Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий таълим муассасалари магистратура мутахассисликлари талабалари томонидан стажировкани ўташ тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.11.2015 й. 2734-сон билан рўйхатга олинган олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 30.10.2015 й. 9-2015-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 26 ноябрда 2734-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

олий ва ўрта махсус

таълим вазирининг

2015 йил 30 октябрдаги

9-2015-сон буйруғига

ИЛОВА



Олий таълим муассасалари магистратура

мутахассисликлари талабалари томонидан

стажировкани ўташ тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон "Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги ва 2015 йил 2 мартдаги 36-сон "Магистратура тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорларига мувофиқ, олий таълим муассасалари (бундан буён матнда ОТМ деб юритилади) магистратура мутахассисликлари талабалари (бундан буён матнда магистратура талабаси деб юритилади) томонидан стажировка ўташ тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ОТМдан стажировка раҳбари - стажировкага йўлланган магистратура талабасининг магистрлик диссертацияси ва илмий-тадқиқот ишларига бевосита раҳбарлик қилаётган илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи), магистратура талабасининг стажировкасига раҳбарлик қилиш ўқув юкламасига киритилган ОТМ профессор-ўқитувчиси;


стажировка (ишлаб чиқаришда, илмий-тадқиқот муассасасида, хорижда тажриба орттириш) - магистратура мутахассислиги бўйича мақсадли касбий таълим ўқув режа ва дастурларини ўзлаштириш, магистратура талабаларида илмий-тадқиқот компетенцияларини шакллантириш мақсадида таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини ривожлантириш йўли орқали магистрларни энг янги илмий-техник ривожланишдаги ютуқлар ҳамда иқтисод, фан, техника, маданият ва соғлиқни сақлаш тармоқларидаги замонавий техника ва технологиялар базасида илмий тадқиқот олиб бориши;


стажировка ўташ дастури - стажировка давомида иқтисод, фан, техника, маданият, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларидаги замонавий техника ва технологиялар базасида энг янги илмий-техник ривожланишдаги ютуқларни ўрганиш ҳамда магистратура талабасининг магистрлик диссертациясини (ёки унинг бир қисмини) тайёрлаш учун материаллар йиғиш, магистрлик диссертацияси мавзуси юзасидан илмий-тадқиқот ишларини бажариш, магистрлик диссертацияси (ёки унинг бир қисми) учун зарур бўлган тажриба-синовларни ўтказиш, уларни мутахассислар муҳокамасидан ўтказиш, тажриба-синов натижаларидан илмий хулосалар чиқариш бўйича тадбирларни қамраб олган стажировка раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва факультет декани ёки ОТМнинг зиммасига стажировка масалалари билан шуғулланиш мажбурияти юклатилган таркибий бўлинмаси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган дастур (хорижда стажировка ўташ дастури ОТМ ректори (директори) томонидан тасдиқланади);


қабул қилувчи ташкилот - стажировка ўтказилиши режалаштирилган ҳамда ўтказиладиган юридик шахс;


қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари - зиммасига магистратура талабалари томонидан стажировка ўташ дастурида белгиланган топшириқлар бажарилишини назорат қилиш, уларни амалий кўникмаларга ўргатиш, магистрлик диссертациясининг тажриба-синовларини ўтказиш ва унинг амалий қисми материалларини тайёрлашга кўмаклашиш масъулияти юкланган қабул қилувчи ташкилот ходими.


2. Мазкур Низом талаблари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган, ўрнатилган тартибда фаолияти хусусиятлари инобатга олиниб, магистрлар тайёрлашни амалга ошираётган халқаро ва хорижий ОТМларга, шунингдек юридик таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Стажировка магистратура талабасининг илмий-тадқиқот ишлари тақозо этганда индивидуал илмий изланиш ва тажриба-синовларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади ва магистратура талабалари ОТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ стажировка ўташга юборилади.


4. Стажировка:

илмий-тадқиқот олиб бориш, назарий ва амалий билимларни чуқурлаштириши;

иқтисод, фан, маданият ва соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа тармоқлардаги замонавий техника ва технологиялар билан таништириши;

амалий касбий ва илмий-тадқиқот компетенцияларни шакллантириши;

мутахассислик бўйича билим ва кўникмаларни такомиллаштириш ва магистрлик диссертацияси (ёки бирор қисми) бўйича тажриба-синов, илмий-тадқиқот ишларининг бажарилиши;

касбга самарали мослашувни таъминлаши лозим.


