Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тайёр гўшт-сут маҳсулотларининг сифати устидан тизимли комплекс назорат ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 25.02.2009 й. 1910-сон билан рўйхатга олинган 10.02.2009 й. "Ўзстандарт" агентлигининг 1-П-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 25 февралда 1910-сон

билан рўйхатга олинган,

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология

ва сертификатлаштириш агентлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2009 йил 10 февралдаги

1-П, 8-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Тайёр гўшт-сут маҳсулотларининг сифати

устидан тизимли комплекс назорат

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Давлат санитария назорати тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 9-сон, 355-модда), "Стандартлаштириш тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 2-сон, 46-модда), "Метрология тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 2-сон, 48-модда), "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 2-сон, 50-модда), "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 59-модда), "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 239-модда), "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 8-модда), "Радиациявий хавфсизлик тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 7-8-сон, 212-модда) қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги ПҚ-1047-сонли "Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 5-сон, 34-модда) мувофиқ, тайёр гўшт-сут маҳсулотларининг сифати, яъни, озиқ-овқат маҳсулотининг истеъмол хоссаларини белгилаб берадиган ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини таъминлайдиган мезонлар мажмуи ҳамда озиқ-овқат маҳсулотининг санитария, ветеринария нормалари ва қоидаларига мослиги устидан тизимли комплекс назорат ўтказиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан кейинги ўринларда "Ўзстандарт" агентлиги деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган назоратнинг ягона принципини белгилайди ҳамда тайёр гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва сақловчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатьи назар, барча хўжалик юритувчи субъектларда тизимли комплекс назорат, стандартлар, ўлчовлар ягоналигини таъминлаш ва сертификатлаштириш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назорати, сертификатланган маҳсулот устидан инспекцион назоратни амалга ошириш, шунингдек статистик ва бошқа маълумотнинг таҳлилини (бундан кейинги ўринларда назорат деб юритилади) ўтказишда қўлланилади.


2. Статистик ва бошқа маълумотнинг таҳлили (мониторинг) "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси томонидан тақдим этилган, ўзаро тасдиқланган режа-жадвалига мувофиқ, бошқа манфаатдор томонларнинг иштирокида "Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси томонидан амалга оширилади.


3. Норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя қилмаган гўшт-сут маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга, назорат давомида аниқланган сифатсиз гўшт-сут маҳсулотларини сотаётган хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек истеъмолчиларнинг эътирозларини ўрганиш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ, "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколати доирасида чоралар қўлланилади.


4. "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси ўзининг ваколати доирасида фаолияти гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади.



II. ГЎШТ-СУТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ

СИФАТИ УСТИДАН НАЗОРАТ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш босқичида гўшт-сут маҳсулотларининг сифати устидан тизимли комплекс назорат "Сертификатлаштирилган маҳсулотлар ва хизматларни инспекция назоратидан ўтказиш қоидалари" (2005 йил 6 апрель, рўйхат рақами 1464 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 14-сон, 106-модда) ва "Озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқариш воситаларига ва халқ истеъмоли молларига гигиеник сертификати бериш тартиби тўғрисида"ги йўриқномага (2005 йил 28 ноябрь, рўйхат рақами 1525 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 47-48-сон, 360-модда), шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, "Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


6. Назоратни амалга оширишда асосий кўриладиган масалалар қуйидагилар ҳисобланади:

технологик жараёнларнинг мавжудлиги, чорвачилик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш учун асбобларнинг ўзлаштирилиши ва ишлаши ҳамда тайёр гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш;

гўшт ва гўшт маҳсулотларининг амалдаги ишлов бериш жараёнларини такомиллаштириш ва янгиларини ишлаб чиқиш;

тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш, транспортда ташиш, сақлаш жараёнида йўқотишларни бартараф этиш мақсадида берилган технологик ва ҳимоя хусусиятлари билан ўрамларнинг янги турларини жорий этиш ҳамда гўшт-сут маҳсулотларининг яроқлилик муддатини уларнинг озиқ-овқат қийматини сақлаган ҳолда узайтириш;

асбоблар ва технологик жараёнлар, гўшт ва сут маҳсулотларини сертификатлаштириш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш;

гўшт-сут маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнида белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган норматив, техник ҳужжатлар, технологик йўриқномаларнинг мавжудлиги;

амалдаги норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини ишлаб чиқиш;

сут маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқиш (қатиқли, творогли маҳсулотлар, қаймоқли пасталар, спредлар ва бошқалар);

узоқ яроқлилик муддатига эга бўлган, ёғли сут хом ашёсидан (қаймоқлар, қаймоқли ва пишлоқбоп ёғ) сут ёғини олиш технологиясини ишлаб чиқиш;

