Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.01.2001 й. 53-сон "2001 йилги нақд пул эмиссияси даражаси ва касса режаси параметрлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.01.2001 й.

N 53



2001 ЙИЛГИ НАҚД ПУЛ ЭМИССИЯСИ

ДАРАЖАСИ ВА КАССА РЕЖАСИ

ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Нақд пулнинг муомалада бўлишини янада мустаҳкамлаш, шунингдек республика минтақаларида пулнинг муомалада бўлиши аҳволи учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида нақд пул эмиссияси даражаси бўйича вужудга келган аҳвол нормал эмас деб ҳисоблансин.

Бу, энг аввало, кўрсатиб ўтилган минтақалар, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва сервис хизматини ташкил этиш билан шуғулланувчи республика идоралари ва органлари раҳбарларининг аҳолининг зарур товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга ниҳоятда масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиши оқибати эканлиги қайд этилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда ишларнинг аҳволини тўғрилаш юзасидан аниқ асосланган таклифлар тайёрласинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ушбу таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқсин ва тасдиқласин, бунда аҳолининг истеъмол товарлари ва хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш муаммосини тубдан ҳал этиш назарда тутилсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар бўйича 2001 йилги ва I чоракдаги нақд пул маблағлари эмиссияси даражаси ва касса режаси параметрларига 1 ва 2- иловаларга* мувофиқ розилик берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари нақд пул маблағлари эмиссияси даражаси ва касса режаларининг белгиланган параметрлари бажарилиши устидан қаттиқ ва таъсирчан назоратни таъминласинлар.


3. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари истеъмол бозорини зарур товарлар билан тўлдириш, нақд пул тушуми тушишини таъминлаш ҳамда аҳолига иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида берилиши учун шахсан жавоб берадилар.


4. "Ўзбексавдо", "Ўзбекбирлашув" акциядорлик компаниялари, "Ўзавтотранс" корпорацияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, "Тошшаҳарйўловчитранс" уюшмаси, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги, савдо шохобчаларига эга бўлган ва аҳолига пулли хизматлар кўрсатувчи бошқа вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари маҳаллий бозорларни зарур турдаги халқ истеъмол товарлари билан таъминлаш ва пулли хизматлар соҳасини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Прокуратураси хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарлар сотишдан, ишлар ва хизматларни амалга оширишдан нақд пул тушумларининг банклар кассаларига ўз вақтида ва тўлиқ топширилишини таъминлаш устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.

7. Пул-кредит сиёсати бўйича Республика комиссияси ушбу қарорнинг бажарилишини ҳар ойда кўриб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига мансабдор шахсларни нақд пул маблағлари эмиссияси даражасининг белгиланган параметрлари ва касса режаси бажарилганлиги учун рағбатлантириш ва уларнинг ушбу кўрсаткичларнинг бажарилиши учун жавобгарлигини ошириш бўйича таклифлар киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг ички эркин алмашувини таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида" 1994 йил 21 июлдаги 379-сон қарорининг 11-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2001 й., N 1, 6-модда.