5. Магистратура талабалари стажировкани стажировка ўташ дастури асосида ишлаб чиқаришда, илмий-тадқиқот муассасасида ёки хорижда ўташи мумкин.



2-БОБ. СТАЖИРОВКАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Стажировкани ташкил этиш магистратура талабалари томонидан касбий фаолиятни эгаллашда узлуксизлик ва изчилликни таъминлашга йўналтирилиши лозим.


7. ОТМ кенгаши магистратура талабасининг илмий раҳбари тавсиясига кўра магистратура талабасини стажировка ўташга юбориш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.


8. Магистратура талабаси кадрлар истеъмолчилари томонидан танлов асосида стажировка ўташга жалб қилиниши мумкин.


9. Стажировка ўташга юборилаётган магистратура талабалари рўйхати ОТМдан стажировка раҳбари кўрсатилган ҳолда ОТМ ректорининг (директорининг) буйруғи билан тасдиқланади.


10. Стажировка ўташ учун юборишда магистратура талабасининг қабул қилувчи ташкилот томонидан турар жой билан таъминлаш имконияти ҳисобга олинади.


11. Стажировка ОТМ жойлашган ҳудуддан (шаҳардан, вилоятдан) ташқарида ёки хорижда ўтказилиши назарда тутилганда, стажировкага бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, мазкур харажатлар қабул қилувчи ташкилот томонидан қопланиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.


12. ОТМ ректори (директори) стажировка ўташ жараёнида магистратура талабаси хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди.


13. Стажировка бўйича ишларни мувофиқлаштириш ОТМнинг магистратура бўлими томонидан тегишли кафедра мудири ва факультет декани ёки ОТМнинг зиммасига стажировка масалалари билан шуғулланиш мажбурияти юклатилган таркибий бўлинмаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.


14. Стажировка ОТМ билан қабул қилувчи ташкилот ўртасида стажировкани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган шартномалар (келишувлар) асосида амалга оширилади, стажировкани хорижда ўташ ҳоллари бундан мустасно.


15. Стажировкани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган шартномада шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, магистратура талабасини турар жой билан таъминлаш, шартноманинг амал қилиш муддати, шартномани бекор қилиш асослари, тарафларнинг жавобгарлиги ва стажировка ўташни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа муҳим шартлар назарда тутилади.


16. Стажировка ўташ даврида стажировка ўтаётган магистратура талабасига қабул қилувчи ташкилотдаги тегишли меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва ички меҳнат тартиби қоидалари, шунингдек қабул қилувчи ташкилотда амалда бўлган бошқа ҳужжатлар татбиқ қилинади.



3-БОБ. СТАЖИРОВКАГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


17. ОТМдан стажировка раҳбари стажировка давомида магистратура талабаси томонидан стажировка дастурининг ўз вақтида бажарилишини назорат қилади ва зарур ҳолларда, унга амалий кўмаклашиб боради.

Стажировка назорати электрон равишда ёки бошқа телекоммуникация воситалари (телефон, факс ва бошқа воситалар) орқали амалга оширилиши мумкин.


18. ОТМдан стажировка раҳбари:

магистратура талабаларини стажировка ўташ жойларига тақсимлашда иштирок этади;

магистратура талабасига бериш учун ОТМнинг тегишли бўлинмасидан стажировка кундалигини қабул қилиб олади;

стажировка ўташ дастурини ишлаб чиқади;

магистратура талабасининг стажировкасига умумий раҳбарлик қилади;

стажировка ўташ учун кетаётган магистратура талабасига зарур йўл-йўриқлар беради;

магистратура талабасининг стажировка ўташ жойига етиб бориши ва қайтишини назорат қилади;

қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари билан стажировка ўташ ҳолати бўйича мунтазам равишда алоқада фаолият олиб боради;

магистратура талабасига стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича услубий ёрдам кўрсатади;

зарур ҳолларда, стажировка ўташ жойларига бориш орқали стажировка ўташ тартибига магистратура талабаси томонидан риоя қилинишини, стажировка ўташ дастури бажарилишини назорат қилади;

стажировка ўташни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини ОТМ кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этади.


