Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 09.04.2013 й. "Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар йўлакларини таъмирлаш ва намунали даражада сақлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТОШКЕНТ

ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ

ҚАРОРИ

09.04.2013 й.


ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲУДУДИДА ЖОЙЛАШГАН

КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР ЙЎЛАКЛАРИНИ ТАЪМИРЛАШ

ВА НАМУНАЛИ ДАРАЖАДА САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси "Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 15-сон, 122-модда) Қонунининг ижросини таъминлаш, коммунал соҳадаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш, турар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни замон талаблари даражасига етказиш, таъмирлаш, намунали сақлаш ва хизмат кўрсатиш ишларини сифатли бажариш ҳамда кўп қаватли уйларда яшайдиган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг коммунал хўжалик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси, Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимининг кўп қаватли уйларни замон талаблари даражасига етказиш, намунали сақлаш, йўлакларни таъмирлаш ва кириш эшикларни қулфлар билан жиҳозлаш бўйича таклифлари маъқуллансин.


2. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларини таъмирлаш, кириш эшикларига қулфлар ўрнатиш бўйича манзилли жадвал иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими, туман ҳокимликларига:

кўп қаватли уйларда яшайдиган уй боши ва йўлак бошиларнинг фаолиятини жонлантириш бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш чораларини кўриш;

лозим ҳолларда, кўп қаватли уйларда яшайдиган обрўли, ватанпарвар, фидойи фуқаролардан ширкат раислари, фуқароларни жалб қила оладиган яшовчиларни уй боши ва йўлак боши лавозимларига қайта сайлаш масалаларини кўриб чиқиш тавсия этилсин.


4. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, туман ҳокимликлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорликда кўп қаватли уйларда яшайдиган фуқароларнинг уй-жой фондида яшаш қоидаларига риоя этиш, йўлаклар ва йўлак эшикларини намунали равишда сақлаш маданияти ва масъулиятини ошириш мақсадида фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш топширилсин.


5. Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси, туман ҳокимликлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга намунали фаолият юритаётган хусусий уй-жой мулкдорларининг илғор тажрибаларини кенг тарғиб қилиш мақсадида "Энг намунали хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати", "Энг намунали кўп қаватли уй", "Энг намунали кўп қаватли уй кириш йўлак боши" ва "Энг намунали профессионал бошқарув компанияси" кўрик-танловларни туман ҳамда шаҳар босқичларини юқори савияда ўтказиш тавсия этилсин.


6. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкат раҳбарлари, уй боши ва йўлак бошиларга:

шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини амалга оширган, санитария-гигиена қоидаларига кўп қаватли уйлар мулкдорларини риоя этмаётган тақдирда огоҳлантириш;

аҳоли ўртасида кўрсатилган коммунал ва эксплуатация хизматлари учун ўз вақтида тўловларни амалга ошириш ва вужудга келган дебиторлик қарзларни тўлаш бўйича алоҳида тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарор "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталарида эълон қилинсин.


8. Тошкент шаҳар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси ва туман ҳокимликлари ушбу қарорнинг ижро этилишининг бориши тўғрисида 2013 йил 1 июлига қадар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ахборот тақдим этсинлар.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг коммунал хўжалик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссиясига юклансин.



Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси                       Р. Усманов