Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.04.1994 й. ПФ-840-сон "Ўздонмаҳсулот" давлат концернини "Ўздонмаҳсулот" давлат-акционерлик корпорациясига айлантириш тўғрисида'ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

22.04.1994 й.

N ПФ-840



"ЎЗДОНМАҲСУЛОТ" ДАВЛАТ КОНЦЕРНИНИ

"ЎЗДОНМАҲСУЛОТ" ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК

КОРПОРАЦИЯСИГА АЙЛАНТИРИШ

ТЎҒРИСИДА



Новвойхона, тегирмон-ёрма ва омихта ем саноати корхоналари ва бирлашмалари иш самарадорлигини ошириш, аҳолини нон маҳсулотлари билан таъминлашни тубдан яхшилаш, тармоқда бозор муносабатларини жорий этишни жадаллаштириш мақсадида:


1. "Ўздонмаҳсулот" давлат концерни таъсисчиларининг уни "Ўздонмаҳсулот" давлат-акционерлик корпорациясига айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилаб қўйилсинки, "Ўздонмаҳсулот" давлат-акционерлик корпорацияси:

юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган хўжалик корпорациясидир ҳамда у дон харид қилишни, ун, ёрма, омихта ем, нон, нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда сотишни таъминловчи турли мулкчилик шаклларидаги корхоналарни ихтиёрийлик асосида бирлаштиради;

ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва корпорация Устави асосида амалга оширади, "Ўздонмаҳсулот" концерни илгари тузган барча шартномалар ва қабул қилган мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлади.


3. Ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмалари негизида дон маҳсулотлари тайёрловчиларнинг "Донмаҳсулот" акционерлик уюшмалари ташкил этилсин.


4. Қуйидагилар "Ўздонмаҳсулот" корпорацияси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қилиб белгилансин:

дон, ун, ёрма, нон, нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотлари, омихта ем ишлаб чиқариш ҳамда республика халқ хўжалигини ва аҳолисини улар билан таъминлаш;

ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, унни қайта ишлаш ва нон-булка ҳамда бошқа маҳсулотлар тайёрлаш билан банд бўлган корхоналарни кенгайтириш, қайта қуриш ва техника билан қайтадан қуроллантириш борасидаги ишларни ташкил қилиш;

дон, навли ва дурагай ғалла уруғлари, бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулоти харид қилишни, уларни давлат эҳтиёжлари учун ва бошқа истеъмолчиларнинг буюртмалари бўйича етказиб беришни таъминлаш;

ғалла заҳираларини, жумладан давлат ва сафарбарлик захираларини марказлаштирилган тарзда жамлаш, ҳудудий жиҳатдан оқилона жойлаштириш ва сақлаш;

республиканинг барча минтақаларини нон ва нон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун дон, ун, ёрма, кепак ва омихта емни тизим ичкарисида жойлаштиришни ташкил этиш;

дон маҳсулотлари тизимида бозор муносабатларини ривожлантириш, давлат корхоналари ва ташкилотларини акционерлик, жамоа ва мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантиришга оид ишларни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантиришга бутун чоралар билан кўмаклашиш, қўшма корхоналар ташкил этиш;

ягона илмий-техник ва технологик сиёсат ўтказиш, ички ва ташқи бозорлардаги шарт-шароитларни ўрганиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.


5. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга доир ташкилий тадбирларни кўзда тутувчи қарор қабул қилсин.

6. "Ўзбекистон Республикаси дон маҳсулотлари давлат концерни ("Ўздонмаҳсулот")ни ташкил этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 6 февралдаги 334-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., 6-сон, 167-модда