19. Қабул қилувчи ташкилот раҳбари:

стажировкани ташкил этиш бўйича буйруқ (қарор) қабул қилади;

малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан стажировка раҳбарини тайинлайди;

магистратура талабасига стажировка ўташ дастурига мувофиқ стажировка ўташ учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди.


20. Қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари:

ташкилотда магистратура талабасининг стажировкасига умумий раҳбарлик қилади;

магистратура талабасига зарур йўл-йўриқлар ва тушунтиришлар беради;

магистратура талабасини қабул қилувчи ташкилот объектларининг тузилиши, фаолият йўналишлари ва бошқа ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;

магистратура талабасининг стажировка ўташ дастурига тааллуқли зарур материаллардан фойдаланишини таъминлайди;

магистратура талабасига стажировка ўташ дастурида назарда тутилган масалалар бўйича зарур маслаҳатлар беради;

магистратура талабаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ва стажировка кундалигининг юритилиши устидан доимий назоратни амалга оширади;

ОТМдан стажировка раҳбари билан стажировка ўташ ҳолати бўйича мунтазам равишда алоқада фаолият олиб боради;

стажировка кундалигининг тегишли қисмларини имзолайди, имзо қабул қилувчи ташкилот муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади;

ОТМдаги стажировка раҳбари ёки ОТМ раҳбариятини магистратура талабасининг стажировка ўташ учун келмаётганлиги ёки у томонидан стажировка ўташ дастури бажарилмаётганлиги ёхуд меҳнат интизоми бузилаётганлиги ҳақида хабардор қилади.


21. Қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари магистратура талабасидан стажировка ўташ дастури билан боғлиқ бўлмаган вазифа ва топшириқларни бажаришни талаб этишга ҳақли эмас.



4-БОБ. МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАСИНИНГ СТАЖИРОВКА

БЎЙИЧА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. Магистратура талабаси:

стажировкани ўташ шартлари ва тартиби билан олдиндан танишиш;

стажировка бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш;

стажировка юзасидан зарур ахборотлар олиш ҳуқуқига эга.


23. Магистратура талабаси зиммасига:

стажировкани белгиланган муддатларда ўташ;

стажировка ўташ дастурида кўрсатилган топшириқларни (ишларни) белгиланган тартибда, тўлиқ ва сифатли бажариш;

стажировка кундалигини ҳар куни ва тартибли юритиш, жумладан стажировка давомида бажарилган ишларни стажировка кундалигига қайд этиб бориш;

қабул қилувчи ташкилотда (давлатда) белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилиш мажбурияти юклатилади.


24. Магистратура талабаси стажировка бўйича қонун ҳужжатларида ёки олий таълим муассасаси уставида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасига бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



5-БОБ. СТАЖИРОВКА ЎТАШ БОСҚИЧЛАРИ


25. Стажировка ўташ қуйидаги босқичларга бўлинади:

тайёрлов босқичи (стажировка ўташнинг биринчи куни);

асосий босқич;

якуний босқич (стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси).


26. Стажировка ўташнинг тайёрлов босқичида - қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари томонидан стажировка ўташ учун келган магистратура талабаси тегишли меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, ички меҳнат тартиби қоидалари, ташкилотда стажировка ўташнинг талаб ва шартлари, ташкилотнинг ташкилий тузилмаси, вазифа ва функциялари, фаолият йўналишлари билан таништирилади ҳамда стажёрга стажировка ўташ дастурига мувофиқ тегишли кўрсатмалар берилади. Мазкур босқичда магистратура талабаси томонидан қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари билан келишган ҳолда стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвал (календарь режа) тузилади.


27. Стажировка ўташнинг асосий босқичида - магистратура талабаси томонидан стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвалда (календарь режада) назарда тутилган ишлар бажарилади.


28. Стажировка ўташнинг якуний босқичида - магистратура талабаси томонидан стажировка ўташ даврида (жараёнида) амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари кўриб чиқилади, таҳлил қилинади ҳамда баҳоланади.



