Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент шаҳар ҳокимининг 08.04.2013 й. 314-сон "Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

08.04.2013 й.

N 314



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА АВТОМОТОТРАНСПОРТ

САҚЛАШ ҚУРИЛМАЛАРИНИ ОБОДОНЛАШТИРИШ

ВА ШАҲАРСОЗЛИК ҚОИДАЛАРИГА МУВОФИҚ

ТАРТИБГА КЕЛТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Мустақиллик йилларида мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 2013 йил "Обод турмуш йили" Давлат дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳрини янада ривожлантириш ва ободонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳрининг аҳоли зич жойлашган мавзелари кесимида "Намунавий маҳалла" дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш, кўп қаватли турар жой биноларини, ер ости муҳандислик тармоқларини, ҳудудлараро йўл ва йўлакларни қайта таъмирлаш, спорт ва болалар майдончаларини ташкил этиш ишлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан босқичма-босқич амалга оширилиши устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларига жавоб бермайдиган автомототранспортлар сақлаш қурилмалари ободонлаштириш ишларини олиб боришда тўсқинлик қилиб келмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент шаҳар аҳолисининг автомототранспорти турар жойларини ташкил қилиш ҳақидаги таклифлари ҳамда мутасадди ташкилотлар ва мутахассисларнинг хулосаларидан келиб чиқиб, ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. Тошкент шаҳрида ўрнатилган автомототранспорт сақлаш қурилмалари жойлашган ер участкаларини олиб қўйиш ва улар ўрнига замонавий енгил турдаги автомототранспортлар учун турар жойларни ташкил этиш тўғрисидаги "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ёнғинга қарши кураш бошқармаси, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бир қатор жамоат ташкилотларининг таклифлари маъқуллансин.


2. Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари (Б. Раҳмонов)га:

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда турар жой мавзеларида ташкил этиладиган автомототранспортлар турар жойларининг батафсил ягона намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилсин.


3. 2013 - 2014 йилларда Тошкент шаҳридаги барча ўрнатилган автомототранспорт сақлаш қурилмаларини босқичма-босқич олиб, улар ўрнига ҳар томонлама шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига жавоб берадиган, замонавий автомототранспортлар турар жойларини ташкил этиш манзилли жадвали иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Туман ҳокимларига:

биринчи навбатда автомототранспорт сақланаётган қурилма эгаларига автомототранспортлар турар жойлари ажратиш белгилансин ва қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш амалга оширилсин.


5. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси (М. Адилов) ва туман ҳокимларига:

профилактика инспекторлари ва барча туман ҳокимиятлари қошидаги гаражлар бошқармаси давлат унитар корхоналари раҳбарлари билан биргаликда ўзларига бириктирилган турар жой мавзелари ва маҳаллаларда автомототранспортлар турар жойлар мониторингини ўтказиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш топширилсин.


6. Туман ҳокимларига:

янги қуриладиган автомототранспорт турар жойларини қуришда ҳомийлар, тадбиркорлар ва бошқа субъектларни жалб қилиш;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан биргаликда янги ташкил этилган автомототранспорт турар жойларини сақлаш, ободонлаштириш, тозалаш ишларини таъминлаш белгилансин.


7. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси Тошкент шаҳар бўлимлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси ҳамда туман ички ишлар бошқармаларига ўрнатилган автомототранспорт сақлаш қурилмаларини олиш юзасидан аҳоли ўртасида кенг тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш тавсия этилсин.


8. Мазкур қарор "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталарида эълон қилинсин.


9. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.


10. Мазкур қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Раҳмонов зиммасига юклансин.



Тошкент шаҳар ҳокими                                                                      Р. Усманов