Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Аҳоли яшаш жойларида ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни сақлаш Қоидалари (ЎзР ВМ 18.01.1996 й. 32-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 18 январдаги

32-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Аҳоли яшаш жойларида ит, мушук ва

бошқа ҳайвонларни сақлаш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ушбу қоидалар ит, мушук ва йиртқич ҳайвонларга эга бўлган ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарга ҳамда фуқароларга жорий этилади.

Шаҳарларда, шаҳарчаларда ва бошқа аҳоли яшаш жойларида фуқароларга, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли итлар мажбурий рўйхатдан ўтказилиши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт. Итлар, зотидан қатъи назар, 3 ойлигидан бошлаб рўйхатдан ўтказилиши ва қайта рўйхатдан ўтказилиши керак. Янги сотиб олинган итлар бир ҳафта муддатда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Итларни рўйхатдан ўтказувчи муассасалар рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва рўйхатдан ўтказиш белгиси беришлари, шунингдек, итларнинг эгаларини ҳайвонларни сақлаш қоидалари билан таништиришлари шарт, бу ит эгасининг итга берилган рўйхатга олиш гувоҳномасидаги имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Рўйхатга олиш белгиси итнинг бўйинбоғига маҳкамлаб қўйилади. Фуқаро ит сотиб олганлиги ва рўйхатдан ўтказганлиги (қайта рўйхатдан ўтказганлиги) тўғрисида шаҳарларда уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотларига ва маҳалла қўмиталарига, қишлоқ жойларда - маҳалла ва шаҳарча Кенгашларига маълум қилади.

Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида ён қўшниларнинг розилиги билан, коммунал квартирада эса - ушбу квартирада яшовчиларнинг розилиги билан битта ит ва битта мушук сақлашга рухсат этилади.

Алоҳида уйларда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда, аҳоли яшаш жойларида эркин сайр қилдиришга ажратилган, атрофи ўралган ҳудудда йўл қўйилади.

Итлар очиқ ерларда ёки бунинг учун махсус ажратилган майдонларда сайр қилдирилади, бу ерлар ҳар доим озода сақланиши керак.

Ҳайвонлар болалар муассасаларининг зоология бурчакларида санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсати билан сақланади.

Мактабларда, мактабгача болалар муассасаларида, шунингдек, даволаш тиббиёт муассасаларида кўриқчи итлар сақлаш тақиқланади.

Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини умумий овқатланиш корхоналарида сақлаш ва уларни озиқ-овкат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш ҳам тақиқланади.

Кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида етовсиз юрган итлар ва мушуклар ҳатто бўйинбоғи, жетони ва тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам, уларнинг зоти ва вазифасидан қатъи назар, тутиб олиниши керак.

Тутиб олинган зотли итлар 5 кун давомида ит тутиш хизматларида сақланади ва ит эгаси мана шу кунлари мурожаат қилган ва итнинг уники эканлиги (рўйхатга олиш гувоҳномаси, ветеринария гувоҳномаси) ва сақлаш харажатлари тўланганлиги тасдиқлаган тақдирда эгасига қайтарилиши мумкин.

Ит, мушук ва бошқа йиртқич ҳайвонларни сотиб олиш, сотиш, олиб келиш ва олиб кетишга рўйхатга олиш гувоҳномаси ва ҳайвоннинг соғлиғи тўғрисида ветеринария ҳужжатлари бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Республика ҳудудидаги барча итлар, улар кимга қарашлилигидан қатъи назар, зарур ҳолларда эса мушуклар ҳам, қутуришнинг олдини олиш учун қутуришга қарши вакцинани қўллаш бўйича йўриқномада кўзда тутилган тартибда касалликнинг олдини олувчи ана шу вакцина билан эмланиши шарт.



II. ИТ, МУШУК ВА БОШҚА УЙ ҲАЙВОНЛАРИ

ЭГАЛАРИНИНГ БУРЧЛАРИ


Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларининг эгалари:

итларни ветеринария муассасаларида рўйхатдан ўтказишга ва қайта рўйхатдан ўтказишга;

ит сотиб олганда ёки янги яшаш жойига кучиб келган ҳолларда итни 7 кун мобайнида рўйхатдан ўтказишга;

рўйхатдан ўтказилганлиги (қайта рўйхатдан ўтказилганлиги) ҳақида маълумотнома тақдим этишга ҳамда итни текшириш ва касалликнинг олдини олувчи эмлаш учун ҳудудий ветеринария муассасасига олиб келишга;

уй ҳайвонларининг умумфойдаланишдаги жойларни (зинапоя майдончаларини, кириш жойларини ва турар жойлар атрофини) ифлос қилишига йўл қўймасликка;

итларни турар жойлардан ва алоҳида ажратилган бинолар ва ҳудудлардан умумий ҳовлига ва кўчага фақат калта бўйинбоғларда (йирик ҳайвонларни тумшуқбоғларда), фуқароларнинг хавфсизлигини албатта таъминлаган ҳолда олиб чиқишга;

ит одамларни ёки ҳайвонларни тишлаган тақдирда уни дарҳол текшириш ва 10 кун муддат ажратиб қўйиш учун ветеринария муассасасига олиб келишга ҳамда биринчи ва такрорий ветеринария кўриги ҳақидаги маълумотномани ветеринария муассасасидан олишга ва уни тезда тишлашдан жабрланган шахсга топширишга;

касал ва керак бўлмаган ҳайвонларни ит тутиш хўжаликларига топширишга;

ҳайвонларни рўйхатдан ўтказишга оид хизматлар ҳақини белгиланган тартибда тўлашга мажбурдирлар.



III. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ҲУДУДИЙ ЖАМОАТЧИЛИК

ЎЗИНИ-ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ БУРЧЛАРИ


Шаҳар ва шаҳар кўринишидаги шаҳарчаларда - уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш органлари ва маҳалла қўмиталари, кишлоқ жойларда  - ветеринария хизмати органлари, ўзини-ўзи бошқаришнинг маҳалла овўл, шаҳарча органлари (фуқаролар йиғини) ушбу қоидаларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлайдилар;

шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларидаги турар жой даҳаларида итларни сайр қилдириш учун ер майдонлари ажратадилар, шунингдек, аҳоли яшайдиган жойларни зарур санитария ҳолатида сақлаш ишларини олиб борадилар;

мазкур қоидаларни бузувчиларга нисбатан ички ишлар органлари иштирокида жазо чоралари қўлланилишини таъминлайдилар.

Қоидаларни бузган фуқароларга жарима солинади, қоида такроран бузилган тақдирда эса, агар ушбу қоида бузишлар жиноий жавобгарликка олиб келмаса, уларнинг ҳайвонлари олиб қўйилади.