Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.04.1999 й. 184-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XIV сессияси материалларини таълим муассасаларининг ўқув дастурларига киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.04.1999 й.

N 184


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИНИНГ XIV СЕССИЯСИ

МАТЕРИАЛЛАРИНИ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ЎҚУВ

ДАСТУРЛАРИГА КИРИТИШ

ТЎҒРИСИДА


XXI асрнинг дастлабки йилларида Ўзбекистоннинг маънавий ривожланиши, давлат ва жамият қурилиши, сиёсий ва иқтисодий соҳасидаги стратегияси ва асосий устувор йўналишларини мамлакатимиз ўқувчи ёшлари томонидан чуқур ўрганилишини таъминлаш, уларда юксак фуқаролик масъулиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, ўз билимларини чуқурлаштиришга ҳамда танланган касби бўйича юқори малака орттиришга онгли интилишни тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясидаги маърузаси асосида "Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда" махсус ўқув курсини таълим муассасаларининг барча турлари учун ишлаб чиқсин ва тасдиқласинлар.

"Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда" курсини ишлаб чиқишда қуйидаги устувор йўналишларнинг жамиятнинг ривожи учун прогрессив аҳамиятини атрофлича ифодалашга алоҳида эътибор берилсин:

мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини, давлат ва жамият қурилишини янада эркинлаштириш;

жамият маънавиятини янада юксалтириш;

кадрлар тайёрлаш;

халқ турмуш даражасининг изчил ва барқарор ўсиши, аҳолини янада кучли ижтимоий ҳимоя қилиш;

иқтисодиётда структуравий ўзгаришлар;

жамиятдаги барқарорлик, тинчлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликни, сарҳадларимиз дахлсизлигини, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини таъминлаш.

Курснинг ҳажми ва мазмуни ҳамда қўшимча адабиётлар рўйхати таълим муассасаларининг турлари ва таълим олувчиларнинг ёшига хос психологик хусусиятларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.


2. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда:

икки ҳафта муддат ичида "Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда" курси бўйича дарс берувчи профессор-ўқитувчилар таркибини тайёрласинлар;

1999 йил 1 майдан мактабларнинг юқори синфларида, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг барча курсларида "Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда" курсини ўрганишга киришилсин;

курс мазмунининг сифатли ўзлаштирилишини таъминлаш мақсадида унинг якуни бўйича, жорий ўқув йилининг охирида, ўқувчи ва талабалар орасида коллоквиум ўтказсинлар;

узлуксиз таълим тизимининг ижтимоий-гуманитар йўналишларидаги давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясидаги маърузасида баён этилган асосий тамойиллар моҳиятини акс эттирсинлар.


3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов