Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.03.2004 й. 110-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 5 мартдаги

110-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги вазифаларни бажариш учун махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади

Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бош дирекцияси;

ҳудудий газ таъминоти корхоналари;

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги объектларини қуриш инжиниринг компанияси;

"Ўзбеккоммуналлойиҳа" лойиҳалаш интитути;

"Ўзгазлойиҳа" лойиҳалаш институти;

"Ўзкоммунўқувташкилотчи" маркази.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Агентлик марказий аппаратини моддий-техник таъминлаш унинг таркибига кирадиган корхоналар ва ташкилотларнинг ҳар ойдаги ажратмалари, шунингдек қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар ҳисобига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


6. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалда бажариш ва уларнинг ижроси устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

республика коммунал хизмат кўрсатиш тизимида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатини ва Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирларни амалга ошириш;

коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, техник-иқтисодий шартларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;

республика аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашни амалга ошириш, минтақалараро сув қувурларининг барқарор ва ишончли ишлашини таъминлаш;

минтақалараро сув қувурларини, коммунал газ сотиш тармоқларини ишлатиш ва ривожлантириш, шунингдек маиший чиқиндиларни тўплаш, фойдаланиладиган қилиш ва қайта ишлаш соҳасида ягона техника сиёсатини шакллантириш ва ўтказиш;

тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни, шу жумладан қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳисобига жалб этиш.


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

коммунал тармоқни иқтисодий ислоҳ қилиш масалаларини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритади;

коммунал газ сотиш хўжаликларини ва минтақалараро сув қувурларини ривожлантириш тенденцияларини ўрганади ҳамда қонуниятлари ва тенденцияларини умумлаштиради, ушбу соҳадаги ягона техник сиёсатни шакллантиради ва ўтказади;

маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалда бўлган қонун ҳужжатларига, техник шартлар ва талабларга риоя этилиши мониторингини амалга оширади;

балансларни ишлаб чиқиш учун республика улгуржи истеъмолчилари ва аҳолисининг табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи параметрларини аниқлашда белгиланган тартибда қатнашади;

ҳудудий газ таъминоти корхоналарининг юридик шахслар даромад (фойда) солиғи бўйича ҳар чораклик йиғма ҳисоб-китобларини амалга оширади ва даромад (фойда) солиғи бўйича йиғма ҳисоб-китобни солиқ органига тақдим этади;

минтақалараро сув қувурларини, шунингдек Ҳукумат топшириғига биноан коммунал мақсадлардаги бошқа объектларни қуриш бўйича буюртмачи функциясини белгиланган тартибда амалга оширади;

коммунал мақсадлардаги илғор технологияларни, асбоб-ускуналар, приборлар, машина ва механизмларни яратади ва жорий этишни ташкил қилади, уларни ишлаб чиқариш ишларини амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси коммунал хўжалиги эҳтиёжлари учун янги машиналар, асбоб-ускуналар ва приборлар яратиш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради;

коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини, инжиниринг, консалтинг, аудиторлик ва уй-жой-коммунал тармоқдаги бошқа ташкилотлар шохобчаларини яратишга кўмаклашади;

коммунал хўжалиги ва машиналар, приборлар, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади, маҳаллий корхоналар ва ташкилотларга хорижий фирмалар ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда кўмаклашади;

ушбу сектор корхоналари фаолиятининг мунтазам мониторингини олиб бориш, ривожлантириш тенденцияларини ва илғор тажрибани ўрганиш, уни жорий этишга кўмаклашиш йўли билан маиший чиқиндиларни тўплаш, фойдаланиладиган қилиш ва қайта ишлаш бўйича ягона техника сиёсатини амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун мутахассисларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда кадрлар малакасини оширишни ташкил қилади;

газ таъминоти тизимларини ривожлантириш ҳамда Ҳукумат топшириғига биноан сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти, санитария жиҳатидан тозалаш, ирригация ва ҳудудларни, аҳоли пунктларини дренажлашни ривожлантириш концепциялари, истиқболли дастурлари ва схемаларини ишлаб чиқади, уларни рўёбга чиқаришни амалга оширади;

жойлардаги молия ва бошқа манфаатдор маҳаллий бошқарув органлари ҳамда ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорликда тариф сиёсатини, уй-жой-коммунал хизматлар истеъмоли нормаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича методологик ишларни амалга оширади;

минтақалараро сув қувурлари объектлари ва коммунал газ сотиш шохобчалари бўйича илмий-тадқиқот ҳамда лойиҳалаш-қидирув ишларини амалга ошириш стратегиясини шакллантиради ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзига қарашли корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар орқали ҳал қилади.



III. АГЕНТЛИКНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

коммунал соҳадаги энг муҳим муаммоларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш, материалларни ишлаб чиқишга илмий-тадқиқот, технология, лойиҳа-конструкторлик ташкилотларини, олий-ўқув юртлари ва бошқа муассасаларнинг ходимларини, шунингдек алоҳида олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

ҳудудий газ таъминоти корхоналарининг харажатлари ва даромадлари сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

ўз фаолияти учун зарур статистик ва бошқа ахборотларни статистика ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг бажариши учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Агентлик зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, қўмиталар ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.


12. Агентлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IV. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Агентликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошқаради.

Бош директорнинг бир нафар ўринбосари бўлади.

Бош директор мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосари вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бош дирекцияси директори мақомига кўра Агентликнинг бош директори ўринбосари ҳисобланади.


14. Агентликнинг бош директори:

Агентлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Агентлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Агентлик фаолияти алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш ҳамда тасарруфидаги корхоналарнинг ишлари учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Агентлик тизими раҳбарлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Агентликнинг марказий аппарати штатлар жадвалини тасдиқлайди, унинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида , шунингдек Агентлик марказий аппарати харажатлари сметасига ўзгартиришлар киритади;

Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, тасарруфидаги корхоналарнинг низомлари (уставлари)ни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Агентлик марказий аппарати ходимларини, тасарруфидаги корхоналар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Агентликда таркибига бош директор (ҳайъат раиси), лавозимига кўра бош директор ўринбосарлари ва Агентликнинг бошқа раҳбар ходимлари кирадиган 5 кишидан иборат ҳайъат тузилади.

Агентлик ҳайъатининг шахсий таркиби бош директор тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Агентлик ҳайъати Агентлик фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқади, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади, Агентликнинг энг муҳим буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ҳайъат қарорлари бош директор буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади. Бош директор ва ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда бош директор ўз қарорини амалга оширади. Бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилади.


16. Ҳудудий газ таъминоти корхоналари Агентликка ҳисобот беришади ва ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 октябрдаги 421-сон қарори билан тасдиқланган Намунавий низомга мувофиқ амалга оширади.

Ҳудудий газ таъминоти корхоналари директорлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига биноан Агентлик бош директорининг қарори билан тайинланадилар.


17. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" 2004 йил, 10-сон, 115-модда.