Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.10.2008 й. 226-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 13 октябрдаги

226-сон қарорига

2-ИЛОВА


Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон

Республикаси Президентининг давлат стипендиялари

ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан тайинланади.

2. Талабаларга тайинлаш учун белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси квотаси (йигирма иккита) Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган танлов йўналишлари бўйича (ҳар бир танлов йўналишига биттадан стипендия ҳисобидан) тақсимланади.

Бунда, олий таълим муассасалари томонидан номзодлар ҳар бир танлов йўналиши бўйича биттадан тавсия этилиши мумкин.

3. Талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;

йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;

камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;

тилларни - давлат тилини ва битта хорижий чет тилини билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;

Ўзбекистон тарихини билиш.

Тилларни, ахборот технологияларини, Ўзбекистон тарихини билиш бўйича талаб даражаларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар ушбу фанлар бўйича ўз билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар. Марказ якуний ведомостларни тест синовлари натижалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига номзодлар кўрсатиш, талабгорлар номзодларининг ўқишдаги ва илмий (ижодий) фаолиятдаги муваффақиятлари оммавий равишда муҳокама қилингандан сўнг, давлат олий таълим муассасаларининг илмий кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун илмий кенгашга қуйидагиларни топширадилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат, кафедра тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш аннотацияси;

раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;

илмий (ижодий) ишга тақриз;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари.

Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади.


5. Илмий кенгашлар яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияларини тайинлаш учун стипендиатлар номзодларини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Илмий кенгашлар қарорлари вазирликлар ва муассасаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома юбориши учун асос ҳисобланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати - 1 - 15 август, кўриб чиқиш муддати - 10 - 25 сентябрь.


7. Давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилади.

Стипендиялар тайинланишидан аввал талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражаси пухта экспертизадан ўтказилади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

зиммасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига талабгорлар орасидан танлаб олиш юкланадиган махсус танлов комиссияси тузади;

талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлиги даражасини баҳолаш мақсадида ишларни кўриб чиқиш учун йўналишлар бўйича экспертлар гуруҳлари тузади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича имтиҳон комиссияларини ташкил этади, тест топшириқларини ишлаб чиқади;

танлов комиссияси ва эксперт гуруҳларининг иш тартибини белгилайди;

танлов комиссияси мажлисларини ўтказиш муддатларини белгилайди.


8. Танлов комиссияси талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади ҳамда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда талабалар номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун тавсия қилади.

Агар овоз беришдан сўнг талабгорлар сони белгиланган квотадан кўп бўлса, устунлик энг кўп овоз олган талабгорларга берилади.

Танлов комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати тасдиқлагандан сўнг кучга киради.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъатининг қарори давлат олий таълим муассасаларининг талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ тайёрлаши учун асос бўлади.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари талабаларга ҳар йили, бир ўқув йили учун, 1 сентябрдан бошлаб, белгиланган миқдорларга қатъий риоя қилинган ҳолда тайинланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига сазовор бўлган талабаларга "Президент стипендиясининг соҳиби" гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати мажлисида тантанали равишда топширилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиблари бўлган магистратура босқичи талабалари олий таълим муассасасини битиргач, икки йил давомида таянч докторантурага кириш имтиҳонларисиз Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қабул қилинади.

14. Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузган талабаларни ўқув йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларидан маҳрум қилиш тасарруфида талаба ўқиётган олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилиши мумкин.


15. Талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 42-сон, 422-модда.