6-БОБ. СТАЖИРОВКАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


29. Магистратура талабаси биринчи семестрни (биринчи курсни) муваффақиятли тугатгандан сўнг, стажировка ўташга юборилади. Стажировка режалаштирилаётганда унинг якуний давлат аттестацияси бошланишига икки ой қолгунга қадар якунланиши ҳисобга олиниши лозим.


30. Магистратура талабасининг у таълим олаётган ОТМ билан олдиндан тузилган тегишли келишув (шартнома) мавжуд бўлган ташкилотларда стажировка ўташи назарда тутилганда, унга ОТМ ректорининг (директорининг) ОТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ чиқарган буйруғи билан ушбу ташкилотда стажировка ўташ учун йўлланма берилади.


31. Магистратура талабаси ёзги таътил даврида стажировка ўташ учун юборилиши мумкин.


32. Стажировка ўташ жараёнида магистратура талабаси томонидан стажировка кундалиги юритилади.

Стажировка кундалиги ОТМдан стажировка раҳбари томонидан стажировка бошланишидан олдин бепул берилади.


33. Стажировка ўташ даврида амалга оширилган ишлар стажировка дастурига мувофиқ стажировка кундалигига ёзиб борилади ва қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари томонидан имзолаб борилади.


34. Стажировка ўташнинг нормал кунлик давомийлиги олти соатни ташкил этади.


35. Стажировканинг охирги куни қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари стажировка кундалигида стажировка ўташ натижаларини хулоса тарзида баён этади ва имзолайди.

Қабул қилувчи ташкилот раҳбарияти томонидан стажировка ўтаган магистратура талабасига унинг илтимосига кўра ёзма равишда тавсифнома берилиши мумкин.


36. Стажировка ўташ учун юборилган магистратура талабалари ўқув жадвалини индивидуал график асосида бажаради.


37. Стажировка ўташ муддати илмий раҳбарнинг асосланган тавсиясига мувофиқ ОТМ ректори (директори) буйруғи билан бир ойгача узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда зарур ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Стажировканинг узлуксиз давомийлиги уч ойдан ошмаслиги керак.

Стажировка назарий таълимнинг ўзаро алоқасини таъминлаш шартини бажарган ҳолда назарий билимлар билан навбатланиш йўли орқали амалга оширилиши мумкин.


38. Магистратура талабаси хорижда стажировка ўташ учун ОТМнинг халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлимига қабул қилувчи ташкилотдан олинган расмий таклифномани, хорижда стажировка ўташ учун қабул қилувчи ташкилот билан тузилган шартномани (ёзма равишдаги келишувни) илова қилган ҳолда мурожаат этади.


39. ОТМнинг халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлими магистратура талабасининг хорижда стажировка ўташи масаласини ўрганиб чиқади ва кўриб чиқиш учун ОТМ кенгашига мурожаат қилади.


40. ОТМнинг халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлими стажирокани ташкил этиш бўйича қуйидаги ишларни амалга оширади:

хорижда стажировка ўтайдиган магистратура талабалари рўйхатини тайёрлайди;

хорижда стажировка ўтайдиган магистратура талабасига хорижга чиқиш-келиш тартибини тушунтиради;

хорижда стажировка ўтайдиган магистратура талабасига хорижда ўзини тутиш бўйича тегишли кўрсатмалар беради;

зарур ҳужжатларни, жумладан визани расмийлаштиришда магистратура талабасига амалий ёрдам кўрсатади.


41. Стажировкани хорижда ўташ учун магистратура талабаси:

қабул қилувчи ташкилот жойлашган давлат тилини ёки шартномада кўрсатилган чет тилини билиши;

стажировка бошланишидан камида уч ой олдин четга чиқиш бўйича тегишли ҳужжатларини тайёрлаши, жумладан зарур ҳолларда виза расмийлаштириши;

стажировка бошланишидан камида бир ой олдин стажировка ўташ дастурини бажариш бўйича режа-жадвални (календарь режани) қабул қилувчи ташкилот билан келишиши лозим.


