Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.02.2011 й. 39-сон "Маъмурий жазога тортилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.02.2011 й.

N 39



МАЪМУРИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛГАН

ШАХСЛАРНИ МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН

ҲИСОБГА ОЛИШ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Статистик ахборотларнинг ягона тизимини янада ривожлантириш, маъмурий жазога тортилган шахсларни ҳисобга олиш тартибини такомиллаштириш ва уларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан бош тортишига кўмаклашадиган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маъмурий жазога тортилган шахсларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маъмурий жазога тортилган шахсларнинг марказлаштирилган ҳисобини юритиш юзасидан масъул орган этиб белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда маъмурий жазога тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базасини жорий этишга доир ташкилий тадбирлар режасини тасдиқласин, унда қуйидагиларни назарда тутсин:

маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базаси фаолияти концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

тегишли дастурий таъминотни яратиш юзасидан техник топшириқни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базасида ахборотларни тўплаш ва ишлашнинг ташкилий-функционал схемасини тасдиқлаш;

маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базасини юритиш учун зарур бўлган келгусида уни такомиллаштириб бориш имкониятига эга дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини яратиш ва келгусида қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш ҳажмини аниқлаш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органлар томонидан марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини, шу жумладан, муайян ҳудудда уни тажриба тестидан ўтказиш орқали босқичма-босқич жорий этиш;

маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базасидан тўлиқ фойдаланишни бошлашни ушбу қарорда белгиланган муддатда таъминлайдиган бошқа тадбирларни амалга ошириш;

б) маълумотларнинг марказлаштирилган электрон базасини ва тажриба тестидан ўтказишни жорий этишга доир ташкилий тадбирларни амалга ошириш якунларига кўра, зарурат бўлганда, Маъмурий жазога тортилган шахсларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низом нормаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.


4. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органлар:

маъмурий жазога тортилган шахслар ҳисобининг ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ юритилишини таъминласинлар;

икки ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


5. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари маъмурий жазога тортилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини яратиш ва жорий этиш тадбирларини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.


6. Белгилаб қўйилсинки, 2012 йил 1 январдан бошлаб содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазога тортилган шахслар тасдиқланган Низомга мувофиқ ҳисобга олинади.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар малакасини ошириш курсларини ташкил этсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.А. Матлюбов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 7-8-сон, 61-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 2-сон, 11-модда