транспортда ташишнинг санитария-гигиена шартларини ўз ичига оладиган, гўшт хом ашёсининг сифатини ошириш тизимини ишлаб чиқиш;

молни сўйишдан олдинги тайёргарлик ва сўйиш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш;

гўшт-сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришда озиқ-овқат қўшимчаларини ишлатишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш;

ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш жараёни ва ҳайвон оқсили, ўсимлик ёғлари, микронутриентларнинг (витаминлар, минерал моддалар, политўйинмаган ёғли кислоталарнинг) танқислигини бартараф этиш ҳамда асосий озиқ-овқат ингредиентлари ва энергетик қийматининг сақланишини таъминлаш мақсадида махсус мўлжалланган гўшт маҳсулотларининг янги турларини ўрганиш;

болаларнинг парҳезли ва даволаш-профилактика озуқалари учун гўшт-ўсимлик маҳсулотлари, болалар озуқаси маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш жараёнларини ўрганиш;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган, сақланаётган ва сотилаётган гўшт-сут маҳсулотларининг сифати;

қадоқланган гўшт-сут маҳсулоти миқдорининг мувофиқлиги, шунингдек унинг параметрлари амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш;

истеъмолчига сифатсиз, шунингдек тамғаланиши бузилган ёки яроқлилик муддати ўтган гўшт-сут маҳсулотини сотишнинг олдини олиш;

республикада ишлаб чиқарилаётган ва четдан олиб келинаётган гўшт-сут маҳсулотларининг сифати масалалари бўйича маълумотларни тўплаш;

музлатиш камералари ва тарасининг санитария ҳолатини ҳисобга олган ҳолда сақлашда намлик ва ҳарорат режими, товарларни ёнма-ён сақлаш тартибининг бузилиши, омборхоналарда яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотнинг мавжудлиги, санитария-гигиена хулосалари, гигиена сертификатлари, мувофиқлик сертификатлари ва ишлашга рухсати бўлган ишчиларда тиббий китобчаларнинг мавжудлиги;

музлатиш камераларининг санитария ҳолати, уларда керакли ҳарорат режимига риоя қилиш;

истеъмолчилар адашишининг олдини олиш мақсадида амалдаги стандартлар асосида гўшт-сут маҳсулотлари тамғасининг мавжудлиги.


7. Маҳсулот ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш босқичида назорат натижалари бўйича ўрнатилган тартибда далолатнома тузилади.


8. Ўзстандарт агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари аккредитация қилинган синов лабораторияларида ўз ваколатлари доирасида гўшт-сут маҳсулотларининг синовини ўтказади ва натижалари бўйича ўрнатилган шаклдаги синов баённомалари тузилади.


9. Ишлаб чиқарувчилар қуйидагиларга:

технологик линиялар ва асбоб-ускуналарнинг стандартлаштиришга оид норматив ҳужжатлар, технологик йўриқномалар, санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига мувофиқлигига;

саноат корхоналарининг техник жиҳозланганлиги технологик талабларга мувофиқлигига;

хом ашёни йўқотиш меъёрлари, тайёр маҳсулотнинг чиқиши, маҳсулотни ишлаб чиқаришда ишлаб чиқариш технологик жараёнларининг параметрлари ва тартибларини ҳисобга олган ҳолда, технологик журналларни юритишга;

гўшт-сут саноати корхоналари учун стандартлаштириш, санитария ва ветеринария меъёрлари ва қоидалари бўйича меъёрий ҳужжатларнинг талабларига риоя қилиши керак.


10. Ишлаб чиқарувчилар хом ашёнинг кириш назоратини, тайёр гўшт-сут маҳсулотини чиқариш ва технологик жараёнлар босқичида технокимёвий назоратини ўтказиш бўйича аккредитация (аттестация) қилинган ишлаб чиқариш лабораторияларига, лабораторияси бўлмаган корхоналар эса синовларни ўтказишга аккредитация (аттестация) қилинган лабораториялар билан битишувларга эга бўлиши керак.



III. ЖАВОБГАРЛИК


11. Мазкур Низомга риоя қилиниши устидан назоратни "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатли шахслари амалга оширадилар.


12. Ваколатли шахсларнинг хулосалари билан рози бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда уларнинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.


13. Гўшт-сут маҳсулотларини назорат қилиш билан боғлиқ бўлган "Ўзстандарт" агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ваколатли шахсларининг ҳаракатлари устидан юқори турувчи мансабдор шахс ёки бевосита судга шикоят қилиниши мумкин.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА


14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳамда "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 9-сон, 99-модда.