42. Хорижда стажировка ўташ учун қабул қилувчи ташкилот билан тузиладиган шартномада магистратура талабасининг ташкилот жойлашган давлатдаги турар жойи, яшаши ва йўл харажатлари миқдори, манбалари ҳамда улар ким томонидан қопланиши ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилиши зарур.


43. Магистратура талабаси ҳомий ташкилот маблағлари ҳисобидан хорижда стажировка ўташи мумкин. Бунда стажировка ҳомий ташкилот билан ОТМ ўртасидаги шартномага (келишувга) мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. СТАЖИРОВКА БЎЙИЧА ҲИСОБОТ ҲИМОЯСИ


44. Магистратура талабаси стажировка ўтаб бўлгандан сўнг, стажировка бўйича ёзма равишда ҳисобот тайёрлайди.


45. Стажировка якунлари бўйича ҳисоботда қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:

стажировка муддати, стажировка ўталган ташкилотнинг номи, жойлашган ери;

ОТМдаги стажировка раҳбари ва қабул қилувчи ташкилотдан стажировка раҳбари ҳақида қисқача маълумотлар;

стажировка дастурида кўрсатилган тадбирларнинг бажарилганлик ҳолати, бажарилмаган тадбирлар бўйича магистратура талабасининг асосли тушунтиришлари ва тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар;

стажировка хорижда ўталган бўлса, ОТМ халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлимининг хорижда ўталган стажировка бўйича хулосаларини акс эттирувчи маълумотлар;

стажировка бўйича ҳисоботнинг илмий конфренцияларда маъруза қилинганлиги ва мазкур маърузанинг муҳокама натижаларига кўра ижобий баҳоланганлигини, илмий нашрларда чоп этилганлигини кўрсатувчи маълумотлар, агар мавжуд бўлса;

магистрлик диссертацияси (диссертациянинг режалаштирилган қисми) бўйича амалга оширилган тажриба синовлари ёки тадқиқот ишлари натижалари ҳақидаги маълумотлар;

соҳани такомиллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган асосли амалий таклифлар;

стажировка ўташ бўйича бошқа муҳим масалалар.


46. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси стажировка якунлангандан сўнг, бир ой ичида ОТМда ташкил этилади.


47. Стажировка натижалари бўйича магистратура талабаси томонидан стажировка якунланган кундан эътиборан 3 кун ичида ОТМ бухгалтериясига стажировка давомида қилинган мақсадли харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (бориш-келиш йўл харажатлари чипталари, турар жой (меҳмонхона) тўловлари квитанциялари ва бошқа ҳужжатлар) илова қилинган ҳолда харажатлар ҳақида ҳисобот тақдим этилади.


48. Магистратура талабаси ОТМда стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси ўтказилгунга қадар стажировка бўйича ҳисоботни дастлаб мутахассислик кафедраси йиғилишида ҳимоя қилади. Ҳимоя якунлари бўйича мутахассислик кафедраси томонидан ёзма равишда хулоса берилади.


49. Магистратура талабаси стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси ўтказилишидан камида 5 кун олдин ОТМдаги стажировка раҳбарига стажировка якуни бўйича қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

стажировка бўйича ҳисобот;

стажировка кундалиги;

стажировка ўташ вақтида тўпланган материаллар йиғмажилди (уларнинг рўйхати стажировка кундалигида акс эттирилган бўлиши лозим). Тўпланган материаллар йиғмажилди стажировка бўйича баҳо қўйилгандан сўнг, келгусида ўқув ва амалий фаолиятда фойдаланиш учун магистратура талабасига қайтариб берилади.


50. ОТМдан стажировка раҳбари стажировка якуни бўйича тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб, стажировка кундалигида стажировка ўташ натижаларини хулоса тарзида баён этади ва имзолайди.


51. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси ОТМ ректори (директори) буйруғи билан ОТМнинг малакали ва тажрибали педагог ходимларидан иборат таркибда тузилган комиссия томонидан ОТМда ўтказилади.


52. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимоясида қабул қилувчи ташкилот вакили иштирок этиши мумкин. ОТМнинг халқаро алоқалар билан шуғулланувчи бўлими ходими (магистратура талабаси хорижда стажировка ўтаган бўлса), ОТМдан стажировка раҳбари стажировка бўйича ҳисобот ҳимоясида иштирок этиши шарт, улар узрли сабабларга кўра иштирок этмаган ҳоллар бундан мустасно.


53. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси комиссия аъзосининг стажировка бўйича раҳбарлар хулосаларини ўқиб эшиттиришидан бошланади.

Стажировка раҳбарлари хулосалари ўқиб эшиттирилгандан сўнг, магистратура талабасининг стажировка бўйича хулосаси, стажировка давомида тўплаган материаллари, шунингдек стажировкага оид таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, комиссия томонидан муҳокама қилинади.


54. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси қуйидаги мезонларига асосан баҳоланади:

магистратура талабасининг назарий ва амалий билимлари даражаси;

магистратура талабаси томонидан стажировка давомида тўпланган материалларнинг тузилиши даражаси ва сифати ҳамда стажировка ўташ давомида ўрганилган масалаларнинг ёритиб берилиши;

билдирилган таклифларнинг асослилиги ва амалий аҳамияти.


55. Стажировка бўйича ҳисобот ҳимояси натижалари 100 (юз) баллик тизимда баҳоланади ва шу куннинг ўзида магистратура талабасига эълон қилинади.


56. Магистратура талабаси стажировка бўйича ҳисоботни илмий конфренцияларда маъруза қилса ва мазкур маъруза муҳокама натижаларига кўра ижобий баҳоланса, шунингдек илмий мақола сифатида илмий нашрларда чоп эттирса, у ҳисоботни расмий ҳимоя қилган ҳисобланади.


57. Стажировка бўйича ҳисобот илмий конфренцияларда маъруза қилинганлиги ва мазкур маъруза муҳокама натижаларига кўра ижобий баҳоланганлигини, илмий нашрларда нашр этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат(лар) комиссияга тақдим этилади. Бунда ҳисоботни ҳимоя қилиш талаб этилмайди ҳамда у маъруза ва мақоланинг сифатига қараб комиссия томонидан баҳоланади.


58. Стажировка бўйича қўйилган балл фанлар бўйича қўйиладиган балларга тенглаштирилади ва умумий ўзлаштириш якунларини чиқаришда инобатга олинади.

Стажировка якунлари бўйича қониқарсиз баҳо қўйилганда, магистратура талабаси стажировка бўйича ҳисоботни бир ой ичида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бунда ОТМ ректорининг (директорининг) тегишли буйруғи чиқарилиши лозим.

Стажировка бўйича ҳисоботни қайта ҳимоя қилиш якунлари бўйича қониқарсиз баҳо қўйилганда, шунингдек стажировка узрли сабабларсиз ўталмаганда магистратура талабаси академик қарздор деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда талабалар сафидан четлаштирилади.


59. Магистратура талабаси стажировкани узрли сабабларсиз ўтамаганда, стажировка ўташ билан боғлиқ барча харажатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

Магистратура талабасининг оғир касаллиги, фавқулодда ҳолатлар (яқин қариндошининг вафот этганлиги ёки унинг оиласига жиддий моддий (маънавий) зарар етказган воқеа ва шу каби бошқа ҳолатлар) юз берганлиги сабабли, стажировка ўташга бора олмаганлиги ёки стажировка дастурини тўлиқ якунлай олмаганлиги узрли ҳолатлар деб топилади. Бунда магистратура талабаси ушбу ҳолатлар юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.



8-БОБ. СТАЖИРОВКАНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


60. Стажировка ўташ даврида магистратура талабаларининг стипендия олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.


61. Қуйидагилар стажировка ўташни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

ушбу мақсадлар учун ажратилган ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

қабул қилувчи ташкилотнинг маблағлари (бюджет ташкилотларида уларнинг ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджетдан ташқари маблағлари);

хорижий давлатлардаги қабул қилувчи ташкилотнинг маблағлари;

ҳомийларнинг беғараз ёрдами туфайли тушган (ушбу мақсадлар учун ажратилган) маблағлари;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа манбалар.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


62. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатлари асосида ҳал этилади.


63. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Фанлар академияси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Навоий кон-металлургия комбинати Давлат корхонаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 30 ноябрь, 47-сон, 604-модда