Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ғўза дефолиацияси ўтказилишини назорат қилиш ва сифатини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.08.2005 й. 199-сон Қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 15 августдаги

199-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ғўза дефолиацияси ўтказилишини назорат қилиш

ва сифатини аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ



1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 августдаги ПҚ-154-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва 2005 йилда ғўза дефолиацияси ўтказилишини тизимли назорат қилишни ташкил этиш ва унинг сифатини аниқлаш тартибини белгилайди.


2. Ғўза дефолиацияси ўтказилишини назорат қилиш, ишлатиладиган эритма тайёрлаш ва дефолиантларни қўллашнинг белгиланган нормаларига риоя қилиш учун ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, Ўзбекистон "Сифат" маркази ҳамда "Қишлоқхўжаликкимё" ҳудудий акциядорлик жамиятларининг мутахассислари иштирокида эксперт комиссиялари ташкил этилади.


3. 2005 йил 20 августгача туман ҳокими томонидан эксперт комиссияси билан келишган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 августдаги ПҚ-154-сон қарори билан тасдиқланган муддатлардан келиб чиқиб жойлардаги ҳарорат шароитларини, ғўзанинг етилиш даври, нави ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси бўйича ғўза дефолиациясини ўтказиш муддатлари тасдиқланади.


4. Туман эксперт комиссияси томонидан 2005 йил 22 августгача ғўза дефолиациясини ўтказишда қатнашувчи мутахассисларга техникани тайёрлаш, далаларни танлаш, ишлатиладиган эритмалар тайёрлашга, дефолиантларни солиш нормаларига қўйиладиган талаблар, улардан фойдаланиш, хавфсизлик қоидалари, сигнал берувчилар ишини ташкил этиш ва бошқа чора-тадбирлар бўйича йўл-йўриқлар берилади ва улар ушбу ишларга ўқитилади.


5. Ҳар куни дефолиация ўтказилишидан олдин қишлоқ хўжалиги ҳудудий органлари ҳамда "Қишлоқхўжаликкимё" ҳудудий акциядорлик жамиятлари мутахассислари томонидан механизаторлар, самолёт экипажи ва сигнал берувчиларга далаларнинг рельефи, контури ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда агротехника тадбирларини сифатли ўтказиш бўйича йўл-йўриқлар берилади.


6. Тайёрланган дефолиантнинг ишлатиладиган эритмасидан фойдаланишдан олдин ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази, шунингдек "Ўзстандарт" агентлиги органлари мутахассислари томонидан мажбурий тартибда ишлатиладиган эритманинг сифати ва унинг қўйиладиган талабларга мувофиқлиги тезкор таҳлил қилинади. Эритманинг жиҳозланмаган жойларда ва мутахассислар иштирокисиз тайёрланишига йўл қўйилмайди.


7. Туман эксперт комиссияси томонидан кун мобайнида дефолиацияни ўтказиш танлаб текширилади, амалга оширилган ишлар сифатига, ишлатиладиган эритма тайёрлашнинг тўғрилигига ва уни қўллаш нормаларига баҳо берилади. Ғўза дефолиациясини ўтказишда қўпол камчиликлар аниқланган тақдирда эксперт комиссияси томонидан агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш учун, камчиликларни бартараф этиш бўйича мутахассислар жалб этилган ҳолда, шошилинч чора-тадбирлар кўрилади.


8. Туман эксперт комиссияси томонидан дефолиация белгиланган муддатларда ва ҳажмда ўтказилишининг кундалик мониторинги белгиланади, бунда жалб этилган техника (пуркагичлар ва самолётлар)дан самарали фойдаланилиши қатъий назорат қилинади.

9. Назарда тутилган жадвалдан орқада қолиш ҳолатлари аниқланган тақдирда мавжуд ресурслар сафарбар қилинган, техника ва бошқалардан янада самарали фойдаланилган ҳолда қолоқликни тугатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилади.


10. Дефолиация ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда туман эксперт комиссияси томонидан ҳар бир контурда амалга оширилган агротехника тадбирининг сифати аниқланади. Бунда қуйидагилар ҳисобга олинади:

дефолиацияни ўтказиш муддатларига ва далалар контури тўлиқ қамраб олинишига риоя қилиш;

дефолиант сарфлаш нормаси ва унинг фойдаланиладиган тури;

ғўза баргларининг бир текис тўкилиши фоизи (камида 75%).


11. Дефолиацияни ўтказиш шартлари ва амалга оширилган ишлар сифатини баҳолаш қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тегишли шартномалар тузишда қатъйи белгилаб қўйилади.


12. Вилоят эксперт комиссияси ғўза дефолиациясини ўтказиш ва унинг сифати устидан умумий назоратни амалга оширади, тасдиқланган муддатлардан орқада қолишни бартараф этишга доир зарур ташкилий чора-тадбирлар кўради, жойларда техникадан самарали фойдаланилиши назорат қилинишини таъминлайди, дефолиацияни ўтказиш жараёнида пайдо бўладиган комплекс масалаларни, шу жумладан моддий-техник ва молиявий таъминлаш масалаларини тезкор ҳал этади ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар куни Республика эксперт комиссиясига ахборот беради.


13. Ғўзани дефолиация қилишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бориши тўғрисидаги ҳисобот тизими қуйидаги тартиб бўйича амалга оширилади: туман эксперт комиссияси - вилоят эксперт комиссияси - Республика эксперт комиссияси - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси.


14. Мазкур Низомнинг амалга оширилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири зиммасига юкланади.