси паспорти илова қилинади, унда сув ҳавзасининг номи, жойлашган жойи, сув ҳавзасининг ўлчамлари ва ердан фойдаланувчилар чегаралари кўрсатилган харита-схема илова қилинган чегаралари, бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади.


7. Балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки унинг участкасини ижарага олиш мақсадида танловда қатнашиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза;

балиқ овлаш корхонасининг юридик шахс сифатида ёки юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

балиқ овлаш учун зарур моддий-техника ресурсларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари аризачилар томонидан ҳужжатлар берилган вақтдан бошлаб бир ой муддатда уларни кўриб чиқадилар, танлов комиссиясининг йиғилишини ўтказадилар ва танлов ғолибларига балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки унинг участкасини ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Қарор қабул қилингандан кейин 10 кун мобайнида танлов ғолиби билан ижара шартномаси тузилади ва ов фаолияти учун гувоҳнома (ов билети) берилади.


9. Танлов натижаларига кўра табиий сув ҳавзасини ижарага бериш рад этилган ариза берувчилар танлов комиссияси қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлидирлар.


10. Балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки уларнинг участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун ижара шартномаси тузган балиқ овлаш корхоналари қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ижара ҳақи тўлайдилар.


11. Балиқчилик хўжалиги табиий сув ҳавзаси ёки унинг участкасини ижарага олиш шартномаси балиқ овлаш корхонасининг ўз хоҳишига кўра ёки балиқ овлаш корхонаси томонидан балиқ овлашнинг белгиланган қоидалари қўпол равишда ва мунтазам бузилиши, балиқ ресурсларини сақлаш ва кўпайтириш бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларга риоя қилинмаслиги натижасида муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.



III. ИЖАРАГА БЕРУВЧИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Ижарага берувчи сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қуйидагиларга ҳақлидир:

амалдаги қонун ҳужжатлари, шартнома шартлари, айниқса ҳар йили балиқларни ўстиришга қўйиб юборишни, балиқчилик ресурсларини сақлаш ва кўпайтиришни таъминлаш бўйича шартлари бузилиши аниқланганда балиқ, бошқа сув жониворларини овлашни ва ўсимликлар тайёрлашни тўхтатиб қўйиш;

балиқ овловчи корхона - ижарачи томонидан табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигининг, белгиланган балиқ овлаш қоидаларининг мунтазам ва қўпол равишда бузилиши аниқланганда тузилган шартномани табиатни муҳофаза қилиш органларининг тақдимномасига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатидан олдин бекор қилиш.


13. Ижарага берувчи қуйидагиларга мажбур:

табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзасини ёки унинг участкасини ижарага олиш учун танловда қатнашиш истагини билдирган юридик ва жисмоний шахслардан ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бепул асосда қабул қилиш;

берилган аризаларни кўриб чиқиш ва танловни ўтказишни ўз вақтида, қатъий белгиланган муддатларда амалга ошириш;

танлов қатнашчиларини унинг натижаларидан ўз вақтида хабардор қилиш;

танлов якунлари бўйича 10 кун мобайнида ғолиб билан табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзасидан ёки унинг участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ижара шартномаси тузиш ва балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланишга гувоҳнома бериш.



IV. ИЖАРАЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Балиқ овловчи корхона - ижарачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ажратилган табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаси ёки унинг участкасидан тузилган ижара шартномасига мувофиқ фойдаланиш;

квотасиз миқдорда балиқ овлаш ва маҳсулотни ихтиёрий равишда сотиш;

озуқа ва асосий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа маҳсулотлар, шунингдек балиқчилик маҳсулотлари етиштириш учун сувни муҳофаза қилиш ҳудуди ташқарисида ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиш;

ўз овчилик-балиқчилик хўжалигини ташкил этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш.


15. Балиқ овловчи корхона - ижарачи қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ балиқ овлаш ва табиатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик;

биркитилган сув ҳавзасини субижарага бермаслик;

ҳар йили балиқларни ўстиришга қўйиб юбориш, балиқчилик мелиорацияси, балиқларнинг овланадиган турлари наслларини сақлаб қолиш ишларини ҳамда балиқчилик ресурсларини сақлаш ва кўпайтириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳар йили декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига ва Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига табиий сув ҳавзаларидаги балиқ захираларининг аҳволи ва уларни кўпайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар тўғрисида ахборот тақдим этиш;

овланган балиқларнинг ҳаммасини намунавий ов дафтарида қайд этиш;

балиқларнинг товар-транспорт хати бўйича ташилишини амалга ошириш;

балиқ овлаш воситаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва балиқ овлашда хавфсизлик техникасига риоя қилиш;

тасдиқланган шакл бўйича статистик ҳисобот тақдим этиш;

табиий сув ҳавзаси ижара тўловини ўз вақтида амалга ошириш.


16. Балиқ ва бошқа сув жониворларини овлаш фақат ижара шартномасига илова қилинадиган бириктирилган табиий балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаси ёки унинг участкаси паспортида кўрсатилган табиий сув ҳавзалари ёки уларнинг участкалари доирасида амалга оширилиши мумкин.


17. Балиқ овловчи корхона - ижарачи томонидан табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатлари, балиқ овлаш қоидалари ва ижара шартномаси шартлари қўпол равишда ва мунтазам бузилган тақдирда ижара шартномаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


18. Ижара шартномаси шартлари ижарага берувчилар ва ижарачилар томонидан бузилганда томонлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


19. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан балиқ, балиқ маҳсулотлари, бошқа сув жониворларини сотиш фақат белгиланган тартибда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан белгиланган жойларда, маҳсулотнинг қонуний овланганлигини ёки олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда маҳсулот учун сифат сертификати мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.