Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2010 й. 184-сон "Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.08.2010 й.

N 184




ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СОҒЛОМ

ОВҚАТЛАНИШ ШАРТ-ШАРОИТЛАРИНИ

ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги ПҚ-1271-сон қарори билан тасдиқланган "Баркамол авлод йили" Давлат дастурининг ижросини таъминлаш ҳамда таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўқувчи-талабаларининг соғлом овқатланиши тизимини тубдан яхшилаш, ошхона ва буфетларда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шарт-шароитларни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тизимини яхшилаш чора-тадбирлари режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир ой муддатда "Умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари таълим олувчиларининг хавфсиз овқатланишини ташкил этишга доир санитария-эпидемиология талаблари"ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

таълим муассасаларининг ошхона ва буфетлари учун харид этилаётган маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги, етказиб берилиши, сақланиши, овқатларнинг тайёрланиши борасида санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига риоя этилиши устидан давлат санитария назоратини янада кучайтирсин.


3. 2010 йил сентябрь ойидан бошлаб таълим муассасаларида (олий таълим муассасалари бундан мустасно) овқатланишни ташкил этиш борасидаги фаолият фақат танлов асосида саралаб олинадиган юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилиш тартиби жорий этилсин.

Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ва тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабаларнинг сифатли ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.


5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари таълим муассасаларида санитария-гигиена талаблари асосида рационал ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш, шунингдек соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борсинлар.


6. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 20 августдаги

184-сон қарорига

1-ИЛОВА



Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни

ташкил этиш тизимини яхшилаш чора-тадбирлари

РЕЖАСИ

       

           

Т/р

Тадбирлар


Бажариш

муддатлари


Масъул бажарувчилар


I. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ МУСТАҲКАМЛАШ

1.

Республика бўйича мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари таълим олувчиларининг гигиеник талаблар асосида хавфсиз овқатланишини таъминлаш тўғрисида Республика Бош Давлат санитария врачининг қарорини қабул қилиш.


бир ой

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


2

"Умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари таълим олувчиларининг хавфсиз овқатланишини ташкил этишга доир санитария-эпидемиология талаблари"ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


бир ой

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


3.

Таълим муассасаларида сотилиши тақиқланадиган, таркибида ёш авлод соғлиғи учун зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш.


бир ой

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


4.

Таълим муассасалари ошхоналарида тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби (рецептураси)ни белгиловчи намунавий рўйхатни ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларига етказиш.


бир ой

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


5.

Таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ўқувчиларнинг сифатли овқатланишини ташкил этиш юзасидан тегишли вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш, уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш.

ишлаб чиқиш

- 1 ой, ижроси

- 2011 - 2015

йиллар


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


II. ОШХОНА ВА БУФЕТЛАР МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ ВА ЖИҲОЗЛАНИШ ҲОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ

6.

Таълим муассасалари ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларни хатловдан ўтказиш, уларни янгилаш бўйича 2011 - 2015 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, мазкур мақсад учун талаб этиладиган маблағ миқдорини аниқлаб, босқичма-босқич молиялаштиришни таъминлаш.


2011-2015

йиллар


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


7.

Ошхона ва буфетлари мавжуд бўлмаган таълим муассасаларида босқичма-босқич овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш чораларини кўриш.


2011-2015

йиллар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази


8.

Таълим муассасаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захираси сақланадиган омборхоналар ташкил этиш ҳамда уларни совутгичлар ва бошқа тегишли ускуналар билан жиҳозлаш.


2011-2015

йиллар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этувчи юридик шахслар (ижарачилар)


9.

Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш чораларини кўриш.


2010 - 2015

йиллар


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


III. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СОҒЛОМ

ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

10.

Давлат таъминотида бўлган таълим муассасалари (мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари)ни ўз вақтида молиялаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, санитария меъёрлари (СанПиН)нинг бажарилиши ва шу мақсадга ажратилаётган маблағларнинг ҳамда ота-оналар бадалларининг сарфланиши устидан назоратни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш.


2010 йил

1 сентябргача


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


11.

Таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этган юридик шахслар билан табиий, экологик тоза, сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида туманларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш.


2010 йил

1 сентябрдан


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси, "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси


12.

Давлат таъминотида бўлган таълим муассасалари (мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари) учун харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ҳудудий ҳокимликлар томонидан мақбуллаштириш.


ҳар чоракда


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ғазначилик, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


13.

Давлат таъминотида бўлган таълим муассасалари (мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари) учун озиқ-овқат маҳсулотларини харид этиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришни енгиллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш.


2010 йил

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ғазначилик, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


14.

Таълим муассасаларида сотилиши тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг савдога чиқарилмаслиги ижросини қатъий назоратга олиш.


доимий

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


15.

Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, натижалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш.


жадвал

асосида


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий таълим ва соғлиқни сақлаш бошқармалари


16.

Таълим муассасалари ошхона, буфетларида сотилаётган тайёр овқатларнинг сифати бўйича лаборатория назоратини таъминлаш, санитария қоидалари бузилиши натижасида турли касалликлар, жумладан юқумли ўткир меъда-ичак касалликлари ва овқатдан заҳарланиш хавфининг олдини олиш юзасидан қатъий чоралар белгилаш.


2010 йил

15 август


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


17.

Оммавий ахборот воситалари орқали таълим муассасаларида гигиеник талаблар асосида рационал ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш, соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари юзасидан кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш.


жадвал

асосида


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази


18.

Таълим муассасаларида инсон организми учун зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатларини "Саломатлик сабоқлари", "Соғлом авлод асослари", "Соғлом оила асослари" каби дарслар орқали ўқувчилар онгига етказиш, мазкур йўналишда ота-оналар йиғилишларида тушунтириш ишлари олиб бориш.


жадвал

асосида


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

19.

Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан республика бўйича ва Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда бошқа вилоятларда ҳудудий семинарлар ўтказиш.


2010 йил

сентябрь -

ноябрь


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


      


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 34-сон, 293-модда.